Menu
Categories
Нурали ҚОБУЛ СУКУТ СУИҚАСДИ ёхуд СТАЛИНДАН САДДАМГАЧА Янги асар 20-боб
03/14/2019 Адабиёт

Қиёматга қадар ечилмас тавқи

 лаънат либоси

ёхуд “Худонинг ҳам сен разилдан

бошқа иши йўқми ё?”

 

Ҳар бир инсон дунёни ўзгартирмоққа ҳаракат қилади. Бироқ ҳеч ким бу ишни ўзини ўзгартиришдан бошламайди.

                                                   Лев Толстой

 

Ўз қаддингга лаънатлардан шундай бир либос кийдингки, энди у либос эгнингда қиёматга қадар қолади.

Жўнайдуллоҳ Ҳозиқнинг Нодирани қатл этган амир Насруллоҳга айтган сўзи

 

Даҳшатли, кейинги юз йилликларда маънавий террор, дея аталадиган сукунат суиқасдини бундан юз саксон йиллар чамаси бурун ҳеч бир хону амир, вазиру разил олдида сўзидан қайтмас, бошига қилич келса-да, ҳақ деб билганидан тоймас шоир, адлу адолатпарвар Жўнайдуллоҳ Ҳозиқ бузди…

Оққан қон ва ёниб кул бўлган шаҳар ҳидидан сархуш амир Насруллоҳ Ҳўқанди латифни қонга белаганини ўн кун байрам қилди.

Ўнинчи куни Қўқон тахтига ўтириши мумкин бўлган шаҳзода валиаҳд Муҳаммадаминни ҳам отаси Мадалихон ва амакиси Султонмуҳаммад қатл этилган заррин хос уйида бошини кундага етказиб, ўн биринчи куни шоираи замон Нодирабегим­га ҳамроҳ бўлган яна уч аёлни ўлдиртириб Бухорога йўл олди.

Бухоро саройи аъёнлари билан мажбурий равиш-да Қўқонга олиб келинган шоир Ҳозиқ ҳам амирнинг вазиру беклари орасида бўлиб ўтган қонли воқеа-лар ва қатллардан қалби вайрон бир алфозда ерлик шоиру битикчилар билан танишиб суҳбатлашар, дилидагини тилига келтира олмай қийналар, изти-роб чекарди.

Қўқонни қон қақшатган қаттол қўшин Ўрате-па, Зомин, Пашоғар қалъаси, Равот, Жиззах ва Янгиқўрғон орқали от ўйнатиб Самарқанд сари борарди.

Асир олинган қўқонлик уста, ҳунарманд, олим ва шоирлар орасида Ҳозиқ ўн кун мобайнида дўстлашиб, тузларини ичган кишилар ҳам бор эди. Бу ярим асир ва ярим қулларга кўзи тушган Ҳозиқнинг баттар бағри эзилар, бироқ уларга кўмак эта олмасди.

Бухорода қолган амиру маъмурлар ғолиб ҳукм-дорни кутиб олиш учун ўн чақиримча шаҳардан ташқарига чиққан, ноғора ва карнай-сурнай са-долари самони тутган эди.

Бу муҳташам қаршилов, эришилган фатҳу зафар ва халқу қўшиннинг сидқи садоқатдан ўзини кўкда учаётган каби ҳис этаётган амир тўхтаб, от устида қаршиловчилар табрикларини қабул қилиб, узундан-узоқ дуоларини тинглади.

– Амир Насруллоҳни юришга даъват этган ва Қў-қон халқи қонини тўктирган ҳам мана шу, узундан-узоқ дуо ўқиб, фатво берганлардир! – деди оломон орасида бу ҳолатни кузатиб турган Ҳозиқ ёнидаги дўсти, ёш шоир Садриддин Бухорийга.

– Не демагингизни англамадим, устоз? – деди Бухорий катта ва самимий кўзларини суҳбатдоши­га тикиб.

– Бу фитнанинг бош сабабчилари Умархон – Амирийни Султон Ҳусайн Бойқародан, ўзини эса ҳазрат Алишер Навоийдан юксак санаган Султонхон тўра Адо ва унинг ўғли каби аввал Қўқон, сўнгра Бухорода шайхулисломлик қилганларнинг иши-дир. Шулар Мадалихоннинг отаси Умархоннинг канизаги Пошшахонни никоҳига олганини, ундан фарзанд ҳам кўрганлигини айтиб, шариатга хилоф иш тутганини уқтириб, амирни гиж-гижладилар.

