Menu
Categories
Исмат Хушев: Болалар уйида улғайган шоир – М. Раҳмон (“Ўтганлар ёди” туркумидан)
04/07/2019 Демократия сабоқлари
Болалар уйида улғайган шоир

Posted by 

Исмат Хушев
(Ажойиб инсон, истеъдодли шоир Муҳаммаджон Раҳмоновни хотирлаб)
Кечагина суюкли ёзувчимиз Одил Ёқубовдан айрилган эдик.
Бугун   ўзбек адабиётининг яна бир ёрқин ва истеъдодли вакили Муҳаммаджон Раҳмонов ҳам бу ёруғ дунёни тарк этгани ҳақидаги машъум хабар ўзи шундоғам ярим ва ҳижронзада юрагимни тилка-пора қилиб юборди…
Муҳаммаджон ака билан биз яқин юртдош, қадрдон ака-ука эдик.
Эндигина олтмишинчи баҳорини қаршилашга улгурган бу ажойиб инсоннинг энди орамизда йўқлигини ҳис этиб яшаш жуда оғир экан.
Мана, уч кундирки, бу айрилик азобидан ҳануз ўзимга келолмайман.
Муҳаммаджон аканинг оғир ва босиқ табиати, вазмин қиёфаси, маъюс ва хокисор кулиб туришлари, ажиб бир сокинлик ва улуғворлик билан шеър ўқишлари хаёлимдан худди кино лентасидек бир-бир ўтаркан, у кишининг ўлганларига ҳеч ишонгим келмасди.
Беихтиёр, Китобга – у кишининг дўстларидан бирига қўнғироқ қилдим.
– Ҳа, Исматжон, Муҳаммаджондан ҳам айрилиб қолдик. Ўтган ҳафта фотиҳага бориб келдик. Ўша Оқтепадаги уйидан чиқаришди…
…Уйланганимдан кейин оиламни олиб эндигина Тошкентга келган кезларим эди.
Яшаш учун ижарага уй излаб юрган пайтимда Наргиз билан Муҳаммаджон аканикида бир-икки кун туришимизга тўғри келди.
Ўшанда у кишининг оиласи Холтош опа Оқтепадаги айлана уйларнинг биридан бизга ижарага уй топиб берганидан сўнггина Муҳаммаджон аканинг ёрдамлари билан ўша уйга кўчиб ўтган эдик.
Муҳаммаджон ака Китоб районидаги Паландара қишлоғида туғилган эдилар.
Ота-онадан жуда эрта айрилиб қолганликлари боисми, билмадим, у киши болалар уйида катта бўлганлар.
Эллигинчи йилларнинг бошида урушдан ғалаба билан қайтиб келган отамни Китобдаги болалар уйига директор этиб тайинлаганларида Муҳаммаджон ака ҳам шу ерда бўлган.
Отам бошқалардан нимаси биландир ажралиб турадиган бу қобилиятли ва зийрак болани ўшандаёқ таниб қолган.
–  Отангиз мени ҳар якшанба кунлари уйларига олиб кетардилар. У пайтларда катта акангиз Неъматжон туғилган эди, холос, – деб хотирларди Муҳаммаджон ака ўша болалик кунларини эслаб. – Биз у билан бирга ўйнардик, уришиб ё тортишиб қолсак, отангиз кўпинча менинг тарафимни олиб ҳимоя қилиб чиқардилар. Ҳар якшанба куни “детдом”даги ота-онаси бор болалар уйларига борар, мени олиб кетиш учун эса ҳеч ким келмасди. Шунинг учунми, билмадим, отангиз мени ўзларининг уйларига олиб кетардилар…
Кейинчалик Муҳаммаджон ака “Якшанбалар аслида болаларнинг кунидир!” деб ёзган машҳур шеърларининг яратилиш тарихини сўзлаб берганларида мен бу гаплардан хабар топган эдим.
Болалигида отамдан меҳр ва мурувват кўргани учунми, билмадим, Муҳаммаджон ака менга ҳам ҳаётим давомида жуда кўп яхшиликлар қилган…
Менинг биринчи шеърларим Муҳаммаджон аканинг “Оқ йўли” билан аввал район, сўнг вилоят газетларида эълон қилинган эди.
Ўрта мактабни битириб ўқишга кириш учун Тошкентга келганимда ҳам отам билан даставвал Муҳаммаджон аканинг уйларига борган эдик.
