Menu
Categories
Нурали ҚОБУЛ СУКУТ СУИҚАСДИ ёхуд СТАЛИНДАН САДДАМГАЧА Янги асар 21-боб
03/20/2019 Адабиёт
Эрлар юрти эркинлик юрти, норлар
 юрти номардлар юрти, билъакс боққан
юзга туфурма, туфурган юзга боқма
ёхуд Қўқон хони Умархон ва малика Ноди­ра­бегимни гувоҳликка чақириш мумкинми?
Бу ошуфта тасвидот роқими ва бу паришон абёт нозими андоқ баёни ҳол ва шарҳи мофилбол қилурким, вужудим гулбуни Темур Кўрагон гулистони шажарасининг самарасидур, асолат бўстонида иззат баҳорининг обу ҳавоси тарбияти бирла бош чекиб нашъу намо пайдо қилди ва хилқатим ниҳоликим, Бобир Султон чаманининг навбодасидур, давлат ва салтанат риёзининг насими ройиҳаси бирла сарсабз бўлуб, муродим ғунчаларидин мақсуд гули очилди.
Қўқон хони Умархон
Ғалаба нашидасини сураётган олий қароргоҳга ақл бовар қилмаяжак даражада оғир ва қайғули қабристон сукунати чўккан, бир ҳафта бурун Нодираи даврондек шоиранинг қатлига шоҳид бўлган халойиқ юрак ҳовучлаганча иккинчи шоир бошини сапчадек узилишини кутар эди.
Шом туби қоронғу бўлган амир Насруллоҳ тиши-ни тишига босганча нигоҳини ерга қадади. Шу алфозда анчагача бошини кўтармади.
Ҳозиқни амир ҳузурига келтирган икки сарбоз ҳукмдорнинг қош-қовоғига қараганча қиличлари дастасини тутиб, амр бекларди.
Ранги докадек оқариб кетган амир оти жиловини силтаганча йўрттириб кетди ва аркка етиб келгунга қадар ҳеч ким билан сўзлашмади.
– Қудуққа туфурган ул қутурган қулни нетайлик? – деди арк дарвозаси ўнгида отдан тушган амир ёнига келган вазири аъзам.
– Ҳозирча тегманг. Ўзим айтаман, – деди амир Насруллоҳ истироҳат учун чекинар экан.
Кечаси уйига бормай шогирди Садриддиннинг кулбасида тунаган Ҳозиқ шогирди билан ярим тунгача маслаҳатлашди.
– Тезроқ қочмасак бўлмайди, устоз! Амирнинг жаллодлари халқ уйқуга кетганда босиб келишлари мумкин! – нигоҳида қўрқув аломати зоҳир эди Бухорийнинг. – Ёмонликни омонлик енгар, устоз! Бир амаллаб жонни қутқармоқ керак! Қолганига худо пошшо!
– Кетамиз, Садриддин! Кетамиз. Эрлар юрти эркинлик юрти, норлар юрти номардлар юртидир. Бу номардлар юртидан эрлар юрти Шаҳрисабзга кетамиз. Буларда раҳму шафқат, маърифату мар-ҳамат, ахлоқу маданият йўқдир! Мени деб сен ҳам бошингни балога суқма, Садриддин. Ўзим кетаман. Сенга касрим тегмасин? – шогирдига ўйчан тикилди Ҳозиқ.
– Йўқ, устоз. Сиз ила кетгайман.
Устоз индамади.
Улар ярим кечада пиёда йўлга тушдилар. Тун бўйи юриб, кундузлари яшириниб, тўрт кун де-ганда Шаҳрисабзга, Шафеъ эшоннинг уйига етиб келишди.
– Бизнинг кулбада бир неча кун истироҳат этинг-да, сўнгра Ҳисор тоғларини бир айланиб келинг. Эрталаб эса Шаҳрисабз ҳокими Хожақулибий ҳу-зурларига борамиз. Айни замонда ҳокимимиз амир Насруллоҳга бўйсунмайди ва сўраттирса ҳам сизни бермайди.
– Хон бор жойда қон бор, эшон ҳазратлари. Биламан, у мени ҳеч қачон кечирмайди. Иноятнома юбориб, алдаб яна ҳузурига чорлаши ҳам мумкин. Ҳар қандай шароитда қайтиб Бухорога оёқ бос-майман. Бухоролик эл бўлмас, самарқандлик бел бўлмас, деганларидек, бу ит манғитлардан кимсага хайр келмас. Тавсиянгиз билан биз шогирдим ила бир айланиб келайлик, – эшоннинг таклифига рози бўлди Ҳозиқ.