– Мадалихоннинг шу гуноҳи учун бошини кунда­га етказган экан, нега ўша малика Пошшохонни ҳам жазоламай, ўз никоҳига киритмоқчи амиримиз? – ҳайрон бўлиб сўради Бухорий.

– Ҳусн – ярим давлату ярим офатдир, Садрид-дин. Умархону Мадалихоннинг бошини еган бу малаксиймо амир Насруллоҳнинг ҳам кўзини ўяди. – Аслида булар учун шариат ҳам, шарм ҳам йўқ. Шариату тариқат, тўраю тузук фақат бечора халқ, фақиру фуқаро, золимлар фикрига қўшилмаганлар-ни жазолаш учун хизмат қилажак бир манбадир! – асабийлашганидан вужуди титрарди Ҳозиқнинг.

– Ҳозиқ қани? Ҳозиқ!

– Топинглар уни?

– Амиралмўъминин Насруллоҳхон зоти олийла-ри ҳузурларига чорламоқдалар! – оломон орасидан овозлар эшитилди.

– Сизни амир ҳазратлари сўрамоқда эканлар! – деди кўз косаси каттариб Бухорий устозига боқаркан.

– Кўзим учиб турган эди шу қотилни кўришга! – жавоб қилди Ҳозиқ паст ва тушкун оҳангда.

Югуришиб келган икки мулозим шоирнинг икки қўлидан тутганча оёғини ерга теккизмай амир ҳузурига элтдилар.

– Ҳа, шоири замон! – деди амир Ҳозиққа тик-райган қошларини кериб, қисиқ кўзларини йириб боқаркан. – Биз не қадар сизга иззат-икром кўр­­сатиб, ўзимизга яқин олсак, сиз шу қадар жондордан ҳурккан қўйдек сапчиб қочасиз. Ҳукмдорларга яқин юрмоқ ҳам бир хайри аломатдир!

– Фақир киши панададир, амир ҳазратлари. Сул-тон таниган ит суяксиз қолмас нақлига амал қилиб, айрим сарой саклари каби ўзимизни дуч келган ялоққа уравермаймиз! – жавоб қилди Ҳозиқ хиёл бошини эгиб.

– Мен сизни ҳузуримга мунозара этмоқ учун чор-ламадим. Кўрдингиз, биз азалий душманимиз Қў-қон хонлари устидан ғалаба қозониб, ул мамлакатни ҳам ўз тасарруфимизга киритдик. Қани, ана шу ғалабамиз, салтанатимиз тарихидаги энг буюк фатҳу зафарга бағишлаб, бир фард айтинг-чи? – ғолибона овозда буюрди амир.

– Не демакка ҳайронман, амир ҳазратлари, – каловланди Ҳозиқ. – Бу юриш давомида юз берган воқеалар даҳшатидан ҳали-ҳануз ўзимга келганим йўқ! Туркнинг туркдан ўзга дўсти йўқ, деган отасўзини боболаримиз такрорлар эдилар. Бу асоссиз саваш ва қон тўкилишига гувоҳ бўлар эканман, туркнинг энг катта душмани ҳам турк эканлигини англадим… Ўн дарвеш бир кўрпага сиғади, бироқ икки подшоҳ бир иқлимга сиғмайди…

– Гапни буриб чувалатма, шоир. Оллоҳнинг иро-даси билан қуббатул ислом Бухородек улуғ бир мамлакату давлат соҳиби бўлмиш буюк манғитлар сулоласи ва Муҳаммаднинг уммати эканлигимизни жумла жаҳон билади. Сен амримни адо этиб, фардни айт! – овозини баландлатганча Ҳозиқ сўзини кесди амир Насруллоҳ.

– Биласиз, амир ҳазрати олийлари. Тилим бир оз аччиқроқ, – руҳи тушиб кетганди шоирнинг.

– Сўйла! Сўйлайвер! Ҳамкасбинг Шоҳ Машраб каби келиб тахтимни булғамасанг бўлди! – шоирни бурчакка сиқиштирмоқчи бўларди амир.

– Ҳай, майли, сўйласам сўйлай, – дея бир зум тин олганча ўйга толди Ҳозиқ.

