Menu
Categories
Нурали ҚОБУЛ СУКУТ СУИҚАСДИ ёхуд СТАЛИНДАН САДДАМГАЧА Янги асар 19-боб
03/10/2019 Адабиёт
Қўл ва виждон қони
ёхуд чумчуқдан бошқа жониворни сўя
олмас қассоблар

 

Номард киши ва қавмгина ўз тарихидан юз ўгиради.
Тошохур битигидан
Қонун ўргимчак уясига ўхшайди, унда майда ҳашаротлар қурбон бўлишади, йириклари эса эсон-омон ўтиб кетишади.
АНАХАРИС
Абу Абдуллоҳ Рўдакий кўзига мил тортилиб, киндик қони тўкилган Рўдак қишлоғида ўлимга ҳукм қилингандаги, уммату улус душмани эълон этилиб, Бухородан бадарға бўлган Исмоил Бухорий мушти-пар синглисининг уйида жон бераётгандаги, ҳар қандай қотилона фармонга фатво бергувчи қозилар ҳайъати тасдиғи билан самолар султони,  Улуғбекнинг олтин боши шарафсиз ўғли томонидан кундага етказилгандаги разилона сукут амир Насруллоҳ Қўқони латифни қон кўлига айлантирганда ҳам давом этарди.
Юзлаб бегуноҳ инсонларнинг хунига зомин бўлган икки хонлик ўртасидаги тўқнашувнинг сабабларини ҳам тўғри айтиш керак. Ўқувчи амир Насруллоҳ Қўқонга ўз-ўзидан ва фақат хону хонзодалар, шоира ва малика Нодираи давронни ўлдириш учун келган дея тушунмасликлари керак.
Тарихнинг сабоқ олинмаган хато ва жиноятлари такрорланаверади. Бизнинг мақсадимиз, Абдул-латифу амир Насруллоҳ ёки “Рашидов Амир Темурни оқлаб миллатчилик қилмоқда” дея Москвага, сиёсий бюрога ахборот ёзган Рафиқ Нишонов бўладими, кимлигидан қатъи назар, кечмишда халқ ва давлат ҳаёти тарихида муҳим роль ўйнаган шахсларнинг янглиш ишларини сўйламак ва шунинг баробарида яхши ишларини ҳам қайд этиб, бугунги авлоднинг бундан сабоғу ибрат олмоғига кўмак этмакдир.
Тупроққа айланганларни маълум ёки номаълум сабабларга кўра асоссиз оқлаш ёки қоралаш йўлидан борган битикчи икки карра янглишади. Қолаверса, ҳар бир давр, замон ва шахсга ўша замон мантиғию нуқтаи назари ила боқа билмоқ керакдир.
Боиси, қўйиб берсангиз бугун ҳам ўша жо-ҳилияту разилият замонасидаги каби қонсираб турган ёвузлар йўқ эмас. Етти ярим миллиардга яқинлашаётган одам аталмиш яратиқлар орасида бундайларни истаганча топиш мумкин.
Тасаввур этинг, бундан тўрт юз йил бурун ус-монли султони Меҳмет бир кечада ўн тўққиз нафар ўғлини бўғиб ўлдиртирди. Ундан уч юз олтмиш йил кейин эса Саддам Ҳусайн Боғдоднинг марказий майдонида ўзининг икки куёви ҳамда жияни, набираларининг оталарини осиб ўлдирди…
Тариху фожианинг такрорланиши, қисмату қадар ўйинини қарангки, ўзи ҳам дор оғочи остида жон таслим этди.
Саддам Ҳусайн набираларининг отаси, ўзига фар-занд каби бўлган инсонни осаётганда ҳам ҳамма-нинг дами ичига тушиб кетиб, сукут сақлади.
…Саддам Ҳусайнни осишганда эса одамлар қўй сўйиб, байраму тантана қилишди…
Мана сизга ҳаётнинг аччиқ ва даҳшатли ҳақиқати.
Бироқ Саддамдан сўнгра Ироқда рўй берган қон-хўрлигу оғир аҳволни кўрган, ўша пайтлардаги Саддам Ҳусайннинг Боғдоддаги ҳайкалини ағдариб қаҳрамонга айланган араб киши нима деди денг?
– Бундай бўлишини билганимда эди, икки дунё-да унинг ёдгорлик ҳайкалини ағдармасдим! Битта Саддам мингта бўлди!..
…Биз ҳар бир шахсга унинг ватан ва миллат тарихи олдида қилган хизмати, яратган маънавий ва ватаний иқлими ҳамда маърифий хизмати нуқтаи назаридан келиб чиқиб ёндашмоғимиз лозим. Уларнинг халқ тарихидаги ўрни, қилган хизматларига қараб белгиланади ҳамда қадрланади.
