Menu
Categories
Зулфия Мўминова: Гуллари қизларга айланган боғлар…
04/05/2019 Адабиёт

Зулфия Мўминова

Дилимдан сўз очсам…

Менинг боболарим йиғлаб келганни
Кўз ёшларин артиб икромлар этган.
Менинг момоларим сув сўраганга
Кумиш косаларда шарбатлар тутган.

Менким, хонлар берган, султонлар берган,
Қутлуғ Нигорларнинг зурёдидирман.
Соҳибқирон севган Бибихонимнинг –
Сароймулкхонимнинг авлодидирман.

Менинг боболарим муҳаббат ҳаққи
Тошларни тарошлаб тожмаҳал этган.
Менинг момоларим Алпомишни
Умр бўйи кутган, интизор кутган.

Менинг боболарим ҳаром-харишни
Эшигин ёнидан ўтказмаганлар.
Менинг момларим қушчаларни ҳам
Бир ҳовуч дон бермай кетказмаганлар.

Менинг ҳайратларим гулзотларимнинг
Жонидан – жонимга ўтган ганжина.
Менинг шеър ёзишим нурзотларимнинг
Қонидан-қонимга ўтган хазина.

Гуллари қизларга айланган боғлар:
Боғидилкушо бу, Боғишамол бу.
Қизлари гуллардан жозиба чорбоғлар,
Соҳиби камол бу, ойга тимсол бу.

Ватан деганимда, кўзимда қалққан,
Севинч ёшларимни артурман мен ҳам.
Ватан – дея келиб, Ватан – деб кетган,
Асл зотларимга тортурман мен ҳам.

Leave a Reply
*