Ўшанда у киши оилалари билан Қора Қамишдаги икки хонали ижара уйда яшардилар. Шароитлари ўзига яраша экан.
Шунинг учун отам мени опаларинг билан бирга турасан деб қизларининг квартирасига жойлаб қишлоққа жўнаб кетдилар.
Кейин мен ўқишга кириб, ётоқхонага кўчиб ўтганимдан сўнг Муҳаммаджон аканикига тез-тез борадиган бўлдим.
У кишининг Қора Қамишдаги уйлари Студентлар шаҳарчасининг шундоққина орқа тарафида, “Олимпия” меҳмонхонасининг атрофида жойлашган эди.
Бир гал филологлар яшайдиган 84-ётоқхонада студентларнинг мушоира кечаси бўлди. Филология факультети қизлари бир тараф, биз журналистика факультети йигитлари бир тараф, роса шеър ўқидик.
Сирожиддин Саидов, Мирзо Кенжабоев ўша пайтлар студентлар орасида анча машҳур эди.
Шеърият кечасидан чиқиб, қувонч-у, ҳаяжонларимни устозга билдириб қўйиш учун Муҳаммаджон аканикига бордим. Кечки пайт саккизлар эди, чамамда. Ҳали унчалик кеч ҳам бўлмаганди. Кун бўйи ёмғир ёққанидан, табиат келиндек яшнаб кетганди.
Қўнғироғи босилган эшик очилиши билан, таклифни ҳам кутмай ичкарига кирдим. Гўё уй ўзимники-ю, мен кўчани бир айланиб келгандек эркин эдим:
–  Шундай ажойиб кунда ҳам уйда ўтириш мумкинми? Юринг, шаҳарни бир айланиб келайлик, Муҳаммаджон ака, ташқарида ёмғир ёғаяпти, қаранг қандай гўзал бу ҳаёт!
Муҳаммаджон ака кун бўйи толиқиб, ухлаб қолган экан шекилли, уйқусираган кўзлари менинг ҳайратимдан порлаб кетгандек бўлди.
Лекин мен бахтиёр ўспиринга бўлган бу лаҳзалик ҳавас тезда сўниб, унинг ўрнини одатдагидек кундалик ҳаёт ва рўзғор ташвишлари эгаллади шекилли:
–  Раҳмат, мен эртага ишга боришим учун барвақт туришим керак, Исматжон, узр,  – дедилар маъюс бир жилмайиб…
Ўша пайтларда мен университетнинг кечки бўлимида ўқир, кундуз кунлари эса Ўзбекистон радиосининг “Пионер эрталиги” эшиттиришини олиб борардим.
Бунга ҳам Муҳаммаджон аканинг ёрдами билан эришгандим.
Мен кечки бўлимда ўқишимни қишлоқдошларимдан яшириш учун “Студентлар шаҳарчаси”даги филология факультетининг 84-ётоқхонасидан жой олган эдим.
Эртаси куни тушдан кейин, соат иккиларда биз эшиттириш муҳаррири Ҳафиза Ҳайитметова билан “Пионер Эрталиги”нинг навбатдаги сонини эфирга тайёрлаётган пайтда, студияга кириб келган Муҳаммаджон ака менга ойна ортидаги микрафон орқали: “Кейин менга учраб кетинг” деб айтдилар.
Муҳаммаджон ака ўша пайтда радионинг “Болалар ва ўсмирлар” таҳририятида Латиф Маҳмудов билан бирга ишлар эдилар. Бордим. У киши мени кўриб, қувонч билан ўрниларидан турдилар-да, қўлимга ҳозиргина машинкадан чиққан бир варақ қоғоз тутқаздилар:
–  Кеча бизникига келиб кетганингиздан сўнг, мен ортиқ ухлолмадим, Исматжон,  Менга яхши илҳом бердингиз, руҳ бердингиз. Сизга бағишлаб мана шу шеърни ёздим, – дедилар худди кечаги воқеа учун мен эмас, гўёки ўзлари айбдордек.
Бу менинг нотинч ва ғалвали ҳаётимда менга бағишлаб ёзилган энг биринчи ва энг гўзал шеър эди:
Бемаҳалда тақиллар эшик,
Ва кўринар таниш бир чеҳра.
