Menu
Categories
Аҳли Расул Муҳаммад: ИСНОД (Драматик достон)
03/18/2019 Адабиёт

ИСНОД

(Драматик достон)

Қатнашувчилар:

БОБО ОВОЗИ

БУВИ ОВОЗИ

ОТА

ОНА

ЎҒИЛ

ИККИНЧИ ОНА

ҚИЗ

ШОФЁР, «ТЕЗ ТИББИЙ ЁРДАМ» ВРАЧИ ва бошқалар

I ҲОЛАТ

Пешайвони ойнаванд уй. Ҳовли юзини хазонлар қоплаган, тартибсиз. Чап томонда темирдан ясалган гараж. Ҳовли ўртасидаги супада О т а ёлғиз ўтирибди.

ОТА

Дунёнинг ёлғони, рости бор экан,
Унинг баландию пасти бор экан.
Уқубат келаркан роҳатдан кейин,
Ғаму ғурбатимни мен кимга дейин?
Бу кун ҳақ истасам, ҳақиқат йўқдир,
Ҳақиқат қаёнда, тариқат йўқдир!
Наҳотки ўз ўғлим, пушти камарим,
Дунёда орттирган танҳо самарим,
«Ўғлим!» деб чақирсам, «Сиз кимсиз?» деса,
Бағримни нимталаб пичоқcиз кесса?!
Ахир мен отаман, не бўлганда ҳам…

(Овози бўғилиб, жим қолади. Назарида ўз отасининг овозини эшитгандек бўлади)

БОБО ОВОЗИ

Сенга қийин бўлди, бечора болам.
Лекин набирамда – ўғлингда айб йўқ.
Илло, бу тўғрида менинг кўнглим тўқ.
Мен уни бешикда кўргандим сўнг бор,
Ётарди уч кунлик ойдек беғубор.
Сен-чи, ўзингдан кўр барча сабабни,
Фарқ этмай яшадинг гуноҳ, савобни.
Кирар эшигингни қаттиқ ёпдинг сен,
Айт, бундан не мурод, мақсад топдинг сен?
Неча бор огоҳим эшитган эдинг,
Кўксимдаги оҳим эшитган эдинг.
Лекин қулоғингга олмадинг асло,
Ўзинг билган йўлдан қолмадинг асло…

ОТА

(Хаёлан сўзлашади)

Сендан розиман, деб юмгандингиз кўз,
Бу яна не шева, бу яна не сўз?

БОБО ОВОЗИ

Тўғри, мен сўнгги бор нафас қилгандим,
Қобил бир ўғилни ҳавас қилгандим.
Сени қийнамоқни қиймади кўзим,
Аслида қарз эди ул айтган сўзим…

ОТА
(Хаёлан сўзлашади)

Агар ул қарз бўлса, узганман чоғи,
Сизга маълум эмас балки бу ёғи.
Элдан ортиқ қилиб кўмганман, шукур,
Мармартош қўйганман мисли оппоқ нур.

БОБО ОВОЗИ

Ҳа, қўйдинг ўзингни кўрсатмоқ учун,
Оғзингни тўлдириб сўнг айтмоқ учун.
Менга-чи, керакмас на мармар, на зар,
Марҳум хаёлларим йўқликда кезар.
О кошки, тошингдан кўнглим тўлсайди,
Шу тош каби сен ҳам оппоқ бўлсайдинг…
Бас, етар, ўзингни фош қилма, болам.
Қалбингни совуқ бир тош қилма, болам,
Тириклардан ортиб, марҳумларнинг ҳам
Кўзларини энди ёш қилма, болам.
Мухтасар сўзим шу: сендан ҳам кўпроқ,
Ғамхўр бўлди менга шу қора тупроқ!..

ОТА

(Сесканиб, ён-атрофга қарайди)

Тавба, бу тушимми, ўнгим, эй фалак,
Тўхтаб қолдими ё мендаги юрак?

(Кўкрагини пайпаслаб ушлаб кўради)

Чол норизо экан… бўлиб шу асос,
Наҳот қайтаётир энди ал-қасос?
Наҳот оқибатда овора бўлсам?
Кимсасиз ғарибу бечора бўлсам?
Қора куним етиб, ўчганда чироқ,
Наҳот ҳеч ким тортмас устимга тупроқ?
Айбим – давр суриб, айш қилганимми?
Ўз роҳатим ўйлаб, иш қилганимми?
Йўқса, мен дунёга не учун келдим?
Не учун югурдим, не учун елдим?
Бироқ, ўғлимни ҳам унутмадим-ку,
Топганимни танҳо, тоқ ютмадим-ку!
Юбориб турганман ақча, усту бош,
Бешик тўйин қилиб, тарқатганман ош.
У бу кун танимас турсам ёнида,
Ахир қоним бор-ку унинг қонида!
Қиёмат дегани шул бўларми ё?
Ер ёниб бутунлай кул бўларми ё?