Шундай экан, кечмиш тарихимизда мамла-катимизни бошқарган Алп Эр Тўнгаю Турк хо-қонлари, Қорахоний хонларию Сомонийлар, Хо­размшоҳлару Чиғатой хонлари, ким бўлмасин, улар кечмиш тарихимизнинг ёрқину қоронғи, хулоса чиқариб, сабоқ олишимиз керак бўлган са-ҳифаларидир.
Ҳеч бир ҳукмдорни қораламаган ва ҳақорат эт-маган ҳолда унинг фаолиятини муфассал ўрганиб, оқни оққа, қорани қорага ажратмоқ, тўғри ва соғ-лом фикрли, ёрқин заколи тарихчиларимизнинг энг муҳим вазифасидир.
Ўтмишимизда из қолдирган ҳар бир шахснинг қилган хизматига яраша тарихимизда тутган ўрни бордир. Заҳириддин Муҳаммад Бобур – буюк бобомиз. Шайбонийхон ҳам аждодимиз. Ўзини билганни ўзингдек бил деганларидек, ўз-лигини таниган ҳеч бир миллат қай даражада ҳукмронлик этмасин, ҳеч бир султону хоқонидан воз кечмайди. Бироқ уларнинг тарих олдидаги хизматларини аниқ-тиниқ ўрганган ҳолда улар ўрнини қориштирмаслигимиз керак. Бобурийлар салтанатининг асосчисидек буюк шоҳ ва саркарда олиму шоирнинг ёнига Шайбонийхонни қўйишда кўзимизни очиброқ ҳаракат этишимиз керак бўлади.
Шундай экан, бугунги кунда Амир Темур ҳақида оғзига келганини алжираб, хаёлига келганини ёзиб юрган “темуршунос”лардан ҳам ғоят эҳтиёт бўл-моқ лозим. Бундай арзонгаров тарғиботу ташвиқот орқасидан эргашиб, Темурдан Ленин каби “даҳо” ясамаслигимиз керак.
Меъёр – меъёрдан ортиғи мурдор дейдилар. Қўлимга қўлбола бир блокнотсифат қоралама тушиб қолди. Унда давлат идорасининг хўжалик бў-лимида инженерми, сантехникми бўлиб ишлаётган бир ватандошимиз Темур ҳақида ақлига келган гапни ёзиб, у ҳақда кўпсерияли фильм қилишни мўлжаллаганини айтиб, ҳомийлар ахтаради.
Бул ҳурматли қардошимиз, Ленин домланинг “Ошпаз аёл (кухарка) ҳам давлатни бошқариши мумкин” деган ғоя ва шиорлари таъсирида ўсиб-улғайганликлари боис бу каби ғоят масъул, вата­ний ишнинг уддасидан чиқаман, деб ўйлаган бўлсалар керак.
Ул кишимнинг хайрли орзу-ниятларининг амал-га ошиши барчамизнинг орзу-ниятимиз эканлиги­ни таъкидлаган ҳолда чумчуқ сўйса ҳам қассоб сўйсин, деган нақлни эслатмоқда фойда бор, албатта.
Бироқ! Бироқ минг афсуслар бўлсинким, бизда, устоз дея саналадиган кўп ҳурматли қассоблар ҳам баҳс этганимиз мавзуда чумчуқдан бошқа жониворни сўя олмасликларини-да айтмасак адолатдан бўлмас.
Шундай экан, шоира Нодира ва шоир Жў-найдуллоҳ Ҳозиқ каби кишилар шахсияти ва ўз асрининг шундай улуғ ижодкорларини қатл этган Бухоро амири Насруллоҳ тарихини атрофлича ўрганиб, хулоса чиқара билмоқ, хулоса этганда ҳам тўғри йўналишда тафаккур эта билмоқ ғоят муҳимдир.
Амир Насруллоҳ ўттиз беш йил чамаси Бухоро давлати ва мамлакатини бошқаради. Давлат ва салтанатини сақлаш ҳамда кенгайтириш учун жанг-лар олиб боради. Табиийки, ўнлаб масжид, мадра-са, ҳаммом, такя ва карвонсарой, коризу сардобалар қурдиради. Ўттиз беш йиллик ҳукмронлиги давоми-да ҳамма нарсани худо яратган ва тангри беради, деб осмонга қараб ўтирмайди, албатта.
Бироқ амиру хонми, султону жумҳурраисми, ким бўлмасин, қўли ва виждонини ўз миллатининг қонию жони билан бўядими, тамом! Унинг ўттиз беш йиллик тоат-ибодати бир пулдир!
