Menu
Categories
Аҳмад Турон: Каримов даврига баҳо бериб, унинг асоратларидан қутулиш керак (6)
04/05/2019 Муҳокама учун мавзу
  Аҳмад Турон
Каримов даврига қандай сиёсий баҳо бериш ва унинг асоратларидан қандай қутилиш керак?
6-қисм.
Ўзбекистонга дунё инвестициялари олиб келинганда ҳам, давлат рахбарияти, унинг ҳар бир бўғини, айниқса куч ишлатар тизимлари, хозирги кундаги Каримов давридан қолган коррупция, профессионал саводсизлик, тўрачилик, таниш-билишчилик каби иллатлардан тўла тозаланмас экан, мамлакатда ривожланишни кутиш қийин.
Халқимизнинг фаровон яшаши, мамлакатнинг ривожланиши учун миллат маданияти, интеллектуал онги ҳам eтарли даражада юксак бўлиши керак.
Биз ҳақиқий юксалиш чўққиларига эришмоқчи бўлсак мамлакатимизда ижтимоий эркинликнинг асоси бўлмиш эътиқод эркинлигини, агар у зўравонлик, ирқчилик, миллатчилик ва урушга тарғиб қилмаса, тўлиқ таъминланиши керак.
Мамлакатимиз барча дин вакилларига ташриф қилиш ва яшаш учун очиқ бўлиши керак. Биз уларнинг барчасини ҳурматини, эркинлигини таъминлашимиз ва улардан мамлакатимиз аксар аxолиси эътиқод қиладиган ислом динини ҳам ҳурмат қилишини кутишимиз керак.
Кўп йиллик мустамлака ва қарамликда қолиб кетган миллатларимизни тарбиялаш – энг асосий вазифадир. Бунда илғор дунёвий илм ва технологиялар билан бирга Ислом динининг ўрни беқиёс.
Аммо диннинг ҳақиқатини бузиб, уни ўзларига монополия қилиб олиб дин номидан давлат ва раxбарлар райига мослаб фотиҳа берувчи уламолар, ёки динни чуқур тушунмасдан ва eтарли билими бўлмасдан дин ҳақида фикр билдирувчилар аввал ҳам бўлган ва xозир ҳам кўп.
Ана ўшалaр оxиратга ва дўзаx азобларига ишонмайдиган мунофиқ тоифалардир, Аллоҳ асрасин.
Шундай тоифалар сабабли ҳам Ислом дунёси таназзулга юз тутди, мустамлакаларга айланди, Ўзбекистон каби мустақил бўлиб ҳам ривожланмади, ҳаёт даражаси ва илм-фан орқага кетди.
Қутблар
Дер, рўмол шарт эмас – ўқимоқ афзал,
Сақол шарт эмасдир ёш бўлган маҳал.
Намоз айламагил мактабда, ишда,
Қариб қуйилганда қил илму-амал.
***
Иймоним eтар дер – намоз фарз эмас,
Рўза тутмоқлик ҳам менга қарз эмас.
Дунёвий олимман, диндорлар қолоқ,
Уламолар дарси менга дарс эмас.
***
Намозинг ўтмас дер шалворинг узун,
Соқолинг калта гар иймонинг забун.
Аллохнинг каломи мендадир фақат,
Дейди мен қомусман, мендадир тузум.
***
Ислом даъво қилса ким кофир дема,
Қалби тошдан бўлса ким ғофир дема,
Эй Турон бил ҳар қадар они бордир,
Бесабр кас бўлса ким собир дема.
Аслида, Пайғамбаримиз Муҳаммад CаллАллоҳу алайҳи ва Cаллам келтирган ва бидъатлардан ҳоли Ислом дини–нафақат Ўрта Осиё, балки бутун Дунё мусулмонларини, жумладан Турк дунёсини бирлаштира оладиган ва мусулмонларгагинa насиб этилган қудратли кучдир.
Ал-Бухорий, Ат-Термизий, Навоий, Жалоладдин, Амур Темурлар юрти дунёнинг eтакчи ислом марказилардан бирига айланиши керак.
Гўзал табиатли шаҳарларимизда дунёдаги энг буюк ислом университетлари, мактаблари ва марказлари ишлаб туриши, халқимизнинг одоби ва ҳулқи эса динимиз маданияти билан йўғрилган бўлиши керак.
Бундай марказларни очиш ва ташкил қилиш учун дунёда дурдай сочилиб кетган миллатимизнинг Аллоҳнинг китоби ва Пайғамбаримизнинг суннатларидан мухожиротда дарслар бераётган диний уламоларини, қори-имомларини мазҳаб ва йўналишларидан қатъий назар ўзларининг Она-юртларига таклиф этиш, эмин-эркин даъват ва дарс қилишларига шароит яратиш динимиз йўлида қилишимиз керак бўлган энг савобли амалдир.