(Яна бўғилиб, жим қолади. Энди ўз онасининг овозини эшитгандек бўлади)

БУВИ ОВОЗИ

Қийнама ўзингни, эркам, арслоним,
Кайфинг бузилмасин зарра ҳам, жоним.
Сен майда эмассан, ахир йириксан,
Марҳума бахтимга, шукур, тириксан.
Шопдек мўйловингни тарайвер, ўғлим,
Ўлжага бургутдек қарайвер, ўғлим.
Беҳуда ўксиниб асло букилма,
Вақтинг етмай туриб тутдек тўкилма.
Фарзанд – чўнтагингдан тушган бир чақа,
Майли қолаверсин – бошдан садақа.
Изига қайтмагай ҳеч қачон арслон,
Бола топилади, бош бўлса омон.
Ўз жонинг тинчини ўйлагин доим…

ОТА

(Хаёлан сўзлашади)

О менинг меҳрибон Момоҳавойим,
Ўттиз йил бўлди-ку кетганингизга,
Жаннат қучоғига етганингизга.
Энди ул сиз кўрган чаман қайдадир,
Миниб юрганларим – саман қайдадир.
Сиз берган темиртан қанотим синди,
Бойликдан орттирган довруғим сўнди.
Эҳтиёж сезяпман энди боламга,
Устун бўлолмайман ахир оламга.
Бошқа фарзанд топиш амри маҳолдир,
Вужудим мисоли қуриган толдир.
Ўйласам, ўтибди умримнинг ёзи,
Бу кун бошланмоқда қиши, аёзи.
Ҳайқириб сургандим у кун сафолар,
Унсиз чекмоқдаман бу кун жафолар.

БУВИ ОВОЗИ

Жафо не? Жафони ўзгалар чексин,
Сенга келган бало бошқага тегсин.
Арслоним, бошингни асло хам қилма,
Айшингни бутун эт, мудом кам қилма.
Беш кунлик дунёдан бўлгил баҳраманд,
Сен асли баландсан, баланд бўл, баланд!

(Кучли ларза билан яна Б о б о овози эшитилгандек бўлади)

БОБО ОВОЗИ

Мияси суйилган, э шаддод кампир,
Жа осмон бўлсанг ҳам ўйлаброқ гапир.
Боланг сенга бўлса қанчалар оппоқ,
Ахир мен учун ҳам у равшан чироқ.
Ҳалоллик турганда, ҳаромлик нечун?
Тўғрилик турганда, ғирромлик нечун?
Сен унинг пойига болта урмагин,
Сўнг пушаймон бўлиб дод деб юрмагин.
Ҳали ҳам бўлганча бўлиб қолмоқда,
Қилиқ-қилмишининг ҳақин олмоқда.
Барчадан айрилиб, қолди тоқ, тақир,
Ортиқ фожиа йўқ бундан ҳам, ахир.
Чизган чизиқларинг ниҳояси бу,
Берган ўгитларинг тим сояси бу!..

БУВИ ОВОЗИ

Гуноҳ бизга бўлсин, савобни олинг,
Қуруқ савоб билан боринг, йўқолинг!
Оч қолар агар ким тўғрилик қилса,
Кўринг, бол ялайди ўғрилик қилса.
Мен туфайли сизнинг дам уришингиз,
Ҳассага суянмай ғоз юришингиз.
Гапимга кирганлар топмайди зиён,
Хуллас, сиз жим туринг, эй қари шайтон!

(Овозлар тинади)

ОТА

(Ўзини ўнглаб, пешонасини ушлаб кўради)

Тобим қочди чоғи, иссиғим ошди,
Арвоҳлар сасидан ё ақлим шошди.
Улар тиригида шундай эдилар,
Ҳозир бўлганда ҳам шундай дердилар.
Тавба, қай бирининг сўзида жон бор,
Хаста юрагимга қуввату қон бор?
Иккига бўлинган мен учун олам,
Бир чети роҳату бир чети алам.
Бу кун ғурбатмакон бўлди-ку хонам!

(П а у з а)

Ҳар ҳолда ёқимли сўзларди онам…

П а р д а

II ҲОЛАТ

Шинамгина хона. О н а стол устига қўйилган ўғлининг портретига
тикилиб, ёлғиз ўзи ўтирибди.

ОНА

Парвоз қилар бўлсам, қанотим болам,
Умидим, ишончим, ҳаётим болам.
Кўрмасам, кўзимга дунё қоронғу,
Еганим ботмайди, мисоли оғу.
Келсанг, тинчирмиди беором юрак,
Дунёда мен учун фақат сен керак!

