Menu
Categories
Ш.Р.МИРСАИДОВ: “ТИЗ ЧЎКИБ ЯШАГАНДАН КЎРА, ТИК ТУРИБ ЎЛМОҚ АФЗАЛ!”
03/17/2019 Демократия сабоқлари
Ш.Р.МИРСАИДОВ: “ТИЗ ЧЎКИБ ЯШАГАНДАН КЎРА, ТИК ТУРИБ ЎЛМОҚ АФЗАЛ!”
ИСМАТ ХУШЕВ
Оқланмаган ишонч қиссаси (ёхуд «Президент эркаси»нинг хотиралари)
Умри – сaбoқ, дaрслигигa гумoн йўқ,
Мубoҳaсa, бaҳслигигa гумoн йўқ.
Тaрихий шaхс эмaсдир-у вa лекин,
Исмaтжoннинг шaхслигигa гумoн йўқ.
(Mуҳаммад РAҲМOН)
Иккинчи китоб
19-боб
 
Ш.Р.МИРСАИДОВ: “ТИЗ ЧЎКИБ ЯШАГАНДАН КЎРА, ТИК ТУРИБ ЎЛМОҚ АФЗАЛ!…”
ёки Ўзбекистоннинг биринчи ва охирги Вице Президенти Шукрилла Раҳматович Мирсаидов  сиёсий портретига шарҳ
 1.
Шукрилла Мирсаидов – Ўзбекистон сиёсий саҳнасида ўзига хос ва муносиб ўринга эга бўлган йирик сиёсий лидер эди.
Унинг мураккаб ижтимоий ҳаёт йўли, аянчли қисмати ва ўта фожеали тугаган сиёсий фаолияти – ҳали тарихчи олимлар, журналист ва тадқиқотчилар, сиёсатчилар, давлат ва жамоат арбоблари учун ўқиб ўрганиладиган, тадқиқ ва таҳлил этиладиган доруломон кунлар олдинда.
Бизнинг бугунги уринишимиз эса  – ана шу катта ва хайрли ишнинг дастлабки дебоча қадамлари сифатида кўрилишини истардик…
 
 2.
Китобнинг олдинги қисмларида Ислом Каримов республика коммунистларининг биринчи раҳбари этиб тайинланган кунларда у кишининг тавсияси билан Ўзбекистон Компартияси Марказий Комитети иқтисодий-ижтимоий бўлим мудири Шукрилла Мирсаидов билан танишганимни батафсил ҳикоя қилган эдим.
Энди Шукрилла Раҳматович Мирсаидовнинг “Госплан” раислигидан ҳукумат раислигига ўтиш масаласига бир оз тўхталиб ўтишимиз керак.
Агар эсингизда бўлса, Шукрилла ака “Госплан” раҳбари бўлганида  унинг кабинетидан янги туғилган ўғлимга “Ислом” исмини қўйиш учун Президент билан телефон орқали гаплашганимизда Ислом Абдуғаниевич: “Акангизга айтинг, ҳали кўп яхши кунлар олдинда”, – деб айтган эдилар.
Ўша ваъдасининг устидан чиқиб, орадан ҳеч қанча вақт ўтмасдан Ислом ака Мирсаидовни Ўзбекистон ССР Министрлар Советининг раиси этиб сайланишига эришади…
3. 
Биз кўпинча Ўзбекистон мустақиллиги саънасини – биринчи сентябрь билан боғлаймиз.
Аслида эса мустақиллик сари ташланган биринчи қадам –  Ўзбекистонда мустақил равишда, у ҳали Москва қарамоғида бўлган бир пайтда «СовМин» раислигига Мирсаидовни сайлаш жараёнини  – мустақиллик сари ташланган биринчи ва жиддий, ҳақиқий қадам десак, ярашади.
Ўша тарихий жараёнда иштирок этганлар, афсуски, йиллар ўтган сайин, кун сайин бизни тарк этиб кетишяпти.  Бу жараённи – унда бевосита иштирок этганларнинг ўзлари ёзишганида қандай яхши бўларди.
Агар Шукрилла Мирсаидовдек доно, ғоятда юксак тажрибали ва кўпни кўрган, кўпни бошидан ўтказган ва дадил айтиш мумкинки, янги ўзбек сиёсатидаги мутлақо ўхшаши йўқ (неординарный) одам ўз бошидан ўтказган кунларини ўзи ёзганида, ўзи қоғозга туширганида борми, бундай тарихий эссе – бутун дунёнинг мулки бўлиб қоларди.
Шукрилла ака ниҳоятда кенг фикрли ва мулоҳазали одам эди. Ким билади дейсиз, балки бундай асар бордир ва уни чоп этишнинг иложи бўлмагандир.
Ҳар ҳолда, мабодо,  шундай китоб қўлёзмаси бор бўлса, бу кимга ёқмаса ёқмасдир, лекин унинг тарих олдидаги қадри- қимматини ҳеч нарса билан ўлчаб бўлмайди.
Агар ўша давр сиёсий солномасини  ўз вақтида Одил Ёқубов, Эркин Юсупов ёки Аҳмаджон Мухторовлар ёзишганида, қандай улуғ иш бўларди. Афсуски, улар энди орамизда йўқ.
Лекин Ўзбекистон Олий Кенгашининг собиқ раислари Оқил Салимов, Мирзаолим Иброҳимов,  Шавкат Йўлдошев,  Эркин Халилов, СовМин раислари Ғайрат Қодиров, Мираҳмад Мирқосимов, Ўткир Султонов, Абдуҳошим Мўталов, Оллоҳга шукрки, ҳали барҳаётлар.
Улар билан бир қаторда бошқа давлат ва жамоат арбоблари, тўқсонинчи йилларда халқ  ноиби  этиб сайланган депутатлар, ҳукумат аъзоси бўлган министрлар ва бош вазир ўринбосарлари, вилоят ҳокимлари ҳам агар тириклик ва  ҳаётлик чоғларида ўз хотираларини ёзиб қолдирсалар – ўтган кунларимиздаги адолатни тиклаш борасида улуғ ва хайрли ишга ўзларининг муносиб ҳиссаларини қўшган бўлардилар…
4. 
Майли, ортиқча ҳис ҳаяжон ва пушаймонга берилмай, мавзуга қайтсак.
Хуллас, Шукрилла Мирсаидовни ҳукумат раиси этиб тайинлаш масаласи муҳокама қилинган 1990 йилги  сессия тафсилотларига батафсил тўхталиб ўтмоқчиман. Мен ҳукуматнинг иқтисод журнали Бош муҳаррири сифатида бу сессияда бевосита иштирок этганман.
У пайтларда Совминнинг раиси Мираҳмад Мирқосимов эди.
Маълумки, Мирқосимов Нишонов даврида бу лавозимга тайинланган бўлиб, табиийки, у Нишоновнинг «кандидатураси» сифатида Ўзбекистоннинг янги   раҳбари бўлган Ислом Каримов учун «исталмаган шахс» эди.
Унинг ўрнига энди Шукрилла Мирсаидовни тайинлаш керак эди. Бу режа Президентнинг режаси эди.
Айни шу ўринда биз ўқувчиларимизга ўша давр сиёсий вазияти янада тушунарлироқ бўлиши учун баъзи бир саволларга ҳам жавоб бериб ўтишимиз керак.
Хўш, бу саволлар нималардан иборат бўлиши мумкин?
Биринчидан,  Ислом Каримов учун Нишонов «кандидатураси» нега исталмаган шахс эди?
Иккинчидан: Нега Мирсаидовни ҳукумат раиси лавозимига тайинлаш айнан Президент режаси бўлган?
Учинчидан: Ўзбекистонда Президент мақомининг таъсис этилиши – Совет Иттифоқи шароитида унинг таркибига кирувчи Ўзбекистон учун нима бериши мумкин эди?
 5.
Бу ҳақли саволларга жавобни учинчисидан бошласак…
Хўш, Ўзбекистонда Президент мақомини таъсис этиш – бизга ростдан ҳам нима бериши мумкин?
Собиқ Иттифоқда мавжуд бўлган кадрлар сиёсатига назар ташласангиз, Ўзбекистонда  биринчи, иккинчи, учинчи ва ҳатто бешинчи раҳбар ҳам,  ҳукумат аъозолари ва министрлар, обкомнинг биринчи ва иккинчи котиблари, облисполком раисларига қадар, шу жумладан ҳатто республика етакчи матбуотларининг Бош муҳаррирлари ҳам Москва тасдиғидан ўтиши шарт эди.
Шундай шароитда Ўзбекистонда Президентлик мақомининг таъсис этилиши раҳбарга нима бериши мумкин эди?
Ахир Президентлик креслосида ўтирган шахс айни пайтда ўз даврининг энг қудратли маҳкамаси бўлмиш республика олий партия ташкилоти – Ўзбекистон Компартияси Марказий Комитетининг биринчи котиби эди-ку. Ахир шу кунларга қадар  кадрлар билан боғлиқ барча масалаларни Марказқўм Бюросида ҳал қилиш мумкин эди. Бугун эса қандай муаммо рўй бердики, Марказқўмнинг имконият даражаси торлик қилаётган бўлса?
Ислом Каримов агар Марказқўмнинг биринчи секретари сифатида у ёки бу шахсни юксак вазифага тақдим этадиган бўлса, у албатта Москванинг розилигини олиши керак эди. Президент учун эса буни ҳеч кимдан сўраш шарт эмас!
Ислом Каримовнинг мухолифлари ҳам кейинчалик тан бердиларки, Ўзбекистоннинг биринчи Президенти ўз замондошларидан кўра анча узоқроқни кўзлаган экан.
Бу – 1990 йилнинг биринчи сессиясида маълум бўлди.
Ҳа, унинг узоқни кўра олиш фазилати –  шу сессияда Ўзбекистон Министрлар советининг янги раисини тайинлаш жараёнида яққол кўринди. Ушбу сессияда Ислом Каримов – Москва кўзлагандан кўра ҳам кўпроқ демократик асосда иш юритди.
Бунинг ўзига хос сабаблари ҳам бор эди, албатта…
6.
 Ислом Каримов Ўзбекистон Компартияси Марказий Комитетининг биринчи секретари этиб сайланганида ҳали СССР мавжуд бўлиб,  унинг ҳар бир қадамини СовМин раиси билан ЦКнинг иккинчи котиби пойлаб, назорат қилиб турарди. Бу иккала кандидатура ҳам Москва тасдиғидан ўтган бўлиб, республиканинг биринчи раҳбари уларнинг изнисиз дадил ва мустақил ҳаракат қила олмасди.
Ислом Каримов эса табиатан бировга бўйсунмайдиган, ҳур фикрли ва энг муҳими – мустақил ҳатти ҳаракат қилувчи, янаям аниқроқ айтадиган бўлсак – ҳукмдорликка мойил раҳбар эди.
У Ўзбекистон Коммунистларининг биринчи раҳбари этиб тайинланаркан, орадан кўп ўтмай иккинчи котиб Владимир Анишчевнинг ўрнига ўзи билан бирга Москва Политбюросида суҳбатдан ўтган Навоий обкомининг биринчи секретари Анатолий Ефимовнинг сайланишига эришади.
Энди унинг олдида – Ўзбекистон ССР СовМин раисини алмаштириш вазифаси кўндаланг турарди.
Шукрилла Мирсаидов эса Ислом Каримовнинг яқин одами – навқиронлик йиллари  бирга кечган, сансанлашиб гаплашадиган энг яқин дўсти ва садоқатли сафдоши.
Шунинг учун ҳам СовМин раислигига айнан Мирсаидов номзодини кўрсатиш – Президентнинг узоқни кўзлаб қилинган режаси эди…
 7.
Ислом Каримовнинг сиёсатига қойил қолмасликнинг иложиси йўқ: Москва билан бевосита чамбарчас боғланган республиканинг иккинчи раҳбарининг изини қирқиш режасини чуқур ва пухта ўйлаган Ўзбекистон Президенти – республиканинг навбатдаги сессиясида бу ҳаракатни ғоятда «демократик» асосда ҳал қилишни кўнгилга тукканлиги маълум бўлди.
Бошқача бўлиши ҳам мумкин эмас эди. Чунки Горбачевнинг ошкоралик шабадалари аллақачон энг узоқ ўзбек овулларига ҳам етиб келган, Ўзбекистонда ҳам демократик тамоиллар секин аста сиёсат саҳнига кириб келаётган муқаддас ва муборак дамлар эди.
Шунинг учун ҳам республика тарихида биринчи маротаба СовМин раисини сайлаш масаласини Сессия кун тартибига қўйган Президент – Ўзбекистон Олий Советига сайланган депутатлар розилигини олиш борасида, у кишининг ўз таъбири билан айтганда – «ўзига хос ва ўзига мос» тарзда «янгича демократия» асосида ҳал қилиш режасини тузган эди.
Ушбу режа асосида ўшанда биз Шукрилла Мирсаидовнинг бир гуруҳ тарафдорлари, янаям аниқроқ айтадиган бўлсам, шу команда фаоллари – Тошкентга ташриф буюрган депутатларни сессия олдидан «обработка» қилиш учун, бевосита улар жойлашган меҳмонхоналарга ташриф буюрдик.
Кечаси билан то тонгга қадар  вилоятлардан келган депутатларга учрашиб, уларни Мирсаидовни ёқлаб овоз беришга даъват қилдик.
– Эртага сессияда Совминнинг раислигига иккита номзод қўйилади, сизлар Мирсаидов учун овоз берсаларинг яхши бўларди, – дедик.
Эрталабгача меҳмонхоналарда хонама-хона юрганмиз. Бизга шундай топшириқ берилганди. Депутатлар мени Президентнинг одами эканимни англаб, даъватни тўғри тушунганлар…
8. 
Ўша пайтларда Бургутали Рапиғалиев – Наманган вилоятининг, Мирзажон Исломов – Фарғона вилоятининг, Маркс Жуманиёзов – Хоразм вилоятининг, Дамир Ёдгоров – Бухоро вилоятининг, Темир Хидиров – Қашқадарё вилоятининг, Пўлат Абдураҳмонов – Самарқанд вилоятининг, Ботир Маҳмудов – Сирдарё вилоятининг, Ҳаким Бердиев – Сурхондаё вилоятининг, Эркин Турсунов – Жиззах вилоятининг, Айдарқулов – Навоий вилоятининг  ҳокимлари эдилар.
Бу ҳокимларнинг ҳар бирини мен шахсан танийман. Улар  жуда яхши, самимий ва тушунган одамлар эди. Лекин шу билан бирга вазият ҳам жуда оғир эди.
Негаки, уларнинг ҳаммасини Москва тайинлаган эди. Улар аслида Нишонов пайтида сайланган ва унинг командасига мансуб эдилар. Қолаверса,  депутатлар ҳам – номига депутат бўлиб, аслида обком биринчи котибининг ўзига хос командаси эди.
Вилоятдан сайланган халқ депутатларининг асосий қисми – обкомнинг биринчи котиби: “Ёт деса – ётар, тур деса – турар” эди.
Лекин… мавжуд қайта қуриш ва ошкоралик оқимига кўра янги сайланган Олий Кенгашда бир қадар мустақил депутатлар ҳам мавжуд эди. Уларнинг аниқ сонини айтиш қийиндир.
Бироқ агар СССР Олий Советига сайланган депутатлардан бу рўйхатни бошлар бўлсак, уларнинг орасида барча обком котиблари борлиги табиий эди.
Улар  – рўйхат бўйича сайланган бўлиб,  партиянинг мавжуд қонун қоидасига кўра, ўзларининг қонуний ўриндиғига ўтиргандек, тўғридан тўғри депутатлик креслосига бориб ўтирган эдилар…
 9.
Лекин барибир замонанинг зайли ҳам ўзгарган эди.
Чунончи кечагина Қашқадарёда ҳам обкомнинг биринчи секретари Ислом Каримов учун нохуш ва «исталмаган» номзодлар  сайловда ғолибликни қўлга киритган эдилар.
Халқ ўзбошимчалик билан обкомдан бемаслаҳат номзодини СССР халқ депутатлигига кўрсатган «Шўртангаз» конлар Бошқармаси бошлиғи Тўлқин Омоновга қарши Ислом ака ўн бир райком котибини оёққа турғизган бўлса ҳам, охир оқибатда обком номзоди қолиб, ўша «бўйсунмас» тўполончи Тўқин Омонов номзоди ютиб чиқади.
Ажабки, депутатлик ваколати билан Тўлқин Омоновни вилоят тарихида биринчи маротаба – обком тавсияси эмас, балки  Қашқадарёнинг энг сўнгги овулларига ҳам етиб келган -ошкоралик шабадаси  сийлаган эди.
Обком ҳимоя қилган номзод кимлигини эса ҳозир ҳам эслолмайман. У рус эканлигини биламан, холос.
Эҳтимол, Ислом ака ҳам уни кўпам ҳимоя қилмаган бўлиши мумкин.
Лекин ўша пайтдаги партиявий таомилга  кўра тобора саноатлашиб бораётган Қашқадарё вилояти учун бир ўзбек, иккинчиси албатта рус миллатидан бўлган номзодга ўрин ажратилган бўлса, эҳтимол.
Оқибатда халқ билмаган ва танимаган шахс албатта сайлов чиғириғидан ўтолмади ва вилоят партия қўмитаси қанчалик “ташаббускор” бўлмасин, бу вазифани бажара олмади.
Ҳолбуки, Москвадан берилган номзод албатта ўтиши керак.
Обкомнинг биринчи котиби Ислом Каримов эса сўзсиз СССР халқ депутати этиб сайланган эди…
Кейинчалик Ислом Каримов Ўзбекистоннинг биринчи раҳбари бўлиб сайланганидан кейин Қашқадарёда жуда кўп кадрларнинг елкасига офтоб тегди, албатта. Бироқ ўз вақтида СССР халқ депутати этиб сайланган Тўлқин Омонов ҳақида бундай деб бўлмайди.
Ҳатто бутун вилоятнинг Москвадаги вакили даражасига кўтарилган Омоновнинг бугунги тақдири ҳақида ҳам мен тўлиқ маълумотга эга эмасман. У сувга чўккандай, чўкиб кетди…
Шу билан бирга СССР халқ депутатлари орасида Одил Ёқубов, Эркин Юсупов, Аҳмаджон Мухторов каби демократик тамоиллар асосида  сайланганлар ҳам бор эди.  Янгича усулдаги бу демократик сайлов  Ўзбекистон Олий Кенгаши депутатлари учун ҳам қайсидир маънода озуқа берган эди.
Мана шундан бир шароитда Мирсаидовни сайлаш осонмиди?
Агар унинг номзоди ўтмаса – бу кечагина республика раҳбарлигига сайланган Президентнинг катта мағлубияти бўларди.
Модомики, Мирсаидовни Ўзбекистон ССР СовМин раислигига сайлаш ҳақидаги бор ҳақиқатни айтишга жазм этган эканмиз, бугун ўқувчиларни яна бир гапдан ҳам огоҳ этиб қўйишни истардик.
Область биринчи раҳбарларининг деярли  ҳаммаси Мирсаидов номзодига қарши эди.  Бир соатда тўхтаб қолиши ҳам мумкин эди бу сессия. Шу билан бирга бу маълум даражада  “махфий” сессия ҳам эди.
Лекин унинг “махфийлиги”ни сақлашга қарамай,  биз – Мирсаидовнинг бир гуруҳ тарафдорлари зиммасига кечаси билан  область раҳбарларини ўша «қаршилик»ка қарши қилиб тайёрлаш вазифаси юклатилган эди…
 