Амир сўзи камон ўқи каби тўғри ва ҳақ шоирни, истамаса-да, сарой аъёнлари қаторида Қўқонга олиб келган, ич-ичидан бу босқинга, бир турку ислом ҳукмдорининг иккинчисини маҳв этишига қарши бўлган Ҳозиқ не қадар рижо этмасин, зўрлаб келтирган эди. Энди эса ўз қонхўрлигига мадҳия айтмоқни амр этмоқда! Алҳазар!

Жўнайдуллоҳ Ҳозиқ сўз ила ифодалаб бўлмас ноқулай вазиятда қолган, амир Насруллоҳнинг қотилу қонхўрлигини юзига айтган ўзи каби бир шоирни қатл этган золимга мадҳия ўқимоғини бекламоқда эди.

“Амирларнинг яхшилари олимларнинг қошига борадиганларидир, олимларнинг яхшилари эса амирларнинг қошига бормайдиганларидир” ақида­сига амал қилиб келган, зулм ўнгида сусган шайтондир нақлидан чекинмаган шоирнинг ҳаёти шамшир тиғида турарди.

Ҳозиқ қатъиятли, бир юзли, бир ўзли ва бир сўзли, тупурган юзига боқмайдиган, боққан юзига тупурмайдиган шахсият эди.

Имон-эътиқоди, адли идроки тилига солган сўзни тутиб тура олмади. Амир Насруллоҳнинг юзига, мушук кўзларига боқароқ асил авлодларга сабоқ бў-ларлик жумлаларни айтди:

 

Буриди бар қади худ аз маломат,

Либос то ба домони қиёмат.

 

Шеърий таржимаси:

Тавқи лаънат либосин кийдинг бу дам,

Ечолмассан, энди қиёматда ҳам.

 

Насрий таржимаси:

Эгнингга шундай тавқи лаънат либосини кий-дингки, уни қиёматга қадар ҳам ечолмассан!

Амир Насруллоҳнинг қон қолмаган юзи, ёвуз кўзларида ажал алангасининг учқунлари порлар, бу оташда шоир Жўнайдуллоҳ Ҳозиқ ҳаётининг жанозаси ўқилгандек эди.

– Фурсатдан истифода этиб қочинг! Сизни ҳози-роқ жаллодга топширар эди! Бироқ кеча Нодира-дек шоирани қатл этиб, бугун сиз каби битикчини бўғизлатишга журъат этмади! Бу қаттолдан узоқ-лашинг ва жонингизни қутқаринг! – деди орқасида турган шогирди Бухорий ўз-ўзига пичирлаб.

Шоирни ҳақ деб билганлар яна одатдагидек су-кут сақлар, золиму қотилга шерик амиру маъмурлар, адли адолатни айтганларнинг қонига ташналар пайтавасига қурт тушганди…

Инсон, инсоният қалбининг тек ватани унинг шарафли ва азоб-уқубатли кечмиши, аждодлари, халқининг армонли ҳамда соғинчли тарихидир.

Ўтмиш тарихимизнинг ижобию салбий тараф-ларини чуқур ўрганиб хулоса чиқара билмасдан, унинг қабариқ қирраларини тадқиқ этмасдан туриб адолат ва оқилликнинг, онгли турмуш тарзию келажакка тўғри қарай билмоқнинг инсоният бо-сиб ўтган, ўтаётган ва ўтиши лозим бўлган йўлидан юрмоқда бот-бот адашавериш мумкин.

Бу тарихдан сабоқ чиқара билмоқ тажрибасида халқ кечмишининг оғриқли, ҳал қилувчи хулосалар чиқариш мумкин бўлган саҳифа ва босқичларини ўрганмоқ алоҳида аҳамият касб этади.

Амиру шоир орасида бўлиб ўтган муноқашадан хабар топган Бухоро дарвешу қаландарлари ел-каларини қисганча паст овозда Султон Улуғбек замонасининг битикчиси Масти Қаландарнинг айтувини айтиб зикри сано ўқишар, сафойилларини шалдиратиб шаҳар кўчаларида изғишарди.

 

Ҳуррияту адолатга,

Жабру зулм экми-ё.

Бехабарсан ғофил золим,

Улус очми, тўқми-ё.

 

Унутдинг, оёғинг босган,

Замин ерми, кўкми ё.

Тупроқ насаб, рутба сўрмас,

Шоҳу гадой, бекми ё.

 

Ҳақ номин сотасан тинмай,

Кўргани сен, текми ё.

Азроилдан келар мужда:

Дору кунда, ўқми ё?

 

Худонинг ҳам сен разилдан,

Бошқа иши йўқми ё?

 

Leave a Reply
*