(Бироздан сўнг ў ғ и л кириб келади)

ЎҒИЛ

(Остонада тўхтаб, кўтаринки кайфиятда онасига қараб шеър ўқийди)

Дунёга келганимда кафтида тутган – онам,
Мени ўйлаб ҳар доим, ўзин унутган – онам.
Ҳақимда не дарду ғам, не ситам ютган – онам,
Безавол камолимни орзиқиб кутган – онам.
Бу кун қуш каби учиб, Сиз томон қайтмоқдаман,
Бағрингиз дунёдан ҳам кенглигин айтмоқдаман!

(Ўзини онасининг бағрига отади)

Онажон, кечиринг, мен болангизни,
Анча соғинтириб қўйдим-ку Сизни.
Хушхабар келтирдим лекин, онажон,
Таҳсилим тугади, докторлик—унвон!

ОНА

(Кўзларида қувонч ёшлари билан ўғлининг юзларидан ўпади)

Муборак, ўғлоним, муборак бўлсин!
Толеинг қуёшдек ярқираб кулсин!
Элнинг хизматига ярагин доим,
Элнинг дуосини олгин, илойим.
Ҳар қалтис пайтда ҳам пок бўлсин имон,
Болам, инсонийлик – энг олий унвон.
Йўқ бўлса ҳалоллик, виждон ҳамда ор,
Ҳар қандай касбу кор, амал ҳам бекор.
Бу кун сен бошимни осмон қилдинг,
Кўнглимни ободу чароғон қилдинг.
Шукур, борлигингга минг қатла шукур…

(Кўз ёшларини артади)

ЎҒИЛ

Онажон, Сизга ҳам минг бор ташаккур!
Бахш этган мурувват, меҳрингиз учун,
Оналик севгингиз, сеҳрингиз учун,
Бир умр таъзиму тавобим Сизга,
Топган бор шарафим, савобим Сизга.

(Пауза. О н а нинг кўзларида яна ёш қалқийди)

Онажон, не учун кўзингизда ёш?

ОНА

(Майин жилмайиб)

Хавотир олмагин, мендаги бардош
Не қайғу кулфатни енгиб, ногаҳон
Дуч келган шодликдан чекинди бу он.
Агар тун бағрига кўниккан бўлсанг,
Бирдан ёруғликка кўзларинг тўлса,
Сенинг ҳам кўзингдан ёш чиқар болам…

ЎҒИЛ

Тўғри-ю, онажон, лекин бир алам
Қалбингиз қатида ётар тош каби.
Отасиз қолганим – унинг сабаби.
Биламан, Сиз мени ўйлайсиз ҳар дам,
Кўнгли ярим, дея чекасиз кўп ғам.
Отамнинг меҳрига зор бўлганим рост,
Гоҳ азиз, гоҳида хор бўлганим рост.
Лекин Сиз ҳам она, ҳам ота бўлиб,
Бутун вужудингиз меҳрга тўлиб,
Неча саратону аёздан омон
Олиб ўтолдингиз мени, онажон.
Шунинг-чун кўрганим ёруғ кун бўлди,
Дунё ярим эмас, бир бутун бўлди.
Отам хотираси қалбимда мангу,
Бахтсиз тасоддифдан ўлган ахир у…

ОНА

(Қўлини ўғлининг елкасига қўйиб)

Болам, йигит бўлдинг, мана, азамат,
Кел энди, онангга кўрсат бир ҳиммат.
Бу кун таниб қолдинг оқу қорани,
Жон болам, кечиргил мен бечорани…

ЎҒИЛ

(Ҳайрат билан)

Нималар деяпсиз, онажон?

ОНА

Кечир,
Сақлаб келган эдим бир нарсани сир
Ва сени авайлаб овутган эдим,
Шундай кун келишин кўп кутган эдим.
Сен ҳам ҳақиқатни билмоғинг керак,
Чунки ҳақиқатга ташнадир юрак.
Бу жуда оғир гап, кўтаргил, болам,
Кўтариб келди-ку ахир онанг ҳам…

(Пауза. Ў ғ и л нинг ҳайрати тобора ортиб, О н а га сўзсиз тикилиб қолади)

Бахтсиз тасоддиф ҳам, ўлим ҳам бекор,
Отанг номард эди, уятсиз, беор…

ЎҒИЛ

Наҳот шундай бўлса?!

ОНА

Ҳа, худди шундай!
Гапларим ҳақ-аён мисоли кундай…
Эсласам нафратим қўзғалар баттар,
Дунёда шундайин одам ҳам яшар!