Эшон билан шоир бомдод намозидан сўнг ҳоким ҳузурига отландилар.
– Мен сиз кенагасларнинг золим манғитларга қарши курашингизни қўллаб-қувватлайман! Зулм қаршисида сусмоқ, зулмга ризоликдир! Биз эса бундай жабру ситам ўнгида сусажак шайтон насли-дан эрмасмиз! Сиз кенагаслар эса буюк бобонгиз амир Қазоғон тимсолида Турон юртида мўғуллардан илк бор ҳокимиятни тортиб олган жасур ва жанговор қавмдирсиз! Амир Қазоғоннинг ул қутлуғ ишини сўнгра Амир Темур ҳазратлари давом эттирдилар! Улусу уммат Султон Соҳибқирон сулоласи даврида юз эллик йил мўғуллар зулмидан халос бўлган эди. Мана бу манғитлар эса ўшаларнинг кўппаклари-дир. Эрон шоҳи Нодиршоҳга сотилган ва шунинг эвазига Бухоро тахтини қўлга киритган бу хоинларга ҳам худонинг бир айтган балоси бордир! – дея хитоб этди Ҳозиқ ҳокимга қараб.
Хожақулибий ва Шафеъ эшонларга хайр-хўш-лашган Ҳозиқ шогирди билан Гилон томон йўлга тушди.
Устозу шогирд бир муддат чўпон-чўлиқ, тоғбегию йилқичиларнинг насибаларига шерик бўлиб, пана-пастқам ғорларда яшаб юрдилар.
– Бобуршоҳ ҳазратлари ҳам шундай тоғу тошлар-дан сўнг Ўсмат қўрғонига етиб бориб, бир от қўйиш билан Самарқандни эгаллаган. Бироқ аввал Андижонга, сўнгра Самарқандга, охир-оқибатда бобо юрти Қобулга-да сиғмаган шоҳ ва шоир Ҳиндистонда буюк бобурийлар салтанатига асос солди. Қотил амир Насруллоҳ Қўқонда темурийзода ва бобурийзода Нодира ва Мадалихонларни маҳв этди. Бобур мирзо ўз ватанидан, қотил амир Нас-руллоҳ кабилардан безиб кетган эди. Бизнинг эса борар жойимиз йўқ. Ул азроилнинг устози мени ўлдирмоққа аҳд қилган экан, Қорақурумга қочиб борсам ҳам қора қонимни ичади. Майли. Кетдик, – деди шогирдининг қийналганидан таъсирланиб Ҳозиқ.
– Шаҳидлар Нодираи даврон ва Мадалихонлар-ни темурий ҳамда бобурийзодалар дедингиз, устоз. Бу сулола ва салтанатни “Олтин бешик” авлоди дея эшитганим бор. Бироқ бу ҳақда тузук-қуруқ билгим йўқдир. Шуларни бироз англата билурмисиз? – сўради Садриддин Бухорий улар ўлимни бўйнилари-га олиб йўлга тушишар экан.
– Шундай, дўстим. Қўқон хонлари “Олтин бешик” авлодидандир. Бобур мирзо минг бир аламу ҳасрат билан ота мулки Андижону Фарғонани тарк этаркан, буюк бобоси Темурдан қолган мўъжаз олтин бешик-ка беланган, севимли жориясидан туғилган чақалоқ ўғлини садоқатли бир навкарига ташлаб кетади.
– Болани ўсиб-улғайтир. Оллоҳ умр ва иқбол берса, ота юртимизда насл-насабимизни сақлаб қолар. Мана шу олтин бешик сенинг хизмат ҳақингдир. Менинг ўлмай салтанатни сақлаб қол-моқ имконим юзда элликдир. Биз сақлай олмаган бобо салтанатини тикламоқ бу авлодга насиб этар, иншооллоҳ. Сен қулоғига қуйгинким, у аждоди ва кимлигини унутмасин, дея кўзда ёш билан ота юртини тарк этади Бобуршоҳ. Амир Насруллоҳ Шайбонийхон ҳам журъат этмаган қабиҳликларга қўл урди, Садриддин.
