Menu
Categories
ЭВРИЛ ТУРОН ОЛТИН ЎЛКА 4-қисм ЖИЗЗАХ – ФОРИШ
03/11/2019 Бош мақола
 ЭВРИЛ ТУРОН
ОЛТИН ЎЛКА
4-қисм
Мен етти кун Жиззах ўлкаси сафарида бўлдим. Сирдарё ирмоқларидан Фориш тумани сари қазилаётган анҳорни, янги бунёд этилаётган Қорамон сув омборини, чўлда яралган боғларни, яқинда очилган конларни ва ишга туширилган завод, фабрикаларни кўрдим.
  АЭС ( атом электр станцияси) қурилиши мўлжалланган майдонда тадқиқот ишлари олиб бораётган геолог- муҳандислар билан ҳам қўнишдим.
  Қизил Денгиз (Ҳайдаркўл) қирғоқларини ҳам кездим. “ Обод қишлоқ” дастурига мувофиқ қурилган , таъмирланган шаҳар, шаҳарча, қишлоқларда одамлар билан гаплашдим. Уларда ҳозирги сиёсатга ишонч, келажакка умид, ишга рағбат уйғонганлигини туйдим.
   Ўлкадаги кўнгилни қувонтирадиган ўзгаришларни қаламга олдим.  Эссе шаклида, кичик – кичик сарловҳалар остида.
  Азиз ўқувчи , ҳозирча шулардан тўртасини ( “Минг йилдан сўнг…”, “Хонбанди”, “ Ўрта Осиёда биринчи АЭС”, “Қизил денгизи” ) эътиборингизга ҳавола қиламан.
                                                           Эврил Турон
                                                          Турон Халқаро Ёзарлар Бирлиги раиси
  
  ЖИЗЗАХ- ФОРИШ ЙЎЛИ
     ЙЎЛ АЗОБИ, ГЎР АЗОБИ
                                             мақол
 “Менга баландпарвоз гаплар , қуруқ ҳисоблар эмас, одамларнинг розилиги керак”.
Президентнинг шу гапидан келиб чиқиб қаралса, Жиззах – Фориш йўли эл талабига жавоб бермайди. Ўлка бўйича энг кўп авто ҳалокат айни шу сўқоқда содир бўлмоқда. Чунки бу йўл(65км) узоқни ўйламай қурилган, сифатсиз, файзсиз, ҳатто ўртадан оқ чизиқ ҳам тортилмаган. Қарама- қарши келаётган икки машина сиғар – сиғмас даражада тор. Шўрлик:
Энига ҳам ,
Бўйига ҳам,
Остига ҳам ,
Устига ҳам урилган.
Чўнтакка,
Чўнтакларга…
Таъмирлар қўл учида қилинган. Минг улоқ, минг ямоқ. Асфальтлар кўчиб, шағаллар сочилиб ётибди. Айрим жойлар чизиллангандек ғадир- будир, ўнқир- чўнқир, ғалвир донни ўйнатгандек, машинани ўйнатади, баъзан отиб юборади, фожеа юз беради.  Одамлар машиналарда юракларини чангаллаб ўтирадилар. Мен ҳам бу кўргиликни кўрдим. Орқа ўриндиқларда ўтирган йўловчиларнинг норози сўзларини эшитдим:
–         Боғдондан Жиззахга бориб келгунимча , ичак- чавоғим эзилиб кетади.
–          Юрагим қон бўлади.
Ҳайдовчи йўлни ёмонлаб гап сўқади:
–         Машина машина бўлганига  пушаймон ейди.
–         Нега таъмир қилинмаяпти?
–         Буюджетида пул қолмагандир-да.
–         Еб битирган-да.
–         Бизда йўллар юз марта таъмир қилинади. Фақат иш битгунча, эшак сувдан ўтгунича қабилида.
–         Номига-да.
–         Хўжа кўрсинга.
–         Хўжасиниям оғзи бор-да…
Бу аччиқ, тўғри гаплардан ўйланиб қолдим. Одамлардан эшитганим, кўрганим- Ғарб юртлари кўчалари кўз олдимдан ўтди: текис , кенг, ўқдек тўғри йўллар,уларнинг ёқаларида яшнаб турган яшил оғочлар( дарахтлар), симёғочларга ўрнатилган чароғон чироғлар , у ёқдан, бу ёққа ғиз- ғиз қатнаётган машиналар… Бари-бари кўнгилни очади:
Сўқоқлар шу даражада сифатли қурилган-ки , бирон ерда улоқ йўқ, шу даражада сифатли таъмирланганки, бирон жойда ямоқ йўқ.