Кириб келар хонамга тирик –
Ҳаяжон, завқ у билан бирга…
Қичқирар у остонаданоқ,
Усти боши шалаббо, башанг
Ташқарида ёмғир, дўл, чақмоқ,
Сиз бўлсангиз яшанг-э, яшанг…
Уникидир доим уй тўри,
Таклифни ҳам турмайди кутиб,
Тиниб-тинчмас ўсмир сурури,
Қўяр мени тамом ганггитиб..
Гоҳ кулади, гоҳ берар савол,
Баланд қўйиб овозларини.
Ҳушёр тортар кўриб бир маҳал,
Столдаги қоғозларимни…
Жилмаяди гуноҳкорона
– Борай энди, мен кетдим, хайр…
Жўнайди у яна мастона,
Кўчаларда этгали сайр.
Термуламан маъюс ва карахт,
Анчагача у кетган издан.
Ёмғир – вақт, дийдор – вақт, гул ҳам – вақт,
Ошаяпмиз бизлар ўттиздан…

Муҳаммаджон аканинг бу шеъри мазмунини мен орадан анча йиллар ўтиб, уйланиб, бошимга рўзғор ташвишлари тушганидан кейингина тўлиқ англаб етдим.
Йигирма ёшлардаги ўзидан бўлак ташвиши бўлмаган бахтиёр талаба ҳаяжонлари билан ўттизлардан ошган уйли-жойли, рўзғордор одамнинг ғам-ташвишларининг бир-бирига нақадар қарама-қарши келиши ҳақидаги фалсафий ва гўзал бир ҳикоя эди бу асар…
Мен Тошкентда ўқиган талабалик йилларимда ҳар якшанба куни Муҳаммаджон аканикига борардим. Чунки бу кун Муҳаммаджон ака болаларига подшолик ваъда қилган кун ҳисобланарди.
Шу кун у кишининг болалари нима деса ижобат бўладиган кун эди.
Ҳатто, бу кунга бағишлаб у кишининг “Якшанбалар аслида болаларнинг кунидир!” деган машҳур шеърлари ҳам бор эди.
Биз ҳар якшанба Муҳаммаджон ака бошчилигида Тошкентнинг истироҳат боғларига, ҳайвонот олами-ю, болалар оромгоҳларига сайр қилардик.
У киши болалар уйида тарбия топаркан, ҳар якшанба келишини юрагида оғир бир хавотир билан кутишини айтган эдилар. Ўша куни аксар болаларнинг ота-онаси келиб, уларни уйига олиб кетишини, бу ҳолдан Муҳаммаджон ака чексиз изтироб чекишини ҳикоя қилиб берган эдилар:
– Мен ўша болалар уйидаёқ катта бўлиб уйлансам, болаларимни ҳеч қачон ёлғизлатиб қўймайман, ҳар якшанба куни уларни “подшоҳ”ликка кўтариб, айтганларини муҳайё қилиб яшайман деб орзу қилган эдим, – дедилар бир кун менга Муҳаммаджон ака…
Кейин орадан йиллар ўтиб, ўсиб улғайдик. Тошкент, сўнгра Москва давлат университетларини битириб келиб, Шаҳрисабз ижроқўмида кичик амалдор бўлиб мустақил ҳаётга қадам қўйдик.
Ёшлик ва енгилтаклик қилиб амал пиллапояларидан такрор ва такрор қоқилган пайтларда энг аввало Муҳаммаджон акага мурожаат қилардим.
Қарши пединститутидаги машмашалардан чарчаб, Қашқадарёдаги “жўшқин фаолиятим”га якун ясаб, Тошкент сари юзланган кунларимда ҳам, ҳар галгидек Муҳаммаджон ака яна жонимга аро кирган эдилар.
Маматқул Ҳазратқулов тавсияси билан “Саодат” журнали Бош муҳаррири Ҳалима Ҳудойбердиевага бориб учраганимда истеъдодли шоирамиз оғир ва босиқлик билан бошқалар қатори мен учун Муҳаммаджон Раҳмонов ҳам кафолат берганини ажиб бир фахр билан тилга олганлари ҳануз ёдимда…
1989-йилнинг 23-июнь куни Ўзбекистон Компартияси Марказий Комитетининг навбатдан ташқари чақирилган Пленумида Ислом Каримов Компартия раҳбари этиб тайинланганидан кейин фавқулодда қувонч билан Муҳаммаджон аканинг уйларига бориб, энди мен учун ортиқ азият чекмасликларини, энди мен албатта амалдор бўлиб кетишимни қайта ва қайта таъкидлаганимда:
– Майли, Исматжон, омадингизни берса биз фақат хурсанд бўламиз, – деб яна ўша хокисорлик билан маъюсгина жилмайиб қўйган эдилар…
Билмадим, бу ҳорғин жилмайиш ортида нима бор эди?
