Menu
Categories
Шерали Отабев: Чиялида чақалоқлар туғилиши мумкин эмасми? – Хабар.ўз
04/15/2019 Бош мақола

«Обод қишлоқ»ми ёки «барбод қишлоқ». Чиялида чақалоқлар туғилиши мумкин эмасми?

Фотоколлаж: Xabar.uz

Яқинда Тошкент кўчаларида сайр қилиб юрган қишлоғимиз шифокорини учратиб қолдим. У маҳалламизда «Гулбаҳор дўхтир» номи билан машҳур. Фамилияси билан айтиб Гулбаҳор Раззоқова десангиз ҳеч ким танимайди. У 22 йилдан буён гинеколог бўлиб ишлайди. Чироқчи туманида ўн минглаб гўдакларни дунёга келтирган. Оналар ва болалар ўлими оддий ҳол бўлиб қолган замонларда ҳам қўлида бирор-бир чақалоқ жон бермади. Қишлоқ аёлларининг гапига кўра, Гулбаҳор дўхтир туғишга келган аёлларни ўзининг қизидек қарши олиб, у билан бирга икки дунё ўртасида жон талашар экан. Бир-бирини танимайдиган катта шаҳарлардаги каби асраб қолган жони учун савдолашмайди. Ўзининг касбига содиқ ҳолда аёллар ва чақалоқларнинг соғлиғи учун кечани-кеча демасдан курашади. Турли шифокорларни кўрган камина ҳам унинг ана шу эътиқодини ҳурмат қилиб келган.

Гулбаҳор дўхтирни  ҳаёт кўп қийнаган. Ана шу қийинчиликлар туфайли ёшлигимда кўрган Гулбаҳор Раззоқовадан асар ҳам қолмабди. Ҳаёт тез қаритибди. У билан бироз суҳбатлашиб, гап-сўзларидан англадимки, ичида қандайдир дарди бор. Астагина «Муаммолар йўқми?» дея сўрадим. «Йўқ, йўқ» деган жавобида ҳам оғир хўрсинишни сездим. Дарҳол касбий маҳоратимни ишга солиб, ичидаги дардларини суғуриб олишга киришдим.

Гулбаҳор опа дардини ёриб қўйди-ю, аммо бу ҳақда ҳеч кимга ошкор этмаслигимни илтимос қилди. Чунки ўзи бу масалада кўп жойларга мурожаат қилганлиги боис, унга нисбатан таҳдидлар бошланган экан…

2007 йили тиббиётни чуқур ислоҳ қилиш бўйича  қабул қилинган Давлат дастурида Оналар ва болалар ўлимининг олдини олиш учун, айниқса, қишлоқ жойларда туғуруқхона ва педиатрияни ривожлантиришга катта эътибор қаратилиши айтиб ўтилган. Шу қарор асосида 2013 йили Чияли марказий шифохонаси бутунлай тугатилиб, Чироқчи туман марказий шифохонасининг бўлинмаси сифатида қолдирилади. Бир замонлар 100 ўринга мўлжалланган Чияли марказий шифохонаси 2013 йил октябрь ойида расмий равишда тугатилиб, атиги 23 ўринни сақлаб қолди. Аҳоли сони ўсиб боравергани сайин шифохонадаги ўринлар сони қисқариб бораверди. Шундан 10 ўринли туғуруқхона, 10 ўринли болалар бўлими ва 3 ўринли катталар бўлими ҳамда тез ёрдам шохобчаси қолдирилган.

Бюджетдан катта маблағ, янги поликлиника? Бекор гап…

2007 йили Чиялида янги поликлиника қурилармиш, давлат бюджетидан каттагина маблағ ажратилибди, деган хушхабарлар тарқалган эди. Аммо янги поликлиника қурилмади. Оқтўнли қишлоғининг тадбиркорлари томонидан ҳомийлик асосида қурилган икки қаватли бино қишлоқ врачлик пункти (ҚВП)га айлантирилди. Ваҳоланки, ўша даврда янги поликлиника учун ажратилган маблағнинг тақдири билан қизиқадиган бирор тирик жон бўлмади.

