Menu
Categories
Пошшоойимдан Наврўз билан боғлиқ энг гўзал ва бетакрор ҳикояни тингланг
03/22/2019 Муҳокама учун мавзу

    Ассалому алейкум азиз опа – сингиллар, дугонажонлар, мўътабар онажонларим, қадрли ватандошларим,  Наврўз айёми, Янги йил, Янги кун муборак бўлсин!

    Узоқ кутган азиз меҳмон – Наврўзойим хонадонларимизга, қалбларимизга, юртимизга меҳр- мурувват ва саҳоват, қут –  барака, гўзаллик ва омонлик олиб кирсин!

    Мен ҳар йили Наврўз айёмини бошқа байрамларга қараганда ўзгача бир соғинч ва интиқлик билан интизор кутаман, чунки бир кунга бўлсада у  мени беғубор ва беташвиш, Наврўз осмонидай  мусаффо болалигимга қайтаради…  

Хаёлан кўм – кўк майсазорда қўлларида лолақизғалдоқ ва чучмомалар билан, гулдан – гулга қўнаётган капалак ортида чопқиллаб юрган, 5 ёшлардаги ширингина қизалоқни кўраман. Атлас кўйлак, атлас иштончада яланг оёқ югуриб юрган қизалоқ нагоҳан мени кўриб бир зумга тўхтаб қолади, кейин қийқириб, қучоқ очиб мен томон чопиб кела бошлайди.

Мен ҳам беихтиёр у томон қучоқ очиб бораман, у қучоғимга ўзини отади ва бўйнимдан маҳкам қучиб олади. Қизалоқ менга жуда танишдай, бу кўзларни каерда кўрганман, бу беғубор кулгуни каерда эшитганман? Уни қучоғимдан сал бўшатиб, унга тикиламан…, э ҳа, бу жажжи  қизалоқ мен ўзим, менинг болалигим эди, уни меҳр билан янада маҳкамроқ бағримга босаман, қизалоқ жисму жонимга сингиб кетади…

Ўша кунлари мен ёш боладай қувноқ ва сархуш юраман, болалигимнинг энг унутилмас дақиқалари Наврўз билан боғликлигидан янада бахтиёр бўламан.

     Кечагидай эсимда, 50 – йилларда тақиқланганига қарамасдан, ҳар йили Наврўз уйимизда байрам қилинар,  отам бир қоп жайдари буғдойни тегирмонда ун қилиб торттириб  олиб келар, онам эса уйни бир хонасини қоронғилатиб, унга ҳеч кимни киритмасдан сумалак учун буғдой ундирарди.

Ҳовли чеккасидан катта қилиб ўчоқ кавланар, унга дош қозон осилиб, чеккалари тутун чиқмаслиги учун лой билан сувоқ қилинарди. Эрта баҳордан то кеч кузга қадар алвон гулларга бурканган, ҳовлимиз каттагина бўлиб, унга П шаклида иморатлар қурилган, очиқ томонида катта ариқда зилол сув шарқираб оқиб ётарди.

    Сумалак куни ҳовлимиз кариндош – уруғ, қўни – қўшнилар билан гавжум бўларди. Онам эрталабданоқ биз кичкинтойларни опам бошчилигида пастликдаги сойнинг саёз жойидан, сув тагидан юмолоқ ва силлиқ тошчалар териб келишга жўнатарди.

  – Ойи, нега сувнинг тагидан?  -сўрардим мен қизиқиб.

   -Сувни ҳам жони бор, сувни ҳам меҳри бор, тошни устидан силаб сийпаб ўтаётганида, унга меҳрини ҳам бериб кетади-да қизим, бундай тошлар сумалакни ширин қилади, бор энди борақол, хаялламай тез қайтинглар.

    Кўп ўтмасдан  биз сумалак учун “меҳрли тош”лардан этак -этак териб чиқардик. Ўртаси чуқур ўйилган, ёғочдан ясалган келига унган буғдойларни туйиш учун пичоқда кесиб солмоқчи бўлган келинойимга бувим: “ Хой, хой келинпошша, тўхтанг, асло пичоқда кесманг, сумалакни таъми бузиладия, қўлингизда бўлиб бўлиб солинг келига, кели сопида тоза эзилиб кетгунча тугинг!”  – дея кўрсатма бериб, ўзлари дош қозонга сумалак солишдан аввал, Аллоҳ ва арвоҳлар рози бўлсин деб қизитилган пахта ёғига 5 дона чалпак пишириб олар, ундан кейингина челаклардаги оппоқ сутдай сумалак сувларини қозонга қуяр, челак тагида қолган оппоқ қаймоқ сифат буғдой қуйқумларини “юзингларга доғ тушмайди, барвақт ажин тушмайди, суриб олинглар” дердилар.

