Menu
Categories
Шавкат Мирзиёев: “Сизни Америкадан ҳам чақиртириб олдимми?”
03/12/2019 Адабиёт

Ханифа Мустафаева, меҳнат фахрийси, ” Фидокорона хизматлари учун” ордени соҳибаси, Ўзбекистон халқ шоири Абдулла Ориповнинг рафиқаси

– Америка Қўшма Штатларида эдим. Кенжа қизим Рухсора телефон қилиб, Халқаро хотин- қизлар байрамига таклиф қилишганини айтди. Одатдаги тадбирлардан бўлса керак, деб ўйлаб, ” Ўзинг қатнаша қол”, дедим. 4 март куни ўғлим яна телефон қилди, “Келмасангиз бўлмас экан, Сизни мукофатлашаркан” деди…

Президентимиз орденни кўксимга тақар эканлар, кулиб, “Сизни Америкадан ҳам чақиртириб олдимми?” деганлари менга жуда таъсир қилди. Давлат раҳбарининг шунча юмуши бўла туриб, мени океанортидан етиб келишимгача эътибор билан қарагани қалбимни тўлқинлантириб юборди.

Юртбошимизнинг тадбирда “Ўзининг илмий ва адабий мактабини яратган улкан олим ва ижодкорларнинг рафиқаси бўлиш осон эмас. Буни билган билади, билмаганлар билиб қўйса, фақат фойда бўлади”, деган сўзлари шу ерда, бир стол атрофида ўтирган барча аёллар кўксини фахр-ифтихорга тўлдирди.


Уйга келиб, хурсанд бўлганимдан икки соатлар йиғидан ўзимни тиёлмадим. Бутун хаётим, бахтли, ғамли дамлар, Абдулла ака билан ўтган кунлар, уларнинг қалб яраларига малҳам бўлишга интилганим, ижод машаққатларини енгишга кўмакдош бўлганим кўз олдимдан ўтди. Абдулла ака Ўзбекистон Қахрамони бўлганларида ҳам шундай холатга тушгандим. Меҳнатлар натижасини кўриш одамга бошқача таъсир қилади.


Ҳар бир ўзбек оиласида бўлгани каби умр йўлдошимнинг иссиқ-совуғига қарадим, яхши кунларида ҳам, ёмон кунларида ҳам доимо ёнида бўлдим. Бетоб бўлиб, қоғоз қоралашга мадори етмай қолганда, улар шеърни оғзаки айтиб турганлар, мен ёзганман… Лекин буларнинг алоҳида эътироф этилишини, ҳатто мамалакатимизнинг юксак орденига лойиқ кўрилишини тасаввур ҳам этолмасдим. Тарихда бундай воқеа юз бермаган, менимча.


Ҳаётда мўъжиза содир бўлмайди, уни инсон ўз қўли, меҳнати билан яратади. Шавкат Миромонович буюк қалби, серзаҳмат меҳнатлари билан бугун ана шундай мўъжизани яратмоқда – ҳаётимизда туб бурилишлар ясамоқда. Ҳар бир киши ҳаётда инсон сифатида қадрланиб яшашга ҳақли эканини юракдан ҳис этаяпти. Ислоҳотлар натижаларини, ўзгаришларини ўз турмуши мисолида кўряпти.


… Абдулла ака давлат ишидан бўшаб, 7 йил уйда ўтирганларида ҳам ҳар Наврўзда – туғилган куни 21 мартда, Давлат мадҳияси тасдиқланган кун – 10 декабрда Шавкат Миромонович номидан табрикнома, совға-саломлар келиб турарди. Буни кўрган Абдулла аканинг қувончдан боши осмонга етарди, баъзан кўзларига ёш олиб, ” Яхшиям, шу Инсон бор экан, юким ерда қолмайди”, “Шавкат Миромоновичнинг ғайрати жўшиб туради, кўзида, сўзида улкан меҳрни туяман”, дерди.


Эзгуликнинг умри боқий. Мана, Абдулла акадан таралган нур бугун ҳам хонадонимизни, миллионлаб юртдошларимиз қалбини ёритиб турибди. Худди шундай: халқ ҳам ўз шоирига кўрсатилган эҳтиромдан қувониб, бунинг ташаббускори бўлган инсонни доимо алқайди, дуо қилади. Авлодлар юксак миннатдорлик билан эслайди. Бунга шубҳам йўқ!

2019 йил

@abdullaorif

Image may contain: Gulizor Yahyo
Image may contain: 2 people, including Gulizor Yahyo, people smiling
"2" Comments
  1. Отабек Тошев

    Абдулла Орипов камдан кам бир неча юз йилларда тўғиладиган туғма талантли донишманд шоир. Унинг шеърлари оддийлиги, осон ўқилиши, ёрқинлиги, фавқулодда ўткир руҳ анқиб тўриши, айниқса фалсафий ўлмас руҳиятининг устунлиги билан ажралиб туради. Булар бари шундан далолатки – унинг шеърлари нафақат ўн йиллар, асрлар оша ҳам келажак авлодлар томонидан ўқилажак. А.Орипов шеърлари одамни йиғлатади, чуқур фикрлашга дават қилади, ватанни севишга ўргатади. У ёзган шеърлар инсонни жунбушга келтиради, иродали, жасур, шиддаткор бўлишга ундайди. Бунчалик ёрқинлик даражасидаги ҳис тўйғуларни бирон бир бошқа шоирда топиш амри маҳолдир.

  2. Мухлислар

    Орден Муборак!!! Табриклаймиз Сизни. Абдулла Ориповга ухшаган шоирлар 2000-3000 йилда бир марта тугилади.

    Мухлислар.

Leave a Reply
*