ЎҒИЛ

У ҳозир тирикми?

ОНА

Билмадим, бироқ
Ўлган эмас эди бемеҳр, қочоқ.

ЎҒИЛ

Аслида нима гап ўтган орадан?

ОНА

Нима ҳам ўтарди мен бечорадан?
Эзгу умид билан узатилгандим,
Ўйин-кулги билан кузатилгандим.
Чол билан кампирнинг ишига яраб,
Ўғлининг юзига, феълига қараб,
Тинмасдим эртадан қора кеч қадар,
Рози эди бобонг, раҳматли падар.
Аммо бувинг жуда тунд ва тор эди,
Кўнглида кўп эгри ният бор эди.
Нон ёпсам унинг-чун тузсиз бўларди,
Ойнага қарасам, юзсиз бўлардим.
Отанг шу кампирнинг ҳузури эди,
Савдо дўконининг мудири эди.
Улфатлар беҳисоб, келди-кетди кўп,
Дердим фақат «лаббай», дердим фақат «хўп».
Уйда ҳеч айрилмай қозон-ўчоқдан,
Далада бўшамай қўлим ўроқдан,
Умрим ўтаверди шундай тобора,
Далаю уй билан бўлиб овора.
Тўсатдан очилди ғам эшиги ланг,
Бошланди даҳшатли қирон-қирғин жанг.
Йигитман деганлар урушга кетди,
Она тупроқ учун юришга кетди.
Болам, бу дунёда мардлар-ку бисёр,
Лекин, минг ҳазарким, номардлар ҳам бор.
Ўшанда, офтобни булут ёпганда,
Ватанни қутурган итлар қопганда,
Бошимга гўё тоғ тушганди учиб,
Вужудимни уят олганди қучиб.
Чунки, отанг билиб жангга бормоғин,
Болта билан чопди икки бармоғин!..

(П а у з а)

Бироқ бу ҳийласи бўлди-ю ошкор,
Бирдан ғойиб бўлди беномус, бадкор.
Буюк Ватанининг иқболин ўйлаб,
Суюк фарзандининг камолин ўйлаб,
Кимлардир юрганда жангда қон кечиб,
У овлоқ тўшакда ётган май ичиб.
Кейинроқ эшитдим шундайин миш-миш:
Гўё бир қизни ҳам олиб кетганмиш…
Ўшанда ўн ойлик чақалоқ эдинг,
Бир парча булутдек лўппи, оқ эдинг…
Унсиз қолавердим бахтимдан кўриб,
Дуч келган юмушга ўзимни уриб.
Лойқа хаёлларим тиниб кундан-кун,
Мен яшай бошладим фақат сен учун.
Бор гап шу, қолгани ўзингга аён…

ЎҒИЛ

Наҳотки, барчаси ростдир, онажон?!
Шунчалик кулфатга чидарми одам?
Шунчалик тубанми, оҳ, менинг отам?!

(Оғир сукут ичида жим қоладилар)

П а р д а

III ҲОЛАТ

Хирургия кабинети. Иш вақти тугаган. Ў ғ и л халатини ечиб, кетишга шайланаётганида, эшик олдида О т а пайдо бўлади.

ОТА

Мумкинми кирсам?..

ЎҒИЛ

Киринг, марҳамат.
Отахон, бормиди мен учун хизмат?

(Хаёлан сўзлайди)

Ё ажаб, кечаги келган киши шу,
Дафъатан «сен ўғлим», деган киши шу.
«Кимсиз?» деганимда ўйланиб бир дам,
Чиқиб кетган эди бу ердан илдам.

(О т а оҳиста келиб стулга ўтиради)

ОТА

Кечаги гапимни айтгани келдим…

(Ў ғ и л бирдан О т а нинг қўлларига қарайди. Унинг ўнг қўлидаги икки бармоғи йўқлигини кўради)

ЎҒИЛ

(Кучли ҳаяжон ва изтиробга тушиб)

Айтманг, айтманг энди барчасин билдим,
Билдим менга келган қайғу, мотамни,
Топдим йўқотганим сиздек отамни!

ОТА

Мен сени кўрдиму шодмон бўлдим,
Аммо бу гапингдан ҳайрон бўлдим.
Ўғлим, шунақа ҳам сўзларми одам,
Ота ўғлин топса бўларми мотам?