Яна ҳам ачинарлиси, Чияли марказий шифохонасининг таркибидаги эски поликлиника ушбу ҚВПга ўтказилиб, Чияли марказий шифохонасига қарашли бўлган аҳоли сони ҳам қўшиб юборилди.

2014 йилда Чиялининг бир четида бўлган Ўймовут қишлоғида ташкил этилган ҚВПга Оқтўнли ҚВПдаги аҳоли сони олиниб яна узоқлаштирилди. Бу сафар ҳам берилган ваъдалар унутилиб, марказий шифохона поликлиникасиз қолиб кетди.

2014 йил февраль ойидан бошлаб «санитарка»лар иш ўрни қисқартирилди. 24 соат ишлаб келган «санитарка»ларга 12 соатга ҳақ тўланди. Уларнинг юқори ташкилотларга қайта-қайта мурожаатлари натижасида июль ойига яна 5 соат қўшилди. 24 соатлик ишига 17 соатлик иш ҳақи ёзилди. 2017 йил декабрь ойидан бошлаб туғуруқ бўлими билан болалар бўлими битта постга айлантирилди. Туғуруқхона доялари 12 соатга ҳам туғуруқхонада, ҳам болалар бўлимида ишлашган. Қолган 12 соатида болалар бўлими ҳамширалари икки бўлимда навбатчилик қилишига Чироқчи туман тиббиёт бирлашмаси бошлиғи томонидан буйруқ чиқарилади. Ушбу ажабтовур ишлар бўйича Адлия вазирлиги ва прократурага бир неча бор мурожаат бўлишига қарамасдан, саволлар жавобсиз қолаверган.

Шароити ўта оғир бўлишига қарамасдан Чияли туғуруқхона бўлимида ҳар йили 700 нафарга яқин чақалоқлар дунёга келади. Яна икки юз нафарга яқин ҳомиладор аёллар соғлиғини тиклаб кетишади. Ва туғуруққа тайёрланишади. Шундай экан ҳомиладор аёлларга малакали врач ва малакали доялар ёрдам кўрсатиши керак. Шу сабабли туғуруқхона бўлимида ишлаётган ходимлар касбига содиқ қолган ҳолда туғишга келган ҳомиладор аёллар ва эндигина дунёга келган чақалоқлар ҳаётини сақлаб қолиш мақсадида, маъмурият чиқарган қарорга зид равишда, соҳаси бўйича йўналиши умуман бошқа бўлган болалар бўлимидаги ҳамшираларни аралаштирмасдан, 24 соат ўзлари (!) ишлашмоқда.

«Бизга бошқа шифохона керак эмас…»

Чияли ҳудудига поликлиника зарурлиги юзасидан Соғлиқни сақлаш вазирлигига ҳам мурожаат этилган. Вазирликдан келган мутасадди ходимлар Чироқчи туман тиббиёт бирлашмаси томонидан махсус ёлланган одамлар орқали «бизга бошқа шифохона керак эмас, шунинг ўзи етарли» деган мазмунда тушунтириш хатлари ёздириб олишган. Тушунтириш хатларини маҳалла фаоллари ўз қўллари билан ёзиб беришган экан. Бундай ҳолат ҳеч бир замон ва макон, ҳеч бир мантиқ ва мақсадга тўғри келмайди. Қайси замонда ва қандай одам шифохона керак эмас, деб айта олади?! Ваҳоланки, вазирликдан борган ўрганувчи «шифохона керакми, керак эмасми?» деган саволга жавоб изламасдан ҳудудни ўрганиб, аҳоли сони ва атрофидаги «радиусни» ҳисоблаб чиқиши лозим эди. Аммо, лекин, бироқ… осонгина йўли ҳам бор экан. Яъни, удумимизга айланиб улгурган эски усул — иккита одамга имзо қўйдириб олинган бир парча қоғоз билан юз минглаб инсонлар тақдирини ҳал қилиб қўяверамиз.

Уйларнинг ранги «сарғайди», холос…

Ўтган 2018 йилда Чияли хўжалиги «Обод қишлоқ» дастурига киритилган эди. Ушбу дастур бўйича Чиялдаги барча уйлар хонадон эгаларининг ўз пулларига сариқ рангга бўятиб чиқилди. Мана шу — «Обод қишлоқ» дастури экан.