“Бу худбин ҳатти-ҳаракатинг ва бу бежилов феъл-атворинг билан ҳали яна кўп қоқиласан” демоқчи бўлдиларми, билмадим…
У киши ҳеч қачон бировга оғир гапирмас, кўнглини ранжитмас, боладек содда ва беғубор эдилар.
Шунча йил бирга бўлиб, сафарларда юриб, давралар қуриб Муҳаммаджон аканинг нафақат менга, балки бошқаларга ҳам қаттиқ гапирганини, овозини сал бўлса-да, баландлатганини сира эслолмайман…
Кейин, Яратган ростдан ҳам омадимизни берди – кўтарилиб кетдик.
Мен Ислом Каримов тавсияси билан Ўзбекистон Компартияси Марказий Комитети Бюро қарори билан “Ҳаёт ва иқтисод” – “Жизнь и экономика” жўрналларига раҳбар бўлдим.
Бу пайтларда Муҳаммаджон ака “Юлдузча” нашриётида ишлар эдилар. У киши Ҳалима Ҳудойбердиеванинг курсдоши эди. 1993- йили Ҳалима опа, Мавлон ака ва Мурод Муҳаммад Дўстларнинг ёрдами билан Муҳаммаджон ака ҳам Президентнинг матбуот хизматига ишга олинди.
Ўзбекистон радиосида ишлаганларида Қадам Саидмуродов, нашриётда ишлаганларида Мирпўлот Мирзоевлар билан жуда қалин эдилар.
Ижодкор дўстлари Усмон Азимов, Шавкат Раҳмон, Эркин Аъзамов, Хуршид Давронлар билан бир оила аъзоларидай яқин эдилар.
Китоблик Бахтиёр Абдуллаев, Маматқиём Саломов ва Толибжон Қодировлар билан тутинган оға-ини эдилар.
Президент девонига ишга ўтганларидан кейин ҳам у киши ҳаммага – дўстлари, шогирдлари ва яқинларига қўлларидан келганча яхшилик қилишга одатланган ғамхўр ва меҳрибон инсон эдилар..
Оилалари Холтош опанинг укаси – Азимжон айнан Муҳаммаджон аканинг ёрдами боис суд ва адлия тизимида узоқ муддат ишлаб келди. Олий Суднинг аъзоси бўлди.
Китоблик, паландаралик ва каттақўрғонлик қанчадан-қанча билимли ва истеъдодли йигит ва қизлар Муҳаммаджон Раҳмонов боис ҳаётда ўз ўринларини топдилар.
Бугун улар Муҳаммаджон акасиз қандай яшаётган экан Ўзбекистонда?
Муҳаммаджон аканинг оиласи Холтош Усмонова асли Самарқанд вилоятининг Каттақўрғонидан эди.
Улар ТошДУнинг журналистика факультетида бирга ўқиб, бир-бирига кўнгил қўйиб, турмуш қуришган. Икки нафар фарзандлари бор эди – Умид ва Жамшид.
Умид ёшлигидан математика ва физикага қизиқиб, аниқ фанлар бўйича ўтказилган бутуниттифоқ олимпиадаларида иштирок этарди.
Охир-оқибат Новосибирскда ўқиб, Москвада ишлаб қолди, уйланди.
Лекин бундан беш-олти йил муқаддам кўп қаватли уй балконидан пастга қулаб, фожеали вафот этди…
У киши бир пайтлар Тошкент шаҳар “ГАИ”сининг раҳбари бўлган Аҳмаджон Эркабоев билан қуда тутинишган, Аҳмаджон аканинг қизи Муҳаммаджон акага келин бўлиб тушган эди…
Ёш бўлишига қарамай бизнес билан шуғулланиб анчагина бойлик орттирган, Москванинг кўркам ва нуфузли гўшасидан уй сотиб олишга улгурган навқирон ва истиқболли ўғлининг бу сирли ўлими Муҳаммаджон аканинг қаддини тамом букиб қўйди…
Биз янганинг маслаҳати билан Муҳаммаджон ака иккимиз бу сирли ва фожеали ўлим сабабларини ўрганиш учун Москвага боришга қарор қилган эдик. Лекин нима бўлди-ю, кетишимиз аниқ бўлган пайтда Муҳаммаджон ака фикридан қайтди:
– Мол-мулк даъво қилиб келишибди деб ўйлашлари мумкин, – дея истиҳола қилган эдилар.