ЎҒИЛ

(Ўзини бироз тутиб олиб)

Қора хотиралар қайта тирилди,
Табаррук туйғулар ўлди, қирилди.
Сўзлашга тилим йўқ, нетай, кесилган,
Бўзлашга дилим йўқ, нетай, эзилган…

ОТА

Хотира – эски гап, туйғу – беқарор,
Ҳар доим нақд сўздан сенга фойда бор.
Ўғлим, ўтган гапга энди саловот,
Шукур қил, юрибмиз соғу саломат.
Кўряпсан, қаридим олтмишдан ошиб,
Оёғим гўр томон кетмоқда шошиб.
Майли, омонатин Оллоҳим олсин,
Лекин йиққан дунём сен билан қолсин.
Нақшинкор ҳовли-жой, эпчил бир улов,
Яъни, машина ҳам сен учун сийлов.
Ҳамчунин, мана бу бонкадан ёрлиқ,
Топган барча ақчам унда ёзуғлик.
Менинг сўраганим сендан кўп эмас:
Ўлсам, бор овоз-ла йиғлаб турсанг бас.
Токи, дўст-душманим эсиз демасин,
Кетди бечора-я изсиз демасин…

ЎҒИЛ

Оҳ, майли дод солиб йиғлай ҳозироқ,
Бундай савдолашманг мен билан бироқ!
Шунча бойлик билан бўлгунча ғариб,
Олган жойингизга қўйинг қайтариб.
Кўнглим ўрганмаган ақчага тақир,
Ўрганмаган кўнгил ўртанмас ахир.

ОТА

(Хаёлан сўзлайди)

Сўзлари ханжардек ботар одамга,
Ё тавба, ўхшайди худди отамга!..

(Ўғлига қараб)

Билки, зурриётсан,
Фарзандсан сен ҳам,
Қўлингда қолдирмай, майли, бир дирҳам,
Сарф этгин қабримга, номингдан тош қўй,
Узоқдан ярқираб кўрсатсин у бўй.
Шунда эл ичида юзинг оқ бўлар,
Менинг ҳам хотирам пок, порлоқ бўлар.
Эр киши ўшанда элга ёқади,
Ота тўнғиз бўлса, боғлаб боқади…

ЎҒИЛ

Васваса босмасин, ични қилинг кенг,
Бироз тушунаман ўз бурчимни мен.
Қалбимда қанча бор сизга эҳтиром,
Уни ўзингизга айлайман инъом.
Ўйламанг, ғафлатда ётади эл, деб,
Офтоб билан бирга ботади эл, деб.
Унга ҳамма нарса равшан ва аён,
Қочиб қутилмаган ундан ҳеч қуён.
Ўтмиш, келажакни бирдек баравар
Икки қўли билан у ушлаб турар.
Эл агар олмаса, беролмас ҳеч ким,
Эл агар бермаса, ололмас ҳеч ким.
Сиздаги истаклар оғир ниҳоят,
Уларни бажармоқ балки… жиноят!

ОТА

Осмондан келгувчи гапларни айтма,
Ўз обрў- шонингдан сен ўзинг қайтма.
Меросхўрим бўлгин, деган эдим мен,
Шу ният-мақсадда келган эдим мен.

ЎҒИЛ

Илтимос, дардимни янгиламанг сиз,
Ахир, оқибатли бўлган эмассиз.
Энди бу мероснинг қиммати қанча?
Айтинг, қочоқларнинг ҳиммати қанча?
Гар «Отанг ким?» деса энди ўзгалар,
Ҳайҳот, вужудимда уят қўзғалар!

(П а у з а)

Отанинг меҳрига қонмаса кўнгли,
Боланинг кунлари ўтаркан мунгли.
Мен шундай яшадим шу кунга қадар,
Ҳеч ким яшамасин мендек бепадар.
Оҳ, қани, дардимни билсангиз эди,
Пулмас, меҳр мерос қилсангиз эди!..

ОТА

Меҳримнинг ҳаммаси сенга-да, нодон,
Бемеҳр бўларми ота ҳеч қачон?

ЎҒИЛ

Ниҳол қуриб бўлгач, сув қуймоқ нечун?
Қалбим ҳис қилолмас меҳрингиз кучин.

ОТА

Демак, сен тонасан отангдан тамом,

(Жаҳл билан ўрнидан туради)

У ҳолда мен учун йўқсан сен, бадном!

ЎҒИЛ

Шу билан кўнглингиз гар тўлса, майли,
Аслида йўқ нарса йўқ бўлса, майли.
Лекин қанча бўлса сизга эҳтиром,
Билинг, ўзингизга айлайман инъом.
Хафа бўлмоқдасиз беҳуда, дарров…

ОТА

Бундай инъомларинг ўзингга сийлов.
Пул билан дунёни гул қилиш мумкин,
Пул билан дунёни кул қилиш мумкин.
Сендек номардларга эгилмасман ҳеч,
Ҳали ҳам вақтим бор, бўлган эмас кеч!