 10.
Ана шундай бир вазиятда Мирсаидовни сайлаш жуда қийин эди.
Бунинг орқасида Ислом ака турганлигини мен масалан Сирдарёнинг биринчи раҳбари Ботир Маҳмудовга очиқ ойдин айтганман. Ҳар қалай вилоят раҳбарларини ишонтириш ва ўз тарафимизга оғдириш жуда қийин бўлган.
Мирсаидов номзодига уларнинг қарши бўлишига асосий сабаб, менинг назаримда, вилоятдагиларнинг аксариятида – раҳбарларида ҳам, депутатларида ҳам негадир Тошкент кланига нисбатан бир мунча кучли нафрат бор эди.
Буни ҳам очиқ ойдин айтишим керак.
Бу клан обрўсини Нишонов кетгизган эди. У раҳбарлик қилган йилларда – вилоят кадрларини менсимаслик кайфияти кўриниб қолганди. У шу даражага борган эдики, ҳатто йириклаштириш баҳонасида областларни бир бири билан қўшиб юбориш ташаббускори ҳам бўлган.
Мен ҳатто Қашқадар раҳбарларининг ишдан кейин кечаси билан йўл юриб, Бухорога бориб, икки вилоятнинг қўшма мажлисида иштирок этиб, у ердан  асабийлашиб ва умидсизликка тушиб қайтганларига бир неча маротаба гувоҳ ҳам бўлганман.
Шу билан бирга Ўзбекистонга Москвадан кадрларни чорлаш ва айниқса «Ўзбек иши» ва «Пахта иши» каби   халқимиз учун тавқи лаънат бўлиб ёғилган бемаъни ва асоссиз айбловлар ҳам бевосита Нишоновга бориб тақалар эди.
Хуллас, янгилик ва эскилик, яхшилик ва ёмонлик бир бири билан беомон курашга киришган ажойиб ва ғаройиб дамлар эди.
Шундай бир шароитда узоқни кўзлаган Ислом Каримов республикада иккинчи раҳбар лавозимида бўлган СовМин раисини ўзгартиришдек қалтис бир ишни дилига тугади.
Ислом Каримов бу жараённи аслида партиявий қонун асосида амалга ошириши лозим ва шарт эди.
Ўша даврнинг партиявий талабига кўра эса – Ўзбекистон ССРнинг бўлажак СовМин раиси Москванинг бир қатор чиғириқларидан ўтиши ва энг муҳими унга –  СССР Министрлар Совети раиси «добро» бериши керак эди.
Қолаверса  бу номзод энг аввало Политбро тасдиғидан ўтиши лозим. Бу эса ўша пайтда  Москва изнисиз ўзини Президент деб эълон қилган Ислом Каримов учун мутлақо мумкин бўлмаган жараён эди.
Мирсаидовнинг ана шундай бир шароитда СовМин раиси этиб сайланишини ҳали  тарихчилар, сиёсатчилар,  адабиётчи ва сиёсий таҳлилчилар қайта ва қайта таҳлил ва тадқиқ қилишади.
Ўзбекистон ССРда СовМин раиси биринчи маротаба – демократик асосда – ҳали СССР таркибида бўлган республиканинг ўзида сайланаяпти.
Айнан ана шунинг учун ҳам биз бу масалага кенг ва батафсил тўхталишни лозим кўрдик…
11. 
Хуллас, эртаси куни Олий Кенгашнинг сессияси бўлади.
Унда Ислом Абдуғаниевич номзодлар тўғрисида қисқача нутқ сўзлайди. Ислом ака ҳар иккала номзод тўғрисида ҳам ижобий фикр билдиради, лекин Мирсаидов ҳақида гапираётган пайтида: “Мард, жасоратли инсон” деган ибораларни ишлатади.
Ислом аканинг айнан ўша сўзлари ҳукумат раисига овоз бериш жараёнида ҳал қилувчи аҳамиятга эга бўлади.
Негаки, бизнинг кечаси депутатлар билан пинҳона учрашувимиз бошқа гап эди, аммо Президентнинг ўз оғзидан эшитилган гап бутунлай бошқача таъсир кучига эга эди.
Хуллас, номзодлар овозга қўйилади ва кўпчилик овоз олган Шукрилла Раҳматович Мирсаидов – Ўзбекистон ССР Министрлар Советининг раиси этиб сайланади.
Сессия якунлангач, Ислом ака Мирсаидовни янги лавозим билан табриклайди…
 12.
Шу ўринда номзоди ўтмаган Мираҳмад Мирқосимов ҳақида бир оғиз сўз  айтиб ўтишим керак.
Шароф Рашидов пайтида Мираҳмад ака Ўзбекистон Компартияси Марказий Комитетида Оғир саноат бўлимида сектор мудири бўлган. Республиканинг барча оғир саноати –  мудофаа саноатига тегишли қудратли заводлар билан бевосита шуғулланган.
Бир сўз билан айтганда ўша йилларда Мираҳмад Мирқосимов Ўзбекистон оғир саноатининг етакчи раҳбарларидан бири эди.
Марказқўмнинг бу муҳим ва стратегик участкасига у кишидан олдин Ғайрат Қодиров ва Учқун Умаровлар раҳбарлик қилишган. Мираҳмад ака эса уларнинг қўлида сектор мудири бўлиб ишлаган.
Марказқўмнинг сектор мудирлигидан Тошкент обкомининг саноат бўлимига мудир бўлди. Бу ерда тўрт беш йил яхши ишлади. Кейин оғир саноат марказларидан бири бўлган – Олмалиқ шаҳар партия комитетига биринчи секретарь этиб тайинланган. Бу ерда ҳам яхши ишлаган.
Кейин уни Нишонов Хоразмга обкомнинг биринчи секретарлигига тавсия қилган. Бу даврга келиб Хоразмда қама қамалар авжига чиққан эди.
Умуман, Мирқосимов ёмон одам эмас эди. Лекин у киши «Ўзбеклар иши» ва «Пахта иши»да, минг афсуски, анча мунча бемаъни ишларни ҳам қилишга улгурган эди.
Мирқосимов автобиографиясидаги бу қонли излар сўзсиз – Хоразмга бориб тақалади.
Мирқосимовга қадар Хоразм обкомининг йигирма йил биринчи секретари бўлган Мадиёр Худойберганов ҳикоя қилиб берган бир воқеа ҳануз ёдимда сақланиб қолган.
«Мирқосимов Хоразмга биринчи котиб бўлиб келганида мен бориб табрикладим. Хоразм бўйича мен Сизга ҳамиша ёрдамчи бўламан, – дедим деб хотирлайди Мадиёр ака.  – Одамларга ҳам «Хоразмга мутлақо бузилмаган тоза одам келди деб ҳар қадамда таъкидлаб юрдим”.
«Бир куни Мирқосимов уйимга телефон қилиб қолди» – деб хотирлайди содда ва самимий Мадиёр ака: – Мадиёр ака, бир келиб кетмасангиз бўлмайди. Зарур маслаҳатли иш чиқиб қолди. Ёрдамингиз керак. Фақат шошилинчроқ. “Нима иш экан, бунча шошилинч бўлмаса”  деган ўй билан югуриб бордим.
Борсам, қай тил билан айтай,  кабинетига энди етай деганда қабулхонада кутиб турган тиш тирноғигача қуролланган бир гуруҳ “Омон”чилар ўзим йигирма йил ишлаган даргоҳ остонасида қўлимга кишан солишди.
Булар Москвадан келган Гдлян билан Ивановнинг одамлари экан.
Улар “Ҳамма иш битди!” деган маънода сигнал бериб, эшикни очишгач, ичкаридан Гдлян ва Иванов қуршовида Мирқосимов хиёл иймангандай тиржайиб чиқди ва “Мадиёр ака, тақдир экан-да, энди чидашдан ўзга чора йўқ” деди ва яна нималарнидир ғулдиради.
Хуллас у терговчиларнинг “пешкаси”га айланиб, обкомнинг   биринчи секретарига ярашмаган иш қилди. Кейин билсам, бу сценарий муаллифи аслида Нишонов экан…»
Мирқосимов – ким нима деса ишонадиган ва буйруқни сўзсиз ижро этадиган одам эди. Лекин СовМин раиси бўлиш учун фақат ижрони қойил қилиш етишмайди.  Бу лавозимга  ўз сўзига эга бўлган одам керак эди.
Шунинг учун ҳам бу лавозим у кишига эмас, бир сўзли ва қатьиятли Мирсаидовга насиб этган бўлса ажаб эмас…
13. 
Мираҳмад ака билан биз Герман Лопатин кўчасидаги  ҳукумат уйларида қўшни яшаганмиз. Узун бўйли, ихчамгина, камтар ва самимий бир одам сифатида у киши менда илиқ таассурот қолдирган.
Жуда оддий ва камтарлигини алоҳида аътироф этишни истардим.
Баъзан шундай катта лавозимда бўлишига қарамай оддий бир гап ва ё муомиладан кутилмаганда қизариб, ёш боладай саросимага тушиб, довдираб қоладиган яхши ва самимий бир одатлари ҳам бор эди.
Мен яхши маънодаги бундай соддалик ва беғуборликни Ўзбекистон олий раҳбариятидаги бирорта ҳам мулозимда учратмаган эдим.
Ўша Мирсаидов сайланиб, у киши сайланмай қолган сессияда Мираҳмад акага жуда ачинган эдим. У киши овоз натижалари маълум бўлганидан сўнг қип қизариб Мирсаидовни табриклаб, депутатларга ҳам негадир миннатдорчилик билдириб, худди гуноҳ қилиб қўйган одамдек  ғариб ва мискин бир ҳолатда секингина залдаги ўз жойига бориб ўтирган эди.
Ислом акага ҳам бу мутеълик маъқул бўлди шекилли, кўп ўтмай Мираҳмад ака навбатдаги сессияларнинг бирида Ўзбекистонда янги ташкил этилган Давлат назорат Қўмитаси раиси этиб сайланади…
14. 
Хуллас, СовМин раислигини – Мирқосимов ютқазиб, Мирсаидов ютади.
Биз Шукрилла Раҳматович билан у кишининг эски кабинети (“Госплан” раисининг ҳайҳотдек хонаси) га қайтиб бориб, стол устига ароқ-коньякларни қўйиб олиб роса ичганмиз.
Ҳукумат раислигини “ювиш” маросимида Давлат план қўмитаси ишлар бошқармаси бошлиғи (Управделами) Хайрулла Исматиллаев ва кеча кечқурун меҳмонхоналарда жонбозлик кўрсатган бошқа даъватчилар ҳам бор эди.
Бундай давраларга Мавлон Умурзоқов қўшилмасди, чунки у киши Президент девонидан узоққа кетолмасди:  Ислом ака у кишини тез-тез йўқлаб турарди.
Ёрдамчиси Туйғун Аъзамович, мен ва яна беш-олти ўртоқларни Шукур ака меҳмон қилади, бизни қучоқлаб ўпиб, ҳаммамизга ташаккур айтади.
У кишининг навбатдаги янги лавозимга сайланиши жуда қувончли воқеа бўлади. Шу ўринда айтиб ўтишим лозимки, бу Ислом аканинг ваъдаси бўйича рўй берди.
Ҳа, Шукрилла Мирсаидовнинг Ўзбекистон ҳукумати раиси этиб тайинланиши – бевосита Ислом Абдуғаниевичнинг хизматлари натижаси эди…
15. 
Мирсаидовнинг СовМин раиси этиб сайланганидан кейин ҳам унинг номзодини Москва қайтариши мумкин эди.
Лекин Ислом аканинг ҳушёр ва узоқни кўра олгани шундаки, у Мирсаидовни ҳукумат раиси қилиб 500 нафарга яқин халқ депутатлари томонидан  Сессияда сайлатади.
Депутатлар томонидан Олий Кенгаш сессиясида сайланидан кейин эса, Москва, табиийки, ҳеч нарса қилолмайди.
Бу – Ислом Каримов Ўзбекистон Президенти этиб сайланганидан кейин Москвага берилган иккинчи зарба, унинг бўғзига тиқилган катта бир суяк эди.
Кремлнинг бўғзига Ислом Каримов томонидан отилган бу суяк – не тонгки, Шукрилла Мирсаидов эди…
16. 
Шукрилла Мирсаидовни Ислом Каримов акаси ё укаси, дўсти бўлгани учунгина бу вазифага қўйгани йўқ.
Мирсаидов маълум даражада ўз ишини пухта биладиган, иқтисод оламида ўз овози ва мустаҳкам ўрни, нуфузи  бўлган, энг муҳими – Ислом Каримовга хайрихоҳ инсон эди.
Чунки, Ислом Каримов учун Москва томонидан қўйилган кадрлар маълум даражада хавф солиб турарди. Секин аста уларнинг  «думини тугиш» учун эса унинг ёнида СовМин раиси ҳам туриши керак эди.
Маълум даврга қадар Шукрилла Мирсаидов Ислом Каримовга бу борада куч қувват бўлди ҳам.  Урусларни ҳайдашда, кадрларни жой жойига қўйишда, «Пахта иши» ва «Ўзбеклар иши»ни ҳал қилишда Ислом аканинг ёнида турди.
Лекин,  янги ўзбек сиёсий саҳнасидаги бу икки атоқли лидер дўстлиги ва ҳамкорлиги,  афсус ва надоматлар бўлсинки, узоққа бормади…
17.
Минг афсуски, кейинги воқеалар нотўғри йўналиш бўйича ривожлана бошлади. Президент девони билан Совмин ўртасида секин-аста зиддиятлар пайдо бўлди.
Бу қандай ҳолатларда билинди?
Авваламбор, Каримов характерида яккаҳокимликка мойиллик нуқсонлари яққол кўзга ташланиб қолди.
У яқингинада ҳукумат раиси бўлган дўстининг ҳукуматда борлигини, ўз фикрига эга, қайсар раҳбарлигини унутиб, Мирсаидов билан ҳисоблашмай қўяди, ўз фикрини ўтказишга интилаверади. Ўз-ўзидан равшанки, икки лидер ўртасида келишмовчилик пайдо бўлгач, Президент девони билан Совмин ўртасида ҳам ихтилоф туғилади.
Совмин ходимлари ҳам ўз ўрнида Президент девонининг кўрсатмаларини назар-писанд этмайдилар, юқоридан берилган топшириқларни бажармайдилар. Ўзбекистон Президентининг Давлат маслаҳатчилари томонидан бериладиган кўрсатма ва директивалар Совмин ходимларининг ғаладонларида қолиб кетадиган бўлди…
 18. 
Бир сўз билан айтганда, Ўзбекистон бошқарувида “икки ҳокимиятчилик” пайдо бўла бошлади. Бунинг оқибатлари ёмон бўлиши аниқ эди.
Бизга ўхшаган инсонлар икки ўт орасида қолди. Чунки биз икковини ҳам устоз ўрнида кўриб, суянардик, яхши кўрардик. Шахсан мен икковидан ҳам кўп яхшилик кўргандим, икковини ҳам чин дилдан ҳурмат қилардим.
Жуда қийин вазиятда қолганман.
Мен тизим бўйича, ўз ишимнинг хусусияти бўйича – бевосита ҳукуматга бўйсунардим, журналимизнинг муассиси “Госплан” эди. Лекин шахсий муносабатларим туфайли – Ислом Абдуғаниевичга яқинроқ эдим, унга садоқатли эдим.
Шу боис турли давраларда ноўрин миш-мишлар ўрмалаб қолди. Кимдир: “Исмат – Мирсаидовнинг одами” деса, кимдир: “Йўқ, ундай эмас, Исмат – Каримовнинг одами” деб гумон қиларди.
Ажаб эмаски, кейинчалик менинг қамалиб кетишимга ўша пайтларда Мирсаидов билан алоқамнинг жуда яхшилиги ҳам маълум маънода сабаб бўлгандир…
 19.
Адолат ҳаққи-ҳурмати юзасидан айтиб ўтиш лозимки, кейинчалик Ислом Абдуғаниевич билан Шукрилла Раҳматовичнинг орасидаги келишмовчилик бизларга ҳам салбий маънода таъсир қила бошлади.
Президент табиатида жиззикилик, танқидга тоқатсизлик каби иллатлардан биз ҳам азият ва жафо чека бошладик. У бировнинг фикри билан ҳисоблашмай қўяди. Ҳатто ўзини юқори лавозимга кўтариб қўйган она халқининг юзига оёқ қўяди.
Бундай қусурлар охир-оқибат яхшиликка олиб келмасди, бундан давлат манфаатига ҳам, халқ манфаатига ҳам жуда катта зарар бўларди. Бундай ҳолатдан биз – шогирдлар қаттиқ  изтироб чекардик.
Бу нарсалар секин-аста иқтисодимизга, қишлоқ хўжалиги ривожига салбий таъсир эта бошлади. Президент билан Бош вазир орасидаги келишмовчилик узоққа бормади.
Мирсаидов Совминнинг раиси бўлиб кўп ишламади, бир йилнинг нари -берисида ҳукуматни бошқарди, холос. Сўнгра маълум муддат Вице-президент бўлиб турди, лекин Вице-президент лавозими ҳам тезда бекор қилинди.
Ажаб ҳолат: СССР миқёсида жорий этилган Вице-президент (Янаев) ҳам Россиядаги Вице-президент  (Руцкой) ҳам охир-оқибат ўз президентларига хиёнат қиладилар.
Сўнгра бундай лавозим бутунлай йўқотиб юборилади.
Ўзбекистондаги икки сиёсий лидер орасидаги зиддиятли вазият ҳам узоқ давом этиши мумкин эмас эди…
 20.
Ислом Каримов билан Шукрилла Мирсаидовнинг ўзъаро рақобати энг авж нуқтага чиққан кезларда Ўзбекистон Олий Мажлисининг еттинчи сессияси бўлиб ўтади.
Бу айтиш мумкинки, Ўзбекистон ўтмишидаги энг оғир ва таҳликали палла бўлиб тарихга киради.
Мен Ўзбекистон ўтмиши деганда – Ислом Каримов раҳбарликка келган тўқсонинчи йиллардаги сиёсий вазиятни  назарда тутяпман.
Назаримда ўша пайтда бўлиб ўтган еттинчи сессия – Ислом Каримовга қарши уюштирилган демократик руҳдаги биринчи жиддий синов ва аччиқ сабоқ сифатида ўзбек сиёсати тарихида зарҳал ҳарфлар билан муҳрланиб қолади…
Ростини айтиш керак, бунга Ислом аканинг ўзи ҳам айбдор эди. У кишининг бу айбини нималарда кўришимиз мумкин?
Биринчидан – олдинги сессияларнинг бирида Ислом акани Қашқадарёдаги фаолияти пайтида пахта қўшиб ёзишда жиноят қилганликда айблаган Қашқадарёлик депутат Шовриқ Рўзимуродов у кишининг топшириғи билан Олий Кенгаш депутатларининг рухсатисиз ҳибсга олинган эди.
Бундан бир оз олдинроқ эса –  Фарғоналик депутат Иномжон Турсунов милиция ходимлари томонидан калтаклаб кетилади.
Иккинчидан – бу пайтга келиб  СССР нинг  КГБ таркибида бўлган Миллий Хавфсизлик қўмитаси, разведка ва контразведкани – Олий Кенгаш рухсатисиз шахсан Ислом Каримов изнига бўйсундиришга уриниш бўлган эди.
Учинчидан – ҳукуматга мухолиф бўлган парламентдаги сиёсий кучлар, жамиятдаги мухолифат фаоллари қаттиқ сиқувга олина бошланганди.
Лекин шулар билан бирга, барибир Ислом аканинг энг катта хатоси – Мирсаидов билан улар орасидаги келишмовчиликнинг авж нуқтага чиққани эди.
Бу келишмовчиликнинг илдизи эса яқингинада, аниқроғи бир ойгина муқаддам мамлакатда юз берган ГКЧП воқеаларига, тарихга “Август Путч”и номи билан кирган Москвадаги давлат тўнтаришига бориб тақаларди…
21.
Маълумки, 1991 йил 18 август куни СССРда Фавқулодда Ҳолат эълон қилиниб, Михаил Горбачев ҳокимиятдан четлатилгач, Москва ва қардош республикаларнинг барча пойтахтларида ГКЧП Қўмиталари тузилиб, республикаларнинг биринчи раҳбарлари унга раис этиб тайинланган эдилар.
Энг ажабланарлиси, Ўзбекистон ГКЧП Қўмитасига Ислом Каримов эмас, балки Шурилла Мирсаидов – раис, Анатолий Ефимов – ўринбосар ва Ўткир Зокиров – масъул котиб этиб тайинланган эдилар.
Билмадим, Ислом ака ўша таҳликали кунларда Ҳиндистон сафарида бўлгани учунми ёки у киши ГКЧП раҳбарларининг ишончига сазовор бўлолмагани учунми, ҳар қалай Ўзбекистонда ГКЧП раҳбари этиб Мирсаидов тайинланган эди.
Кейин ГКЧП мағлубятга учрагач, Ислом ака билан Шукрилла Мирсаидов орасидаги муносабат ҳам зиддиятга юз тутди.
Биз Ислом аканинг ГКЧП кунларидаги Ҳиндистон сафарига ҳали қайтамиз…
 22.
Ҳеч эсимдан чиқмайди.
ГКЧП дан бир муддат олдин, унинг бошида турган Янаев ва Павловлар Ўзбекистонга келиб, Ўзбекистон Компартияси Марказий Комитетининг навбатдаги Қурултойида иштирок этиб кетишганди.
Ўша сирли сафар сўнггида Дўрмонда уларнинг шарафига берилган тор доирадаги зиёфатда мен ҳам қайсидир баҳонаи сабаб билан иштирок этиб қолгандим.
Ичкарида – Ислом ака, Шукрилла Мирсаидов, Павлов ва Янаевлар, ташқаридаги шинамгина чорпояда биз – Зелемхон Ҳайдаров, у кишининг ўринбосари Элдор Шукурович Ғофуров, Тошкент шаҳар милиция Бошқармаси Бошлиғи Эркин Норжигитов, Президентнинг матбуот котиби Ирисмат Абдухолиқов ва мен жонон давра қуриб роса яйраган эдик.
Ҳатто эсдалик учун суратга ҳам тушган эканмиз (Сурат берилади)…

 