У киши Умиддан ёдгорлик бўлиб қолган якка-ю, ягона невараларини кўриш ва уни иложи бўлса Ўзбекистонга олиб қайтишни орзу қилган эдилар, холос.
Болалар уйида улғайган шоирнинг бу орзулари ушалмай қолди…
У киши ана шунақа тоза ва фаришта инсон эдилар!
Умиднинг кутилмаган ўлимидан адои-тамом бўлган Муҳаммаджон ака кун сайин эмас, балки соат сайин сарғайиб, сўлиб қолдилар.
Мен расмий сафар билан икки ҳафта Францияда бўлиб, қайтиб келганимдан сўнг у кишини таний олмай қолдим. Ўзларини анча олдириб қўйган эдилар…
Муҳаммаджон аканинг иккинчи қудалари – менинг яна бир устозим Маҳмуд Сатторов эди. Иккинчи ўғиллари Жамшидга Маҳмуд аканинг гўзал қизлари Сурайёни олиб бергандилар.
Сурайё Тошкент давлат юридик институтини битириб, кейинчалик шу ерда илмий иш қилиб, талабаларга дарс бериб қолди.
Бунга ҳам беш-олти йил бўлди. Бугун у эҳтимол илмий ишини ҳам ёқлаб, олима бўлгандир.
Лекин Муҳаммаджон ака ўғли ва келинининг камолини кўрмай кетгани менга алам қилади…
Муҳаммаджон Раҳмонов роппа-роса ўн етти йил Президент девонида хизмат қилди.
Эҳтимол, бу олий даргоҳда бу қадар кўп муддат ишлаган одамлар бугун саноқлидир.
Муҳаммаджон ака “дарахт бир жойда кўкаради” деганларидек борган жойида қўним топиб, сингиб кетадиган меҳри дарё, кўнгли саҳро бир инсон эди.
Бутун умри давомида ҳалол ва покиза ҳаёт кечириб, бизларни ҳам шунга даъват этиб келди у киши…
Мен ўзимнинг “Оқ сарой”га алоқадор ва “подшоликка” дахлдор ҳаётим ҳақидаги “Оқланмаган ишонч қиссаси” номли хотиралар китобимни ёзиб тугатгач, унинг қўлёзмасини Муҳаммаджон акага ўқишга берган эдим.
Бир гал у киши менга қўнғироқ қилиб “Китобга бориб келайлик” деб қолдилар.
Йўлма-йўл гурунг қилиб кетдик.
У киши ҳар гал Китобга борарканмиз, Чиноздан ўтаётиб балиқхўрлик қилишни яхши кўрардилар.
Бу гал ҳам тушликни Чинозда қилдик.
Китобга етиб келганимизда кун алламаҳал бўлиб қолган, “Қайнарбулоқ” оромгоҳи раҳбарлари бизни алоҳида мулозамат билан кутиб туришарди.
Меҳмондорчилик тугаб, Бахтиёр акадан бошқа ҳаммага жавоб бериб юбораркан, Муҳаммаджон ака уччаламиз тоғ ёнбағридаги бу сўлим гўшада ёлғиз қолдик.
Шу оқшом Бахтиёр ака гувоҳлигида у киши менга тўрт қатор шеър ёзиб бердилар-да, “бу китобингиз муқаддимаси учун мендан эсдалик” деб яна ўша ҳокисорлик билан ширингина жилмайиб қўйдилар…
Мен қалбимда қуёш порлагандек қувониб кетдим. Чунки йўл бўйи китобим ҳақида “миқ” этмай келганлари учун ҳам, ёзганларим у кишига ёқмабди деб ўйлаган эдим.
Демак, ёқибди. Бу мен учун жуда муҳим, катта гап эди!
Биринчидан, у киши Президент девонида ишласалар, иккинчидан Ислом Каримовнинг мен қаламга олган ҳатти-ҳаракатлари, феъл-атвори, одамларга ва ён-атрофидагиларга бўлган муносабатидан у киши ҳам ўтган йиллар давомида баҳоли-қудрат хабардор бўлган эдилар.