Бунга ич- ичимиздан қойил қоламиз, ҳавас қиламиз, қувонамиз. Буни мен уларни ўз эл- юртларини беҳад севишларидан , кўзлари тўқ, нафслари бутунлигидан , ўз давлатларига бир сўм ҳам моддий зарар етказишни истамаганларидан , деб биламан.
Бир куни дилкаш дўстим, синфдошим Муҳиддин Саттор(немис тили, адабиёти бўйича доктор, профессор) Германия сафаридан қайтгач , менга шундай деган эди:
–         Немислар ҳар бир ишни жуда пухта, жуда сифатли қиладилар. Шу жумладан, йўлни ҳам .Бир куни касбдош дўстим Иоган билан бирга овлоқ ўрмонга қўзиқорин теришга бордик. У машинасининг копоти устига бир чойнак сув қўйди. Мени қойил қолдириш учун эмас, йўл сифатини синаб кўриш учун,
Чойнак чайқалмади ҳам,
 Сув  тўкилмади ҳам .
Умрида бир оғиз ёлғон сўзламаган раҳматли (Илоҳо, жойи жаннатда бўлсин!) дўстим Муҳиддин Сатторнинг шу гапи миямда муҳрланиб қолган.
 Ўзбекининг шундай гапи бор:
“ Сени кимдир ёмонласа, гуноҳинг тўкилади”. Мен бунга қўшимча қиламан: “ Ўзингни ўзинг ёмонласанг ҳам, гуноҳинг тўкилади”.
Биз  ўзбеклар бир ишни юз марта қиламиз. Сўнг уни  минг марта тузатамиз.
Немислар бир ишни бир марта қиладилар .
Қалбларини бериб,
Маъромига етказиб. Яъни:
Кўркам,
 Пухта,
Мустаҳкам қиладилар.
Сўнг  уни узоқ йиллар таъмир этмайдилар .
Биз ўзбеклар олмонлардан  иш ўргансак, бир еримиз камайиб қолмайди. ” Ўрганайлик. Ёшларни юбориб ўргатайлик. Шундай тақдирда йўлларимиз“соз бўлади. “ Жиззах- Фориш” сўқоғи ҳам эпақага келади. Шунда ҳам нафси бузуқлар тийилмаса қийин. Бунинг учун мияларини ислоҳ этиш лозим… –  Ҳоким қаерга қараб турибди?
 Ўйим тарқади .
Орқа ўриндиқдан келган овозга ҳайдовчи жавоб қайтарди:
–  Унга ҳам осонмас. Ҳоким бўлганига ҳали бир йил ҳам тўлмади. Энди киришар.
– Уруғингми дейман?
 – Тоғам бўлади?-деди кесатиққа кесатиқ оҳангда ҳайдовчи. Гап узулди.
Мен Жиззах ўлкаси ҳокими ( Солиев Эргаш Алибекович)ни танимайман. Гарчи  Боғдонлик бўлса ҳам .  Лекин у ҳақда: “Тўғри сўз одам”, “ Ғайратли одам”, деб эшитганман. Ботир Тўхтамиш кўрсатган ҳужжат ҳам шу сўзларни эътироф этади.
 2018 йилда вилоятда ўсиш бўлган. “Жиззах – Фориш” йўли масаласига келсак, овозларда жон бо.
Зотан йўл ҳоким ваколатига киради.
Ўзбекистон Республикаси Конститутцияси ва “ Маҳаллий давлат ҳокимияти тўғрисида”ги Қонун ҳам буни тасдиқлайди:  “ Қонунда кўрсатилган ваколатларни ( ҳоким) якка бошчилик асосида амалга оширади.