Суратда: “Ҳаёт ва иқтисод – Экономика и жизнь” журналлари Бош муҳаррири Исмат Хушев (ўнгдан биринчи)  Президент Маҳкамаси раҳбари Зелемхон Ҳайдаров (ўртада) у кишининг ўринбосари Элдор Шукурович Ғофуров, Тошкент шаҳар милиция Бошқармаси Бошлиғи Эркин Норжигитов, Президентнинг матбуот котиби Ирисмат Абдухолиқовлар билан “Дўрмон” резиденциясида
Павлов билан Янаевлар бирин кетин Ўзбекистонга ГКЧП дан олдин нима учун келиб кетганлари менга қоронғу.
Ислом Каримов ва Шукрилла Мирсаидовлар билан улар бўлажак “тўнтариш”га боғлиқ муаммо ва тафсилотларни ҳам гаплашиб олган бўлишлари мумкин.
Ўзбекистон раҳбарлари Москвалик нуфузли ва сирли, бироқ расмий сафар иштирокчиларига нима деб жавоб берганларини биз билмаймиз. Лекин орадан сал ўтмай мамлакатда юз берган август воқеалари улар Ўзбекистонга бежиз келиб кетмаганларидан далолат беради.
Хуллас,  ана шундай сиёсий, ижтимоий воқеа ва ҳодисалар асносида Ислом Абдуғаниевич билан Шукрилла Раҳматовичларнинг узоқ йиллик шахсий дўстона муносабатлари ҳам инқирозга юз тута бошлайди.
Боз устига бу пайтга келиб Тошкентдаги сиёсий кучлар гуруҳларга бўлиниб, ҳокимият учун жиддий кураш бошланган эди…
 23.
Яна бир гап.
Ислом Каримов СССР да биринчи бўлиб қардош республикалар ичида ўзини Президент этиб сайлаганидан сўнг, СССР Президенти Михаил Горбачёв, табиийки, бу “сайлов”ни ғазаб билан қарши олади.
Москвадан бизга етиб келган манбалар бўйича шу кундан эътиборан у Ислом Каримовни сиёсий саҳнадан супуриб ташлашга ва унинг ўрнига, иқтисод фанлари доктори бўлган Шукрилла Мирсаидовни иқтидорга келтиришга қарор қилгани маълум бўлди.
Бизнинг бундай дейишимизга сабаб, ГКЧП мағлубиятга учраганидан кейин, Москвада гарчи ҳокимият Горбачёвдан Ельцинга ўта бошлаган бўлса ҳам, Ўзбекистонда ГКЧПни қўллаб қувватлаган Мирсаидовнинг обрў эътибори мустаҳкам, аксинча, уни ўта ҳушёрлик ва синчков нигоҳ билан кутиб олган Каримовнинг нуфузи ҳаминақадар бўлиб қолганди.
Ҳатто Тошкентлик обрў эътиборли мулозимлар ҳам Ислом Каримовнинг кетиши кераклиги ҳақида очиқ ойдин гапира бошлаган эдилар.
Ана шундай амалдорлардан бири – Ўзбекистоннинг ўша пайтлардаги Ташки Ишлар вазири Сарвар Олимжонович Азимов эди.
Пойтахтдаги аксар ҳукумат аъзолари ва давлат мулозимлари ҳам Шукрилла Мирсаидов тарафида эканини Ислом ака яхши биларди.
Буни Ўзбекистондаги куч ишлатар тизими раҳбарлари ҳам билар, улар ҳам икки ўт орасида қолган эдилар.
Бир сўз билан айтганда, аслида – Ўзбекистон Олий Кенгашининг 1991 йилги еттинчи сессияси Ислом Каримов учун ҳаёт мамот сессияси бўлиши керак эди.
Миллий Хавфсизлик Хизмати билан Президент Хавфсизлик Хизматининг хулосаси ҳам айни шу хабарларни тасдиқлаб турарди…
 24.
Икки сиёсий лидер муносабатларини совуқлаштирган ГКЧП воқеасини якунлаб, еттинчи сессия тафсилотига ўтишдан олдин яна бир бор Ислом Каримовнинг Ҳиндистон сафарига қайтсак.
ГКЧП томонидан мамлакатда фавқулодда ҳолат эълон қилинганини эшитган Ислом Каримов аввалига буни Горбачевнинг навбатдаги «ўйини» деб, унга жиддий эътибор қилмаган экан.
Лекин сафарда унга ҳамроҳлик қилаётган Ўзбекистон ташқи ишлар вазири Сарвар Азимов Москва билан боғланиб, вазиятни суриштирганида унга: «Агар ярим соатда сафарни якунлаб, аэропортга чиқмасанглар, Тошкентга бориб ўтиришларинг ҳам шарт бўлмай қолади» деб айтишади.
Буни эшитган Ислом Каримов зудлик билан Тошкентга учиб келади. Аэропортда уни бир гуруҳ ҳарбийлар совуққина кутиб олишади.
Кейин бизга маълум бўлишича, Ҳиндистондан то Тошкентгача бўлган парвоз давомида Москва билан бир неча маротаба боғланган Ислом Каримов сал бўлмаса республика раҳбарлигидан ажралиб қолиши мумкинлигини англаб етади ва бунинг олдини олган Сарвар Азимовга миннатдорчилик рамзи сифатида тезлик билан Компартияни тиклаб, унга ўзи бош бўлишини маслаҳат беради.
Биз Ислом Каримовнинг ҳаяжон устида миннатдорчилик рамзи сифатида Сарвар Азимовга берган бу ваъдаси нима билан тугаганига ҳали бафуржа қайтамиз.
Бир сўз билан айтганда, 1991 йил августида Москвада рўй берган ГКЧП – Ўзбекистоннинг икки раҳбари орасига жиддий низо ва нифоқ солишга улгурган эди.
 25.
Хуллас, 1991 йил 30 сентябридаги Олий Кенгашнинг еттинчи сессияси – Ўзбекистонда раҳбар ўзгариши мумкин бўлган Ислом Каримов даврининг энг сўнгги сессияси бўлиб тарихга киради.
Ундан кейин Ислом Каримов ўзини ўзгартириши мумкин бўлган барча куч ва воситаларни, ҳукумат ва мухолифат билан бирга таг томири билан қўпориб, тамомила тор мор этиб ташлади.
Мана, йигирма уч йилдирки, ўша еттинчи сессия берган аччиқ сабоқ Ислом Каримовни ўз тож тахтида, ҳукмдорлик салтанатида ҳануз маҳкам ва мустаҳкам ушлаб турибди…
26.
Энди бавосита ўша сессия кун тартибига ва унда кўтарилган масалаларга ўтсак.
Шавкат Юлдошев (лақаби – қовоқари) Олий Кенгашнинг раиси эди.
Сессия одатдан ташқари тартибда бошланади. Кун тартибига қўйилган масалалар бир четда қолиб кетиб, минбарга чиққан депутатлар дафъатан Президентга ташланиб қолишади.
Масалан, пойтахтимиздаги Яккасарой туманининг Кенгаш раиси – райкомнинг биринчи секретари Шуҳрат Нусратов сўзга чиқиб:
– Ислом Абдуғаниевич, жиловланмаган характерингиз, бу феъл-атворингиз билан Сизга республика бошқарувини ишониб топшириб бўлмайди! – дейди дадил.
Келинг, яхшиси Шуҳрат Нусратов ўша сессияда гапирган нутқнинг тўла қисмини Ўзбекистон Олий Мажлисининг мўъжиза бўлиб бизгача етиб келган стенограммасига таянган ҳолда келтириб ўтсак:
НУСРАТОВ: Салом алайкум ўртоқ депутатлар. Манинг битта айбим бор. Замонанинг фарзандиман. Балки қурбони ҳамдирман. Рус тилини ўзбек тилидан яхшироқ, пухтароқ биламан. Шунинг учун рухсат берсанглар, жуда ҳам муҳим нарсани қўймоқчиман, ўшани рус тилида гапирсам.
ЙЎЛДОШЕВ: Йўқ, кун тартиби бўйичами?
НУСРАТОВ: Кун тартиби бўйича.
(Нусратов гапининг ўзбекчаси):
Ҳурматли депутатлар, Олий Кенгашнинг навбатдан ташқари 7-сессияси кун тартибига қуйидаги қўшимча масалаларни киритишни сўрайман.
1. Ўзбекистон президентининг 1991 йил 26 Сентябрда Ўзбекистон Хафсизлик хизмати ташкилотини қайта тузиш борасидаги Фармонининг бу ташкилотни Олий кенгашни четлаб ўтиб тўппа-тўғри президентга бўйсундириш борасидаги қисмини бекор қилиш.
Умуман бу фармонни халққа қарши, конституцияга қарши, демократияга қарши бўлгани ва диктаторона бўлгани учун бекор қилиш. Шу фармоннинг 2-моддасини ўқиб бермоқчиман. Миллий Хавфсизлик хизмати тўпа-тўгри президентга бўйсундирилсин, дейилади бу моддада ва бундай ҳол бирор демократик давлатда юз бермайди. Ҳатто бирор тоталитар давлатда ҳам бунчаликка борилмайди. Мамлакатнинг разведка, контрразведка бошқармалари барча техник асослари ва барча эски ишлари билан бирга Олий Кенгаш назоратидан чиқарилиб, бир кишининг қўлига берилмоқда.Бу тасаввур қилиш ва бунга йўл қўйиш мумкин бўлмаган нарса.Ёки бизни 30-40 йиллар кутмоқдами? Оқибатларни тахмин қилиш мумкин эмас.Айниқса бизнинг президентнинг қуюшқонга ҳам сиғмайдиган характери билан.
2. Мен Рўзимуродов масаласини бошқа жиҳат билан қўймоқчиман. Қашқадарёлик депутат Рўзимуродовнинг дахлсизлик ҳаққи поймол қилингани масаласи кун тартибига киритилсин. Мен унинг айбдор ёки айбдор эмаслиги масаласини очиқ қолдираман. Агар айбдор бўлса жазосини олиши керак. Бу суднинг иши. Ҳозиргача улар бу ишни қойил мақом қилиб қўйганга ўхшайдилар. Олий кенгаш депутатини қамоққа олишни фақат Олий кенгашнинг ўзи ҳал қилади, яъни бизлар. Агар биз бу масалада ўз овозимизни бермасак, эртага бизни ҳам қамашади.
(Қарсаклар)
ИЗOҲ: Раислик қилувчи қўнғироқни чалади ва Нусратов кун тартиби белгиланишида регламент йўқлигини айтиб, сўзида давом этади.
НУСРАТОВ: Уч ойдан зиёд вақтдан бери бизнинг сафдошимиз бўлган депутат биз томондан тасдиқланмаган қарор бўйича қонунсиз равишда турмада сақланмоқда. Бу эса президент истаган пайтда бизлардан ҳар биримизни қамоққа олдириши мумкинлигини кўрсатади. Президент хохлаганини биз биламиз. Президент уни қамади. Мен бу масалани кун тартибига киритиб, Рўзимуродовни дарҳол озод қилишни ва бу ерга олиб келишни таклиф қиламан.
ИЗOҲ: Орага яна раислик қилувчи киради. Аммо партия ишида чиниққан Нусратов унга “Халақит қилманг, мен барибир сўзимни давом эттираман”, – деб жавоб қилади.
НУСРАТОВ: Мен конституциявий қўмита раиси, академик Ўразаевга мурожаат қиламан.
Шавкат Закариевич, бизнинг халқимиз сизга маълумот берди, сизни академик даражасига чиқарди, сиз нимага эга бўлсангиз бунинг учун халқимиз олдида бурчлисиз. Сиз маҳаллий  халқдан бўлмаганингизга қарамасдан депутатлар байналминаллик кўрсатиб, сизга Конституцияни ҳимоя қилишни ишондилар. Бу ишончни оқланг ва менинг назаримда қонунсиз бўлган бу икки ҳужжатга баҳо беринг, энди.
Конституциявий қўмита хулосаси бўлмасдан депутатлар узил-кесил қарор бера олмасликларини биласиз. Агар бу борада Конституция талаблари бузилган бўлса ва Конституциявий қўмита буни тан олса, президент кетиши керак.
Республика КГБ раиси Алиевга мурожаат қиламан. Бош прокурор Бўритош Мустафоевга, Олий кенгаш қонунчилк қўмитаси раиси Эркин Халиловга мурожаат қиламан. Эркин, ҳуқуқшунос сифатида ўз хулосангни айт.
Қолганлар ҳам ҳуқуқшунослар сифатида ўз фикрларингзини айтинглар, дарҳол, ҳозир! Сиз тўрталангиз бугун ўз танловингизни қилишингиз керак, депутатлардан менинг таклифимни қўллашларини сўрайман.
Конституциявий суд танаффусда кўриб чиқиб, Рўзимуродовни қамоққа олиш қонуний бўлганми, йўқми, айтсин.
Юқорида номлари айтилган ҳуқуқшунослар бу ерга чиқиб ўз фикрларини айтсинлар ва халқ билсин, улар ўз касбларига лойиқми, ёки йўқми?
Бугун биз бу ерда ўтирганлар ё демократияни ва ёки диктатурани танлашимиз керак. Ора йўл бўлмайди.
Ўртоқ Йўлдошев менинг таклифимни овозга қўйсангиз.
ЙЎЛДОШЕВ: Мен ҳам рус тилида айтаман. Биз ҳаммамиз очиқ эшикка ўзимизни урмоқдамиз. Биз Рўзимуродов ҳақида келишиб олдик. Сессия охирида олий суд раиси информация беради деб. Бунга бошқаларнинг ҳам номи қўшилмоқда. Хўш уларни эшитган билан нима ўзгарарди?
ИЗOҲ: Шу пайт Нусратов яна ўрнидан туриб масалани овозга қўйишни талаб қилади. Залда шовқин кўтарилади…”
27.
Еттинчи сессия стенограммасининг Шуҳрат Нусратовга оид қисми шу ерда тугайди.
Мен ҳам Ўзбекистон ҳукуматининг иқтисод журнали Бош муҳаррири сифатида ўша тарихий еттинчи сессияда иштирок этганимни айтганман.
Нусратов Шуҳрат Туҳфатович ўшанда аксарият нотиқлар каби рус тилида сўзлаган эди. Унинг русчада айтган ғазабнок ва ўткир сўзлари ҳамон қулоқларим остида жаранглаб турибди:
“Ислам Абдуганиевич! С вашим необузданным характером нельзя Вам доверять руль республики!»
Ундан кейин сўзга чиққан Конституцион суднинг раиси Шавкат Ўразаев Шаҳрат Нусратов ҳақида:
«Мен бу йигитга дарс берган ва унга ишонган эдим. Афсуски, унга яхши сабоқ беролмаган, унга ишониб хато қилган эканман, – деган эди.
Ҳар ҳолда менинг хотирамда қолгани шулар.
Яна уч-тўртта одам сўзга чиқиб, биттаси Каримовни ёмонласа, бошқаси Ислом аканинг ёнини олади.
Жаҳонгир ҳам ўшанда сўзга чиқиб, уни бутун Ўзбекистонга ҳақиқий Жаҳонгир қилиб танитган ва минг минглаб одамлар қалбидан жасур йигит сифатида абадул абад ўрин олишига сабаб бўлган ўзининг ўша тарихий ва машҳур нутқини ирод этган эди:
– Ўзбекистон Сизнинг онангизнинг маҳрига тушган эмас! Ахир мен мажбур бўлдим чет элга кетиш учун ариза ёзишга. Нега мени қувғин қиласиз? – деганди у ўшанда фавқулоддаги ажиб бир жасорат ва шижоат билан..
Булар ўтган йигирма уч давомида менинг хотирамда қолган сўзлар эди.
Лекин яқинда Ўзбекистон Олий Кенгашининг еттинчи сессияси стенограммасини йигирма уч йиллик танаффусдан сўнг  яна бир маротаба эшитиб, ажиб ҳайрат ва ҳасратларга ошно бўлдим.
Бу гап сўзларни ўша сессия баробарида унутиб юборган эди хотираларимиз.
Лекин сессия стенограммасини эшитиб, бу нутқ ва айбловлар Ислом акага қарата тўғри айтилганига, ўз вақтида айтилганига – виждони ва иймони бор ҳар бир ўзбекистонлик бугун яна бир маротаба тан бермай иложи йўқ.
Агар унда виждон ва инсоф бўлса, албатта…
28.
393-Жомбой сайлов округидан Ўзбекистон Олий Кенгашига сайланган халқ депутати Жаҳонгир Маматовнинг еттинчи сессиядаги ўша нутқини тўлалигича унинг сиёсий портретига шарҳ берилган кейинги бобларда эълон қиламиз.
Ҳозир эса мавзуга қайтсак.
Мен ҳаётда кўпинча керак ёки нокерак пайтларда кескин ҳаракатлар қиламан. Баъзан ноўрин кўрсатган шижоатим ўзимга зарар келтирса, баъзан менга фойда келтирган.
Ўзим табиатан жангари ва йигитман, назаримда адолатсизлик юз бераётган бўлса, дарҳол воқеаларга аралашиб кетавераман.
Шундай кескин ҳатти-ҳаракатларни Борис Ельциннинг фаолиятида кузатиш мумкин. Аслида, мен ҳам кутилмаганда вазиятларни ўзгартириб юборадиган одамман.
Мен бу гапларни нима учун эсладим?
Бугун орадан шунча йиллар ўтиб кетганидан кейин ростини айтишим керак.
Ўшанда биз – Ислом аканинг атрофидагилар, унга садоқатли каттаю кичик мулозимлар – Шуҳрат Нусратов ва Жаҳонгир Маматовларнинг сўзидан қаттиқ ғазабланган, уларни жуда ёмон кўриб қолган эдик.
Ўша куни Жаҳонгир оғиз кўпиртириб, Президентга қарши юқоридаги гапларни айтаётганида шартта ўрнимдан туриб унга қарши икки оғиз муносабат билдирмоқчи эдим.
Лекин менинг шаштимни кўрган Ислом ака (мен у кишининг шундоққина рўпарасида, биринчи қаторда ўтирган эдим) “ҳозир мавриди эмас” дегандек имо қилдилар.
Менинг шаҳд билан ўрнимдан турган жойимда бўшашиб қайта ўтирганимни кўрган мажлис бошқарувчиси Шавкат Юлдошев олдинига ҳайрон бўлган, кейин Ислом акага қараб, гап нимада эканини тушунгандек эди.
Ҳолбуки, мен сўзлаш ҳуқуқи берилган депутат эмас эдим. Агар депутат бўлганимда ўша куни минбарга чиқиб Шуҳрат Нусратов билан Жаҳонгир Маматовларни ер билан битта қилиб ташлашга ҳам тайёр эдим…
Бугун орадан шунча йиллар ўтганидан кейин, ўша воқеаларни эслаб:  “Худо бир асраган экан. Яхшиям ўшанда депутат бўлмаган эканман” – деб ўз ўзимга таскин ва тасалли бераман…
 29.
Биз Шукрилла Мирсаидов тарафдорлари Президентга қарши бош кўтарган еттинчи сессия ҳақида гапираётган эдик.
Залга қараб бир нарсани сездимки, олдинги қаторларда Тошкент шаҳридан сайланган ва Мирсаидовга тарафдор бўлган депутатлар ўтиришган эди.
Улар нотиқларга хайрихоҳ нигоҳларини қадаб, дам-бадам гулдурос қарсаклар чалиб ўтиришарди.
Тошкентлик депутатлар Президентга қарши гапираётган нотиқларга хайрихоҳ эканини бир қарашда сезиш мумкин эди.
Ўша сессияда Ислом ака ниҳоятда ёлғизланиб қолганди. У кишининг шумшайиб ўтиришини кўриб, кишининг раҳми келарди.
Айниқса Шуҳрат Нусратов сўзга чиқиб, Президентга унинг бежилов ҳатти ҳаракати боис республика раҳбарлигини ишониб топшириш мумкин эмас деган ўт олов сўзларидан кейин Ислом ака бир сиқим бўлиб қолади.
Президиумда боягина каттакон бир мамалакат раҳбарига хос шижоат ва салобат билан қўр тўкиб ўтирган Ислом акадан энди асар ҳам қолмаганди.
Энди мажлис Президиумида бир сониядаёқ кичрайиб қолган ожиз ва нотавон, кучсиз ва кимсасиз, беҳол ва бемадор, ёлғиз ва бечора бир киши мўнғайиб ўтирарди…
30. 
Ўшанда депутатлар худди ўз отамни ҳақорат қилишаётгандек бўлган, мен эса, ўз яқин одамимнинг мулзам ва ночор бўлиб ўтиришига тилсиз-забонсиз гувоҳ эдим. Шу нарса ҳеч эсимдан чиқмайди.
Ислом ака ҳануз довдираганча, мажлислар залининг учинчи ё тўртинчи қаторида ўтирган КГБ раиси Ғулом Алиевга “Бу ёғи энди нима бўлади, оғайни?” дегандек  ғариб бир ҳолатда, илтижо билан умидвор нигоҳларини боққанча, термулиб ўтирар эди…
Мана, сал кам йигирма уч йилдирки, у кишининг ўша маҳзун ва мағлуб ҳолати кўз ўнгимда худди кино лентасидек абадул абад муҳрланиб қолган.
Ислом Каримов автобиографиясида то ҳануз қайд этилмаган бу ажиб ва ғаройиб ҳол, назаримда, ўша тарихий еттинчи сессияда иштирок этган 500 нафар Олий Кенгаш депутатлари хотирасида ҳам бир умрга муҳрланиб қолганига мен бугун заррача ҳам шубҳа қилмайман…
 31.
Айнан яна кимлар нима деганини номма-ном ёки сўзма-сўз эслолмайман, чунки биров қўққисдан юзимга тарсаки тортиб юборгандек гангиб қолгандим. Бировнинг гапи қулоғимга кирса, бошқасининг гапи қулоғимга кирмасди.
“Товба!” – дейман ҳозир ўша воқеаларни эслаб ўзимга ўзим. «Одам шунчалик ҳам меҳр қўйиши мумкинми давлат раҳбарига?»
Ислом ака ўшанда нима билан бизни ўзига бу қадар мафтун этиб олган эди?
Ундаги соддалик ва самимият, меҳр ва оқибат шу қадар кучлимиди?
У одамларни ўзига шу қадар ишонтириб, садоқатли тарафдор қила олган бўлса, деамак у ростдан ҳам кучли сиёсатчи экан-да.
Лекин нега энди шундай кучли ва қудратли сиёсатчи кейинчалик ўзининг аксар мухлис ва тарафдорларини бу ишонч ва садоқатлари учун – хориж ва ҳибсга, йўқлик ва қулликка, ишсизлик ва эрксизликка маҳкум этди?
Сиёсатнинг бевафолиги, у аксар ҳолларда фоҳиша хотиндек хиёнаткор ва юзсиз бўлишининг сабаблари нимада?
Кимлар ва қандай характер ҳамда феъл атворли инсонлар бу мураккаб ва қалтис вазиятда мутлақ ғолибликни қўлга киритишлари мумкин?
Ҳалол ва диёнатли, оқил ва шижоатли, тўғри сўз ва садоқатли одамлар аксар ҳолларда ғолиб кела олмасликларининг боиси нима?
Буни тарих кўп бор исбот этди.
Демак, давлат раҳбарларининг ҳаммасини ҳам ҳақ ва одил деб ўйлаш нотўғри эканда унда…
Мана сал кам йигирма беш йилдирки,  ана шу аччиқ ва аламли саволлар олис хориж элларда ҳам менга тинчлик   бермайди, ҳануз қийнаб, изтиробга солиб келади…
32. 
Ниҳоят сессия сўнггида Шукрилла Раҳматович минбарга кўтарилди:
МИРСАИДОВ: Жавоб… Ўртоқлар, энг аввал ҳам бор мен сизларни ҳамжиҳатлик, бирликка чақирмоқчиман. Чунки ҳаммамизнинг орқамизда халқ турибди. Биз ҳамжиҳат бўлмасак, бир-биримизни қўллаб қуватлмасак халқ бизни кечирмайди.
Энди ҳалиги кўтарилган масалалар бўйича. Бу ҳам халқ душманларининг иши. Қачонгача Москвадан келиб бизларга ақл ўргатади?
Бунақа маломат тошлари мени бошимга жуда кўп тушган. Мен билан бирга ишлайдиган одамларнинг ҳаммаси билади.
Мени ўртоқ Анишечев (1984 йилда “тартиб” ўрнатиш учун Ўзбекистон Компартияси Марказий Комитетининг иккинчи котиби сифатида марказдан юборилган шахс) таъқибга олган, бир пайтлар 11 яшарлигида отаси қамалган деб, лекин архивдаги оқланган материални йўққилиб юборган.
Ана ўшанда ҳам айтганман, ўртоқлар мани шаҳар сессиясига олиб чиқингларда, мен кетай, деб.
Мени Сатин ҳам таъқибга олган (“Тартиб” ўрнатиш учун Тошкент шаҳар партия комитетига раҳбар қилиб юборилган шахс) шаҳардаги бўлаётган ҳамма ишларни менга тақаб.
Бир иккита корхоналарининг, шу оғаларимиздан бўлган раҳбарлари Тошкент шаҳрига четдан ишчи олиб келганда бу ишчи кучи келишига қарши чиқиб, буни йўққилиш мақсадида 16.800 сўмдан налог (солиқ) чиқарганимизда улар бизнинг ҳуқуқимизга қарши чиқаяпти, деган.
Чунки Тошкент шаҳрида ўзбеклар камайиб кетган вақт эди. Ана шунда Бош прокуроргача ёзиб, жиноий ишлар ҳам қўзғатмоқчи бўлишган.
Бугун сизлар муҳокама қилаётган гапларни мен бир йил олдин айтганман. Орқаваротдан эмас. Президент кенгашида айтганман. Президент кенгашида ман таклиф киритганманки, ўртоқлар президентимизни халқ сайлаши керак. Халқ сайловидан ўтишимиз керак, деб.
Ана ўшанда ҳурматли Ислом Абдуғаниевичга ҳам айтганманки, “Ислом ака, ҳозир халқнинг ҳаммаси бизларни қўллаб – қувватлаб турган пайтда президент сайловини ўтказиб олсак яхши бўларди. Кейин қийин бўлади, деганман.
Президент кенгаши аъзолари бу таклифни мана Мирсаидов таклиф қилаяпти, деб кенгашга олиб чиққан. Буни ҳам бўйинга олиш керак.
Кенгашда бир-иккита хушомадгўйлар, келгусини билмайдиганлар айтишди-ки, ҳозир олиб чиқсак, халқ иккига бўлиниб кетади, деб.
Энди олиб чиқсак, тўртга бўлиниб кетаяпти-ку? Шу билан тўхтатишди.
Лекин ана ўша Ефимов, ундан кейин Берков дегани, Совминнинг (Вазирлар Кенгаши) биринчи муовини эди, ҳозир кетди, мен у билан ишламаймиз, деганимдан кейин уни президент кенгашига олиб, кейин Москвага яхшилаб кўтариб, жўнатиб юбордик.
Ефимовлар гап тарқатди ўшанда ҳам Мирсаидов амал талашаяпти, деб.
Ана ўшанда Бош вазирлик тугатилиб Президент ҳузурида Вазирлар маҳкамаси тузилди ва вице президент вазифаси жорий этилди.
Мана шунда ҳам гап чиқмасин, қачонгача ўзбек халқига тавқи лаъанат келадики, булар амал талашадиган экан, қачонгача булар бир-бирининг устидан, орқасидан гап қилиб юрар экан деб, тишни тишга қўйиб, нима дейилса ўша деб келдим.
Лекин ўз вазифамни халқимни олдида виждонан ҳалол, рўй-ростлик билан айтиб ўтаманки, бажариб келдим.
Кейинги пайтда бир хил гап сўзларга киришиб мани практик  ишлардан узоқлаштиришлар ҳам бўлди. Бу менга зарар бўлгани йўқ. Бу иқтисодга зарар келтиришини ман президентга ҳам айтдим.
Бундан 15 кун олдин, агар ман амал талашадиган бўлсам, мана Ислом акам, ўзлари тасдиқлашлари мумкин, яъни Москвага Россия билан шартнома тузишга кетишдан олдин кириб айтдим, келинглар мани тинч қўйинглар, ман шу чиқиб кетай, ман ишламайман, манга рухсат беринг, келганда ҳам айтдим, кеча ҳам айтганман, бундан беш кун олдин ҳам айтганман.
Сизлар мени Совмин раиси қилиб сайлаётганларингизда ҳам айтганман. Сайласаларинг ҳам шу ишни қиламан, сайламасаларинг ҳам деб.
ИЗOҲ: Шу ўринда изоҳ бериш керакки, Министрлар кенгашининг олдинги раиси Мирқосимов Паркентда қон тўкилишига аралашгани сессияда кўтарилиб, унинг сайланмай қолиши аниқ бўлганда Ислом Каримов унга алтернатив ўлароқ Мирсаидов номзодини кўрсатган, унга ҳам эътирозлар бўлган ва Каримов уни мард, жасоратли, фидойи раҳбар дея мақтаган эди. Ўшанда Мирсаидов эътирозларга жавобан истасанглар сайланглар, истамасанглар йўқ, деган эди. Энди ўша сессияга ишора қилмоқда.
МИРСАИДОВ: Шунинг учун мен қаерда ишлар эканман, ўзимнинг халқимга, ўзимнинг юртимга хизмат қиламан. Шунинг учун манга амалинглар керак эмас. Шунга қараб хулоса қилинглар.
Мана вице президент дейдими, бало дейдими, баттар дейдими, амал деган нарса керак эмас. Шунинг учун ман ҳозир сизларга айтишим мимкин, манга амалнинг кераги йўқ.
Мен ҳеч қачон, ҳеч кимга бўйсуниб ишламаганман, ишламайман ҳам.
Мен ҳалиги, тиз чўкиб яшагандан кўра, тик туриб ўлишни хохлайман.
Шунинг учун эътиборларинга раҳмат, мани тинч қўйинглар…”
 33. 
Мирсаидовнинг сўнгги сўзларидан кейин Олий Мажлис зали сув қўйгандек жим-жит бўлиб қолади.
Шукрилла Раҳматович худди елкасидан оғир бир тоғ ағдарилган одамдек енгил бир тин олиб, бошини дадил тутган ҳолда бизнинг олдимиздан секин аста юриб, сессия залининг ҳукумат аъзолари кириб чиқадиган йўлагидан ташкарига чиқиб кетади.
Кейинчалик, Шукрилла Мирсаидов учун ўша бир оғиз айтган: “Мен тиз чўкиб яшагандан кўра, тик туриб ўлишни хохлайман!” деган гапи ниҳоятда қимматга тушади.
Ислом Каримов айнан ўша гаплари учун уни қандай балоларга мубтало қилганига биз ҳали батафсил қайтамиз.
Мен – Шукрилла Раҳматовичга нисбатан республиканинг биринчи раҳбари томонидан шахсан топширилган ва уюштирилган бу қабиҳлик ва мунофиқликнинг шахсий гувоҳи ва айтиш мумкинки, беихтиёр, иштирокчиси ҳам бўлиб қолган эдим.
Биз бу масалага ҳали қайтамиз.
Агар ўшанда Шукрилла Раҳматович минбарга чиқиб худди ўз тарафдорлари билан олдин келишилганидай “Бугун мен республика раҳбарлигини зиммамга олишга тайёрман!” деганида олам гулистон эди!
У ўша куни Ўзбекистоннинг янги раҳбари этиб тайинланган бўларди…
 34. 
Эҳтимол, ўшанда биз шўрлик кимсалар – Ислом Каримовга кўр- кўрона меҳр қўйиб, кейинчалик ҳибс ва хориждан жой олган, қуллик ва хўрликка мубтало бўлган,  ватансизликка маҳкум этилган – биз ғариб бечораларнинг ҳам аянчли тақдиримиз, фоже қисматимиз бошқача якун топган бўлармиди?
Нега Мирсаидов қўрқоқлик қилди ўшанда? Ахир у табиатан мард ва қўрқмас одам эди-ку!
Нега унга ишонган ва уни деб ўз ҳаёти ва келажагини хавф хатарга қўйган сафдош ва тарафдош дўстларига, ғоядошларига хиёнат қилди? Ахир у бировга хиёнат қилмайдиган одам эди-ку!
Майли, Шукрилла Раҳматовичнинг ўзи ҳам бир умр пушайман қилиб юрган ўша кунги нотўғри қадамлари унга кейинчалик жуда ҳам қимматга тушганига биз ҳали қайтамиз.
Нега ўшанда яратган Эгам ҳам Ислом Каримовнинг тарафида бўлди? Нега уни асраб қолди шак шубҳасиз кетиши керак бўлган лавозимидан?
Нега бахт ва омад, тақдир ва қисмат ҳам унга жилмайиб юз очди, Мирсаидовга эмас! Нега?
Йигирма уч йилдан бўён ана шу аччиқ ва аламли саволлар, сўнгсиз ва беҳудуд хаёллар  ҳануз менга тинчлик бермай келади…
35.
Агар эсингизда бўлса, ўша сессияда сўзга чиққан депутат Марат Зоҳидов:
– Бу фитна бу ердан 200-300 метр нарироқда тайёрланган, – деб Совминнинг биносига, ҳукумат уйига ишора қилганди…
Шундай қилиб, мустақиллик эълон қилинганидан сўнгги даврда илк бор Ўзбекистоннинг сиёсий ҳаётига ҳар хил “интрига” ва нохушликлар кириб кела бошлади.
Биз юқорида тилга олган Ўзбекистон Олий Кенгашининг еттинчи сессияси 1991 йилнинг 30 сентябрь сешанба куни бошланиб, 1 ё 2 октябрда тугаган эди.
Энди ўша тарихий еттинчи сессиянинг Ўзбекистон аҳолисига маълум бўлмаган саҳна ортидаги ёпиқ жиҳатлари ва қирраларига тўхталиб ўтсак…
 36.
Шукрилла Раҳматович сессиядаги ўша маълум ва машҳур нутқини ирод этиб зални тарк этганидан сўнг Президентнинг топшириғи билан тўппа тўғри Олма Отага учиб кетади.
Қозоғистонда иттифоқдош республикаларнинг янги раҳбарлари август путчидан кейинги ўзъаро иқтисодий ва бошқа алоқаларни муҳокама қилиш учун Олма Отада тўпланишган эди.
Йиғилишнинг мазмун моҳиятига кўра унда фақат биринчи раҳбарлар иштирок этиши лозим эди.
Лекин Ислом Каримов учун ўша куни Мирсаидовнинг Тошкентда бўлиши катта хавф туғдирарди.
Чунки еттинчи сессия ҳали тугамаган, ҳали депутатлар яна қанақанги ўйин кўрсатишини Президент ҳам, КГБ раиси Ғулом Алиев ҳам билишмасди.
Парламентда вазият инқилоб бўлиш даражасига бориб қолгани учун ҳам, Мирсаидовнинг Тошкентда қолиши хатарли эди.
Шунинг учун ҳам ўша куни Ислом Каримовнинг шахсан ўзи Шукрилла Раҳматовични Тошкент аэропортидан Қозоғистонга кузатиб қўяди…
 37.
Шукрилла Раҳматович ўз тарафдорлари билан еттинчи сессияга тайёргарлик кўраркан, унинг энг катта ва асосий хатоларидан бири – куч ишлатар тизими раҳбарлари билан алоқа қилмагани бўлди.
Уларнинг орасида ҳам, агар унга ишонишса, уни қўллаб қувватловчи кишилар бор эди.
Лекин Мирсаидов авваламбор Москвага, кейин ўзининг тарафдорларига ишонган ва Парламент уни Президент қилиб сайласа куч ишлатар тизимлари ҳам ўз ўзидан менга бўй сўнади деб ўйлаган.
Ислом Каримов эса айнан куч ишлатар тизими раҳбарлари билан биргаликда еттинчи сессияга жиддий тайёргарлик кўради.
Ўша куни Президент девони ва Олий Мажлис сессияси бўладиган бино атрофларидаги яширин жойларда ҳарбийлар жойлаштирилганлигини, бу ерларда норасмий тарзда фавқулодда ҳолат жорий этилганини  мен бугун одамларга очиқ ошкор айтишим керак.
Назаримда бу ҳақда – энг сўнгги дақиқада Мирсаидовни ҳам огоҳлантиришган шекилли, шунинг учун ҳам у балки охиригача курашишга журъат қилолмаган бўлиши мумкин.
Қолаверса, эртага сессия бўладиган тун то тонгга қадар Президент саройидаги зиёфатхонада чироқлар ўчмаган эди.
Бу ерда куч ишлатар тизими раҳбарлари ва сессияда нуфузга эга бўлган обрў эътиборли депутатлардан сўнг энг охирида Шукрилла Раҳматович билан Ислом Абдуғаниевичларнинг ҳам “бошни бошга уриштириб” шароб ҳамроҳлигидаги сирли ва хуфёна гурунглари бўлиб ўтган эди.
Ўзбекистоннинг бу икки раҳбари ўша оқшом нималар ҳақида гапиришгани, Ислом Каримов Мирсаидовга эрта сессияни тинч ва эсон-омон ўтказиб олишса, қандай янги вазифа ва истиқбол ваъда бергани бизга номаълум.
Буни эҳтимол уларнинг ўзлари ёки куч ишлатар тизимининг қулф калитли архивидаги ўша махфий суҳбатлар ёзиб олинган тасмалар эрта бир кун элга ошкор этар. Агар бу тасмалар Ислом Каримов амри билан йўқ қилиб юборилмаган бўлса, албатта…
Буни энди вақт кўрсатади.
Лекин нима бўлганда ҳам Шукрилла Раҳматович ўша оқшомдан то сессия иш бошлагунга қадар ўз тарафдорлари билан учрашиш имконидан маҳрум этилган эди.
Кейинги воқеалар эса Сизга маълум.
Хуллас, Мирсаидов Олма Отага кетганидан кейин исёнкор Парламентда якка ўзи ҳоким бўлиб қолган Ислом Каримов мажлис жиловини ўз қўлига олиб, вазиятни юмшатишга эришади.
Ўзига қарши сўзга чиққан депутатларнинг ҳаммасини сессиядан кейин олиб қолиб, яхши гапириб, амал ваъда қилиб, уларнинг кўнглини пуч ёнғоққа тўлдириб, сувдан қуруқ чиқиб кетади…
38. 
Ўша еттинчи сессия куни Ислом Каримов илтимосига биноан Олма Отага учиб кетган ва шу билан ҳаётидаги энг катта хатога йўл қўйган Мирсиадов ишдан урилганидан кейин тақдир тақозоси билан ростдан ҳам маълум муддат ўша Олма Отада – Қозоғистон Президентининг иқтисодий ишлар бўйича Давлат маслаҳатчиси бўлиб фаолият юритади.
Тошкентда эса – ўзи ҳақида қўшни давлат хуфия идораси хизматларидан эшитган турли туман гап сўзлар учун Ўзбекистон Президенти собиқ дўстидан ўч олишга киришади.
Президентнинг номардларча қилган бу шармандали ҳатти ҳаракати Ички Ишлар вазири Зокир Алматов ва Хавфсизлик Хизмати раҳбари (КГБ) Ғулом Алиев томонидан амалга оширилади.
Дастлаб унинг – Тошкентнинг “Халқлар дўстлиги” мавзейсидаги ҳукумат уйи олдидаги енгил машинаси портлатилади.
Бу ўзбек режимининг Мирсаидовга нисбатан қилган биринчи ва жиддий огоҳлантириши эди…
39. 
Шукрилла Мирсаидовга нисбатан Ички Ишлар вазирлиги (МВД) томонидан қилинган энг катта ва энг шармандали  қабиҳликка мен ҳам бир оз аралашиб, ўзим истамаган ҳолда гувоҳ бўлиб қолган эдим.
1994 йилнинг декабрида Ўзбекистон Олий суди –  Давлат маслаҳатчиси Мавлон Умрзоқов дохил саккиз мулозим билан бирга олти ой муқаддам ҳибсга олинган собиқ Бош муҳаррир Исмат Хушевни Президент амнистиясига биноан суд залидан  озод қилиш ҳақида Қарор қабул қилади.
Ички ишлар вазирлиги ертўласидан “Биз билан ҳмкорлик қиласан!” деган қоғозга мажбуран қўл қўйдирилиб, сўнг озодликка чиқарилган Исмат Хушевни орадан кўп ўтмай вазирлик қошидаги Коррупция ва террорризмга қарши кураш Бош бошқармаси раҳбарлари Ботир Турсунов ва Тохир Муллажоновлар ўз ҳузурига чорлашади.
Ўша суҳбат чоғида улар менга Мирсаидовнинг уйига бориб, қарзга ўн минг (10 000) АҚШ доллари сўрашимни ва кайфияти ҳамда келгусидаги режаларини билиб келишим лозимлигини уқтириб, махсус топшириқ беришади.
Акс ҳолда яна ўша менга маълум ва машҳур қон ва тер ҳиди анқиб турган ертўлага қайтиб боришим мумкинлигига ишора ҳам қилишади.
Мен уларнинг бу борадаги барча ифлослик ва мунофиқликлари ҳақида ҳали «Оқланмаган ишонч қиссаси»нинг учинчи китобида – бу воқеалар тафсилотига келган бобларда батафсил ва очиқ ойдин ҳикоя қилиш ниятидаман.
Ҳозир эса бевосита Шукрилла Раҳматович Мирсаидовга оид тафсилотларга тўхталиб ўтсак…  
40. 
Хуллас, ўша куни МВД нинг қўли ва дили нопок мулозимлари топшириғи билан ноилож “Халқлар дўстлиги” проспектидаги Мирсаидовлар хонадонига йўл оларканман, ҳалоллик ва ёвузлик, адолат ва разолат,  хоинлик ва садоқат, яхшилик ва мунофиқлик ҳақидаги бир бирига қарама қарши бўлган ҳис туйғулар, кечинма ва ўйлар руҳим ва шууримни тамомила эгаллаб олган эди.
Мирсаидовнинг менга қилган яхшиликлари, самимий ва ўғил болача муносабатлари, одамгарчиликлари кўз ўнгимдан бир-бир ўтаркан, беихтиёр отам Тошкентга келганидаги бир ҳолат ёдимга тушди.
Ўшанда Шукрилла Раҳматович ҳукумат раисининг ўринбосари бўлиш билан бирга – “Госплан”да бошлиқ ҳам эдилар.
Мактабда ўттиз йилдан зиёд муаллимлик қилиб, энди бу касбнинг обрў эътибори қолмади деб, адолатсиз жамиятдан юз ўгириб, тоққа чиқиб асаларичилик билан шуғулланаётган кекса отам бир куни мени кўриш учун Тошкентга келади.
Мени одам қилиб, катта лавозимга тайинлагани учун Ислом Каримов билан Шукрилла Мирсаидовга миннатдорчилик билдириб қўйиш учун отам атай Тошкентга ярим бедон (фляга) асал олиб келган экан.
“Ислом Каримов катта одам. Уни безовта қилмайлик. Мирсаидов билан улар яқин оғайни. Мени ўша кишининг олдига олиб бор. Уларга мен ўз раҳматимни айтишим керак” деди бечора отам.
Телефон орқали “Госплан” билан боғланиб, отамнинг илтимосини Шукрилла Раҳматовнинг ёрдамчилари Туйғун Аъзамовичга етказдим. Орадан икки дақиқа ўтмай, ҳукумат телефони (вертушка) жиринглаб, Шукрилла Раҳматовичнинг ўзлари телефон қилиб қолдилар:
– Отангиз ҳақида Ислом акадан кўп яхши гапларни эшитганман. Олиб келинг, кутаяпман!” – дедилар.
Хурсанд бўлиб отамни олиб бордим.
Шукрилла Раҳматович кабинетларининг ярмигача юриб келиб, отам билан худди эски қадрдонлардек қучоқлашиб кўришган эдилар.
Сўнг менга ўгирилиб: “Шундай ажойиб ва нуроний одамнинг ўғли экансиз, Сизга ҳавасим келади, Исматжон!” деганларида раҳматли отамнинг кўзлари қувончданми, армонданми жиққа ёшга тўлган эди…
Шукрилла Раҳматович отамнинг совға сифатида илиниб ярим бедон асал олиб келганларини эшитиб, ҳайрат билан: “Бутун Ўзбекистондаги асаллар бизники – ҳукуматники, бекорга овора бўлибсиз!” деб отамга қайта-қайта миннатдорчилик билдирган эдилар.
Ўша куни асални олмадилар. Лекин отам барибир ният қилиб олиб келганман деганларидан кейин “Госплан” оталиғидаги болалар уйига беринглар деб ёрдамчиларига топшириқ қилдилар.
“Бу бошқа гап. Энг муҳими сўзимни қайтармадингиз!” – деб бечора отам ҳам хурсанд бўлган эди.
Ўшанда Шукрилла Раҳматович отамни пастга тушиб ҳукумат уйи олдидаги менинг хизмат машинамгача шахсан ўзи кузатиб қўйган эди…
 41.
Ички Ишлар вазирлиги мулозимларининг бемаъни топшириғи билан у кишининг уйига борарканман, ўша воқеалар ёдимга тушиб, кўнглим бузилди.
Шунда беихтиёр Шукрилла Раҳматовичга хиёнат қилолмаслигимни англаб етдим.
Учинчими, тўртинчи қаватга кўтарилиб, тугмачани босганим заҳоти эшик очилиб, остонада аввал Мирсаидовнинг рафиқалари Дилбар опа кўриндилар, кейин Шукрилла Раҳматовичнинг ўзлари ҳузуримга пешвоз чиқдилар.
Биз ғайри табиий бир ҳолда кўришарканмиз, Шукрилла Раҳматовичнинг кайфиятлари жуда ёмонлиги диққатимни тортди.
Мен рўпара бўлган заҳоти имо ишора билан у кишига махсус топшириқ билан келганимни билдирдим.
У киши ҳамма нарсага тушунди. Кайфияти бадтар бузилди.
Суҳбат қовушмади, биз хайрлашдик…
42. 
Орадан ҳеч қанча вақт ўтмай Ўзбекистон матбуотида эълон қилинган бир расмий хабарни ўқиб, даҳшатдан донг қотиб қолдим:
Ўзбекистон Ички Ишлар вазирлиги Матбуот хизмати хабар қилади: Палон йил ва палон ойнинг палон куни тонг чоғида Тошкент вилоятининг Ўрта Чирчиқ тумани ҳудудидаги ички ишлар бўлимига фуқаро Ш.Р.Мирсаидов қип ялонғоч ҳолда келиб, ўзини бир гуруҳбезорилар куч ишлатиб, зўравонлик ва талончилик қилмоқчи бўлганларидан шикоят қилди. Улар Мирсидовдан 10 000 АҚШ доллари миқдорида пул талаб қилишган…
Хабарнинг айнан ана шу “10.000 АҚШ доллари талаб қилишган” деган жойини ўқиб, мен даҳшатга тушган эдим…
 43.
Кейин ҳам Шукрилла Раҳматовичга нисбатан бундай номардлик ва безориликлар кўп маротаба содир этилди.
Мен юқорида айтган – ўзим гувоҳ бўлган машъум воқеа – Мирсаидовга нисбатан МВД томонидан уюштирилган қабиҳликнинг бир кўриниши, холос.
Лекин ҳали шундай кунлар келадики, бу аблаҳлик ва мунофиқликни буюрганлар ҳам, уни кўр кўрона бажарганлар ҳам, улар ким бўлишидан қатьий назар – одил суд олдида албатта жавоб беришади.
Мен бунга ишонаман!
44. 
Энди бевосита мавзуга қайтиб, Шукрилла Мирсаидовнинг сиёсий карьерасига абадул абад нуқта қўйган ўша Сессия тафсилотларига ўтсак.
Еттинчи сессияда бўладиган тўполоннинг овозаси бизга олдинроқ етиб келган эди.
Сиссиядан бир кун олдин Мавлон Умрзоқовнинг Анҳор кафесида тўйи бор эди.
Тўйга бошқа мулозимларқ аторида Шуҳрат Нусратов ҳам  таклиф этилган эди.  У келиб Мавлон аканинг яқингинада ўринбосари этиб тайинланган Шароф Убайдуллаевга: «Биз томонга ўтинг, тарозимиз оғирроқ» – деб айтган экан…
 45. 
Шуҳрат Нусратовнинг айтганича бор эди.
Кейин бизга  маълум бўлишича, ўша тарихий еттинчи сессияда Каримовнинг ўрнига Мирсаидовни Ўзбекистон раҳбари этиб тайинлаш тўғрисида Горбачевдан «добро» олинган экан.
Табиатан, Шукрилла Раҳматович узоқ вақт мамлакатда иккинчи одам бўлиб қолишга рози бўлолмасди.
Шу боис ҳам Москва раҳбарияти унга озгинагина мадад ва хайрихоҳлик кўзи билан қараган заҳотиёқ Шукрилла ака ҳеч иккиланмай сиёсий саҳнанинг ўртасига чиқиб – ГКЧП кунларида мамлакатдан узоқда – Ҳиндистон сафарида бўлган Ислом Каримовни сиёсий саҳнадан секингина четга суриб қўяркан, бунга  Мирсаидовни яхши билганлар мутлақо ажаблангани йўқ.
Ҳар ҳолда, ГКЧП, менинг назаримда, Шукрилло Раҳматовичнинг бахтсизлиги бўлди.
Акс ҳолда Ислом ака билан улар ўртасидаги ҳамкорлик маълум муддат тинч ва осуда давом этиши мумкин эди…
 46.
Лекин барибир Горбачевнинг бу «добро»си  амалга ошмади.
Бунинг сабаблари, менинг назаримда, қуйидагиларда бўлса керак:
Барибир Мирсаидовнинг давлат ва ҳокимиятни кутилмаганда, устамонлик билан қўлга олиш борасида ҳали тажрибасизлиги бор эди. У сўзга чиқаркан, негадир ниҳоятда  ғалчалашиб, майдалашиб кетди.
Ўзининг гапига ўзи ишонмай, олдидаги улуғ ва шарафли вазифани аниқ тасаввур қилолмай қолди.
У ўша куни сўзга чиққан халқ депутатларининг нутқидан келиб чиқиб, Ислом Каримовга ишончсизлик билдириш масаласини зудлик билан овозга қўйишни талаб қилганида ютиб кетарди.
Бундай қалтис вазиятда унинг сиёсий тажрибасизлиги, давлатни қўлга киритиш масаласида ўта ғўрлиги  маълум бўлди. Қолаверса, мажлисга ҳам ниҳоятда бўш тайёргарлик кўрилган эди.
Ҳатто Олий Мажлис еттинчи сессияси бошланмай туриб, уни Ўзбекистон телевидениясидан тўғридан тўғрри кўрсатиш масаласи ҳам катта жанжалга сабаб бўлади…
 47.
Мирсаидов тарафдорларининг еттинчи сессияга ниҳоятда бўш тайёргарлик кўришганини яна нималарда кўришимиз мумкин?
Биринчидан: Мирсаидовнинг ўзида, унинг ўзини тутишидан тортиб, овозининг оҳангларигача ғалати бир парокандалик бор эди. Шуҳрат Нусратов сессияда алангалатган вулқонни Мирсаидовнинг сўниқ овози ва пароканда нутқи янада алангалатиш ва охир оқибатда портлатиш ўрнига, аксинча,  уни батамом ўчирди, сўндирди.
Иккинчидан: Унинг ўз нутқида ҳадеб «Ислом ака!», «Ислом ака!» деб талмовсираши ва иккиланиши – тутаб тутаб, аланга ола бошлаган ўз командасини, қолаверса, бутун зални ҳам иккилантириб, сустлатиб ва ўйлатиб қўйди.
Учинчидан: Бу командани, содда қилиб айтганда «сотган» ва унинг исёнкор кемасини чўктирган сермулоҳазали буюк шоиримиз Эркин Воҳидов бўлди. Чунки, олдиндан келишиб олинган «сценарий»га кўра еттинчи сессиясидаги асосий ва сўнгги нутқни у қилиши керак эди.
Лекин машҳур шоир қандайдир мулоҳазага бориб, ўз сўзидан қайтди. Ўша куни у негадир сўзга чиқмади…
48.
Эркин Воҳидовнинг сўзга чиқмаганига сабаб бор эди. Бунинг сабабчиси эса – Олий Кенгаш раиси Шавкат Йўлдошев бўлди.
Шавкат Муҳиддинович вазиятга қараб иш олиб борадиган «ўйинчи» эди. Ўша кунги еттинчи сессиядаги вазият эса – Олий Кенгаш раисининг «исёнчилар» тарафига ўтишига изн бермади.
Шавкат Муҳиддинов Мирсаидов нутқидан кўп нарса кутган эди. Лекин Шукрилла Раҳматовичнинг журъатсиз ва мантиқсиз чиқиши – Олий Кенгаш раисининг исёнчилар тарафига ўтиб кетишини йўққа чиқарди.
Агар Сессияда исёнчилар йўлбошчиси калаванинг учини йўқотмай: «Мен бугун масъулиятни ўз зиммамга оламан!» деб дадил айта олганида эди, вазият тамомила бошқача бўларди.
Ҳамиша вазиятга қараб иш тутадиган Олий Кенгаш раиси ҳам бундай вазиятда «исёнчилар» тарафига ўтган бўларди.
Агар исёнчилар бошида ўша куни Нусратов бўлганида – масала ҳал бўларди. У мажлисда ўта муҳим масалаларни бир неча марта овозга қўйишни талаб қилди, еттинчи сессияда ўз оташин нутқи билан кескин бурилиш ясади.
Лекин Мирсаидов ланжлик қилди. Унинг бесаранжом нутқида чайналиш бор эди. Сустлик ва иккиланиш шундоққина кўриниб турарди. «Сайласанг – сайла, сайламасанг – йўқ» деб ҳокимиятни олиш мумкин эмас.
Масалани Нусратовга ўхшаб кескин (реский) қўйиш керак эди.
Мирсаидовдаги бу иккиланиш – Шавкат Йўлдошевни «исёнчилар» тарафига ўтказмаган бўлса, Олий Кенгаш раисининг бу қарори ўз ўрнида сессияда асосий ва ҳал қилувчи сўз айтиши лозим бўлган шоир Эркин Воҳидовни ўз сўзидан қайтишига сабаб бўлган бўлиши мумкин…
 