Демак, фикр-мулоҳазаларим у кишига маъқул бўлган.
Йўқса, китобимнинг кириш қисмига деб, шеър ёзиб бермас эдилар:
Умри – сaбoқ, дaрслигигa гумoн йўқ,
Мубoҳaсa, бaҳслигигa гумoн йўқ.
Тaрихий шaхс эмaсдир-у вa лекин,
Исмaтжoннинг шaхслигигa гумoн йўқ!
Ҳа, менинг чақмоқдек чақнаб ўтган шу ғалвали умрим ўз хато ва камчиликлари – гуноҳу-савоблари, саволу-жавоблари, қувончу- сароблари билан кўплар учун аччиқ сабоқ ва яхшигина дарс бўлиши мумкин.
Менинг умрим йўлларидаги бу шодлик ва аламларим, қувонч ва ғамларим, чеккан дарду-ситамларим ҳали узоқ йиллар не-не дўсту-ғанимларим учун мубоҳаса ва баҳс мавзуига айланиши табиий.
Ростдан ҳам мен балким Муҳаммаджон ака айтганларидек, тарихий шахс эмасдирман.
Лекин менинг рафиқу-рақибларим истайдими ё йўқ, бундан қатьий назар, ўз хато ва камчиликларим билан мен барибир шахс эканлигим, ҳаётда ўз ўрним борлиги, бу энди турган гап!
Муҳаммаджон ака мен ёзган “Оқланмаган ишонч қиссаси” номли китобимнинг асосий лейтмотиви бўлмиш ана шу оддий ҳақиқатни биринчилардан бўлиб илғаган ва ошкор айтиб кетган донишманд одам сифатида ҳам юрагимда мангу яшаб қолади…
Мана бугун китобим баъзи интернет нашрларида эълон қилиняпти. Яхшими, ёмонми, ўқувчилар у ҳақда ўз фикр-мулоҳазаларини билдиришяпти.
Рус, инглиз ва турк тилларига таржима ишлари боряпти. Бир кун келиб бу китобим нашрдан ҳам чиқар, дунё юзини кўрар.
Менинг бу қувонч ва ҳаяжонларим, орзу-умидларим рўёбини дўстларим, яқинларим ва устозларим мен билан бирга баҳам кўришар.
Лекин бу китобимнинг биринчи ўқувчиларидан бўлган ва унга гўзал ва бетакрор тўрт қатор шеъри билан ўз баҳосини бериб кетган Муҳаммаджон аканинг ўрнини ҳеч ким ва ҳеч қачон босолмайди, тўлдиролмайди.
Мен ана ўша шукуҳли дамларда Сизни тополмасам, бу шўр пешона бошимни қайларга урай, акажон!
Муҳожирликка юз тутиб, хориж эллар сари йўл оларканман, дунё кезиб, кўнгил ёзиб бир айланиб келаман деб ўйлаган эдим.
Бу қарорим билан Сизни ранжитиб қўйишдан қўрқиб, ҳатто мақсадимни ҳам айтмай, Сизга билдирмай кетворган эдим.
Эшитиб: “Яна ёшлик қилибди-да, у одамларга, жўшқин давраларга ўрганган йигит эди, Ватансиз бошқалар яшаши мумкин, лекин Исмат яшолмайди, кетиб бекор қилибди”,  деб роса куйганингизни айтишди.
Кетиб хато қилганимни Сиз Ўзбекистондаёқ англаган бўлсангиз, мен нодон, меҳр ва муҳаббат қуриб, тамом бўлган бу юртларга келиб англадим, акажон…
Энди хато қилсам, куядиган одамим ҳам қолмади ҳисоб. Яна қанча хато қилар эканман, акажон!?
Мени хатолардан огоҳ этиб турувчи Сиздан бошқа яна кимим қолди бу ёруғ дунёда, ака!?
Сизнинг беғубор ҳаётингиз, бетакрор ижодингиз биз ғофил бандалар учун бебаҳо бир ҳаёт мактаби эканини, во дариғ, Сиз бизларни тарк этгандан кейингина англадик, ака!
Муҳаммаджон аканинг кутилмаганда вафот этганларини эшитиб, у кишининг энг яқин дўстлари Бахтиёр Абдуллаев билан гаплашиш учун Китобга телефон қилдим.