Бир қарич асфальт ётқизилмади, ҳеч қандай янги бино қурилмади. Балки, қоғозларда Лас-Вегас қурилган бўлиши мумкин. Аммо реал ҳаётда ҳеч вақо кўринмаяпти. Ҳамма жой зўр бўлса, нега дастурга киритилди? Қилиниши лозим бўлган ишлар камми? Марказий йўл ёқасидаги ерлар тадбиркорларга бўлиб берилиб, мажбуран дўконлар қурдирилди. Юртимизнинг бошқа ҳудудларида «Обод қишлоқ» дастурига киритилган қишлоқлар бутунлай ўзгариб, ўзгача бир чирой касб этмоқда. Аммо Чиялига келганда ҳеч нарса ўзгармади. Фақат уйларнинг ранги «сарғайди», холос…


Қурбон талаб қилаётган таълим

Чиялида аҳоли сони кўплиги боис педагог кадрлар етишмайди. Шу сабаб Қарши шаҳридан ўқитувчилар жалб қилинган. Чиялида янги бинолар йўқлиги учун ўқитувчилар 60 километр (!) масофадан қатнаб ишлашади. Ўтган йил декабрь ойида уч нафар ёш педагог йўлда автоҳалокатга учраб ҳалок бўлишди!.. Энди четдан ўқитувчилар келишни тўхтатишган.

Мана сизга кичкинагина муаммонинг катта оқибатлари.


«Обод қишлоқ» дастурининг энг ажабланарли кароматларидан бири шуки, катта бир шифохона қурилиши режалаштирилган бўлиб, 2 800 000 000 сўм ажратилганлиги аҳоли томонидан иддао қилинмоқда. Аммо унинг ўрнига 850 000 000 сўмлик 60х15 ўлчамдаги кичкинагина иморат қуриб берилган. Агар иддаолар рост бўлиб чиқса, 2 миллиардга яқин пул қайда экан, қайси «бечора»га уч қаватли қаср битказилган экан? Бунинг сабабини суриштирувчиларга эса аҳолининг ўзи «бизга шифохона керак эмас деган» тилхат беришган қабилидаги аҳмоқона жавобни рўкач қилишмоқда.

Режа бўйича ҳужжатда 30 ўринли деб қурилган бюджети 850 000 000 сўмлик янги бинода атига 23 ўрин мавжуд.

Суратда: Янги қурилган (60х15) шифохона.

Эшитишимизга қараганда, ушбу шифохона қурувчиларини Чироқчи туман ҳокимининг қурилиш бўйича ўринбосари топган экан. Якунланган бинони эса Чироқчи туман тиббиёт бирлашмасининг бошлиғи имзо қўйиб, қабул қилиб олган эмиш. Ушбу кичкинагина бино ҳам шифохона талабига жавоб бермайди. Туғуруқхона бўлимига ҳам, болалар бўлимига ҳам, катталар бўлимига ҳам бир эшикдан кириб-чиқилар экан. Аслида бу кичкинагина бино учун иккинчи эшик ортиқчалик ҳам қилади. Қоида бўйича, бинони туман Давлат санитария ва эпидемиология назорати бўлими қабул қилиб олиши керак эди. Аммо улар умуман аралаштирилмаган.

…2019 йил январь ойида Гулбаҳор дўхтир Соғлиқни сақлаш вазирлигига шикоят билан борганида вазирликка киритилган қалбаки маълумотга кўра, Чияли аҳолисининг сони 42 минг нафар қилиб кўрсатилган, Кўкдала аҳолиси эса 92 минг қилиб атайин ошириб кўрсатилган экан. Аслида эса тескариси, Чияли аҳолиси ҳозирги кунда 82 минг нафардан зиёдни ташкил этади. Чияли шу пайтгача республикада ўз мавқеига эга бўлиб келган. Аҳолисининг сони билан юқори ўринларда туришини ҳатто ёш бола ҳам билади. Биргина мисол, хонанда Муниса Ризаева бориб хизмат қилган Наврўз байрамида 60 минг нафардан зиёд ёшлар йиғилганлигини кенг жамоатчилик билиб бўлди. Шунинг ўзи қоғоздаги фактларни сохталаштирган инсонлар учун исбот.

