Menu
Categories
Аҳмад Турон: Каримов даврига баҳо бериб, унинг асоратларидан қутулиш керак (5)
03/15/2019 Бош мақола

Каримов даврига қандай баҳо бериш ва унинг асоратларидан қандай қутилиш керак?

5-қисм

Эсланг, Ватанимиз босқинчилари бизни аввал қозоқ, қирғиз, тожик, туркман, уйғур деб бўлдилар. Динимиз, уламоларимиз, зиёлийларимиз ва китобларимиздан айирдилар. Кейин водий, сурқаш, xоразм деб бўлиндик.

Хозир ўзбек ўзбекдан қочади, ўзгага ишонади. Миллатимиз душмани айни шуни хохлаган эди. Биз бир уруғ, улуғ турк – турон эканимизни унутдик. Мустақилликдан кейин ҳам бирлашиш ўрнига тариқдай сочилдик.

Бугун мамлакат иқтосоди вайрон, кўчаси лой, уйи совуқ, 4-5 миллион ўзбек ўзга юртлар равнақи учун меҳнат қилмоқда.

Бу дунё саҳнасида иқтисодий ва xарбий қудратини, жаҳонда тутган ўрни ва диний салоҳиятини бой берган миллатимизга бугун Аллоҳ бу чоҳдан чиқиш имконини бермоқда.

Халқимиз зеҳниятига ҳос нарса – кўпам ўйлаганини гапирмайди, каттани ҳурмат қилади, ё-да жуда қўшиб, орттириб гапиради.

Биринчисидан Каримов кабилар фойдандилар. Иккинчиси эса бизни халқ сифатида қадримизни туширди. Сезсангиз, Ўзбек халқи билан хонлар ҳам, советлар ҳам ва Каримов ҳам хисоблашиб ўтирмади.

Чунки озгина нарса берилса, ҳатто халқ кўнглидаги гапни айтиб қўйилса ҳам дўппимизни осмонга ирғитдик, ҳудди икки йил аввалгидек, ҳамма ишимиз битганидек.

Лекин ҳар доим алданиб қолавердик.

Халқда гап бор: кўр xассасини бир марта йўқотади ёки куйган оғиз қатиқни ҳам пуфлаб ичади. Бизнинг эса юз йиллардан буён xассамизни йўқотаверамиз, оғзимиз куяверади.

Ўтган асрнинг 80-90 йилларда миллатнинг сиёсий фаол қисми мамлакат келажагига бефарқ қолгани оқибатида, сиёсий тажрибаси eтарли бўлмаган мyxолифат бирлаша олмади ва мустақилликка тиш-тирноғи билан қарши бўлган, ўзбек тили ва руҳиятига бегона, таназзулдаги Коммунистик партия раҳбари Президент бўлиб олди.

Шундан кейин ҳам кўзимиз очилмади.

Янги Парламентнинг 7-сессиясида ва ундан кейин ҳам миллат бирлашганида эди мамлакат ўтган 27 йилни йўқотмаган бўлyр эди.

Бугунги ҳолат ҳам шунга ўхшаш. Фақат ўринлар алмашган. Каримов режимини тасним қилаётган коррупсион амалдорлар xокимиятда, халқни тасним қилаётган режимга мухолиф ўрнида гўё Президент Мирзияев ва ҳали ҳам бирлаша олмаётган, ўз сўзини қатъий айта олмаётган халқ.

Бу сафар халқимиз алданиб қолмаслиги керак.

Албатта, Мирзияевни президентликка режим сайлади ва баъзи ислоҳотлар қилиниши маълум эди. Зотан Каримов ҳам янги ислоҳот деб йилларни номлар эди. Аммо режим ислоҳотларнинг бунчалик чуқур кетишини, xалқнинг фаоллиги ва энг муҳими Президент Мирзияевнинг ҳақиқий реформатор эканлигини кутмаган. Шунинг учун режим мулозимлари бугун – ислоҳотларнинг тормозидир.

Шавкат Мирзияев – зукко ва очиқкўнгил инсон. Лекин реформаларни, сиёсий ва диний эркинликларни амалга ошириш ва эркин жамият институтиларни ташкил этишда yнга беғараз, холис кўмак зарур.

Бундай ёрдамни ўзгадан эмас, миллатнинг доно, олим ва уламоларидан излаш керак. Pивожланган демократик жамиятларда кўп йиллар яшаган, унинг тузилиши ва ишлаши ҳақида ҳаётий тажрибага эга бўлган, шу билан бирга миллат минталитети ва ҳаётини яхши тушунган миллатпарвар ватандошларимиз халқимизнинг бахтига мингларча бор.

Фақат Мирзияев ва унинг маҳсус вакиллари уларни топиб боғланиши, мамлакатга таклиф этиши керак. Интернет даврида уларни топиш ва доимий мулоқотларни йўлга қўйиш қийин иш эмас.

Мамлакатни Каримов давридаги каби инқироздан, сабатажлардан, коррупцион амалдорлар эмас, халқ, жумладан дунёга сочилиб кетган Ўзбеклар ва уларнинг сиёсий фаол қисми қутқара олади.

2019 йил сайловларида мамлакатдаги ва четдаги миллатнинг сиёсий фаол қисмига кенг йўл берилиши мамлакатнинг ислохотларга қай даражада тайёрлигининг асосий белгиларидан. Бу ҳақда Президент Мирзияев ўз муносабатини билдириши зарур.

Ҳар бир инсон эркин сайлаш ва сайланиш, сиёсий қарашларини эркин изҳор этиш ҳуқуқига эга бўлиши керак.

Сиёсий эркинликларсиз, cўз ва матбуот эркинлигисиз миллатни ягона ғоя – эркин ва фаровон жамият қуриш ғояси атрофида бирлашиши, мамлакатнинг жадал ривожланиши қийин.

Барча хокимият бўғинларида халқ хокимиятини тиклаш зарур. Маҳалла раисларидан бошлаб барча даражадаги хокимларни ҳар 2 ёки 4 йилга очиқ-ошкора халқ сайлови билан сайлаш лозим.

Келажакдаги энг муҳим сиёсий ислоҳотлардан бири аста секин якка (Президент) бошқарув тизимидан бир биридан мутлақо мустақил бўлган учлик: парламент (қонунлар ишлаб чиқиш ва мамлакат бюджетини тасдиқлаш), президент (мавжуд қонунлар асосида давлатни бошқариш) ва суд (қонунларнинг, жумладан Коститутциянинг бажарилишини назорат қилиш) бошқарув тизимига ўтиш керак.

Шунда мамлакат келгусида авторитаризм ва диктатура гирдобига тушиб қолишдан сақланади.

Аҳмад Турон,

“Дунё ўзбеклари” учун махсус

Leave a Reply
*