– Қўқон шайхулисломи Ҳакимхон Тўрани Ма-далихон Сибирияга сургун қилган. Тўрам ҳазратла-ри аранг ватанга дўнганлар ва Қўқонга бормай Шаҳрсабзни ватан қилганлар дейишади, дўстим? Нега Мадалихон шундай кишиларга жабр этган, англамадим?
– Мадалихоннинг қиблагоҳи Умархон замонаси-да Махсумхонтўра шайхулисломлик қилганлар. Ул кишим Оллоҳнинг раҳматига қовушгач, бу рутбага фарзандлари Ҳакимхонтўра кечганлар. Умархон ўт-тиз ёшларида вафот этади. Тахтга ўн уч ёшли шаҳзода Мадалихон ўтиради. Хон ёш бўлганлиги боис, у вояга етганига қадар давлату салтанат жилови волидала-ри Нодирабегимнинг элида бўлади. Балоғат ёшига етиб, оёққа турган хон шайхулислом ҳазратларидан қиблагоҳи ҳарамидаги ўша Пошшоойимни никоҳи-га олишга розилик сўрайди. Ҳакимхонтўра бу ишнинг шариатга тўғри келмаслигини айтиб, рад этади. Ана шундан сўнг сиз айтган ҳижрат, сур-гун амри берилади. Ҳакимхонтўрам Сибириядан қайтганларидан бери Шаҳрсабзда яшаб, Саидлар гумбазида имомлик қиладилар.
– Бир суҳбатимизда Шайхулислом Адонинг ўзи-ни Алишер Навоий ҳазратларидан, Умархонни эрса Султон Ҳусайн Бойқародан устун қўйганлиги ҳақи­да гапирдингиз, устоз. Бу ҳақиқатан рост воқеами ёки хон ва шайхулисломнинг яғийлари тўқиб чиқаришганми? – гурунглашиб келишарди устозу шогирд.
– Афсуски рост, Садриддин. Амиру маъмур-лар, сарой шоиру битикчилари ҳукмдорга асил ҳақиқатни эмас, унинг қулоғига ёқадиган ши-рин ёлғонни айтадилар. Асил ҳолату вазиятни сўйлашса, сен аблаҳлар нима иш қилиб юрибсан, дея ўзларини жазолайди. Халқ эса эрксизлигу жоҳилият, қашшоқлигу фақирлик остонасида қо-либ кетаверади. Сарой олимлари ва шоирлари Умархонга “амиралмуслимин”, “шоҳлар шоҳи”, “жаннат макон” каби унвонларни тақиб тўғри йўлдан адаштирганлар. Ўзи ҳам шуни истаган. Адо: Гар Навоийдан Адо шеърини ўтказса не тонг, шоҳ Умар афзалму ё, султон Ҳусайн Бойқаро дея битса, Фазлий мен замонда номи чиққан Фазлийман, сўзда ўз асримнинг Низомийсиман. Гапда Жомийдан нишоним бор. Туркий шеърни Навоийдек баён қиламан. Яширинган мазмунлар менинг сиримдандир. Бу бир ғазал ҳам менинг созимдандир. Сўзда шундай кучу қудрат топдимки, Шаҳриёр ҳазратга пайров қила олдим, дея дам уради.
– Ҳа, тушундим, – деди Бухорий устозини диқ­қат ила тингларкан. Шоир Низомий, Навоий ва Жомийларга тенглашганимдан сўнггина Амирий ғазалига пайров қила олмоқ даражасига етдим, демоқчими?
– Ҳа, Фазлий шу лаганбардорона услубда Умар-хонни кечмиш устозларимиздан устун қўяди. Бу янглишдир, Садриддин. Ҳаддини билмас ҳа-лок бўлур, деган гап бор. Ўзи ўқиб-ўрганиб одаму шоир бўлган устозларни ерга урган шоир ижоди ва шахсиятини келгувси авлодлар қандай баҳолайдилар?
Улар ҳамон юришар, йўл узоқ, манзил йироқ эди.
– Ул густоҳ шайтонга гуноҳидан ўтганлигимиз ҳақида иноятнома ва уч бора аҳднома битиб, махсус одамимизни юбордик. Бироқ одаммисан, итмисан деб, сўзимизга қулоқ тутмади, – деди амир Насрул-лоҳ қаршисида ўтирган садри аъзамга.
– У Шаҳрисабз кенагаслари ёнида туриб бизга қарши курашмоқда. Уларга илҳом, куч-қувват бахш этмоқда. Унинг-ла сичқон-мушук ўйини ўйнамоққа лузум йўқ, онҳазрат, – жавоб қилди Садри Аъзам.