Вилоят ҳокимининг барча ўринбосарлари, шаҳар ва туман ҳокимлари , вилоят ҳокимлигининг аппарати фаолатияга раҳбарлик қилади. Вилоят ҳудудида қонунийлик, ҳуқуқ тартиботни ва фуқораларнинг хавфсизлигини таъминлайди. Давлат, хўжалик ва  ижтимоий – иқтисодий қурилиш ҳамда кадрларни танлаш, тарбиялаш ва жой- жойига қўйиш масалалари билан шахсан шуғулланади…
Ўзига берилган ваколатлар ва амалдаги қонунлар доирасида вилоятдаги барча корхоналар, муассасалар, ташкилотлар, бирлашмалар, шунингдек мансабдор шахслар ва фуқоролар томонидан бажарилиши мажбурий қарорлар ва фармойишлар қабул қилади.
Вилоятда ижтимоий – иқтисодий ислоҳатларни амалга оширади, вилоятнинг истиқболидаги ривожланиши юзасидан қабул қилинган дастурларнинг бажарилишини таъминлайди”…
– Раҳбар деган , – яна орқа ўриндиқдан ҳалиги овоз келди,- ҳамма тармоқларга : “ Бу майда, бу йирик” демай, тенг кўз билан қараб, иш олиб борса, камчиликлар деярли бўлмайди.
– Тўғри ака ,- бу гал “ такси”чи “ овоз”ни қўллади.
– Президентимиз куйиб- пишиб ишласалар, барча соҳаларда ўсиш бўлади . Йўл муаммоси ҳам барҳам топади…
 Гап- сўз билан Боғдон шаҳарчасига келдик. Бир – биримизни танимаган ҳолда , хайр –хўшсиз “ Такси”дан тушдик. Мен Амир Беркин ( жияним)га сўз берганим учун ( Хонбандига боришга) бошқа машина ёлладим.
                        МИНГ ЙИЛДАН СЎНГ…
Одам қилган эзгу иш-  одам умрининг давоми
                                          Муродим Турди , академик.
Хонбанди – Боғдон тоғи билан Қизил денгиз ( Ҳайдаркўл) ўрталиғида қўним топган шаҳарча. Оралиқ таҳминан бир тош . Балки сал кўпроқдир? Хонбандига бўм- бўш чўлни кесиб ўтган сўқоқ орқали эндик.  Бу йўл Шавкат Мирзиёевнинг “ Обод қишлоқ” дастури (2018 йил26 апрел куни президент “ Обод қишлоқ” дастурига  мувофиқ қишлоқларни ободонлаштириш ишларини сифатли ташкил этиш ва жадаллаштириш масалаларига бағишланган ведиоселектор йиғилиши ўтказади) муносабати билан таъмир этилган. Бироқ, нима сабабдандир икки- уч чақирими охирига етказилмаган. Фақат ўнқир- чўнқир жойлари тузатилган. Шунга қарамай, бу йўл менга ёқди. Шофёр сўқоқни мақтади:
–   Яхши йўл жон роҳати.
Мен болалигимда Хонбанди ва унинг теваракларини кўп кезганман. Булар “Оқ гул”, “ Ойнур” романларимда ҳам акс этган.
Амир  Беркиннинг уйига киришимдан олдин афсонавий Хонбанди сув омбори тўғонини зиёрат қилдим. Сув омборини қурум босган. Ёқаларга , ҳатто қурум устиларига уйлар қурилган.
Адирсимон икки тоғ оралиғига қурилган Тўғон ( Худди Чорвоқ сув омбори тўғони каби) деярли яхши сақланган. Тўққизта қулфаги ҳам вақт тўфонларидан омон ўтган.
Ривоятларга қараганда, тош унга айлантирилган . Тош- ун эса туя сути – қумрон билан қорилган. Сўнг у тўғонни бунёд этишда цемент ўрнида ишлатилган. Шунга ҳам Хонбанди асрлар синовига бардош бериб келаётганмиш.
Асрлар синови!..
Хонбандининг бунёд этилиши ҳақида эл орасида уч ривоят юради.
 Биринчи ривоят: Хонбандини АБДУЛЛАХОН( 16- аср) қурганмиш. Бу кечаги кечмиш. Тарих учун беш юз йил беш он ҳам эмас.
Иккинчи ривоят : Хонбандини Истамихон ( Буюк Турк ҳоқонлиги салтанати) (6- аср) қурганмиш. Бу ҳақиқатга яқин ривоят. Истамихон даврида ( ҳозир бўлкаланиб ётган) Турон гуллаб – яшнаган. Ариқлар, анҳорлар қаздирилган, сув иншоатлари қурилган, чўллар обод этилган.
