Menu
Categories
Президент ва унинг оиласи ҳақида икки йил олдин эълон қилинган мақола…
03/17/2019 Демократия сабоқлари
Президентга қарши маънавий суиқасд бошланди. Жисмоний суиқасдни кутиб ўтириш шартми?
Президент оиласига қарши отилаётган маънавий ўқлар – маънавий суиқасд эмасми?
Саботажнинг асосий белгилари нима?
Ким бунинг олдини олиши керак?  Минглаб қуролли армияси бор, отнинг калласидек ойлик оладиган  МХХ ми ёки битта муҳаррири бўлган “Дунё ўзбеклари”ми?
Президент идоралари саботажни нега томошо қилиб ўтиришибди.

 

Ўзбекистондан келаётган ташвишли хабарлар Мирзиёев атрофидаги вазият ўта қалтислашганидан далолат бермоқда.
Биз “Озодлик” да Мирзиёев ҳаётига таҳдид борлиги ҳақида икки бор чиқиш қилганимиздан сўнг, вазият ҳануз таранглигича қолмоқда.
Бунинг аломатларини нималарда кўриш мумкин?
2.
“Озодлик”даги: “Мирзиёевга қарши жуда катта кучлар турибди” номли биринчи чиқишимизда (Беш кунда Сирожиддин Ислом билан бўлган бу суҳбатни “Ютубе”да икки юз мингдан зиёд киши тинглади). Президентга, унинг оила аъзоларига интернет орқали ҳужум бошланганини айтиб, мисол тариқасида “Дунё ўзбеклари”га юборилган танқидий мақолани келтирган эдик.
Золотые грабли Мирзиёевой Саиды” номли бу мақолада Президент қизининг тақдири Каримов қизининг тақдирига ўхшаш бўлиб якунланиши башорат қилинган. Биз бу мақола манбаси аниқ бўлмагани, муаллифни муборак исми шарифини Ўзбекистон журналистикаси оламида учратмаганимиз боис, унга шубҳа билан қарадик.
Лекин кўп ўтмай бизга юборилган мақола бошқа бир нашрда чоп этилди.
Хўш, бу нимани англатади? Бу мақолани ким ёзган бўлиши мумкин? Бу шуни англатадики, Ўзбекистонда – Президент атрофида, унинг орбитасидаги кураш тобора қизиб бормоқда.
Одатда давлат раҳбари ва унинг шаънини қораловчи мақолаларни якка шахслар эмас, балки давлат тизимидаги махсус хизматлар ёзиши ва уюштириши мумкин. Биз кўп йиллик журналистик ва муҳаррирлик тажрибамиздан келиб чиқиб айтаяпмиз бу гапларни.
Бутун масъулиятни зиммамизга олиб айтаяпмиз…
3.
“Озодлик”да куни кеча шу мавзуда иккинчи бор чиқиш қилиб, Ўзбекистон Олий раҳбариятида, Президент атрофи ва орбитасидаги вазиятни янада ойдинлаштириб, унга қарши бўлган кучларни янада аниқлаштирдик.
“Озодлик” буни “Ўзбекистонда Мирзиёевни саботаж қилаётган қудратли шахслар бор” деган сарлавҳа остида ўз сайтида эълон қилди ва кеча 20 август шанба куни эфирга узатди.
Бугун якшанбада уйқудан турсак, икки хабар диққат – эътиборимизни ўзига тортди.
Бири – интернет орқали номимизга келган бир жумла аноним таҳдид: “Бу президентни алмаштирсак, кейин кимнинг қўшиғини айта бошлайсан…”.
Иккинчиси –  “Турсунов Ойбек – новоявленный принц Узбекистана” номли навбатдаги мақола бўлди.
Бу матн муаллифи ҳам ўша олдин бизга юборилган мақолани ёзган хоним бўлиб, бу гал у ўз фелъетонини  “Дунё ўзбеклари”га эмас, балки бошқа нашрга юборган ва бу нашр ўша заҳотиёқ мақолани чоп этган…
4.
