Menu
Categories
Абдулла Орипов: Қаршимда ер шарин сурати турар…
03/19/2019 Адабиёт

 Она сайёра

Абдулла Орипов

Қаршимда Ер шарин суврати турар,
Салмоғи Қуванинг анорича бор.
Тим қора осмонда порлаб кўринар,
Шу жажжи сайёра кўркам, улуғвор.

Унга боқаману ушлайман ёқа,
Наҳот шу кўрганим рост бўлса, наҳот?
Наҳотки еримиз бир кичик соққа?
Наҳотки биз шунга жо бўлсак, ҳайҳот!

Уммонлар кўринар қатра ёш мисол,
Чигит увоғича келмас тоғлар ҳам.
Қитьалар, денгизлар афтода бир ҳол,
Бари бир нуқтада бўлиб олмиш жам.

Набилар, расуллар, доҳийлар унда,
Қабрлар, қасрлар тургандир қатор.
Балки ҳув кўринган мовий тўлқинда,
Сув ичган гўдакнинг нафаси ҳам бор.

Қулоққа чалинар отлар дупури,
Сор бургут ўзини ўлжага урар.
Шарқда чўпон ёққан гулханнинг нури,
Шимол сайёҳига кўриниб турар.

Ана, Ҳимолайнинг бағрида бир қиз,
Елкада кўзаси – борар булоққа.
Соҳилда учрашди икки қалб ёлғиз,
Шивир-шивирлари келар қулоққа.

О, она сайёра, курраи қутлуғ,
Самодан сувратинг илк бора кўрдим.
Ҳавойи бир хаёл сеҳри эмас, йўқ
Фарзанд меҳри билан мен боқиб турдим.

Кун кеча эмасми, хислатинг санаб,
Шеър ёзиб юрардим сенга парвона.
Бу кун сувратингга сўзсиз босдим лаб,
Шу сенми, ёлғизим, шу сенми, она…

Фалакда бир ўзинг турибсан ҳайрон,
Наҳот сен бўлмасанг бунчалар танҳо.
Сийнангга ёпишган фарзандинг – инсон
Бева бағридаги етимдай гўё…

Қайга кетмоқдасан бунчалар шошиб,
Ором истайсанми кўкда овора?
Балки фарзандингни кўксингга босиб,
Йиғлаб кетмоқдасан, она сайёра…

Фарзандларинг бордир сонсиз – саноқсиз,
Во ажаб, қадрингни гоҳида билмас.
Улар-ку қошингда чангдай салмоқсиз,
Лекин бағрингга ҳам сиққувси келмас.

Осмон торлик қилган гала чумчуқдек,
Макон талашарлар гоҳо бетартиб,
Сен-чи меҳварингда айланасан тек,
Яхши-ю, ёмонни елкангга ортиб.

Сенинг юрагингда лахта-лахта қон,
Сийнанг нималардан бўлмаган пора.
Қағу ҳасратларинг барчаси аён,
О, бунча дилкашсан, она сайёра!

Сен ҳозир сувратсан кўзим ўнггида,
Эшита билмассан сўзимни балким.
Бир зумлик безовта ўйлар сўнггида,
Яна рухсорингга тикиламан жим.

Бир ёнда ложувард Баҳри Муҳит бор,
Бир ёнда заъфарон Саҳрои Кабир.
Бир ёнда оқ сочли тоғлар пурвиқор,
Сенинг толеингга ўқийди такбир.

Эллар тўзғиб ётар гул япроғидек,
Бир ён – шоҳу гадо, бир ён – дўст, ғаним.
Бир ёнда хаёлий Эрам боғидек,
Буюк ва бетимсол менинг Ватаним.

Йиллар ўтар балким, ўтар кўп замон,
Ер юзи чўлғанар бахтга, чаманга.
Агар дардларингга бўлолса дармон,
Руҳим фидо бўлсин шундай Ватанга.

Мен ҳам бир ўғлингман, она сайёра,
Бағринг мен учун ҳам хоки пок бўлсин.
Толеинг то абад бўлмасин қора,
Манглайинг оқ бўлсин, ярқироқ бўлсин!

Leave a Reply
*