Учинчи ривоят: Хонбандини Бўғрохон( 859-955) ва унинг авлодлари – Қарахонлилар ( 10-аср) қурганмиш. Сотиқ Бўғрохон ўзини Қорахон , яъни Улуғ хон деб атаган.   Менинг талқинимча: бу ҳақиқатга жуда яқин ривоят . Ҳатто , назаримда айни ҳақиқат. Бунга тоғ тўрида жойлашган Қорахон қишлоғи ҳам гувоҳдир. Қишлоқ улуси ўз келиб чиқишини Қорахонга боғлайди. Ўз уруғини ” Қорахон” дейди.
Қорахонидан қуйида Қоратош қишлоғи эли, Қорамон уруғи яшайди. Боғдон халқининг ҳам бош уруғи:
ҚОРАМОН
Аҳмад  Яссавийнинг менга сирлидай туюлган мана бу иккилиги эсимдан чиқмайди:
Оқмон билан Қорамон
Сурган экан кўп даврон…
Қорахон,
Қорамон бир қавм. Яъни : Самонийлар давлатига барҳам берган , Қорахонлилар салтанатига асос солган буюк Қарлуқлар авлоди.
Қарахон,
 Қорамон.
Икковининг ҳам ўзаги: Қора. Қора-эски туркчада “улуғ” дегани.  Улуғ билан хон қўшиб айтилса, Улуғхон атамаси келиб чиқади.  Хон эса ҳоқон сўзидан туғилган.  Қорахон, Қорамон уруғлари бу сулув водийда Хонбанди сув омборини қурганлар ва экинчилик билан шуғулланганлар. Сулув водий дейишимга сабаб , ўн чақирим юқорида Боғдон тоғи салобат тўкиб турибди. Этакда бепаён ўтлоқ ястаниб ётибди. Ўтлоқ адоғида яна тоғ. Ҳозир мен турганим- тўғон қурилган тоғ. Унинг этаги чўл, Уст- юрту Ҳазар денгизича чўзилган тоза тупроқли чўл. Чўлнинг қуйи қисмида яна тоғ қад керган. Унинг орқа томонида Ҳайдаркўл мавжланиб ётибди.
Мени  ҳайрат, ҳаяжонга солган нарса- бу беадоқ чўлни , шўрдан холи, тоза тупроқли чўлни минг йил кечароқ тағин гуллаб –яшнашига бўлган ҳаракат, қудратли ҳаракат , истиқболи беқиёс ҳаракат.
Ўзимга – ўзим савол бераман: Бўғрохондан сўнг, яъни минг йил кечгандан сўнг учи- қири йўқ бу чўлни ўзлаштириш фикрни кимнинг хаёлига келди экан? Ажабо кимнинг? Минг йил ичида Турону Туркистонга қанча – қанча шохлар келиб кетишди? Қанча – қанча?
Бироқ?..
Саволимга жавоб излайман. Синфдошим, сирдош дўстим, теран билим эгаси, техника фанлари доктори, профессор( Тошкент Ирригация инститтутини битирган, шу олийгоҳда ўқитувчи, кафедра мудири, декан, проректор, ректор бўлган. Ҳозир ҳам , етмишдан ошганига қарамай мазкур институтда ўқитувчи ) Абдураҳмон Ражабнинг сўзи туйқус эсимга тушди:
– Сиз   Ўғизхонни Ўғиз ҳақон, Чингизхонни Чингиз ҳақон, Темурхонни Темур ҳоқон, деб атайсиз. Агар сизнинг тилингизда айтсам, Қарахонлилар империясидан кейин бу чўлларни ўзлаштириш ғояси ушбу инсондан чиққан:
       ШАВКАТ ҲОҚОНДАН.
–Мен бундоқ, деб ўйламагандим.
– Қудратда бўлмаган одам бу чўлларни ўзлаштиришга жазм этадими? Бу давлат миқиёсидаги иш Уйлаб кўринг , унга қанча маблағ кетади? Ҳозир Сирдарё тармоқларидан Боғдонга сув олиб келиш учун анҳор қазилаяпти.
ҚОРАМОН СУВ ОМБОРИ ҚУРИЛАЯПТИ.
 – Узоқни ўйлаб қилинаётган иш.