49.
Олий Кенгаш раиси Шавкат Йўлдошев билан СовМин раиси Шукрилла Мирсаидов Еттинчи сессия олдидан учрашиб, суҳбатлашгани кейин маълум бўлди.
Мирсаидовнинг «Москва биз томонда. Мен Сизга уларнинг фикрини етказаяпман, холос. Биз тарафга ўтинг» деган таклифига Шавкат Муҳиддинович ишончсизлик билан «Мани бу ишларга аралаштирмайла, иложи бўлса, биргалашиб ишлаш керак» деб мужмал жавоб қилади.
Шукрилла Раҳматович унинг бу беқарор кайфиятини Москвага етказганидан сўнг, Кремлдан Олий Кенгаш раисига  чиқишади. Шунда Шавкат Муҳиддинович ўта ҳушёрлик билан «Кўрамиз, вазиятга қараймиз» деб кўнгандай бўлиб, қутулади.
Аслида Шавкат Йўлдошевнинг ҳам Ислом Каримовдан кўнгли қолган, унинг бежилов характерига чидаб, узоқ ишлаш мумкин эмаслигини аллақачон тушуниб етган эди. Лекин Мирсаидовнинг Ўзбекистонга биринчи раҳбар бўлишини истамас эди.
Агар Мирсаидов Ўзбекистоннинг янги раҳбари этиб тайинланса, Шавкат Йўлдошев вазифасидан бўшатилиб, умуман ишсиз қоламан деб ўйлаган бўлиши ҳам мумкин. Унинг бундай ўйлашига эса сабаб бор эди…
 50.
Шукрилла Мирсаидов СовМин раиси этиб сайланганидан кейин Олий Кенгаш раиси Шавкат Йўлдошев билан уларнинг орасидан «қора мушук» ўтган эди.  Улар арзимас бир масалада келишмай қоладилар.
Ўзбекистоннинг биринчи раҳбари Ислом Каримовга хизмат қиладиган автомашиналар учун давлат рақами «20-00» ва «20-01» бўлган ҳукумат номерлари берилган бўлиб, «20-02» ни Мирсаидов СовМин раиси этиб сайланганидан кейин ўзига олади.
Олдин бу рақам – ЦК нинг иккинчи секретарига тегишли эди.
Олий Кенгаш раисига эса, табиийки, «20-03» қолади. Ҳолбуки, Олий Кенгаш раиси аслида республиканинг иккинчи раҳбари ҳисобланади. Бундан қаттиқ ранжиган Шавкат Йўлдошев Ислом акага мурожаат қилади. Давлат раҳбари  аралашганидан кейингина «20-02»  Олий Кенгаш раисига қайтиб берилади.
Ана шу гина кудурат ва аламзадалик ҳар иккаласининг ҳам қалбида маҳкам ўрнашиб қолади.
Кейинчалик Ўзбекистон Олий Кенгашининг Еттинчи сессиясида Йўлдошевнинг Мирсаидов тарафига ўтмаганига шу воқеа ҳам маълум маънода рол ўйнаган бўлса, ажаб эмас.
Хуллас, Шавкат Йўлдошев Мирсаидовнинг суст ва тарқоқ нутқидан кейин вазиятга қараб, «исёнчилар» тарафига ўтмайди.
Эркин Воҳидов эса буни ўзича мулоҳаза қилиб, сўзга чиқишдан воз кечади…
51. 
Шукрилла Раҳматовичнинг характерида сотқинлик йўқ эди. У Ислом Каримовга, унинг идеалларига хиёнат қилгани йўқ.
Аксинча, у сессиядаги журъатсиз нутқи билан, эҳтимол, ўз тарафдорларини бегумон ҳибс ва ҳақоратдан, тазйиқ ва жаҳолатдан қутқазиб қоламан деб ўйлаган бўлиши ҳам мумкин. Чунки у Ўзбекистондаги Еттинчи сессияга қадар бўлган сиёсий вазиятни яхши биларди. Қолаверса, у Ислом аканинг характеридан, феъли атворидан яхши хабардор эди. Президент буни кечирмаслигини эҳтимол англаб етган ва шунинг учун ҳам энг сўнгги дақиқада исёндан бош тортган бўлиши ҳам мумкин.
Хуллас, сотқинликни рўй рост бўйинга олиш бўлмади. Президент билан уларнинг ўртасида ўзъаро келишмовчилик –  низо нифоқ етилгани рост эди. Бироқ Мирсаидовда ГКЧПдан фойдаланиб қолиш кайфияти баланд эди. Янаям аниқроқ айтадиган бўлсак – ГКЧП кунлари унинг юзидан ниқоби тушиб қолган эди.
Шу маънода Каримовнинг қўли баландроқ эди. Қолаверса, уларнинг ўртасидаги дўстлик ипларини биринчи бўлиб Каримов эмас, Мирсаидов узишга киришди. Бу ҳам бор ҳақиқат. Бундан кўз юмиб бўлмайди. Қолаверса, буни кўплар яхши билади ҳам.
Ҳа, Еттинчи сессия бомбасини – аслида ГКЧП қўйган эди. Ўша кунларда Мирсаидов юрагини забт эта бошлаган – олий мақсадга етиш иштиёқи энди рўй рост юзага чиқиб қолди.
ГКЧП бўлмаганида – балки еттинчи сессия ҳам бўлмас эди…
52. 
Назаримда Мирсаидов ўз даврида ўз ўрнига тушган Бош вазир эди. Унинг айрим камчиликлари ва характеридаги жиззакилигидан қатьий назар у Ўзбекистон иқтисодиётини –  иқтисодиётнинг энг нозик ва кўпчилик мутаххассисларга ҳам маълум бўлмаган – энг қоронғу икир чикирларигача амалий жиҳатдан яхши биларди.
Шукрилла Раҳматович олимлар билан олим, арбоблар билан арбоб, савдогарлар билан савдогар, каззоблар билан каззоб ва керак бўлса, жиноятчилар билан жиноятчи бўлиб суҳбат қура олар ва уларнинг ичига кириб бора оларди.
Бироқ менинг назаримда, Шукрилла аканинг тақдир толеи кулиб боқмади. У мамлакатнинг юксак даражасига кўтарилган пайтда яна ўзи каби ўта қайсар ва бир сўзли, муомила ва муросани билмайдиган шахс билан унинг тақдир йўллари тўқнаш келиб қолди.
Бу икки шахс ҳукуматнинг турли қуйи поғоналарида ишлаб юришганида, улар бир бири учун жуда керак бўлган ҳолда дусту қадрдон бўлишганлиги сир эмас.
Бироқ ерда юрганда одам бир бирига муҳтож бўлгандаги ҳаёт бутунлай бошқа-ю, мансаб поғонасининг осмону-фалагида учиб, мамлакатга ва халққа осмондан туриб назар солиш даражасига етганда дўст ва қардон бўлиб қолиш – бу бошқа масала…
53. 
ГКЧП – Мирсаидовни Ўзбекистон раҳбари этиб тайинлаганида, у ўзини бу ўринга ростдан ҳам муносиб кўрганига шубҳа қилмаслик керак. Негаки, Шукрилла ака ҳам худди Ислом Каримовдек лидерликка интилиш бобида ундан кам эмас эди. Буни тўғри тушуниш керак.
Табиатан, Шукрилла Раҳматович узоқ вақт мамлакатда иккинчи одам бўлиб қолишга рози бўлолмасди.
Ҳар ҳолда менинг назаримда ГКЧП – Шукрилло Раҳматовичнинг бахтсизлиги бўлдии. Акс ҳолда Ислом ака билан улар ўртасидаги ҳамкорлик маълум муддат тинч ва осуда давом этиши мумкин эди…
 54.
Шу билан бирга ГКЧП кунларида Мирсаидов ўзини бир оз ноқулай сезганлигини ҳам айтиб ўтишимиз керак.
Бунга ГКЧП бўйича унинг ўринбосари этиб сайланган Анатолий Ефимовнинг сотқинлиги сабаб бўлган бўлса, эҳтимол. Бу Мирсаидовга қаттиқ таъсир қилганлиги шубҳасиз. Ефимовнинг бу сотқинлигини биз нимада кўришимиз мумкин?
У иккиланиб турган Мирсаидовнинг ҳам қўлтиғига сув пуркаб, уни илҳомлантириб, ГКЧП раислигини қабул қилишида иккинишига йўл қўймади. ГКЧП раисининг муовини сифатида Москванинг ҳар қандай топшириғига шай турди. Мирсаидов учун Каримовнинг функциясиин бажариб, республика раҳбарлигини қўлга олиш бир қадар саросима ва иккиланишларга сабаб бўлган бўлса-да, қудратли Марказқўмнинг иккинчи котиби унга қуллиқ қилиб, унинг ҳар бир топшириғини бажаришга шай турганлиги – ГКЧП раиси сифатида кенг қулоч ёйиб иш бошлашига замин ҳозирлади. Бу сотқинликни биз айнан мана шунда кўришимиз мумкин.
Лекин орадан мана қарийб чорак аср ўтгач, лойқаланган сувлар тиниб, ҳамма воқеаларга сокинлик билан назар ташлар эканмиз, Мирсаидов учун на Москва таклифи ва на Ефимов ишорасигина асосий рол ўйнабгина қолмай, ўзида ҳам республика лидерлиги учун қалбининг туб тубида ётган олий истак ва хоҳиш иродаси ҳам бўй кўрсатган эди. Буни эса, рўй рост айтганда, Каримовга нисбатан – кеча уни юксак олий мартабага эришувида асосий рол ўйнаган дўсти ва сафдошига нисбатан хоинлик деб атасак тўғри бўлади. Бу эса маълум маънода Мирсаидовнинг фожеаси эди.
ГКЧП кунлари Мирсаидовни Каримовга қарши қўйишда Москва Ефимов қўли билан катта жонбозлик кўрсатганини ана шу мисоллардан ҳам яққол билиш мумкин.
Ефимов Москва сиёсатининг барқарор туриши тарафдори эди. Чунки Ефимов ўзидан олдинги Марказқўмнинг иккинчи котиблари керак бўлса республиканинг биринчи раҳбари билан ҳамма масалада тенгма тенг овозга эга эканини яхши биларди.
Масалан, Рашидов даврида иккинчи котиб бўлган Титов – Шароф Рашидовнинг кўзини очирмасди. Унинг Қарорларини бузиб ташлаб, истаган масалада унга бир учи албатта Кремлга бориб тақаладиган муаммолар туғдириши мумкин эди.
Ҳатто Рашидовнинг 1961 йил Кубага қилган тўрт ойлик командировкасидан қайтишида Ўзбекистонда унга қарши «Давлат тўнтариши» ясашга ҳам муваффақ бўлади. Бу тўнтаришда республиканинг юқори мансабли раҳбарлари – Ёдгорой Насриддинова, Ориф Алимов ва Рафиқ Нишоновлар унга ҳамоҳанг, ҳамфикр ва ҳамкор бўлишган эди. Айни пайтда улар ўзларининг келажак тақдирига ҳам болта уришган эди.
Бундай давлат тўнтаришларини эса, табиийки, Москва ёқтирмас эди. Бундан хабар топган ўша пайтдаги СССР нинг биринчи раҳбари Никита Сергеевич Хручшев Рашидовни Бюро йиғилишидан телефонга чақириб:  «Фитначиларнинг ҳаммасини ишдан ҳайдаб юбор!» деб топшириқ беради.
Табиатан юмшоқ феъл ва мулойим табиатли Рашидов Хрушчевга: «Мен бу гапни айтолмайман…» дейди. Сўнг Хрушчев Титовни телефонга чақириб, «исёнчи»ларнинг тўрталаси ҳам ишдан ҳайдалганини маълум қилади…
Ўзбекистон Компартияси Марказий Комитетининг идеология секретари бўлиб ишлаётган Рафиқ Нишоновни – Цейлонга элчи қилиб юборади. Ўзбекистон Министрлар Советининг раиси бўлиб ишлаб турган Ориф Алимовни Москвага чақириб олиб, бир муддат “изолация”  қилиб қўйишади. Сўнгра осмондан парашютсиз ташлаб юборгандай «Сентросоюз» номи билан юритиладиган Савдо идорасига – бўлим мудири қилиб қўйишади.
Ўзбекистон Олий Совети Президиуми раиси Ёдгор Содиқовна Насриддиновага нисбатан эса “тарбия чораси” қўлланиб, ўз ўрнида қолдирилади. Лекин барибир кўп ўтмай, Шароф Рашидов Брежнев даврида ўз позициясини янада мустаҳкамлаганидан кейин опаЁдгор Насриддиновани Москвага “Кўтариб” – СССР Мллатлар Советининг Раиси деган “Номи улуғ, супраси қуруғ” вазифага узатиб қўйишади.
“Фитна”нинг бошқа иштирокчилари бўлган Марказком Бюро аъзолари Расул Ғуломов (Ўзбекистон Министрлар Совети раисининг биринчи ўринбосари) ва яна бир академик олим ҳам ўз вазифасидан бир неча поғона пастга туширилади.
55. 
Мен бу гапларни нима учун айтаяпман?
Шунинг учунки, Москванинг рухсатисиз, унинг кадрларини бўшатиш республика раҳбари учун катта жасорат эди.
Ана шундай бир пайтда Каримов Москва қўйган кадр – Мирқосимовни бўшатиб, унинг ўрнига Мирсаидовни қўйганидан кейин, улар орасида пайдо бўлган зиддиятдан, табиийки, Москва унумли фойдаланади.  Улар кейинчалик Мирсаидовда атай «Республиканинг биринчи раҳбари» бўлиш орзусини алангалатган бўлишлари ҳам мумкин.
ГКЧП эса кутилмаганда Мирсаидов қалбидаги бу пинҳоний орзу учқунини яшнатиб, қўзғаб юборган бўлса, не ажаб…
56. 
Мансаб ёмон нарса экан. Ҳамма унга талпинади.
Шунинг учун ҳам  адабиётчилар уни кўпинча чиройли хотинга ўхшатишади. Дўстлар ўртасида хотинга қиё боқмаслик мумкин. Лекин мансаб – ундан юқори туради. Унинг жилваси баланд.
Кўплар «Мен амални ёмон кўраман» дейди. Йўқ, бу нотўғри!
Шароф Рашидовнинг бу борада айтган яхши ва ибратли бир гапи бор: «Одамни синамоқчи бўлсанг, унга амал бериб кўр»… – деган.
Горбачев Мирсаидовга амал  ваъда берган эди. Мирсаидов ўшанда хўрозқандни кўрган гўдак каби ширин бир тамшаниб қўйган бўлиши, эҳтимол.
Ҳатто  у ўзининг бугунга келиб энг машҳур шиорга айланган: «Тиз чўкиб яшагандан кўра, тик туриб ўлмоқ афзал!» деган  машҳур сўзини айтганида ҳам – у бу сўзларни жуда қийналиб ва ниҳоятда зўр босим остида айтаётгани шундоққина кўриниб турарди.
Лекин барибир у ўзбек сиёсий саҳнасидаги икки лидер орасига кескин ва зиддиятли бурилиш ясаган чақириқ айтилган ва беш юз кишилик депутатлар ўртасига ташланган эди.
Айтилган сўз – отилган ўқ!
Зал бу сўзлар акс садоси остида бир зум мумдай қотиб қолди.
Агар адашмасам гулдурос қарсаклар бўлди. Зал қарсак чалар, Президиум эса бақрайиб нима қилишини билмай тошдай қотиб турарди.
Бир неча дақиқа нима бўлаётганини англаб олиш қийин эди. Нима бу Давлат тўнтаришими? Демократик ур-тўполонми, билиб бўлмай қолди. Ажратиб олиш қийин эди…
57.
Вазиятга қараб иш тутган Олий Кенгаш раиси Шавкат Йўлдошев гарчанд Москвага розилик берган бўлса-да, еттинчи сессиядаги қалтис вазиятга фаол аралашувга журъат қилолмади. Чунки Мирсаидовнинг «ўз ролини» мукаммал бажара олмаганлиги унинг ҳам шаштини сўндирган бўлса, ажаб эмас.
Охир оқибат – бу жўмбўшга якун ясаши керак бўлган буюк шоир ҳам ўз шаштидан орқага қайтганига биз юқорида тилга олган ҳоллар ҳам таъсир қилган бўлиши мумкин.
Хуллас, Мирсаидов сустлиги – Йўлдошевнинг фикридан қайтарган бўлса, Олий Кенгаш раисининг бу беқарорлиги – буюк шоир шаштини ҳам синдирган бўлса, не ажаб.
Бу гирдоб охир оқибат Мирсаидов гуруҳига қўшилган  салкам 150 нафар «инқилобчилари»нинг кескин мағлубияти билан тугайди…
58. 
Биз бу шўрлик мағлубларнинг кейинги аччиқ ва аламли,  фожеали қисматига ҳали қайтамиз.
Ҳозир эса Ислом Каримовга қадар  Ўзбекистонни бошқарган биринчи раҳбар билан ҳукумат раислари тақдирига бир назар солсак.
Ислом Каримовга қадар Ўзбекистонда ЦК билан СовМин ўзъаро олишганда, аксар ҳолларда партиянинг қўли баланд келган.
Ўзбекистоннинг биринчи раҳбари Усмон Юсупов билан СовМин раиси Абдужаббор Абдураҳмонов келишолмаганда, Сталин уларни Москвага – ўз дачасига чақириб, яраштириб қўйган экан. Лекин Абдураҳмоновга қарата бир гап айтган: “Усман Юсупов – это Усман Юсупов!” Бу аслида: “Сен ҳеч қачон Усмон Юсупов бўлолмайсан” дегани эди…
Кейин орадан маълум вақт ўтгач, уларнинг ҳар иккаласини ҳам вазифасидан олиш керак бўлганида, Усмон Юсуповни СССР пахтачилик министри қилиб тайинларкан, Абдураҳмон Абдужабборовни унга ўринбосар қилиб қўяди…
59.
Шароф Рашидов даврида Ориф Алимов – бир ярим йил, Раҳмонқул Қурбонов – 10 йил, Нормуҳаммад Худойбердиев эса – 14 йил СовМинга раислик қилишган. Ҳолбуки, уларни ҳам Шароф Рашидов билан ҳамиша ҳам жуда иноқ ва ҳамфикр бўлган деб айтолмаймиз.
Ислом Каримов олтита Бош вазир билан ишлади: Ғайрат Қодиров, Мираҳмад Мирқосимов, Шукрилла Мирсаидов, Абдуҳошим Мўталов, Ўткир Султонов ва ниҳоят – Шавкат Мирзиёев.
Бу жуда кўп, албатта.
Охир оқибат танлаб танлаб тозига – мисли кўрилмаган муттаҳам ва мафиозига йўлиқди. Мен ҳозирги Бош вазирни назарда тутяпман.
Бугун Ўзбекистондаги кўзбўямачиликнинг чеку-чегараси йўқ. Ҳар йили ишлаб чиқариш тўққиз фоизга ўсди деб Бош вазир оғиз кўпиртиришни хуш кўради. Ҳолбуки, инфлация бизда ҳукумат томонидан доим – “ноль” қилиб кўрсатилади. Ана шу “Ноль”нинг оқибатида 16 тийинлик буханка нон – бугун 650 сўм, бир тийинлик гугурт – бугун юз сўм, икки тийинлик ўқувчилар дафтари – 400 сўм ва ҳокозо.
Агар 1994 йилда янги ўзбек сўми муомилага киритилиши муносабати билан пул эквиваленти минг мартага қисқартирилганини эътиборга олсак, ушбу рақамларга яна учтадан “Ноль” қўшиб айтишга тўғри келади.
Шу нуқтаи назардан биргина трамвай, троллейбус ва метрони оладиган бўлсак, унда юриш нархи яқинда бир миллион сўмга чиқди.
Бугунги “бахтиёр” авлод биз яшаган совет даврида неча ўн йиллаб трамвай – 3 тийин, троллейбус – 4 тийин ва метрода юриш – 5 тийин бўлганига бугун ишонмаса керак. Ҳатто уруш йилларида ҳам Сталин ноннинг нархини ўзгартиришга рухсат бермаган. “Ноннинг нархини ўзгартириш учун Политбюронинг рухсати керак”лигини шарт қилиб қўйган экан. Уруш йилларида нон чек билан тарқатилган, бироқ нархи сақлаб қолинган. Бу нарх Полтибюронинг Қарорига киргани боис, совет давлатининг сўнгги кунигача унинг нархи ўзгармай қолди…
60.
Рўй рост айтганда, на чора – бағрикенглик етишмади устозимизда…
Агар у Мирсаидов билан келишиб ишлаганида мамлакатнинг иқтисодий аҳволи балки, бу қадар ғариб ва шармандали ҳолга тушмаган бўлармиди.
Шавкат Мирзиёев – Ислом ака ёт деса – ётади, тур деса – туради. Ва тўғри қилади.  Лекин Мирсаидов бундай эмас эди. У ўзи бош бўлган участкага ҳар кимнинг, ҳатто Ислом аканинг ҳам ҳуда-беҳуда аралашишига изн бермасди. Шунинг учун ҳам урилиб, кейинчалик сиёскат саҳнидан ҳам батамом сурилиб кетди. Мирзиёев эса, ҳаммасига сабот ва матонат билан чидаб, шу тариқа ўзини – бугунги – ўзи давлат раҳбари бўлган дориламон кунларгача асраб кела олди…
Менинг назаримда ҳукумат раиси агар ўз вазифасини пухта ва мукаммал билса, худди шундай иш тутиши лозим. Лекин бу демократик ва ривожланган  жамиятда мумкин. Каримов бош бўлган Ўзбекистонда эмас. Шу маънода Мирзиёев тўғри йўл тутган.
Давлат раҳбари ўз ишини, ҳукумат раиси – ўз ишини биргаликда келишган ҳолда қилиши керак…
 