(О т а чиқиб кетади. Ў ғ и л оғир изтироб ичида қолади)

П а р д а

IV ҲОЛАТ

Театр майдони. Улкан чинор тагидаги ўриндиқда Ў ғ и л ва Қ и з ўтирибди.

ҚИЗ

Нечун паришонсиз, кўзингизда мунг,
Бугун ё ишингиз келмадими ўнг?

(Ҳазил оҳангида)

Билсак бўладими, Луқмони ҳаким?

ЎҒИЛ

Шундай туюлгандир сиз учун балки…

ҚИЗ

(Жиддий)

Йўқ, ростдан шундайсиз, сўзланг, нима гап?
Ойна хира тортмас ахир бесабаб.

ЎҒИЛ

(Оғир хўрсиниб)

Азизам, мен кеча топдим отамни…

ҚИЗ

Отамни? Чалғитманг гапдан одамни.
Ахир у кишилар…

ЎҒИЛ

Ўлган эмаслар,
Ўлса-да, ўлдим деб ғам ҳам емаслар.

ҚИЗ

Ажаб, қўрқаяпман. Ўтиб шунча йил,
Ўлган тириларми? Бу – совуқ ҳазил.
Қўйинг, юрагимга тушмоқда ларза.

ЎҒИЛ

Қўрқманг, бу жуда ҳам оддий бир нарса.
Дейлик, ҳаёт гўё бир айланма йўл,
Бу йўлда боғ учрар, баъзан эса чўл.
Тасаввур қилингки, одамлар бари
Унда пойга чопар бир манзил сари.
Пойгада кимнингдир толиб оёғи,
Ўтирар кетгунча токи чарчоғи.
Кўрганлар машаққат йиқди деб ўйлар,
Қатордан у мангу чиқди деб ўйлар.
Бироқ у йўлида такрор югурмай,
Ғирромлик қилганин ўйлаб ҳам кўрмай,
Қисқа бир йўлакка ўзини урар,
Шарт кесиб пойганинг олдида турар.
Сўнгра соврин учун қўл чўзар дарҳол…
Агар чин ҳаётда рўй берса бу ҳол,
У пайт қўрқув эмас, нафрат лозимдир…

ҚИЗ

Шунча қийнашингиз менга озмиди?
Тағин бу жумбоқли гапингиз нечун?
Очиқроқ гапиринг, жоним, мен учун.

ЎҒИЛ

Бор гап шу, барини мен қилдим баён,
Ҳеч қўрқманг, қийналманг ва бўлманг ҳайрон.
Шубҳа, гумонга ҳам асло ҳожат йўқ,
Жонгинам, кўнглингиз доим бўлсин тўқ.
Дунёда онам бор, севганим – сиз бор,
Қалбимни эзолмас ҳеч қандай ғубор…

(Театр қўнғироғи чалинади. Ў ғ и л Қ и з нинг қўлидан ушлаб ўрнидан турғизади ва маъюс ҳолда кулиб)

«Ўғил уйлантириш» бошланди чоғи,
Ана, чорлаётир «тўй» қўнғироғи.
Юринг, «зиёфат»га кирайлик биз ҳам,
Қувонсин уйланган «йигит» ҳам, «қиз» ҳам,
Уларнинг «тўй»лари ўтсин, шод-хуррам,
Сўнгра навбат тегсин бизга ҳам, эркам…

ҚИЗ

Менда томошага қолмади ҳавас,
Шундай ўлтирайлик яна бир нафас.

(Қайтиб ўриндиққа ўтирадилар. П а у з а)

Фикрим очиляпти менинг шу топда,
Ҳазин бир мазмун бор сиз айтган гапда.
Демак, отангизнинг қисмати қалтис,
Азоб чекмоқдасиз балки шу боис.
Бироз тушунаман, инсон ҳаёти
Фақат асал каби ўтмайди тотли.
Кимдир ўз бурчи-ла бўлар эт-тирноқ,
Кимдир ўз бурчидан кетар кўп йироқ.
Ҳар ҳолда янглишмас бу одил ҳаёт,
Ҳар кимга экканин айлар мукофот.
Яна халқ тилида шундай ҳикмат бор:
Кенгга дунё кенгдир, торга дунё тор.
Сизни тушундимми, тўғрими сўзим?

ЎҒИЛ

Тўғри тушундингиз мени, азизим.