Биз Муҳаммаджон ака билан ҳар гал Китобга борганимизда Бахтиёр ака доим биз билан бирга бўларди. Асл касби врач бўлган бу шоиртабиат йигит адабиётни теран тушунар, ўзи ҳам шеърлар ёзар ва хусусан, Муҳаммад Раҳмон ижодининг ашаддий ва жонкуяр мухлиси эди:
–  Умиджоннинг ўлимидан кейин Муҳаммаджон “сахар” бўлиб қолган экан, жуда озиб кетганди. Ишхонасидан “бюллетен”га чиқиб, Луначарскийдаги биринчи ҳукумат касалхонасида даволанаётган эди. Кутилмаганда айрилиб қолдик…
Муҳаммаджон ака ҳали ўлмасликлари керак эди. У киши яна йигирма ё ўттиз йил яшайди деб ўйлардим.
Лекин ўлим ҳақ экан, у ўзига керакли инсонларни биздан сўраб ўтирмай сафимиздан суғуриб олиб кетаверар экан.
Болалар уйида ўсиб улғайган, “Якшанбалар аслида болаларнинг кунидир!” деб ҳайқириб шеърлар ёзган, етим гўдаклигида ўзи кўрмаган меҳру-муҳаббатни фарзандларига беришни орзу қилган ва ҳар якшанба куни болаларига бу ҳаёт “подшолигини” совға қилиб келган Муҳаммаджон ака, не тонгки, 31 январь – якшанба куни вафот этибдилар…
Нега бунча эрта бизни ташлаб кетдингиз, акажон!?
Нега айнан якшанбада вафот этдингиз, ака?
Бу билан биз ғофил бандаларга нима демоқчи бўлдингиз?
Болаларингизни Сиз ҳам ўз меҳрингиздан дариғ тутманг, ҳар якшанба уларни бир кунга бўлса-да, подшоликка кўтаринг, деб биз меҳрсиз катталарга яна бир бор айтмоқчи ва бизни такрор огоҳлантирмоқчи бўлдингизми, акажон!?
Муҳаммаджон аканинг бутун онгли ҳаёти биз дўстлари ва шогирдлари учун катта сабоқ ва аччиқ бир дарс эканини у кишининг ўлимидан кейингина англаб етдим.
У кишининг юрагимда армон бўлиб қолган дийдори мени ҳали яна узоқ йиллар қийнаса керак…
Исмат Хушев,
“Дунё ўзбеклари” Бош муҳаррири,
16 апрель, 2010 йил, Торонто шаҳри, Канада…
http://www.yangidunyo.com
Суратда – қашқадарёлик ижодкорлар – чапдан биринчи: Мирзапўлат Тошпўлатов, Муҳаммаджон Раҳмонов, Насриддин Муҳаммад, Ҳаким Сатторов, Икром Отамурод ва Амирқул Каримов – Тошкент шаҳрида…
Bu maqola 3905 marotaba 873 ziyoratchi tarafidan o`qilgan
6 Responses to “Болалар уйида улғайган шоир”
1. Баҳодир Узоқов Says:
February 15th, 2010 at 11:02 pm
Раҳматли, ажойиб Инсон, ҳақиқий дўст, суюкли устоз, истеъдодли ижодкор Муҳаммад Раҳмон (Мамади Раҳмонов)нинг инсонийлик ҳислатларини сўз билан таърифлаб бўлмайди! 1996 йилларда Китобда Исмат аканинг раҳматли дўстлари, менинг ён ва жон қўшним Абдимўмин аканинг амакиси Тилововнинг ҳовлиларида ҳозир 100 ёшни қаршилаётган тоғам, собиқ Ўзбекистон ССР Министрлар Советининг раиси Раҳмонқул Қурбонов билан бирга Китобга борганимизда Китоб тумани ҳокими Ўктам деган йигит бизни кўзойнакли, салобати амалдорларга умуман ўхшамайдиган киши билан таништириб, Президент матбуот котибининг муовини деб айтган эди. Мен ёшлик қилдимми, мақтвангим келдими тоғамни ёнларида матбуот котиби Мурод Муҳаммад Дўст, Давлат маслаҳатчиси Хайрулла Жўраев, орготделдаги ўртоқларим, ишлар бошқармасидаги Элдор ака ва у кишини қўлида ишлаётган улфатларим ҳақида суриштириб кетдим. Муҳаммад ака менга визиткаларини бериб вақтим бўлса у кишига учрашишимни айтгандилар. Иш билан бўлиб орадан анча вақт ўтиб қўнғироқлашиб у кишини олдига Президент девонига бордим. Президент девонида ишлайдиган деярли барча танишларим билан ҳамма нарсани очиқ гаплашардим. Лекин Муҳаммад ака шунчалик самимий ва беғараз инсон эдиларки ўша тўдадан ажраб турардилар. Қачон у кишига қўнғироқ қилиб, ака маслаҳатли гап бор эди десам, тезда вақт топиб учрашар ва оқилона маслаҳатларини дариғ тутмас эдилар. Мен у кишининг олдиларига ўзимни муаммоларим билан боравериб лоақал бир марта у кишининг дардларини суриштирмаган эканман. Исмат ака, сизга Муҳаммад акани оламдан ўтганликлари тўғрисидаги машъум хабарни етказганимда “шокка тушиб қолдим” деб куйинганлигингиз не боисданлигини энди англадим. Биз ҳаётликларида ардоқлаб улгурмаган дўстларимиз қаторида Муҳаммаджон акамнинг ҳам охиротлари обод бўлсин!