61.
Президент Еттинчи сессияда ўзига қарши чиққан одамлар билан муроса қилиши мумкин эди. Лекин, минг афсуски, бундай бўлмади.
Шукрилла Мирсаидовдан тортиб – 150 нафар депутатнинг ҳаммаси бир рўйхатга олиниб, давлатнинг улкан репрессия машинаси ишга туширилди.
Мирсаидов ишдан олиниб, кўчага улоқтирилди. Кечагина мамлакатнинг иккинчи раҳбари бўлган обрў эътиборли одам роппа роса қирқ кун Ўзбекистон Олий суди маҳкамасида сўроқ жавоб билан суд қилинди.
Мирсаидовга – бошқа жиноятлар билан бир қаторда 25 000 тонна пахтани чет элга “ўзбошимчалик” билан сотганлик айби қўйилди.
Аслида Каримов билан Мирсаидов орасини ГКЧП бузганини олдин айтган эдик, яна айтамиз.
Бу икки дўст ва лидер орасидаги поезд йўлини Янаев ишдан чиқарган эди. Шундай қалин ва қудратли оғайниси СССР раҳбари бўлиб турган бир пайтда Мирсаидов ҳам Ўзбекистонда албатта, иккинчи раҳбар бўлиб қололмасди.
Дарвоқе, Янаев ва Мирсаидов дўстлиги ҳақида.
Янаев олдин СССР Профсоюзи – ВЦСПС нинг раиси эди. Улар Мирсаидов билан ўша пайтданоқ яқин бўлишган. Бирга ҳукумат дачаларида ва чет эл оромгоҳларида бир неча маротаба дам олишган, улфатчилик қилишган.
Тошкентга келганида Янаевга 25 000 тонна пахта совға қилинади. Ҳукумат раиси бўлган Мирсаидов Ўзбекистон Ташқи Иқтисодий алоқалар вазири бўлиб ишлаб турган Ўткир Султоновга айтиб, бу ишни амалга оширади.
Мен шу ерда воқеага бир аниқлик киритиб ўтишим керак.
Мирсаидов бу ишни ҳеч қачон Ўзбекистоннинг биринчи раҳбари изнисиз қилиши мумкин эмас, албатта. Ислом аканинг розилигисиз Ўзбекистон ҳудудидан 25 минг тонна эмас, ҳатто бир грамм ҳам пахтани четга чиқариш мумкин эмаслигини ким билмайди дейсиз?
Бу “қоида”ни  Шукрилла Раҳматович ҳатто судда ҳам бир неча бор такрорлаб: “Ҳурматли судья! Президент ҳам Ўзбекистон фуқароси саналадими? Мен Президент Каримовни эмас, фуқаро Каримовни суд мажлисига юзлаштириш учун чақиришингизни сўрайман!”  – дейди.
“Лекин “Фуқаро Каримов”ни судга чақирадиган мард топилмайди” – деб эслайди ўша суд мажлисида бошдан оёқ иштирок этган журналист Шароф Убайдуллаев……
 