ҚИЗ

Сиз ота меҳридан бўлсангиз жудо,
Мен ҳам ёлчиганим йўқ унга жуда.
Ўз отам хор қилиб кетганда ташлаб,
Уч яшар қолганман кўзимни ёшлаб.
Ҳақми ё ноҳақми – онамнинг иши,
Менга ота бўлди бошқа бир киши.
Ўзимдан топмаган ҳисни, ҳар қалай,
Ўзгадан қай ҳолда мен талаб қилай?..
Бировдан кўрмадим ва лекин миннат,
Оғушига олди мактаб-интернат.
Отам силамаган бўлса ҳам бошим,
Хайрият, замона артди кўз ёшим.
Мана, юрист қилиб қўйди у мени,
Танитди дунёнинг бўйи ва энин.
Агар учраб қолса отам ногаҳон,
Суд қилиш тушмасин менга ҳеч қачон.
Бир пайтда тўқнашса қаҳрим ва меҳрим,
Шулдир юрагимдан айрилган ерим!

ЎҒИЛ

(Қайғули)

Одам ўхшар экан одамга, афсус,
Отангиз ўхшаркан отамга, афсус.
Ўхшашлик қалбимга даҳшат солмоқда,
Ўйларим бир жойда қотиб қолмоқда!..

(П а у з а)

П а р д а.

V ҲОЛАТ

Деворларига гиламлар осилган хона. Креслода О н а ўтирибди. И к к и н ч и О н а ўртадаги столга ноз-неъматлар келтириб қўймоқда.

ОНА

Биз кўрмаган кунни фарзандлар кўрсин,
Бахти бутун бўлиб, шод-омон юрсин.
Ўғлим қизингизни севаркан дилдан,
Кўнглим бир ўсдики бу ажиб сирдан,
Ўзимни гўёки тахт узра кўрдим,
Тахт эмас, қанотли бахт узра кўрдим.
Менда ҳам шу эди ягона ният,
Ният ҳамроҳ бўлди бу кун, хайрият…
Бу хайрли ишнинг бўлгани яхши,
Икки ёшнинг кўнгли тўлгани яхши.
Кайвони, шу ҳақда сиз нима дейсиз?

ИККИНЧИ ОНА

Нима ҳам дер эдим, хоҳ ўғил, хоҳ қиз,
Ўзининг тенгини топсин илойим.
Қизимдан йўқ менинг норизо жойим.
Онгли, ўқимишли, адашмас ахир,
Мен адашган эдим, шу ўзи басдир.

ОНА

Адашган эдингиз? Қандай, қай ҳолда?

ИККИНЧИ ОНА

Бу ҳақда сўзламоқ менга малол-да…
Ҳар нечук, ёшликнинг енгил ҳаваси
Ва бир бевафонинг сохта нафаси
Мени йўлдан уриб, этганди сарсон.
Эсласам, бўғзимга қадалади жон…

ОНА

Майли, бор бунинг ҳам ўз маврид, они,
Агар малол келса, айтманг, кайвони.
Яхшиси, сўзлайлик ёруғ кунлардан,
Тўю-томошадан, қўшиқ-куйлардан.

ИККИНЧИ ОНА

Қалбига тушмасин қайғудан тугун,
Ёшлар қачон деса, тўй бўлсин шу кун.
Фақат тантанавор, серовоз бўлсин,
Дастурхони худди тўкин ёз бўлсин!..

ОНА

Ишқилиб, камтарин ва гўзал бўлсин,
Гўёки сермазмун бир ғазал бўлсин!..

(Кулишади)

ИККИНЧИ ОНА

Болаликдан қолган бир одатим бор:
Расмлар йиғаман хилма-хил рангдор.
Мана бу альбомни кўриб туринг сиз,
Мен эса қозонни кўриб келай тез.

(Шкафдан альбом олиб, О н а га беради ва ошхонага чиқиб кетади. Она альбомни варақлай бошлайди. Тўсатдан бир расмга қаттиқ тикилиб
қолади)

ОНА

(Ўзига ўзи)

Тавба, қандай қилиб келиб қолган бу?
Бу расмни қачон, қайдан олган у?

(П а у з а. Бироздан сўнг И к к и н ч и О н а таом кўтариб кириб келади)

ИККИНЧИ ОНА

Ҳа, бекам, ўйланиб қолибсиз жуда?
Нимани кўрдингиз альбом ичида?

ОНА

Кайвони, айтингчи, мана буни сиз,
Қаердан ва қачон олган эдингиз?

(Расмни олиб кўрсатади)

ИККИНЧИ ОНА

Шунинг туфайли-да мендаги оҳ-дод,
Қизимнинг отаси эди бу бедод!

ОНА

(Ҳаяжонга тушиб)

Қизимнинг отаси?! Бу қандай қайғу?
Ахир… ўғлимнинг ҳам отаси-ку бу!!

(Қўлидаги расм ерга тушиб кетади. П а у з а)

ИККИНЧИ ОНА

Демак, бир ёнғоқнинг паллаларимиз,
Бир тошнинг зарбидан парча-парчамиз.