Аслида одамлар сонини атайин ўзгартириб ёки яшириб кўрсатиш давлатга хоинлик ҳисобланади. Бундай қинғирликларнинг бошида турган шахсларнинг юраги шунчалик каттами ёки улар ҳар қандай қонундан ҳам устун туришадими?!

«Ҳоким сектори»

Бугун кичкинагина Кўкдалага катта эътибор берилишининг асосий сабабларидан бири — бу ҳудуд айнан ҳоким секторига қарашли эканидир. Чияли эса секторлар ичида энг пастки поғонада турадиган ДСИга «насиб қилган». Ҳойнаҳой, «Чияли халқига ҳеч нарса керак эмас, улар бой, қирқ йил қирғин келса ҳам очдан ўлмайди, ўзларининг кунларини ўзлари кўраверади, обрўсини тўкиб ҳеч қаерга арз қилмайди», деган бўлишса, не ажаб. Аслида шундай тушунча ва қарашлар ҳам йўқ эмас.

Кўкдалага асосий урғуни беришнинг яна бир сабаби бор. Бу ерда бўш ётган бинолар кўп. Бир замонлар раҳбарларнинг куч-қудрати ила кўплаб бинолар оқибати ўйланмасдан қуриб ташланаверган. Энди эса қўлларида муҳр бўлган «раҳбарча»лар оддий теоремани қўллашмоқчи. Яъни, тайёр биноларга шифохоналар жойлаштирилади, ҳужжатларда янги бинолар қурилади. Қарабсизки, миллиардлаб пуллар чўнтакка жо бўлади-қўяди, деб айтишга афсуски менда аниқ факт йўқ. Балки бундай ғайриқонуний ишларга чидаш ҳам мумкиндир. Аммо ҳомиладор аёллар ва беморлар 30 километр узоққа қатнашга маҳкум этилганига жим қараб туролмаймиз. Кўкдалада қуриб ташланган бинолар аҳоли бормаганлиги боис хароба ва ташландиқ бўлиб ётибди. Ҳозирги раҳбарчаларимизнинг номаълум ниятларини амалга ошириш учун ўша тарих яна такрорланадими? Ёки одамлар ўша тарафларга боришга мажбур этиладими?

Бир йил олдин раҳбарият томонидан УЗИ аппарати ва ижтимоий дорихона ҳам ваъда қилинган. Бу ваъдалар ўз кучини йўқотдими ёки ваъдалигича турибдими, буниси ҳам жавобсиз қолмоқда.

Ҳозирги кунда Чияли марказида 2 та — Оқтўнли ва Ўймовут ҚВПда биттадан тез ёрдам пости бор. Улар бир-биридан бехабар ҳолда тарқоқ ҳаракатланишар экан. Баъзан иккитаси бир манзилга бориб қолишар ёки бирининг ҳудудида 3 тагача чақирув бўлиб қолади. Ёки бўлмаса, улар ўртасида сансалорликлар вужудга келиб қоларкан. Шу тарафларини инобатга олган ҳолда марказлашган тез ёрдам станциясини ташкил этиш лозим, деб ўйлаймиз. Шундагина улар ўртасидаги тушунмовчиликларга барҳам берилади.


P.S. Мен қишлоғимизнинг гинеколог шифокори Гулбаҳор Раззоқованинг йиллар мобайнида тўпланган дарду ҳасратларини оққа туширдим. Унинг илтимосини инобатга олмасдан элга ошкор қиляпман. Ушбу муаммоларга маъсул бўлган раҳбарлар куч-ғайратини Гулбаҳор дўхтирга таҳдид қилишгамас, юқоридаги муаммога ечим топишга сарфлашса яхши бўларди. Воқеалар ривожини кузатамиз.

Шерали Отабоев, журналист

https://www.xabar.uz/yqnn

Leave a Reply
*