Menu
Categories
Қозоқ журналистининг Ўзбекистон ҳақидаги таассуротлари билан танишинг
04/10/2019 Бош мақола

 Қозоғистоннинг энг яхши ёш журналисти Данара Курманова Ўзбекистонни улкан таассуротлар оғушида сайр қилмоқда

Қозоғистоннинг энг яхши ёш журналисти Данара Курманова Ўзбекистонни улкан таассуротлар оғушида сайр қилмоқда

Данара Курманова – халқаро журналист, У Грузия ва Арманистон ҳақида туркум мақолалар тайёрлашда муваффақиятли қатнашган. 2013 ва 2015 йилда “Самрук” Президент фонди талқинига кўра, Қозоғистоннинг энг яхши ёш журналисти, дея эътироф этилган. Айни вақтда Москвада ижод қилмоқда. Динара айни пайтда Ўзбекистон ҳақида туркум мақолалар тайёрлаш учун Тошкентга келган. ЎзА мухбири Д.Курманованинг таассуротлари билан ўртоқлашди.
– Тошкент аэропортидаёқ мени ёқимли кайфият қуршаб олди. Божхона назорати борасида ҳеч қандай муаммо бўлмади. Аксинча, ҳамма жараён осон кечди. Божхона ходимлари жуда тез ишлар экан, улар ҳаммага бирдек хушмуомалада бўлишади. Аэропортнинг ўзидаёқ маҳаллий аҳоли билан танишдим. Улар менга Тошкентда мазали тушлик қилиш борасида маслаҳат беришди.
Тошкент мен учун бегона эмас. Онамнинг болалик шаҳри. Ҳозир ҳам хоҳ Москвада, хоҳ Қозоғистонда бўлай атрофимда Тошкентда туғилиб, вояга етган одамлар билан ҳамсуҳбат бўлиб турамиз. Шунинг учун Тошкент, умуман Ўзбекистон ҳақида доим илиқ тасаввурда бўлганман. Ва бу тасаввурларим чандон яхши бўлиб чиқди. 
Тошкентда ўзимни аллақачон эркин сезаяпман, чунки самимий, дилкаш одамлар меҳрини ҳис қилаяпман. Улар жуда меҳрли. Бирон манзил ёки маълумот сўрасангиз, астойидил жавоб беришади, сизга яхшилик қилгиси келади. Вақти кетсада меҳмонга йўл кўрсатишга ҳаракат қилади.
Кеча телефондаги дастур орқали такси чақириш керак бўлиб қолди. Менда ўзбек “сим-картаси” йўқ эди. Кўчада ёнимдан ўтиб кетаётган йўловчидан ёрдам сўрадим. У мен билан илиқ саломлашди-да, телефонини берди. Бу жуда қиммат, сўнгги русумдаги телефон эди. Нотаниш, лекин жуда қадрдондек туюлди менга. Бу йўловчи менга ишонч билан телефонини берди ва четроққа чиқиб, ўз ишини қила бошлади…
Мен “Facebook Selfie Uzbekistan”да ўзбек халқининг оммабоп гуруҳига кириб, ўз қизиқишларим ҳақида ёздим.
Эрталаб фейсбукни очдим ва ҳайратда қолдим. “Тошкентга хуш келибсиз! Бизникига меҳмонга келинг. Хурсанд бўлардик…”, “Фарғонага келсангиз бизга албатта қўнғироқ қилинг…” каби самимий, дўстона гаплар менга қувонч бағишлаган эди. Бу қандай ёқимли! 
Тошкент ажойиб шаҳар. Мен бу шаҳарда ҳаётимда илк бор баҳорни ҳис қилдим. Баҳор нафаси дарахтлар гулларида, ифорли ҳавода, одамларнинг тоза қалбида уфуриб турибди. Тошкент халқи – Ўзбекистоннинг энг бой хазинаси.
Ўзбекистонга жуда қисқа вақтга келганмиз. Шу боис мамлакатнинг кўплаб диққатга сазовор жойларини кўришга фурсатимиз етмайди. Лекин Бухорога боришни жуда истардик. Ҳозир Тошкент ҳақида мақола ёзаяпман. Ўз навбатида, бу ерда кўрган-кечирганларимни фейсбукдаги саҳифамга жойлаштириб бораяпман. Мақолада асосан тошкентликларнинг ҳаёт тарзи, шаҳарнинг бетакрор манзаралари, урф-одатлар ҳақида ёзаман.
Ёзганларимни #узбекистанпрекрасен хэштегида ҳам ўқиб боришингиз мумкин. Кечагина ушбу бўлимда ва фейсбукдаги саҳифамда қолдирган изоҳим ўзбекистонликлар, менинг кўп дўстларим томонидан катта қизиқиш билан кутиб олинди. Қизғин муносабатлар билдирилди. Бу биз тасодифан миллий таомлар манзилини сўраб мурожаат қилганимиз – ҳоким Бахтиёр Шомуродов (Яккасарой тумани ҳокими) билан кечган кичик саргузаштимиз эди. У киши бизга Тошкентдаги миллий таомларга етиб олишимиз учун такси тўхтатиб, пулини ҳам ўзи тўлаб, зарур маслаҳатлар бериб илтифот кўрсатди.
Мен яна Фаррух Зокиров билан ҳам танишдим. Уни болалигимдан севиб тинглайман. Айтиш мумкинки, Фаррух Комилович – менинг болалик овозим. Умуман Зокировлар сулоласи ўзбек эстрада санъати хазинаси. “Ялла” ансамбли узоқ йиллардан буён Ўзбекистонни тарғиб қилувчи брендга айланган. Чет элда “Чойхона”, “Учқудуқ” қўшиғи билан ҳам Ўзбекистонни яхши танишади. 
Ўзбекистон дунё сайёҳлари учун тобора жозибали манзилга айланмоқда. Ўрни келганда айтмоқчиман, чет эл фуқаролари учун “сим-карта” олиш қийин экан. Улар фақат мобиль алоқа операторларининг бош офисига бориб мурожаат қилсагина, “сим-карта” олиши мумкин бўларкан. Ишонаманки, бу муаммо ҳам тез орада ижобий ечим топади.
Мен бугун Тошкентни йил давомидаги ўзимнинг асосий кашфиётим, деб ҳисоблайман. Эҳтимол кимгадир ғалати туюлар, лекин мен Тошкентни яхши кўриб қолдим.
Улуғбек Асроров, ЎзА
Ольга Слюсарева олган сурат
ЎзА
"1" Comment
  1. Азизбек

    Нихоят! Исмст ака топибсизда! Хурсандман! Хоким йигитга тасанно! Барака топсин илохим! Сизгаям катта рахмат! Ёрдамим тегди деб умид қиламан!

Leave a Reply
*