Шу ўринда таъкидлаш жоизки Каримов давридан то шу кунгача миллатнинг диний онги даражасига, баъзи ёшларимизнинг радикаллашиб ёки фаҳш йўлларга кириб кетаётганига Ўзбекистон диний идораси ва диний қўмитанинг халқ билан носамимий мулоқоти, хижоб, соқол, ва илм олиш каби энг оддий диний эҳтиёжларга ҳам ижобий жавоб бера олмагани, боз устига Аллоҳ йўлида холис хизмат қилган аллома Абдулвалий қорига, Обидҳон қорига, Aбдуллоҳ Буҳорийга ва мухожиротдаги барча миллат уламоларига нисбатан ўта нохолис ва ғаразли қарашлари кўп жиҳатдан салбий таъсир қилиб келмоқда.
Бундай аксил-диний ва аксил-миллий сиёсат Каримов даври сиёсати мазмун-моҳияти бўлиб, бу идораларнинг янги даврда ҳам ўзгара олмагани, Президент Мирзияевнинг ёнида туриб унга динимиз аҳкомлари бўлган ақида, Қуръон ва Суннат асосида унга ёрдам бера олмаётгани xалқимизнинг, унинг аксар қисми бўлган диний қатламининг ҳақли ғазабини келтирмоқда.
Бу эса ўз навбатида Президент олиб бораётган ислоҳотларга салбий таъсир қилмоқда, Президентга нисбатан ишончсизлик кайфиятини келтириб чиқармоқда. Бир сўз билан айтганда бу икки идора ҳам Президент ислоҳотларини очиқдан очиқ саботаж қилмоқда, хусусан дин ва диндорлар ҳақида Президентга ноҳолис маълумотлар eтказиб жамият ҳаётини ислоҳ қилишда чалғитмоқда.
Мисол учун, Қуръоннинг Ал-Азҳаб сураси 13 оятида, Ан-Нур сураси 31 ва 58 оятларида балоғот ёшидаги қизлар ва аёлларга аниқ-тиниқ авратларини ёпсинлар дейилган бўлсада диний идоранинг мактабларда ва ҳатто унга қарашли Ислом Университетида ҳам қизларимизнинг рўмол ўрашларига руҳсат бермай келгани тушунарсиз ҳолдир.
Ушбу идораларнинг ёшлар ва аёлларнинг мачитларга бориб илм олишига, ишхона ва жамоат жойларида намоз ўқишга қаршилиги динга қарши кураш билан баробардир.
Бу идоралар caқол қўйиш ва мўйловни қисқартириш мусулмонлар учун Пайғамбаримиз суннати бўлишига қарамай унга қарши тайзиқларга қарши ҳеч бир иш қилмади, ва ҳаттоки Пайғамбаримиз ва аёллари давлат мулозими томонидан ҳақорат қилинганда бундай ҳулқ-атворни қоралаб бaёнот билан чиқмади.
Шунинг учун ҳам давлат ва халқ ҳисобидан кун кўрувчи, xалқ ва динга эмас, муcтабидларга xизмат қилиб келган диний назорат идоралари Совет ва Каримов диктатураси даври қолдиқлари ва асоратлари бўлиб уларни тугатиш мамлакатимизда инсонларнинг эътиқод эркинлигини таъминлайди, давлат ва халқимизни ортиқча чиқимлардан халос этади.
Эркин жамиятга ўз-ўзини таъминловчи, нодавлат, мамлакатнинг мавжуд конституцияси ва қонунлари асосида иш юритувчи эркин диний муассасалар, масжидлар ва мамлакат бўйича уларнинг умумий бирлашмаси жоиздир. Масжид жамоларига бинолар, мактаб-мадрасалар, касалҳоналар қуришга, ота-боболаримиз каби вақфлар ташкил этишга руxсат берилиши керак.
Ана шундай жамолардан Пайғамбаримиз хадисларига (Ал-Бухорий-4051, Имом Муслим-1530) биноан сайланган имомлар ва раҳбарлар диндаги eтакчи уламолар бўладилар ва шундай уламоларгина ҳақ сўзни айта оладилар, динини эъзозловчи халқимизга ҳам, Президент қилаётган ислоҳотларга ҳам яқиндан мададкор бўла оладилар.
Ватанимиз учун ушбу тарихий даврда барча Ўзбек миллати ва Ўзбекистон xалқи бирлашиб бу ишларни бажара олса қисқа муддатда коррупция, ўғирлик, давлат ва жамият миқёсидаги ёлғончилик, қолоқлик, мунофиқлик, фаҳш, ва ўз-ўзини ўлдириш каби мамлакатимизда авж олган касалликларга барҳам бериш мумкин, инша Аллоҳ.
Аҳмад Турон,
“Дунё ўзбеклари” редакция почтасидан
Leave a Reply
*