2. admin Says:
February 16th, 2010 at 12:37 am
Раҳмат Исмат ака!
Шоир Муҳаммад Раҳмон ҳақида жуда яхши ёднома ёзибсиз.
Қарийб йигирма йилга яқин вақт давомида президент девонида ишлаб келган бу камтарин инсон ҳақида тўғриси яхши билмас эканмиз.
Раҳмат Сизга!
Хурмат билан Юсуф Расул.
3. Умид Норматов (Франция) Says:
February 16th, 2010 at 12:41 am
Мен Исмат Хушевнинг китоби ва бугунги “Ёднома”сини ўқиб бир нарсани англагандек бўляпман. Ислом Каримов ўз атрофига баъзилар ўйлагандек иймонсиз ва эътиқодсиз, истеъдодсиз кишиларни эмас, аксар ҳолларда иймон эътиқодли, талантли кишиларни тўплаган экан. Масалан, мен бугун кашф қилган Муҳаммад Раҳмонни олайлик.
Масалан мен Хайриддин Султоновни жуда ҳурмат қиламан. Унинг истеъдоди мухлисиман. Лекин Президентнинг мана неча йиллардан бўён энг яқин одами бўлгани учун ҳам унга баъзан нотўғри муносабат ва ҳолатда бўлишларни кузатганман. Бугун ўйлаб қарасам, бу ҳам адолатдан эмас экан…
4. Баҳодир Узоқов Says:
February 16th, 2010 at 12:56 am
Умид Норматовга: Хайриддин ака хам олмосни учида юрадилар. у киши хакида куп ижобий вокеаларни биламиз. Афсуски улар хакида канча ижобий нарса ёзсангиз, шунчалик хаётларини хавф остига куйган буласиз.
Мен Исмат акани хотираларидан узим учун накадар эъзозли ва ибратли Инсон булган Мухаммад Рахмон хакида куп нарсаларни билдим. Афсус, жуда кеч……
5. Ахмад хожи Хоразмий Says:
February 16th, 2010 at 10:07 pm
Исматжоннинг ёзган ёдномасини укиб “Яхшига килсанг яхшилик, хам айтади, хам кайтади” халк маколи накадар хакконий айтилганига яна бир марта иймон келтирдим.
Инсон икки нарсадан-модда (тана) ва рухдан иборат. Инсон хаётдан куз юмганидан кейин бу икки нарса хам келган (тупрок ва Холик) жойига кайтади.
Рух азалий ва абадий тирик деб ишонилади. Мухаммад Рахмоннинг рухи тирик. Сизнинг ёдномангизни укиб у кишининг рухи поклари шод ва сиз хаккингизга дуо хам килаётгандир иншаАллох.
“Каргиш олган кукармас, дуо олган кам булмас”, дейдилар. Дуо олишда бардавом булинг.
6. Dilbar Darmon Says:
February 18th, 2010 at 3:38 am
Muhammad Rahmonning joyi jannatda b’lsin, Ilohim qilgan saob ishlariga jannat nasib etgan bo’lsin!!
Ismatjon aka,Muhammad Rahmonning she’rlarini qaerdan topib o’qisak bo’ladi, biz ham chet elda yashaymiz..
http://www.yangidunyo.com
Leave a Reply
*