62.
Кейинчалик мазкур маҳкама жараёни ҳақида таниқли журналист Шароф Убайдуллаев юқорининг топшириғи билан “Арбоб ва Шайтон” деган суд очкерки ёзади. У матбуотда эълон қилинади. Бу кечагина ҳукумат раиси бўлган, республиканинг иккинчи одами ҳисобланган Мирсаидов ҳақидаги қисқа фурсатда эълон қилинган иккинчи фелъетон эди.
“ГКЧП дан чиққан қаҳрамон” номли биринчи фелъетон эълон қилинганига ҳам ҳали ҳеч қанча вақт бўлмаган эди…
Нурали Қобулнинг бир сўзи бор: “Худо ургандан қўрқма – Пошшо урганидан қўрқ” деган. Шу тахлит Мирсаидов учун ҳаётининг аччиқ ва аламли кунлари бошланади.
Ўзбекистон ҳукуматида, Олий раҳбариятда ва куч ишлатар тизимларида унга яқин деб кўрилган барча кадрлар бирин кетин ишдан олиниб, ҳибс этилади.
Ўзи эса юқорида айтганимиздек, жиноий жавобгарликка тортилиб, юзи қора инсон деб эълон қилинади…
 
63.
Энди бевосита Еттинчи сессияда Мирсаидов тарафдори бўлганлар қисматига келсак.
Ўз даврида Шукрилла Мирсаидовга яқин кўрилган бу команданинг ҳар бир қадами ва фаолияти кейинчалик махсус ҳукумат комиссияси томонидан зимдан, қадамба-қадам, қаричма-қарич синчиклаб ўрганилди ва тадқиқ қилинди.
Яна такрор айтаман: Бу борада устозимизда бағри кенглик етишмади.
Еттинчи сессияда Президентга қарши чиққанлар батамом йўқ қилинди – кимлардир ҳибсда сирли ўлим топди, кимлардир хорижга – ҳижратга қочиб, жон сақлади.
Қолганлар ҳам Президент салтанатининг чорак асрлик сиёсий ва ижтимоий уммонлари ичра бирин кетин изсиз ғарқ бўлди.
Бугун гўё вақт ўтиши билан Президент атрофидаги мулозимлар  ўша сессиянинг силсиласини батамом кўмиб, стенограммасини ўчириб, йўқ қилиб  ташладик деб ўйлашади.  Ваҳоланки,  бу мутлақо кўмиб, ўчириб, йўқ қилиб  бўлмайдиган тарихий ҳодиса бу.
Сессиянинг ўзи қай даражада даҳшатли бўлса, унинг оқибатлари – ундан ҳам даҳшатлироқ якун топди. Агар ўша сессия қатнашчиларининг ўзлари бу фожеаларни ўз тиллари билан айтиб беришганида эди, ўз қўллари билан ёзиб қолдирганларида эди, “Қўрқинчли Теҳрон”дек бир китоб бўларди…
64. 
Агар Шукрилла Мирсаидовдек доно, ғоятда юксак тажрибали ва кўпни кўрган, кўпни бошидан ўтказган ва дадил айтиш мумкинки, мутлақо ўхшаши йўқ одам агар ўз бошидан ўтказган қора кунларини ўзи ёзганида, ўзи қоғозга туширганида борми, мен олдиндан аниқ айта оламан, бундай тарихий эссе – бутун дунёнинг мулки бўлиб қоларди.
Бир тасаввур қилинг – Ўзбекистондай улкан давлатнинг биринчи Вице Президенти ва  Бош вазири бўлиб дунёга танилган одам сал вақт ўтмай  Ўзбекистон Олий суди маҳкамасида – суднинг қора курсисида қирқ кундан ошиғроқ мулзам ва мағлуб бир ҳолатда мўлтиллаб туриши ва бунинг ниҳоясида уч йиллик қамоқ жазосига ҳукм этилиб, суд залидан амнистия қилинганлиги, шундан кейин бирорта ҳам рўшнолик кўрмай, аксинча, не не азоб уқубатга, хўрлик ва ҳақоратга душвор бўлганлигининг ўзи каттакон  ва серфиғон бир китоб бўлмасмиди?
Уйига ўт қўйилиб, портлатилиб, ўзи чўлу биёбонларда қип ялонғоч ташлаб кетилганлиги ва ҳокозо ҳакозо қийноқларга солинганлиги, агар унинг ўз қўли билан ёзилганида борми, бундай китоб бутун дунёга сабоқ бериш билан бир қаторда бугунги салтанат учун ҳам,  келажак учун ҳам ўзига хос «бомба» бўлиб қоларди…
 65.
Олий Кенгаш ноиби, халқ депутати Алижон Қўчқоровлар қанақа масхара қилинди. Охир оқибат – ишсизлик билан ўлиб кетди, шўрлик.
Бир пайтлар бу шижоатли ва жасоратли, дили пок инсон Ўзбекистон Компартияси Марказий Комитети қошидаги Атеизм институтининг директори эди. Бунга қадар эса Марказқўмда фан ва олий ўқув юртлари бўлими мудири эди. Янги тайинланган ЦК секретари Оқил Умрзоқович Салимов билан келишолмай, сўнг институтга директор бўлиб кетган.
Ислом акага қарши чиққанлардан яна бири Тойиба Тўлаганова эди. Фалсафа фанлари номзоди бўлган бу соҳибжамол ва оташин синглимиз ТошДУ талабаларига фалсафадан сабоқ берарди. Депутатликдан қувилиб, ишсиз қолиб охир оқибат сирли тарзда вафот этиб кетди…
Президентга қарши бўлган қашқадарёлик депутат Шовруқ Рўзимуродовнинг тақдири ҳам фожеали тугади. Уни Ички Ишлар вазирлиги ертуласида ўзини осди деб эълон қилишди. Ҳолбуки, мен уни яхши билардим ва у ҳеч қачон ўзини осадиган йигит эмас эди…
Буларнинг ичидан тириги – Жаҳонгир Маматов. У ҳам қочиб қутулди. Ҳозир АҚШда яшайди. Қолганлари -турмада.
Ўша еттинчи сессияда сўзга чиққанлардан яна бири –  сирдарёлик Ҳамза Эшазаров деган депутат эди.  Олий Мажлиснинг фан бўлимида ишларди.  Ақллик, кучли, ўқимишли одам.  Меҳнатобод район халқ маорифи мудирлигидан – мустақил депутат бўлиб сайланган эди. Бундай жасур ва фидойи инсонларни кўплаб келтириш мумкин.
Президент ўша одамлар билан муроса қилиши мумкин эди. Уларни ишлатиш керак эди. Рашидов Худойбердиевларни роса ишлатгани каби, Ислом ака ҳам уларни халқ манфаати йўлида ишлатиши мумкин эди.
Бағри кенглик етишмади устозимизда.  Бу Ислом аканинг катта хатоси. Ислом ака мана шу қасоскорлиги билан тарихда ёмон ном қолдирди. Ўлиб ҳам баъзилари қутулолмади…
Ўзини ниҳоятда сақлаб юрган Шуҳрат Нусратовлар ҳам шу кеча кундузда қамоқда – «Жаслиқ»да ётибди.
У еттинчи сессияда сўзга чиққанида Тошкент шаҳридаги Куйбишев, ҳозирги Мирзо Улуғбек тумани ҳокими эди.
Бугун – орадан йигирма йилдан зиёд вақт ўтиб кетгиндан кейин унинг ўша сессияда айтган гаплари нечоғлиқ ҳақиқатга айлангинини ҳаммамиз кўриб, билиб турибмиз.
У 1991 йилдаёқ  узоқни – Ислом Каримов характери билан боғлиқ ҳис ҳаяжонлар бизни қанақанги кўргуликларга дучор қилишини олдиндан башорат қилган экан. Бундан ҳайратланмаслик, ҳасратга тўлмаслик мумкин эмас…
Шундай мавқедаги гап сўзларни айтган йигит бугун қасдма қасд ҳибсда ушлаб турилибди. Бу – агар таъбир жойиз бўлса, мамалакатнинг, миллатнинг фожеаси бу.
Бағри кенглик етишмади устозимизда…
 