     Дошқозонда сумалак қайнар, чаққон амаки келинойимлар бири ер ўчоқда ош дамласа, иккинчиси тандирда кўк сомсалар пиширардилар. Биз  дадамлар ясаб берган  ёғоч куракчаларда сумалак чақичларини мазза қилиб еярдик.

      Кечқурун дадам кўчага қараган деразамизни орқасидан (чироқ нури кўринмаслиги учун) қалин қоп тутиб бекитар, биз ва қариндошлар ош, кўк сомса ва сумалаклар билан безатилган Наврўз дастурхони атрофида дадамнинг сумалак ва Наврўз ҳақидаги ҳикоя ва ғазалларини эшитиб, янги йилни нишонлардик. “ Наврўзни тақиқ этганлари билан уни йўқ қилиб бўлармикан? У  табиатнинг ўзидан келиб чиққан меҳр мурувват бешиги, умри боқий байрамку! Табиатни йўқ қилиб бўлмагандек, Наврўзни ҳам йўқ қилиб бўлмайди, Наврўз иликузди пайтидаги табиатнинг биз бандаларга кўрсатган меҳр – муруввати, инъомидир. У томирларга қон, билакларга қувват, деҳқонларга омад улашади”,- дердилар дадам донишмандлик билан.

     Тун ярмида эса: ”Мана, ҳозир тун билан кун тенг келди, хонадонимизга Наврўз – Янги кун кириб келди, яхши ният қилинглар, бир бирингизга омонлик, бахт – омад тиланглар, кимки ҳозир нима ният қилса, албатта ижобат бўлади”, дея ўзлари Аллоҳдан юрт элга тинчлик, дин исломга кувват, пошшога адолат сўрардилар.

    Табиатан шоирсифат, ҳақ деб топган фикридан ҳеч қачон қайтмайдиган, чўрткесар дадам Наврўз куни эрта тонгданоқ чорси белбоғига тўртта нон, бир бўлак новвот ва идишда сумалак тугиб, “Бир ғариб кўнглини қила олсанг шод, яхшидир ер юзин қилгандан обод” деган ғазалини ўқиб, бемор ётган ёру дўстларини, етим – есирларни йўқлаб кетардилар. Пешиндан сўнг, ёру дўстлар ҳузуридан хушнуд қайтиб, энди саман отида, орқасига мени мингаштириб, яна совға саломлар билан шаҳарга, катта ойимникига (онамнинг онасиникига) тушардик. Катта ойимни байрам билан қутлаб, улардан оқ фотиҳа олиб қайтган дадам эртаси куниёқ  дала ишларини бошлаб юборар эдилар.

    Илк болалик пайтларимдаги оила даврасида ўтказилган Наврўз ва бугунги кундаги ўлкамизнинг кенг сарҳадларида ўлмас Наврўз байрамимизни бор малоҳати билан, ёш келинчаклардай назокатию  чиройи билан ўтказилишини таққослаб фикр қилар эканман, ота оналаримиз, бувжонларимиз ўзларининг ҳатти харакатлари, доно ўгитлари билан бизга гўдаклик пайтимиздан бошлабоқ меҳр мурувват тушунчасини онгимизга сингдиришга, ҳар биримизда меҳр мурувватли дунёқараш, меҳр мурувват маданиятини шакллантиришга интилганларини, нафақат ота – она, қариялар ва ёрдамга муҳтожларга нисбатан, балки бутун жонзотга, она табиатга нисбатан ҳам меҳр – мурувватли бўлишга, меҳр – мурувват ҳаётимиз мазмунига айланишини истаб яшаганларини гувоҳи бўламан. Бугунги тез ўзгарувчан дунёни ўша меҳр, ўша мурувватлар ушлаб турган бўлса не ажаб!

   Пошшоойим

Leave a Reply
*