– Анҳор Жиззахдан ўтган, Оқтомга яқинлашган.
– Буни янгилик деса бўлади.
– Буюк янгилик!
– Шундай.
– Ҳозирча 20 минг гектар ер ўзлаштирилади. Узумзорга айлантирилади. Вино заводи қурилади. Боғдон узумига, Боғдон майизига дунё ҳавас қилади. Ёнғоқ, ўрик, олма, нок, тутлар… ҳам оламга татигулик .
 – Шундай, академик.
 – Бўрттириш – ёзувчига теккан касаллик.
 – Фанлар академияси кўриб, кўрмасликка олаяпти… Ҳатто мен унинг президентини ҳам билмайман. Мен билмаганимдан кейин , эл биладими?
Академик Ҳабиб Абдулла,
Академик Иброҳим Мўмин,
Академик Қори Ниёзий…
 Юртда буларни билмаган киши йўқ эди.
– Шундай  , аммо бу гапларни қўя турайлик. Сизга айтсам. Келажакда Боғдонда юз минг гектар ер обод этилади. Кейин. Яна … – Абдураҳмон Ражаб сўзини тугатмади.
– Осмондан олаяпсизми бу гапни?
– Одам боласига ҳамма фикрлар осмондан энади. Фақат одам боласи буни сезмайди. Менинг фаразим ҳам ўз – ўзидан миямга келмади. Осмондан…
– Сув муаммоси-чи, дўстим? – Мен Абдураҳмон Ражабнинг сўзини бўлдим.
– Ҳайдаркўл суви чучуклаштирилади.- деди Абдураҳмон Ражаб ишончга қотилган содда овозда.
– Хаёлда мумкин.
– Ҳаётнинг ўзи шунга олиб келади.
– Қимматга тушади.
– Тараққиёт – сувни чучуклаштиришда янада енгил , арзон йўлини топади.
– Умид қиламан.
– Тангри карами беқиёс.
(4- қисм тугади. Давоми бор )
UZA сайтидан олинди.
"1" Comment
  1. чет эллик

    “Ёзарлар бирлиги раиси” муҳтарам Эврил Туроннинг “ёзуви”ни эринмай, ҳижжалаб ӯқиб чиқдим. Муҳтарам, отахон ёзарнинг билиб ёки билмай ишлатган, чет тиллардан олиб қӯллаган сӯзлари диққатимни тортди. Масалан : завоб, фабрика, АЭС, геолог, муҳандис, дастур, эссе, сарлавҳа, гӯр, авто, таъмир, бюджет, дилкаш, доктор, профессор, капот, маъром, конститутсия, кадр, корхона, муассиса, ҳудуд, қарор, фармойиш, боғдон, академик, видеоселектор, бепаён, беқиёс, сирдош, техника, ирригатсия, институт, кафедра, декан, проректор, ректор, империя ва ҳоказо… . Агар ушбу сӯзларнинг баъзилари чин ӯзбекча бӯлсаю, мен уларни чет тилдан кириб келган, деб даъво қилаётган бӯлсам узр! Бу соҳа мутахассиси эмасман. Бу сӯзларга диққатингизни жалб этишдан мақсад шуки, муҳтарам адиб ӯрни келса келмаса соф туркийча ёзишга ҳаракат қиладилар, керак бӯлса, янги сӯзлар ихтиро этмоқнинг гувоҳи бӯламиз. Лекин бунинг 100 фоиз иложи йӯқлигини кӯриб турибмиз. Аслида эса бошқа тиллардан кириб келиб, она тилимизни бойитган сӯзлардан фойдаланишнинг ҳеч бир ёмон жойи йӯқ, деб гумон қиламан. Суриштириб келсангиз ҳозирги замон расмий ӯзбек тилида тожик, рус, араб, лотин, грек, инглиз ва ҳоказо тиллардан кириб келиб “прописка” қилинган сӯзлар оз эмас. Классик ёзарларимиз ӯзбек ва форс тожик, араб тилларини аъло билганлар, ӯз ижодларида улардан самарали фойдаланганлар. Бугун, интернет ва гобаллашув даврида тилимиздаги бегона, “ӯгай” сӯзлар кӯпайгандан кӯпайиб бормоқда. На чора, ҳар нарсанинг тӯлови бӯлади.

Leave a Reply
*