66.
Яширмайман,  Ислом Каримов тарафдори бўлган – мен учун, бутун умри давомида уни қўллаб қувватлаб келган бир инсон сифатида – бу иқрорга келиш жуда оғир, жуда аламли…
Биз юқорида фақат еттинчи сессияда Президентга қарши чиққанлар тақдири ҳақида тўхталдик. Умуман, унинг қаттиқ қўл ва тоталитар сиёсатига қарши чиққан халқ депутатлари, ҳокимлар, ҳукумат аъзолари ва зиёлиларнинг рўйхатини тузсак, бутун бир китоб бўлади.
Биргина Самандар Қўқонов ёки Мурод Жўраев тақдирини олиб кўрсак, Президентнинг қалби – нақадар кекли ва адоватли, қасоси – қанчалар кучли ва маломатли эканига гувоҳ бўламиз.
Тошкент вилоят нефти база ширкати раҳбари Самандар Қўқонов Олий Кенгаш сессияларининг бирида сўзга чиқиб, Президент олиб бораётган сиёсатни қатти танқид қилди. Танаффусда эса улар орасида кучли тортишув бўлди.
Не кулфатки, мен улар орасидаги ўша тортишувга ногоҳоний гувоҳ бўлиб қолган эдим. Улар қаттиқ жанжаллашдилар, охири ҳатто «сан ман» га ҳам бориб қолишди.
Кўп ўтмай Самандар аканинг қамалганини эшитдим. Ўзбекистон телевидениясидан у кишининг уйидан топилган камаз машинасига ортилган тўп тўп қолин гилам ва гулдор янги кўрпалар катта бойлик намунаси сифатида кўз кўз қилиниб, танқид нишонига айланди. Бу – тўқсонинчи йиллар бошидаги гап.
Бугун – 2014 йилнинг 25 июль оқшоми. Юқоридаги воқеаларга ҳам сал кам 24 йил бўлибди. Не тонгки, Самандар ака ҳануз қамоқда. Буни ҳеч бир нарса билан оқлаш мумкин эмас. Ҳатто одам ўлдирганлар ҳам бу орада неча ўн маротаба қамоқдан озод бўлишди. Лекин Президентнинг юзига ўз аччиқ ва бепарда сўзларини айтган одам чорак асрдан бўён озодликдан маҳрум…
Ёки Мурод Жўраевнинг аччиқ ва аламли қисматини олиб кўрайлик.
Тўқсонинчи йиллар бошида Горбачевнинг ошкоралик шамолларидан руҳланган Мурод ака ўзи раҳбар бўлган Муборак шаҳар ижроия қўмитаси бошланғич партия ташкилотини республикада биринчи бўлиб Қонун асосида тақиқлаган эди. Сўнг Олий Кенгаш депутати сифатида Президентнинг ашаддий танқидчиларидан бирига айланди.
У ҳам Еттинчи сессиядан кейин ҳибсга олиниб, қамалган эди.
Не кулфат ва не жаҳолатки, йигирма тўрт йилдан бўён у ҳануз қамоқдан чиқарилмаган…
67. 
 Тарихда, одатда адолатли ва бағри кенг шоҳлар  абадий яшаб қолади. Афсуски, бу ташбеҳ – Ислом акага тадбиқ этиб бўлмайдиган ташбеҳдир.
Ислом аканинг замондошлари –  дўстлари, сафдошлари ва биз каби шогирдлари – ҳаёт йўлимиз Ислом ака билан туташганидан бошимиз ғоятда осмонга етиб, кўкрагимизга урганимиз рост. Биз бундан фахрланиб, бу замоннинг энг бахтли одамларимиз деб энтикканимиз ҳам рост.
Лекин, минг афсуски, аслида ҳаёт йўли Ислом акага туташмаганлар бизга қараганда бахтлироқ экан.
Чунки, муҳтарам Президент атрофида бир иккита ўткинчи олчоқларни ҳисобга олмаган, бирорта дарахт кўкармади.
Кўкарса ҳам – узоққа бормади…
 68.
Бутун дунёга: «Дўстим ва курсдошим!» деб аталган собиқ Давлат котиби Раҳим Ражабов, «Мардлар ичра мард одам» деб мақталган биринчи ва охирги Вице Президент Шукрилла Мирсаидов, мустақиллик йилларида «Оқсоқоллар оқсоқоли» бўлиб танилган Бош вазирнинг биринчи ўринбосари ва Президентнинг ўнг қўли Исмоил Жўрабеков, Президентнинг идеология устунларидан бири бўлган Шаҳобиддин Зиёмов, академик Бахтиёр Назаров, шоир Усмон Азимов, кадрлар сиёсати бўйича Президентнинг чап қўли Мавлон Умурзоқов,  сўнгги йилларда Президентнинг кўзи ва сўзига айланган махсус хизматлар генерали Бахтиёр Ғуломов, кадрлар сиёсати бўйича Президентнинг бош маслаҳатчиси бўлиб, ўн йил давомида унинг тагига ҳали ҳанузгача қачон портлаши номаълум сон саноқсиз бомбаларни қўйиб кетган Темур Алимов, Ташқи Ишлар вазири Сарвар Азимов, мустақиллик йилларида Олий Мажлис раислари бўлган Мирзаолим Иброҳимов, Шавкат Йўлдошев, Эркин Халилов, Ислом аканинг ўзи топиб, ўзи кўтарган Бош вазирлар Шукрилла Мирсаидов, Абдухошим Мўталов, Ўткир Султонов, энг биринчи ва энг сўнгги Давлат назорат Қўмитаси («Госконтроль») раиси Мираҳмад Мирқосимов,  ҳуқуқни ҳимоя қилиш, куч ишлатар ва мудофаа тизимларида ишлаб, ўз пайтида салтанатнинг қалқони ва ишонч тиргаклари бўлган Зокиржон Алматов, Усмон Чинозович Худойқулов, Ўрайимжон Абдуғаниев, Рустам Аҳмедов, Баҳодир Қосимов, Абдусамад Полвонзода, Муҳаммад Бобир Маликов, Убайдулла Мингбоев, Равшан Ҳайдаров, Қодир Ғуломов, йигирма йил Президент атрофида  гоҳ вазир, гоҳ Бош вазир ўринбосари ва гоҳ вилоят ҳокими бўлган  Бахтиёр Ҳамидов, Козим Тўлаганов, Бахтиёр Олимжонов, Ўктам Исмоилов, не-не собиқ депутатлар, вилоятларнинг Қаҳрамон ва номдор ҳокимлари Қобилжон Обидов, Ислом Бобожонов, Маркс Жуманиёзов, Ёдгоров Дамир Солиҳович, Эркин Турсунов, Пўлат Абдураҳмонов, Темур Хидиров, Мирзажон Исломов, Бургутали Рапиғалиев, Сайфулла Сайдалиев ва бошқалар, ҳукумат аъзолари, министрларнинг тақдир йўллари Ислом ака билан туташгани боис давлат арбоби бўлиш билан бир қаторда – ҳаётлари аянчли ва бунинг оқибатида айрим ҳолларда – фожеали якун топди.
Балки, уларнинг ҳаёт йўли Президент билан тўқнашмаганида эди, кейинги  тақдир ва қисматлари мутлақо бошқача бўлармиди?!
69. 
Уларнинг асосий қисми ишдан урилганидан турли оғир касалликларга мубтало бўлиб, ёлғизлик ва хўрлик гирдобида яккаланиб қолдилар ва охир оқибат бу ёруғ дунёни тарк этдилар.
Ислом аканинг тарбия мактаби «ажойиб» ва жуда қизиқ. Кеча давлат арбоби ва Президентнинг сафдоши бўлган шахслар ишдан олинган заҳоти барча рўйхатлардан ўчирилиб, автоматик тарзда мухолифат рўйхатига киритилади. Умр бўйи топган обрў эътиборидан масуво этилиб, «яп-яланғоч» кўчага ҳайдаб юборилади.
Устознинг ғазаб қиличи – талабаликдан давлат арбоблигигача деярли фарзандидай кафтида ўстирган Алишер Мардиев ва Алишер Азизхўжаевларни ҳам бир кунда – кунпоякун қилди
Уларнинг аксар қисми умрининг сўнгги қисмида ана шундай ғаройиб «мукофот»га сазовор бўладилар…
 70.
Совет даврида – 36 ёшида Ленин мукофоти каби юксак давлат эътирофига сазовор бўлган, қарийб юз минг кишилик «Голодностепстрой» Бошқармасини оёққа қўйган, Ўзбекистон Компартияси Марказий Комитетида бўлим мудири бўлган, Жиззах обкомининг биринчи секретари ва ниҳоят Ўзбекистон сув қурилиши вазири бўлиб ишлаган Тўхтамиш Боймировнинг аччиқ қисматини олиб кўрайлик.
Мустақиллик йилларида Президентга  ўз таклиф мулоҳазасини дадил айта олган ягона вазир сифатида вазирлик рўйхатидан ўчирилган бу инсоннинг қисмати ҳали ҳануз аччиқ сабоқ сифатида эсланади.
Шанбада тугамаган мажлисни якшанбада давом эттиришга қарор қилинганда, Тўхтамиш Боймиров вазирлар ичидаги ёши энг улуғ оқсоқоли сифатида бир оғиз «Ислом ака, вазирлар ҳам одам, якшанбада бутун дунё дам олади» деган, холос. Шунда ҳукмдор унга: Сиз учун якшанбадан бошқа кунлар ҳам абадий дам бўлсин!» деб жавоб қайтариши давомида бир йўла вазирликни ҳам тугатиб қўя қолишган…
Ёки бўлмаса Эркин Турсунов, Ўктам Исмоилов, Рапиғали Бургуталиевлар «устоз» дан олган «мукофот»лари  эвазига «сахар»га мубтало бўлиб, ажалидан олдинроқ ўлиб кетишди…
 
71.
Улар ўлиб ҳам тинчимайди. Бир пайти давлатнинг таянчи ва суянчи бўлган қора рўйхатдаги арбобларнинг вафоти ҳақида оммавий ахборот ахборот воситаларига «чурқ» этишга ҳам рухсат берилмайди.
Ўзбекистондаги бошқарув сиёсатининг баъзи қирралари ростдан ҳам ажабтовур ва ғаройиб.
Айрим ҳолатларда матбуотда у ёки бу жонворларнинг ўлими ва йўқолгани ҳақида қатор қатор эълонлар чиқиб турган бир кунда – собиқ давлат арбобларининг ўлими ҳатто шундай «саховат»га ҳам  сазовор бўлолмайди.
Мана Сизга инсоннинг қадри  қиммати…
72. 
Шу маънода Шукрилла Мирсаидовнинг аччиқ қисматига уларнинг аянчли тақдири ҳам чамбарчас  боғлиқ деб айтиш мумкин.
Хуллас, мустақил йилларида қадр қиммат топган арбоб ҳам анқонинг уруғига айланди. Елкасига бир зар тўн ёпиб, пенсияга омон эсон узатилган раҳбарни сўнгги чорак асрда эслаш қийин бўлиб қолди.
Уларнинг айримлари балки ўз ўрнида Президентга қош қайириб, тош отгани учун Шукрилла акага ўхшаб, бу кўргиликларга мубтало бўлгандир.
Бироқ қолган асосий қисми – ўз вақтида худди мендек Президентнинг фаол тарафдорлари бўлиб ҳам қадр қиммат топмадилар.
Ана шуниси ғоятда ажабланарли ва ачинарлидир…
 73.
Президентнинг бу «марҳамати»дан ҳатто ижодкор ва зиёлилар ҳам четда қолмади: Одил Ёқубов, Эркин Юсупов, Аҳмаджон Мухторов…
Ҳатто ўзбек халқининг бағридан чуқур жой топган севикли шоир ва адиблар Эркин Воҳидов, Абдулла Орипов, Рауф Парфи, Ҳалима Худойберидева, Омон Матжон ва яна бир қанча юлдузларнинг ўз пайтида кўксига юлдузу орденлар тақиб, юксак унвонлар билан сийлаб, охир оқибат улар керак бўлмай қолганда – тақдири ер билан яксон қилинди.
Шерали Жўраев, Фаррух Зокиров, Юлдуз Усмонова, Дадахон Хасанов, Севара Назархон каби халқнинг абадий меҳри ва ардоғига сазовор бўлган санъаткорлар ҳам, алқисса, Президент марҳаматидан мосуво бўлдилар.
Ҳатто бир умр ижоди ва ҳаётини Президент олқишига бағишлаган оқсоқол журналистлар Зиёд Есенбоев, Мақсуд Қориев, Иброҳим Раҳим, Николай Тимофеев, Расул Раҳмонов, Рубен Сафаров,  Исмоил Сулаймонов,  ака ука Ислом ва Рустам Шоғуломовлар ўз меҳнатига муносиб қадр топмай, бу дунёдан юракда армон ва чандиқ  билан кетдилар.
Айни пайтда бу рўйхатни 20 аср охири ва 21 аср бошида яшаб ўтган ва яшаётган арбобу санъаткорлар, ижодкорларнинг 99 фойизига бемалол тадбиқ этиш мумкин. Фақатгина бир фойиз атрофидаги шахсларгина тақдири ва йўли Ислом Каримов билан туташмагани учунгина бу салтанатнинг  ғазабнок қиличидан ҳозирча омон қолдилар дейиш мумкин…
 
74.
Бу рўйхатни мен аввалдан тузганим йўқ эди.
Ушбу мақолани ёзиш ва тугатиш арафасида уларнинг номи ва рўйхати юрагимнинг туб-тубидан қўйилиб келди десам, ишонинг. Кимлардир бу рўйхатдан тушиб қолган бўлса, мени маъзур тутсинлар.
Ижокор дўстларим, журналист ҳамкасбларим ушбу рўйхатни тўлдирсалар ва қаердадир мен унутиб қолдирган шахслар номини рўйхатга киритсалар, бу беминнат ёрдамдан  миннатдор бўлар эдим.
Бу бизнинг ўтган аянчли ва қора кунларимиз тарихи учун ниҳоятда муҳим деб ўйлайман.
75. 
Бу қисмат ва ғазаб  қиличи – ўз даврида Президент парвонасига айланган ва бу телбаликни хорижда ҳам тарк этмаган  Исмат Хушевни ҳам четлаб ўтмади.
Бу қатағонни мен  ҳам ўз танамда синаб кўрганман. Шу боисдан бу оғриқ ва хўрлик мен учун ҳам бегона эмас.
Ислом Каримовга бир умр садоқатли бўлган мен каби не не сафдошу шогирдлар ана шу марҳаматнинг аччиқ ва аламли жароҳатидан бир умр баҳраманд бўлиб юришибди…
 76.
Шукрилла Мирсаидовнинг аянчли ва  фожеали тугаган аччиқ қисмати боис олис Канаданинг сирли ва сукунатли гўшаларида шу каби аламли туйғулар кўнглимдан ўтаркан, беихтиёр бир савол ўз ўзидан пайдо бўлади?
Тўртта бешта янги ўзбек олигархларини ҳисобга олмаганда ҳозир Ислом Каримов командасида кимлар қолди?
Мираброр ва Салимбойваччалар, Хайриддин Султон каби юмшоқ супургилар билан қаерга борасиз, Ислом ака.
Улар билан қулочингиз қаергача етади?
Ўзбекистоннинг Сиздан аввалги уч (Рашидов, Усмонхўжаев, Нишонов) нафар биринчи раҳбарни ўтказган ўнг қўл ва чап қўл ясовулларингиз билан  қаерга борасиз?
Бешинчи раҳбарга ҳам ёқиш учун улар бугун пластинкани тескарисини айлантиришга тайёр эмас деб ким кафолат бера олади?
 77.
Сиз билан нормал мулоқот қилиш нақадар оғирлигин биласизми, Ислом ака?
Сизнинг буюк талантингиз ва ўзига хос иқтидорингизга шак келтириш қийин. Бироқ, Сиз бирибир якка шахссиз, Ислом ака. Якка шахс эса ҳеч қачон минг қиррали бу дунёнинг барча сир асрорларидан, қанча истагани билан, воқиф бўла олмайди.
Афсуски Сиз ҳамиша ва ҳар қачон «Мен биламан!», «Менинг айтганим айтган!» деган ақида билан яшашга ўрганиб қолдингиз.  Шу боис Сизга бирор бир таклиф айтган ҳар қандай ижодкор – у хоҳ рассом бўладими, у хоҳ меъмор бўладими, у хоҳ ҳайкалтарош бўладими – балога қолиши муқаррар.
У шаксиз  Сизнинг ғазабингизга дучор бўлади.
Сизга оддий бир таклиф ва мулоҳаза айтиш ҳам мумкин эмас.  Сизга жузъий бир эътироз билдириш – оғзидан олов пуркаб турган аждарҳонинг оғзига ихтиёрий бош суқиш билан баробардир.
Узоққа бормайлик, мустақиллик йилларида ўз истеъдоди ва санъати билан ўзига хос ҳайкал қўя олган, ҳатто  Мустақил Ўзбекистон Гимни муаллифи, бетакрор истеъдод соҳиби Абдулла Орипов, буюк ҳайкалтарош Илҳом Жабборовлар тақдири бунга мисол эмасми?
20 йил салтанатингиз устуни бўлиб келган Рустам Иноятов 70 ёшга тўлганда –  бағридан қон, кўзидан ёш оқизиш шартмиди?
Ахир бу салтанатдан ҳам бирор бир арбоб соғ саломат, елкасига тўн ёпилиб, белига белбоғ боғаб,  пенсияга узатиладими?
Мен узоқ Канададаман, лекин Тошкентдаги дўстларим гувоҳлик беришича – соғ саломат меҳнат фаолиятини якунлаган арбобни ҳали мустақил Ўзбекистон кўргани йўқ.
Сиздан ибрат олган вилоят раҳбарлари ҳам, юқори ва қуйидаги бошқа раҳбарлар ҳам – вазирликлар, қўмиталар, концерн ва турли Бошқарма раҳбарлари ҳам бирортаси бу «финиш»га эсон омон, обрў – эътибор билан етиб келолганларини ҳеч ким эслайолмади.
Агар бўлса, айтинг, мен хатоимни тан олай!?
78.
Шукрилла Мирсаидовни, Сизга қарши бош кўтаргани учун  жазоладингиз, майли. Буни тушуниш мумкин.
Лекин бу лаънати жазони – жамиятда ишсиз ва эътиборсиз қолган бир бечора одам умрининг сўнгги дақиқасигача, энг охирги нафасигача қўллаш шартмиди?
Мирсаидовдан анча олдин бетакрор ўзбек журналисти, Сизнинг ғазаб қиличингизга дучор бўлган сафдош дўстингиз Аҳмаджон Мухторов ҳам ишсиз қолиб, миясига қон қуйилиб ўлиб кетди.
Сизга бир оғиз ёқмаган гап айтгани учун Тошкент вилоят Нефтебазаси ширкати раҳбари, Ўзбекистон халқ депутати Самандар Қўқонов, Сиздан узр сўрамагани учун Муборак шаҳар ижроия қўмитаси раиси, халқ ноиби Мурод Жўраевлар чорак асрдан бўён озодликдан маҳрум.
Улар йигирма – йигирма беш йилдан бўён Сизнинг бешафқат қаҳрингиз тимсоли бўлиб тиканли сим ортида ўз ўлимларини кутиб  яшаб юришибди.
Дунёнинг энг кекса маҳбуси сифатида БМТ ташаббуси билан яқинда қамоқдан озод қилинган Аҳмаджон Одилов, сал кам ўн йил умри турмада ўтган бетакрор ўзбек ёзувчиси Мамадали Маҳмудовларнинг гуноҳи нима эди?
Сизга бўлган ўз муносабатини шеърга солгани учун «Жаслиқ»қа ташланган исёнкор шоир Юсуф Жумани АҚШ талаби билан озод қилиш керак бўлганида, қамоқдан тўппа тўғри аэропортга олиб келиб: «Бор ўша Американгга!» деб денгиз ортига бадарға қилдингиз.
Нима, Ўзбекистон ростдан ҳам Сизнинг маҳрингизга тушган юртми, Ислом ака?
Ҳатто ўша Еттинчи сессияда Мирсаидовни ҳимоя қилиб, Сизга қарши гапирган ва бу бежилов ҳатти ҳаракатингиз билан Ўзбекистонни Сизга бериб қўйиб бўлмаслигини очиқ ойдин айтиб, бизни огоҳлантирган Олий Кенгаш депутати Шуҳрат Нусратов ҳам бугун «Жаслиқ»да.
Ўн беш – йигирма йил нафратингиздан қочиб, барибир қутула олмади шўрлик…
 