Биз давлат раҳбари ва ё юқори мулозимли арбобларга қарши танқидий мақолалар чоп этилмасин деган фикрдан йироқмиз.
Асло. Чоп этилиши керак. Лекин мақолалар асосли ва далил исботли бўлиб, манбаси ва муаллифи очиқ ойдин шаффоф кўрсатилиши лозим. Агар бирор киши Президентга қарши ўз фикрларини айтишни истаган экан, нега у ўз номини яшириши керак.
Биз Президентга қарши саботаж уюштираётган Ўзбекистон Оилй раҳбарияти аъзолари, масалан, МХХ раиси ҳақида, уларнинг жиноий фаолияти тўғрисида ўз номимиз билан очиқ ойдин мақолалар ёзганда, нега бошқалар бундан қўрқиши ва чўчиши керак?
Демак, бу ерда бошқа гап бор. Бу ерда хусумат ва фитна, адоват ва тўҳмат, таҳдид ва шантаж бор.
Қолаверса, оддий фуқаролар Ўзбекистон шароитида бундай “жасорат”га қодир эмас. Демак, уларнинг орқасида куч ишлатар тизимлари ва махсус хизмат ходимлари турган бўлиши мумкин деган хавотирдамиз…
5.
Нима бўлганда ҳам, бу кучлар ортида кимлар турганда ҳам, бундан қатъий назар, биз ўз профессионал касбимиздан келиб чиқиб, холис ва бетараф, лекин ҳушёр ва уйғоқ бир журналист сифатида бу ҳақда ўзбек халқини ва давлат раҳбарини огоҳлантиришимизни ўз бурчимиз деб билдик.
Қолган гап – Президент Хавфсизлик Хизмати ходимларига ҳавола…

 

 
Сўнгсўз ўрнида:
а.
Умуман, бугун Ўзбекистонда янги Президент командаси қай аҳволда? Уларнинг жамиятдаги кайфияти қандай?
Бунга бир овоз билан, шундай жавоб бериш мумкин:  Янгилари жуда оз, эскилари жуда заиф.
Одатда саботажлар зимдан қилинарди. Лекин ҳозир очиқ ошкор бўлаяпти.
Президент Мирзиёев атрофида содир бўлаётган бу аботаж, унга қарши ижтимоий тармоқларда амалга оширилаётган бу ҳужум  – Ўзбекистондаги муайян  кучларнинг ҳали ҳам қудратли эканидан далолат беради. Улар эски тузумни сақлаб қолиш учун тиш-тироноқлари билан курашмоқчи.
Лекин бир ишга киришса, уни шак шубҳасиз охиригача амалга оширадиган Мирзиёев бугун нега ёлғиз бўлиб қолди? Нега уни ҳимоя қилиши лозим бўлган куч ишлатар идоралари, хавфсизлик хизмати мулозимлари сукут сақлашмоқда.
Уларни нимани ва кимни кутишяпти?
Оқиб келаётган таҳдидли хатлар ва отилаётган маънавий ўқлар – саботаж ва суиқасднинг бошланиши эмасми?
в.
Бугун Ўзбекистон Президентига қарши маънавий суиқасд бошлади.
Унга, унинг оиласи қарши мақолалар чиқа бошлади. Бу каби шантаж ва таҳдид ҳиди келиб турган мақолаларни “Дунё ўзбеклари” босмаса бошқа босадиган нашрлар бор.
Бу мақолаларни биров четдан ёзаётгани йўқ. Улар Ўзбекистонда, Оқсаройнинг шундоққина атрофида ёзиляпти ва дунёга тарқаяпти. Мамлакатнинг бутун сир асрорига жавоб берадиган хавфсизлик тизими нега буни очолмайди? Уни кимлар ва қайси муайян кучлар ёзиб хорижга юбораётганини аниқлаштиролмайди?
Одатда бирорта банк ва ё хазинага биров таҳдид қилса, ўша заҳотиёқ очилади. Нега Президентга таҳдид қилаётган кучлар очилмайди? Нега уларнинг қулоғидан ушлаб, майдонга олиб чиқишмайди?