ОНА

Оҳ, энди не қилай?!
Оҳ, бу маломат
Ўғлимнинг бошига солгай қиёмат!
Қайларга борайин, кимга дейин дод,
Мен учун бунча ҳам чигалсан, ҳаёт!
Шунча кўрганларим озмиди менинг,
Асло тугамасми азобинг сенинг?!

(Шу пайт эшик очилиб, аввал Қ и з, сўнгра Ў ғ и л кириб келадилар)

ҚИЗ

Онажон, биз келдик, жамоат жамдир,

(Оналарнинг ҳолатини пайқаб)

Фақат кулгу деган фаришта камдир.

ИККИНЧИ ОНА

Кулмоқ насиб қилмас энди бизларга,
Фалокат ёғибди, қизим, сизларга!

ҚИЗ ВА ЎҒИЛ

Нега?!

ИККИНЧИ ОНА

(Онага қараб)

Сиз айтинг, менда йўқ заррача бардош…

ОНА

Айтмай бўладими бу гапни, кундош?
Тезроқ айтиш керак, оҳ, фақат тезроқ!

ЎҒИЛ

Онажон, не учун бунча титрамоқ?

ОНА

(Дардли овоз билан)

Болам, иродангни тош метин қилгил…

(П а у з а)

Эшит: бу қиз сенга отадош сингил!

(Ў ғ и л ва Қ и з тошдек қотиб қоладилар. П а у з а. Бироздан сўнг Ў ғ и л беҳушона чайқалиб, ташқарига чиқиб кетади)

Болам бечоранинг қадди эгилди,
Эвоҳ, юрагига қайғу экилди!
Отадан меросдир иснод ва уят,
Лойланди пок орзу, лойланди ният…

(Кўча томондан машинанинг безовта сигнали ва қаттиқ тормоз товуши, одамларнинг ғала-ғовури эшитилади. Бироздан сўнг «Тез ёрдам» врачи, шофёр ва яна икки киши оғир жароҳатланган Ў ғ и л ни кўтариб кирадилар)

ҚИЗ

Акажон!

ОНА

Оҳ, болам!

(Иккови бирдек бориб Ў ғ и л ни қучадилар)

ЎҒИЛ

(Хаста овозда)

Синглим! Онажон!
Қўрқмангиз, мен соғман, ҳеч гап бўлмайди,
Акангиз, болангиз ҳали ўлмайди…

ШОФЁР

(Онага илтижоли боқиб)

Онажон, кечиринг, мен бегуноҳман,
Лекин бахтсизликка, нетай, гувоҳман.
Қаршимдан тебраниб чиқдилар бирдан,
Тормоз қилган эдим кўрган еримдан…

ОНА

Болам, хафа бўлманг, сизмас айбдор,
Бунинг айбдори ўзгадир зинҳор.

(«Тез ёрдам» врачи Ў ғ и л нинг жароҳатланган жойларини боғлай бошлайди)

ВРАЧ

Шикаст оғир, аммо давоси бордир.

ЎҒИЛ

Онажон, Сиз асло олманг хавотир.

(Қ и з га қараб)

Синглим, қайғурмагил сен ҳам бу қадар,
Бундай жароҳатлар тузалиб кетар.
Ўзинг биласан-ку инсон ҳаёти
Доим асал каби ўтмайди тотли.
Фақат туйғуларим алданди бироз,
Лек сени синглимдек этганман эъзоз.
Орият тирикдир, оқдир юзимиз,
Ортимизда йўқдир қора изимиз…

ОНА

(Биз томонга қараб)

Оҳ, тан шикастидан одам-ку ўлмас,
Лекин дил шикастин даволаб бўлмас.
Боламнинг юраги ғуборга тўлди,
Бир умр у майиб ва мажруҳ бўлди.
Бу унинг ҳақига жабр-ку буткул,
Наҳот навниҳолга лойиқ тортиқ шул?!
Одам зурриётга қилса хиёнат,
Ҳаёт боқий эмас, бўлар омонат.
Агар ўтсак эдик тирноғига зор,
Дунё бўлмасмиди биз учун бекор?
Фарзандни хор этса кимдир, билингки,
Меҳрига зор этса кимдир, билингки,
Тонгла маҳшаргача кетар бу иснод,
Инсон деган номга доғ бўлиб ҳайҳот!
Етар, бас, онаман, шулдир тилагим:
Бутун бўлсин мудом фарзанд юраги!
Гар уни синдирса турфа хил қилиқ,
Замин ҳам синиқдир, осмон ҳам синиқ!!!
Оҳ, қани бир ҳақгўй бўлсайди шу он,
Дардимни жаҳонга қилсайди достон…

Т а м о м.

1979.

Тожикистон Республикаси

Leave a Reply
*