Қўқон хони ва мурғак шаҳзодаси, сўнгра Но-дирадек шоира ва маликаси, унга қўшиб Норбиби ҳамда Холбиби каби сарой маликалари бошини бир ахтахонада кундага етказган, сўнгра Шаҳрисабзда Жўнайдуллоҳ Ҳозиқ ва Шафъе тўраларни Дўшабой исмли бир махфиячи, ўғрибошига қатл эттирган амир Насруллоҳ англаб-англамай ана шундай қотилона ишга қўл уриб, ўзи қилган хайр-савобли ишлар устига қора чизиқ тортди.
Инсон табиатан шундай. У ҳеч қачон ўз ақл-идроки, феъл-атвори доирасидан ташқарига чиқа олмайди ва тасаввури даражасида қазилган тангри қудуғига тушиб ҳалок бўлади. Бу каби ишларни сукуту сукутсиз кузатиб турган халқнинг халқлиги, миллатнинг миллатлиги эса нима билан белгилана-ди? Биринчи галда ҳақ, тўғри гапни айтган ва айта оладиган оқилу адолатли шахслар ёнида тура олиши ҳамда уларни ҳимоя эта билиши билан!
Сўнгра эса одил ва ҳақ сўзни айтган шахслардан сунъий равишда халқ душмани ва эшак ўғрилари ясалганда, ихтирочи шарафсизларга қўшилиб, ўл-ганнинг устига чиқиб тепмаслик билан!
Буни халқимиз ёв ёқадан олганда, ит этакдан олибди, дея изоҳ этади.
Миллат сифатида шаклланган русларда шундай. Ҳақсизлигу адолатсизликка учраган Андрей Саха-ров ёки Борис Елцин каби шахсиятлардан миллат қаҳрамони ясайдилар.
Бизда эса ундай эмас. Халқ ва хизмат кўрсатган ҳожилар Маккага бориб шайтон тошлаганларидек, бутун бошли оламон ўша одамга ҳеч тап тортмай тош падрончилар сифатида ўрин олишга шошилади.
Чернишевский сенат майдонида шармандаларча сазойи қилинганда лом-мим демаган оломоннинг вақт ўтиши билан кўзи очилди ва ўзида адолатнинг юзига тик боқмоққа куч топа билди.
Дунёдаги энг буюк гуноҳ ва жиноят инсон, кишиларни айирмоқдир. Сиз бир бечорани олабўжи­га айлантириб, жамоадан айирдингизми, билингки, эрта кунда қисмату қадар сизнинг ўзингизни ҳам мана шу одамлардан айиради…
Инсон зотининг ҳаётдан ҳафсаласини пир қи­ладиган, жонидан тўйдирадиган нарса – улар-нинг бир-бирларига нисбатан ноинсоний муно­сабатларидир.
Инглиз отасўзида айтилганидек, киши ҳақидаги асл ҳақиқат у ёруғ оламдан кўз юмганидан сўнг айтилади.
Бухорода-да икки юз йил давом этган манғитлар сулоласи даврида эл орасида ёйилган ўтнинг ёмони анғит, одам ёмони манғит деган отасўзи бежизга пайдо бўлмаган. Гап бу ерда шонли тарихимизнинг ёрқин саҳифаларидан муносиб жой олган манғит улуси ҳақида эмас, шу эл номидан иш юритган золимлар ҳақида кетмоқда.
Ёхуд Қўқон хони, ўн саккиз ёшли валиаҳд ўғли, Тошкент ҳокими Шоҳруҳхон ва яна икки хонзода ўғли билан укаси Умархон томонидан қатл этилган Олимхонни халқ бекорга “Золимхон” дея айтмаган.
Халқ ҳаммасини кўриб-билиб туради. Фақат азиз жони, бола-чақаси, хешу ақрабосини ўйлаб, золиму қотиллар юзига тик боқмайди.
Зеро…
Не бир қисмату қадарки,
Кимлигинг боланг билмаса.
Элим дея жон чексангу,
Элат толеи кулмаса.
 
Ҳасад тўла разил сўзи,
Эзик бағрингни тилмаса.
Узилмагин дордан қочган,
Наҳслар назарга илмаса.
 
Сабр туби сариқ олтин,
Қадрингким билса-билмаса.
Ўтма номард кўпригидан,
Дўстларки яранг силмаса.
 
Қалбинг тамиз, худо ҳофиз,
Дилда умидлар сўлмаса.
Ойнинг ўн беши ойдиндир,
Хунларки эрта тўлмаса.
Leave a Reply
*