Ёки буни исташмайдими?
в.
Президент бугун йигирма беш йиллик арбобман, менга тегинма деган қанчадан қанча порахўр ва коррупционер шайтонларнинг думини босмоқда. Ўғри ва муттаҳам амалдорларнинг жавобини бермоқда. Солиқ, милиция, прокуратура ва суд тизимларидан минг-минглаб ўз касбига номуносиб бойваччалар бир кунда ишдан ҳайдаляпти.
Улар жим кетадими? Улар жим ётадими?
Илгари тушиб турган ҳаром пул энди йўқ. Ҳар куни пул топмаса кафти қичишадиган бу мулозимлар энди қўлига қалам олиб, давлат раҳбарига таҳдид ва шантаж қилмаяпти деб ким кафолат бера олади?
Электрон алоқа тизимлари ва кибератака мутаххасиси сифатида минглар хавфсизлик хизмати ходимлари кечаю кундуз уйқусираб, мудраб  ўтиришибди. Улар олдинги раҳбаримиз талаффузи билан айтганда – отнинг калласидек ойлик олишади. Улар қаерга қарашаяпти? Кимни кузатишяпти?
Бу лоқайдлик ва субутсизлик, бу диверсия ва саботаж қачонгача давом этади?
Йигирма беш йиллик Ўзбекистоннинг бош чекисти, “Ўтда ёнмас, сувда чўкмас” МХХ раиси, генерал полковник Рустам Иноятов қаерга қараяпти?
с.
Салтанатни – Президентга қарши бўлган кучларнинг маънавий ҳужум ва таҳдидлари ўраб олаяпти. Саботажнинг илдизини қирқиши лозим бўлган идоралар эса бунга томошабин бўлиб  жим қараб туришибди.
Ўзбек чекистлари минг минг армияси билан нега жим ўтиришибди? Таҳдидли хатлар ва электрон ҳужумларнинг олдини олиши мумкин бўлган тизимлари нега жим?
Элекрон техника билан ишлайдиган хавфсизлик ва хуфия хизмати идораларининг бутун бир армияси бор. Нега бу анонимларни топмайди? Нега уларнинг очагига олов қўймайди?
Президентга қарши айтилган ҳар бир сўз – айниқса тўҳмат ва таҳдид албатта аниқланиши керак. Ўзбекистон хавсизлик идораларининг бу борада улар ҳамиша мақтанишга ўрганган жуда катта тажрибаси бор-ку.
Улар бутунлай кераксиз ишлар билан шуғулланиб қолишган.
Ўзбекистоннинг асл душманлари бир четда қолиб, эртадан кечгача – 24 соат ўзбек мухолифатини, унинг телефон ва суҳбатларини эшитиб ўтиришади.
Қиладиган бошқа ишлари йўқдек…
Президент обрўси, унинг оиласининг обрў эътибори ва нуфузи – бу давлат ва мамлакатнинг обрў эътибори ва нуфузи. Нега бунга жим қараб турибмиз.
Мабодо, бу таҳдид ва саботажнинг ижодкори ва илҳом берувчиси бу идораларнинг ўзлари бўлмаса, унда албатта бу хавф хатар очилиши керак…
д.
1991 йилнинг 18-21 август кунлари Москвада содир этилган давлат тўнтариши, гарчи маваффақиятсизликка учраган бўлсада,  СССР дек қудратли мамлакатнинг парчаланиши билан якунланган эди.
Тақдир тақозоси билан орадан 26 йил ўтиб, 2017 йилнинг 18-21 август кунлари биз айни хавфдан Ўзбекистоннинг янги президентини огоҳлантиришни ихтиёр этдик.
Тақдирнинг бу бешафқат ўхшашлигида бирор ҳикмат бўлмасин, илоҳим…
Исмат Хушев,
“Дунё ўзбеклари” Бош муҳаррири,
Торонто шаҳри, Канада, 18-21 август, 2017 йил…
“Дунё ўзбеклари” архивидан
Leave a Reply
*