79.
Наҳотки шу қасоскорликни йигирма беш йилдан бўён каттакон бир мамлакатни бошқараётган Сиздек «Бағри кенг, мард ва танти, меҳрли, муҳаббатли»  – подшоҳ, «Эл суйган» – ҳукмдор қилаётган бўлса?
Менинг бунга сираям ишонгим келмайди, Ислом ака.
Ахир подшо одам ростдан ҳам бағри кенг, раҳм шафқатли, кечиримли бўлиши керак эмасми?
Ғазаб қиличингиз дамидан бевақт ўлим топган ёки бугун ҳибсда қолаётган  мухолифларингиз бепоён  салтанатингизнинг бир четида умргўзаронлик қилиб юришса, қудратингиз камайиб қолармиди?
Ёки улар салтанатни Сиздан тортиб олишардими?
Не-не жаҳонгир ва машҳур ҳукмдорларга вафо қилмаган бу тахт, бу салтанат – наҳот Сизнинг пешонангизга абадий ёзиб қўйилган деб ўйласангиз?
Бу дунё шоҳга ҳам, гадога ҳам тенг эканини ким ким – лекин Сиз яхши билишингиз керак эди-ку!  Умр ҳам, тож тахт ҳам ўткинчи эканини наҳотки  унутган бўлсангиз, Ислом ака!?
Ахир ўзингиз бир пайтлар менга ўзгалар фикрига қулоқ солиб яшаш – ақлли ва доно одамнинг иши деб айтган эдингиз-ку. Эсингиздами, Москвада – СССР халқ депутатларининг 1- сеъздида  Россия меҳмонхонасидаги Сизнинг номерингизда Аҳмаджон Мухторов билан тортишиб қолганимда: «Биргина Сиз ҳақ-у, бошқалар ноҳақ-ми?» деб менга танбеҳ берганингиз…
Нега энди  бир пайтлар менга айтган ўша доно сўзларингизга бугун ўзингиз амал қилмай қўйдингиз?
80. 
Мирсаидов катта арбоб, катта шахс эди.
Уни оғир ва мураккаб, лекин шарафли ҳаётини биргина бизнинг хотираларимиз гирдобида тушуниш мумкин эмас,  албатта.
Шукрилла Мирсаидов билан ўсган – улғайган, бирга ишлаган, умргўзаронлик қилган дўстлари, сафдошлари ва шогирдлари бизнинг бугунги камтарона хотираларимизни тўлдирадилар ва янада бойитадилар деб умид қиламиз.
Мирсаидовдек улкан ва буюк шахснинг ғоятда мураккаб кечган умри ва ҳаёти ҳақида келажак авлодга у ҳақдаги бор ҳақиқатни тўлароқ ва мукаммалроқ етказиш – унинг тақдир йўлини яхши биладиган дўстлари, сафдошлари, шогирдлари ва барча замондошлари зиммасига ана шундай теран бир масъулият юклайди.
СЎНГ СЎЗ ЎРНИДА:
Ўтган йили  Тошкентда бўлганимда, мен ғоятда ҳурмат қиладиган журналист Шароф Убайдуллаев Мирсаидов ҳақида сўз кетганда – унинг хонадонига фотиҳа учун боришимни билгач, «Исматжон, тўғри қиласиз, албатта боринг» деганида мен аввалига унчалик тушунмадим.
Чунки бу инсон ўз ихтиёридан ташқари бўлса-да, Шукрилла Мирсаидовнинг Ўзбекистон Олий Маҳкамасидаги судида қирқ кун иштирок этган ва у ҳақда ягона суд очеркини ёзган инсон эди.
Шунга қарамай, у мени Мирсаидов хонадонига боришга рағбатлантириш билан бир қаторда, ўзи ғайри ихтиёрий оҳангда қулоғимга шипшигани ҳамон ёдимда: «Мирсаидов ҳақидаги суд очеркига сўнгги нуқта қўйилгани йўқ, Исматжон. Бу гапларни айтиш ва ёзиш имкони бўлмаган. Бу очеркнинг  цензураси ҳам – алоҳида цензура эди. Бу цензуранинг дастхатлари ҳамон сақланиб турибди. Бунга қайтиш учун ҳали вақт етишмади.  Мирсаидов ҳақидаги бор ҳақиқатни айтидаган кунлар келади…»
Ўшанда журналистнинг сўзларида Мирсаидовга нисбатан ачинишга йўғрилган ғамгин бир оҳанг билан бирга – унинг кўзларида қатьий бир шиддат ва учқун ҳам кўргандим.
Шароф Убайдуллаев ҳақ гапни айтди деб ўйлайман.
Унинг ўлими муносабати билан уйига – фотиҳага борганимнинг тўла тафсилоти “Оқланмаган ишонч қиссасининг “Тошкентга саёҳат” номли тўртинчи китобида батафсил ҳикоя қилинади.
Мирсаидов ҳақидаги ҳақиқатни тўла ва баралла айтадиган вақт ҳам бир кун келади албатта. Мен бунга ишонаман.
Бу кунлар узоқ эмас!
Исмат ХУШЕВ,
“Дунё ўзбеклари” Бош муҳаррири,
Торонто шаҳри, Канада
1 август, 2014 йил, Торонто шаҳри, Канада.
мирсаидов 5
Суратда: “Дунё ўзбеклари” Бош муҳаррири Исмат Хушев Мирсаидов хонадонида… 2012 йил, Тошкент шаҳри.
…Томоғимга аччиқ бир нарса келиб қадалди. Ўзимни зўрға босиб, одатда таъзия пайти ўқиладиган суралар тугагунча, чидаб ўтирдим. Ғам ва алам билан ўқилган мискин оят суралари тугар тугамас, кўксимдан муҳожирликда ўтган сўнгги ўн йилликдаги барча оҳу-фарёдларим, дарду изтиробларим армон бўлиб, фиғон бўлиб, кўз ёш бўлиб отилиб чиқа бошлади.
мирсаидов 2
Мен ўзимни қўлга ололмай очиқ-ошкор йиғлар эдим. Дилбар опа ҳам менга қўшилиб тўхтамай йиғларди…
мирсаидов 3
Мен ҳаётнинг нега бундай бешафқатлигидан, сиёсатнинг  –  жафолигидан, дўсту ёрнинг – бевафолигидан ҳеч ўзимга келолмасдан – ўксиб ўксиб йиғлардим…
 Тошкент, январь, 2013 йил
Шукрилла Раҳматович Мирсаидов хотирасига
Исмат Хушев
Бугун эрта тонгдан қаддимиз долдир,
Йўқотиб қўйдик биз Шукур акани.
Унингсиз ёд этиш амри маҳолдир,
Ўзбекистон номли республикани.
Бугун юракларда ўксик бир алам,
Қаддимиз букилди, бошимиз эгик.
Бизни ташлаб кетди – биз сотган одам,
Ҳали яшашидан умидвор эдик…
Не сабаб бунчалар номардсан, ҳаёт!
Сен қайга бош олиб кетдинг, диёнат!
Биз буюк бир зотни йўқотдик, ҳайҳот!
Улуғ бир инсонга қилдик хиёнат!
Газетлар – сукутда, радиолар – жим,
Зангори экранда – шўхчан тарона.
Улуғ инсон ўлди, билмайди ҳеч ким,
Ҳамма бахтдан масрур, шоҳга парвона.
Нега ҳақ деганнинг қисмати хароб,
Шунча чексизмиди ундаги сабр.
Йигирма икки йил чопгани – сароб,,
Ва охир оқибат топгани – қабр…
Шундоқ ўтиб кетар экан, во ажаб,
Бир ҳовуч кул бўлиб – ўт ва исёнлар.
Энди биздаги бу сотқинлик сабаб,
Қайта туғилмайди бундай инсонлар…
Тошкентнинг мўъжаз бир қабристонида,
Мард, танти, бўйсунмас бир зот кўмилди.
“Тиз чўкмай, ўлмоқлик” аҳд-паҳмонида,
Шоҳга тик боққан кўз мангу юмилди…
Бугун эрта тонгдан қаддимиз долдир,
Йўқотиб қўйдик биз Шукур акани.
Унингсиз ёд этиш амри маҳолдир,
Ўзбекистон номли республикани…
2 сентябрь, 2012 йил, Канада

 Мирсаидов аэропортда

Суратда: Ўзбекистон Компартияси Марказий Комитетининг биринчи секретари Ислом Каримов Ленинград шаҳри ҳокими Анатолий Собчакни Тошкент аэропортида кутиб олаётган пайт.
Кейинги планда Ўзбекистон вице Президенти Шукрилла Мирсаидов, Тошкент шаҳар ҳокими Адҳамбек Фозилбеков ва Анатолий Собчакнинг ташқи иқтисодий алоқалар бўйича ўринбосари, Россиянинг бугунги Президенти Владимир Путин…
1990 йил, Тошкент шаҳри.
Тамом
Исмат ХУШЕВ,
“Дунё ўзбеклари” Бош муҳаррири,
Торонто шаҳри, Канада
1 август, 2014 йил, Торонто шаҳри, Канада.

16 шарҳ

  1. Мамаёкуб Хамраев

11.07.2014 at 09:00  (Edit)

Яна бир бор офарин Исмат ака!

Чорак асрлик тарихимизга бундан ортик холис бахо бериб булмайди чамамда.Сунгги пушаймон,узингга душман дейишган, машойихлар. Аммо лекин хали хам кеч эмас, юртимизда оламшумул узгаришлар, яратувчилик ва адолат булоклари кузларини очиб юбориш лозим, шарт ва жуда хам зарур. Хамма сохаларда минглаб, миллионлаб юртдошларимиз интизорлик билан кутишмокда, узгаришларни. Шукрулло Мирсаидов масаласида эса, хак гапни ёзгансиз, хакикат учун курашни бошлаган экан, нима киларди ярим йулда аравани ташлаб кочиб. У кишига ишонган минглаб рахбарлар такдирига бефаркликдан бошка нарса эмас ва айтганларидек тик туриб улдилар, бундан кимга фойда, кимга зиён, тарих бахо бераяпди. Ушбу бетайин харакатлари билан, Ислом Каримовни бир гурух луттивозлар даврасида колдириб кетганлари ва ушбу кимсалар то бугунги кунларгача “мамлакат ва халк такдири, президент обруси” жонкуярлари сифатида курилиб, вазиятдан узларининг фойдаларига ута унумли фойдаланишди. Президентга “кийимингиз жуда ярашибди” хушомадлари билан, бугунги катта кучага, бугунги холатларига олиб чикишдики.

АНА ЭНДИ ХАММАМИЗ ТОМОШОБИН, ХАКИКАТНИ АЙТАР ИНСОН ЙУК!!!  МИРСАИДОВНИНГ ЭНГ КАТТА ХАТОСИ, ХАЛК БАХТИ УЧУН КУРАШИШ КЕРАКМИ, КАРИМОВ БИЛАН БИРГА КУРАШИШ ЛОЗИМ ЭДИ, ДУШМАНЛАР КУРШОВИДА КОЛДИРИБ КЕТИШ, БУ МАРДЛИК ЭМАС. ХАТОЛАРИНИ КУРА БИЛГАН БУЛСАЛАР, ОХИРИГАЧА ТУГРИ ЙУЛГА СОЛИШ ХАРАКАТЛАРИНИ КИЛИШЛАРИ ЛОЗИМ ЭДИ.

”МЕН БИЛАН ЁКИ КАРИМОВ БИЛАН ИШЛАНГЛАР”ДЕЙИШ БУ НОТУГРИ ВА АСОСИЙ ЖАБР ОДДИЙ ХАЛК ТАКДИРИГА ТУШДИ.

REPLY

  1. Otabek Toshev

10.07.2014 at 22:32  (Edit)

1990 йиллар бошида студент ёшлар етакчиларидан бири сифатида икки мартаба Шукрулло Мирсаидов билан учрашганмиз. Бу инсонни очик жасоратли,гайратли хеч кимга буйсинмаслиги шундайгина харакатларидан билиниб турарди. Шунда у киши ёшлар фаолларидан бир нарсага аниклик киритишни суради.”Мен билан ёки Каримов билан ишланглар” деб масалани уртага куйган эди. Демак, бу гаплар бекорга айтилмаган. И.Хушев ёзаётган хотираларга шахсан мен мутлоко кушиламан Мирсаидовни яхши билганим учун.

  1. Исматжон! Таъзимдаман! Маколани укиб, унинг холислигидан, очиклигидан, батавсиллигидан ва Сиздаги бу шижоатдан жуда таъсирландим. Келгуси ишларингизда омад ёр булишини Яратгандан сураб коламан.

    Васила

  2. Юртимиз тинч, уйимиз обод ОЛЛОХ Га шукр килиб яшаш керак! Ислом Каримов 91йилдан то хозиргача 2014 йилгача тинч урушсиз саклаб келганига шукур килмайсанларми? Президентни емонлашни ким куйиб дни сенларга. Штучна йил утгандан кейин Энди нимага керак бунака гапларни! Беайб парвоардигор!

  3. МУХАММАДБОБУР

    Отангизга РАХМАТ!!! Илохим жойлари жаннатда булсин!!! “Ёмондан ё кочиб кутил ё улив” КАримов-“БАРАКАТОПКУР!!!” Сиз ёзганларни укирмикин Уни УзбКПни 1секратари
    булишига Андижон ва Сурхондарё область 1 секретари б/б ишлаган Солижон Мамарасулов Горбачовга тавсия килган экан мен бу гапни Хужаобод р/н Ленинизм к/зда узок йил раис булган Улуг ВАТАН уруши ветерани Назир Сулаймоновдан шахсан эшитганман У Узбекистонни бутун дунёга шарманда килиб булди Узвекни магрур бошини эгди кул килди

  4. M*tabar Axvedova

    Шукурулло Мирсаидов тўғрисида ёзилган илиқ сўзларга дилдан қўшиламан, бошқа изоҳга ҳожат йўқ! Оҳирати обод бўлсин. Биз Шукурулло ака риҳлатга юз тутгуенларига қадар, ҳар йили, 1-2 маротаба учрашиб, фикр алмашиб турар эдик. Аммо ўлимлари олдидан бир йил учрашаолмадик, аммо ҳар 2-3 ойда телефон орқали сўзлашиб турар эдик. Хатто мудхиш хабардан 2 кун олдин ҳам телефонда суҳбатлашган эдик.

  5. Талант Александеров

    “Шоҳ хизмати 2 тоифа одам учун яхшидир: биринчиси – ҳийлакор ва жасур одам учун; бундай одам ўз жасурлиги билан мақсадга етиб, ҳийла билан жонини қутқаради, иккинчиси – нодон ва қўрқоқ одам учун, бундай одамлар хўрликлар ва таъналарга чидайверади, ҳеч вақт хурмат қозониш, шон шуҳратга эга бўлиш хақида ўйламайди. Шунинг учун бошқалар унга хасад қилмайдилар… Шоҳга содиқ бўлиб, самимий ва тўғри хизмат қилишни истаган, шоҳни хиёнат ва суиқасдлардан муҳофаза этиб, унинг саройини риёкор ва фитначи мулозимлардан тозаламоқ орзусида бўлган кимсанинг иши яхши юришмайди, у даврон суролмайди. Унга дўстлар хасад қиладилар, душманлар бало ўқларини ёғдирадилар. Ичи қора дўст билан ёвуз душман бирлашса, ҳасад билан адоват қовушса, одамни ҳалок этади. Унинг ҳурмати, шон ва шуҳрати кўкларга чирмашган бўлса-да, эртами кечми, йўқ бўлиб кетади…”. “Калила ва Димна”дан

  6. Ассалому алайкум Хурматли Исмат ака! Энди эса минг бор ОФАРИН!!! Ушбу тарихий, тахлилий, хакикий ва хакконий асарингизнинг якуний боскичи чорак асрлик тарихимизга тенгсиз бахо берибдурким, бунга хеч бир зот эътироз билдира олмайди деб уйлайман. КИРFОКНИ СУВ БУЗАДИ, ОДАМНИ – ОДАМ БУЗАДИ ДЕЙИШГАН МАШОЙИХЛАР, сиз Ислом Каримов хакида яхши гапларни хам ёзгансиз, жуда чукур тахлил килиш лозим буладими дейман, бир пайитлар мехрибон рахбар булган бир инсон, йиллар давомида кимларнинг таъсирида “ЯЛАНFОЧЛАНИБ” булди, бугунги кунда давлат ва халк тинчлиги гарови деб уйланаётган пукак устун тирговучлари кимлар ва бир инсоннинг чорак асрлик подишохлик даврини бир пулга киммат килиб тарих боткогига иргитадиган бу кандай кимсалар. Улар хакида кейин мемуарларда ёзилса, албатта кеч булган булади. Бугунги кунда ёзилса Ислом Каримов ишонмайди менимча. БОШИ БЕРК КУЧА деганлари шу булса керак! Жуда хам тугри ёзгансиз, бугун ёнларида 3-4 тагина луттивозлари билан колдилар ва худди кугирчок уйинининг узи. Яна бир куз юмиб булмайдиган хакикат бор. Рустам Иноятов кетса, Каримов хам кетади. Бу тарихий хакикатни 1952 йилнинг охирида Сталинга 20 йил садокат билан хизмат килган генерал Власик айтган эди ва бу гапни кейин тарих исботлади! Аммо шу сафар Рустам Иноятов мансабида кололса, хакикат учун чин дилдан курашади, Каримовнинг столида делолар колиб кетмайди деб уйлайман.
    Хурматли Исмат ака, бу юртнинг косалари лиммо-лим булди, мард углонлари армонлар билан улди. Сиз нашр килаётган маколалар учун хам канчалар зугумлар булаётганлиги сайтдан сезилиб колмокда аммо шундай булса хам нашр килишга шарт бойлаб улкан аждар билан беллашмокдасиз, мустакул давлатимизни мустакил булиши сизнинг орзу армонгиздир! Миллионлаб хамюртларимизнинг умиди сизда булгани каби, хаттоки махсус хизматлар ва куч ишлатар тизимларнинг инсофлик, ватанпарвар ходимлари умиди хам сиздан. Не ажабки, менга ёрдам бермокчи булаётган орган ходимлари айрим пайтлар менинг узимдан “нима янгиликлар бор” деб сурашади. Бундай чалкаш давлат, сирли давлат, ажойиб ва гаройиб давлат, гузал ва жафокаш мамлакат ер юзида бошка йук. Сизнинг ёзганларингиз Ислом Каримовгача етса, яхши томонга узгаришлар албатта булади, чунки юрак тубидан олиб ёзилган. Ижодингизга омад тилаб укангиз Мамаёкуб Хамроев

Leave a Reply
*