– Не қилмоқ жоиз дейсиз?
– Ҳамон чорасини кўриб, ишини битирмоқ лозим.
– Тўғри. Ул шайтони лаъиннинг кимлиги эмас, ким тарафда эканлиги муҳимдир. Модомики, биздан юз ўгирган экан, жазосини тортажак! Бу вазифани кимга топширамиз?
– Бундай ишни қойилмақом қилиб уддалайдиган одам ўзимизнинг зиндонда. Зоти олийларига маъ-лум ўша Душабой ўғрибоши.
– Мен ҳам шу фикрда эдим, – унинг фикрига қўшилди ҳукмдор. – У билан гаплашинг. Неки гуно-ҳу жиноят қилган бўлса афв этаман! Тирикчилиги учун етарли миқдорда ақча ҳам беринг! Ул шайтон шоирни шериги эшон билан бирга жойини солсин ва бошини олий тахт поясига етказсин!
– Амри фармон зоти олийларинингдир! – дея тисланди Садри Аъзам.
Эшон ҳар кунги бомдод намозини мусофири билан бирга ўқирди. Баробар таҳорат олишарди. Чиқавермагач, кўнгли алағда бўлиб, қўноқ ётган хона томон йўналди.
Не кўз билан кўрсинки, даҳлизда шоирнинг қон-га беланган бошсиз танаси ётарди…
Ҳайратда қотиб тураркан, биқинига санчилган пичоқдан кўз олди қоронғилашди.
Шоир ва шоира қотили амир Насруллоҳ ҳам бир малика, Кенагасойим қўлидан шаҳодат шарбатини ичди. Бухоронинг бош маликаси амир эрининг қулоғига симоб қуйган эди…
Жон таслим этаётган амир алам-ла сўнгги фар­монни берди:
– Маликани икки ўғли билан бирга қудуққа ташлаб ўлдиринг!
Мана, бизнинг золим амиру хонларимизнинг аҳволи. Қонлар қон талаб қилар, жонлар эса жон талаб этарди. Кўп ўтмай Турон юртидаги боши бирлашмаган ва ёвлашган амирлигу икки хонлик босқинчилар асоратига дучор бўлдилар.
Журъату жасоратдан айри тушган юрт, тупроқ ва эл – асоратга маҳкум этилмиш улусдир.
Бундан чорак аср чамаси бурун биз мавқели газетамизда “Қўқон хонлари – темурийлар авлоди” деган бир саҳифалик тарихий мақола билан чиқиш қилдик. Ўқувчилар кўпдан бери кутилган ва барча ҳам билавермайдиган бу тарихий воқеани ифтихор ва ғурур туйғуси билан қаршиладилар.
Бироқ газета муҳаррирининг ташаббуси билан бир олим бизга қарши мақола ёзди. Ранжидик. Ўзга улусу халқлар ўзларидаги йўқ тарихий факт ва воқеаларни бўрттириб, керак бўлса тўқиб кўр-сатадилар.
Биз эса бошда Нодираи даврон сатрларида кеч-ган, “Таърихи Шаҳруҳбий” ва Исҳоқхон Ибратнинг “Фарғона тарихи” асарларида эҳтиром ила қайд этилган бу авлоднинг темурийлар наслидан эканли-ги бот-бот қайд этилган тарихий фактга кўз юмиб, мудом ётлар йўриғи билан юришни афзал кўриб келдик.
Ватан ва улуснинг туб манфаатидан узоқ, сўзда олиму битикчиларга муносиб жавоб бермоқ учун биз Қўқон хони Умархон ҳамда малика ва шоира Нодирабегим Раҳмонқулибий қизини гувоҳликка чақира олмас эдик. Ҳозир ҳам бунинг иложи йўқ.
Исҳоқхон Ибратнинг “Фарғона тарихи” битигида-ги ушбу жумлаларни диққат эътибор ила ўқинг-а!
