Menu
Categories
Ҳей, қачон уйғонгайсан? (Журналист дўстларимга)
03/10/2019 Маданият ва Санъат

Ҳей, қачон уйғонгайсан? (Журналист дўстларимга)

Абдусаид Кўчимов

Эҳ!.. Бугун ёш бола ҳам сенга кулиб қарайди,
Амалдор қошин кериб, масхаралаб яйрайди,
Вазир оғам хешларин тинмай тезлаб, қайрайди —
Сорлочин, сорбургутдек кўзинг қаёқда қолди,
Шамшир тиғидек кескир сўзинг қаёқда қолди?

Нега қалам санчмайсан лўттивознинг тилига,
Қачон кишан бўлгайсан порахўрнинг қўлига,
Қоядек турмайсанми коррупция йўлида —
Сорлочин, сорбургутдек кўзинг қаёқда қолди,
Шамшир тиғидек кескир сўзинг қаёқда қолди?

Не боис чиқмас сасинг, дуч келганда олчоққа,
Разилни кўрган чоғинг айланмайсан сиртмоққа,
Қачон куйиб-ёнгайсан, айлангайсан чақмоққа, —
Сорлочин, сорбургутдек кўзинг қаёқда қолди,
Шамшир тиғидек кескир сўзинг қаёқда қолди?

Журналист деган, ахир, эл ғамини емасми,
Ғуруринг шунча вайрон, наргайинг шунча пастми,
Давлатбошим даъвати, сенга даъват эмасми —
Сорлочин, сорбургутдек кўзинг қаёқда қолди,
Шамшир тиғидек кескир сўзинг қаёқда қолди?

Дувуринг қани сенинг, орият-оринг қани,
Мардона жасоратни кутмоқда-ку Ватанинг,
Қачон қаддин кўрсатгай қадимий шараф-шонинг —
Сорлочин, сорбургутдек кўзинг қаёқда қолди,
Шамшир тиғидек кескир сўзинг қаёқда қолди?

Ҳақсизликни кўрганда не боис чўғланмайсан,
Шердек тортиб наъралар, аждардай тўлғанмайсан,
Қачонгача мудрайсан, ҳей, нега уйғонмайсан —
Сорлочин, сорбургутдай кўзинг қаёқда қолди,
Шамшир тиғидек кескир сўзинг қаёқда қолди?

Адолат вақти келди — адолатни ёз энди,
Ҳақиқатни қанчалар эъзозласанг оз энди,
Ҳаққи калом қўрғони муқаддас, мумтоз энди —
Сорлочин, сорбургутдек кўзинг қаёқда қолди,
Шамшир тиғидек кескир сўзинг қаёқда қолди?

Қачонгача шаънингни сарғайтиб, сўлдиргайсан,
Ичингдаги қўрқувни айт, қачон ўлдиргайсан,
Қачон қалб қўрғонингни журъатга тўлдиргайсан, —
Сорлочин, сорбургутдек кўзинг қаёқда қолди,
Шамшир тиғидек кескир сўзинг қаёқда қолди?

Қутлуғ йўлдан бормоқда она юрт, она халқинг,
Худбиндир бу замонда гар ёнмаса кимда-ким,
Эй, соҳиби қаламлар, уммондай жўшинг, қалқинг —
Сорлочин, сорбургутдек кўзинг қаёқда қолди,
Шамшир тиғидек кескир сўзинг қаёқда қолди?

Мен ҳам сизга қавмман, ич-этимни егайман,
Қачонгача майдакаш касларга бош эгай ман,
Бугун ёқамни тутиб, ўз-ўзимга дегайман:
— Сорлочин, сорбургутдек, кўзинг қаёқда қолди,
— Шамшир тиғидек кескир, сўзинг қаёқда қолди?!

ХАЛҚ СЎЗИ газетасидан  

Leave a Reply
*