“Ҳўқанд хонларини олтин бешик деб “Таърихи Шаҳруҳий”да баён қиладур. Ул вақтда Ҳўқанд йўқ, атрофда Тирғов деган ва Чинкат деган ва Сарой қишлоқлари бўлуб, Тирғовда бир мудаббир киши бу халқни хонзодаси бўлмаса инқиёд қилмасликлари-ни билиб, ўшал вақтда Андижон хонларидан Бобурхон ибн Умаршайхни Андижондан қочиб кетиб турган вақти экан. Ул киши ўз оиласидан бир ва бир марзиаи ғабийни неча хил олтун ва кумуш-лар билан тазйин қилиб, анинг бешикларини кимхоб ва атласларга ўраб, Бобурхонни қочуб ўтуб турган ериға махфий ташлаб, анга посбонлар қўюб, топиб олмоқ учун бўлак халқларни муояна билма-ки лозим бўлуб, неча кундан сўнг уч қишлоқдан сув очмоқ учун одамлар чиққанда ҳаммалари бешикни кўруб, бирдан талашлар қилиб, чек солиб, бешик саройликларға, ёпуғлари чинкатликларға, бола тирғоваликларга тушганда, ҳар қайсилари ўз чекларига тушган нимарсаларни олиб кетиб, болани тирғоваликлар тарбият қилиб, ани отини Олтун бешик андин неча қари ўтуб аввали тўққуз юз ўн тўққузинчи ҳижрийдан олтун бешикдан Шаҳруххон ўрталари икки юз йилдан зиёдроқ ўтуб, ўн ато билан бир минг бир юз йигирманчи санаси Шаҳруххон жулус этиб, муфассал ёзулиб келган таърихлари ҳам бор эди. Тахтгоҳлари Ҳўқанд шаҳри бўлуб, мазкур наслдан йигирма саккиз зот тахтга ўлтуруб, Шаҳруххондан юқориси бий исминда, қуйиси хон исмини олмишдурлар”.
Бу хонлик даври адабиёти ҳам миллий адабиёти-миз тарихида “Олтин бешик даври адабиёти”, “Олтин бешик” адабиёти даврлари деб аталган.
Буни академик Азиз Қаюмов ва ўн тўққизинчи аср бошлари тадқиқотчилари, билхосса адабиётшунос М.Бузург алоҳида таъкидлаб ёзади.
Ватан ва улуснинг туб манфаатларидан йироқ сўзда олиму битикчиларга муносиб жавоб бер-моқ учун биз малика ва шоира Нодирабегим Раҳмонқулибий қизи ёхуд тарихчи олим Исҳоқхон Ибратни судга чақира олмас эдик. Ҳозир ҳам бунинг иложи йўқдур.
Гап ва мақсад нимада? Гап халқ ва унинг номи-дан сўз айтувчи кишилар тарихий хотирасининг тўғри шаклланиши ҳамда уларнинг ўқувчига тўғри йўналиш бера билишидадир.
Тўғри тарихий нигоҳ ва хотирага эга бўлмаган киши халқ келажагини ҳам аниқ-тиниқ тасаввур эта олмайди.
Бунинг учун эса тарих тўғри фикрловчилар то-монидан тўғри ёзилиши керак.
Хайриятки, кечмишнинг хотирасизлик, шахс-сизлик ва ҳурриятсизлик замонлари ўтиб кетди. Акс ҳолда “Олтин бешик” авлоди тарихий воқеасини инкор этганлар ёлғон ёзган дея Нодирабегим усти­дан ҳам жиноий иш қўзғаган бўлурмидилар?
Хайриятки, бунинг ҳам иложи йўқ эди. Сизу бизга қолажак бир ватаний ва миллий вазифа бор. Бу ҳам бўлса икки юзу эллик йил чамаси ҳукм сурган Қўқон хонлигини темурийлар салтанати-нинг давоми эканлигини ўқувчига тўғри англатиб, Қўқон хонларининг Ҳиндистондаги қон-қардош-лари бобурийлар билан олиб борган муносабатла-рига ойдинлик киритиб, тарихий адолатни юзага чиқаришдир!
Ўша пайтда Бухоро кўчаларида дарвешу қа-ландарлар айтиб юрган айтувга эътибор беринг-а!
Асли шайтон наслига,
Турли унвон эклама.
Олқиш чодирин тикиб,
Теклар ичра теклама.
 
Куну тунни унутиб,
Шому саҳар йўқлама.
Ризқингни ҳақдан сўра,
Суфрасини қўқлама.
 
Адолатдан юз буриб,
Адоватни йўқлама.
Ноҳақ тарафин тутиб,
Ҳаққа камон ўқлама.
 
Бирга разил бўлган он,
Қилмишингни оқлама,
Қулюрак пошшолардан
Ҳечам беклик беклама.
Leave a Reply
*