Menu
Categories
Аҳли Расул Муҳаммад: —- ҲАҚ ИШҚИ ЙЎЛИДА
04/17/2019 Адабиёт

 Аҳли Расул Муҳаммад:
ҲАҚ ИШҚИ ЙЎЛИДА

Рамазони Шариф ойининг ўрталарида менга икки даста қўлёзма тақдим этилди. Бу мен учун бамисли Рамазон туҳфаси бўлиб туюлди. Ўқидим, мароқ билан ўқидим: димоғимга саҳарги ёқимли эпкин, мусаффо ҳаво тўлқинлари келиб урилгандек бўлди. Севиндим, шоира ва адиба – ҳожи Солиҳа Назарни бу жажжи ижодий ютуғи билан самимий қутладим.

Каъбатулло зиёратига бориб келган таниш-билиш ҳожиларнинг сафар таассуротларини кўп қатори мен ҳам уларнинг ўз тилларидан эшитганман, айримларининг ёзма сафарномаларини ўқиганман. Бироқ Солиҳанинг «Қалб туғёнлари» деб номланган ҳажномаси бошқача чиқибди. Бадиа жанрида битилган ушбу сафар таассуротлари баёни ниҳоятда самимий ва ёрқин, бўёқлари қайноқ ва тиниқ, ҳиссий-руҳий жиҳатдан таъсирбахш.

Муаллифнинг Каъба майдонига кириб бориш ва уни тавоб қилиш пайтида бошдан кечирган ҳолатлари тасвири ёки Сафо ва Марва тоғлари аро саъй қилаётган чоғида рўй берган кутилмаган мўъжизавий учрашув аксламаси ўқувчи қалби ва шуурига кучли таъсир этувчи лавҳалардир. Балки бу эзгу сўз ва эзгу амалларни ўзига қўшқанот қилиб, фақат мусаффо қалб билан Оллоҳга интилган бандаси учунгина аён бўлгувчи илоҳий зуҳуротлардир … (Оллоҳ ўзи билгувчироқдир.)

«Ҳожилар бир тану бир жон бўлиб айтаётган «Лаббайк»лар мени парча-парча қилиб мингта қушга айлантириб юборди гўё… Осмону фалак аро «Боинг» мени эмас, мен уни елкамда тутиб парвоз қилаётирман. Тунги осмонда уқбаю ғубордардан баландда Каъбани нишон қилиб учаётган қушлар галаси кенгликларга сиғмай чаппар уради…»

Маккатулло сари йўл олган қалбда кечаётган бу каби туйғуни фақатгина Оллоҳ деб нафас олиб, нафас бераётган кишигина бошдан кечириши, яшаши мумкин. Ҳаж амалларининг биринчи кунидан то сўнгги кунигача кечган жараёнлар худди ана шу тарзда тил орқали эмас, дил орқали тасвирланади. Баайни муаллиф ўз юрагини шундоққина Каъбатулло саҳнига олиб қўйиб, унинг зарбларини тинглаб ўтиргандек…

Ҳажномага ёзилган сўнгсўзда адиба ўзининг чуқур диний-фалсафий маъно ифодаловчи жозибали бир фикрини баён қилади:
«Суҳбатлардан бирида менга бир аёл савол берди:
– Ҳаж қилган киши борки, яна боришни орзу қилади. Сизда ҳам такрор бориш орзуси борми?
– Йўқ, ундай истак менда йўқ…
Бирдан ҳамма сергак тортиб, савол назари билан менга қаттиқ тикилишди.
– Чунки мен ҳали у ердан қайтмадим. Менинг кўнглим Каъбадан – соҳиби Каъбадан узилмади…»
Биргина ушбу фикрга бағишлаб анчагина муфассал ҳажмда шарҳ ёзса бўлади…

Мухтасар гапим шуки, мазкур ҳажнома ўқувчи қалбига титроқ солувчи таъсирбахш амри маъруф сингари Худони ва ўзни англашга кўмаклашадиган гўзал асар бўлибди дегим келади.

«Руҳ рақси» деб номланган каттагина шеърий туркум эса шоира ижодининг батамом янгича ранг ва оҳанг касб этаётганидан далолат бериб турибди. Шеърларнинг аксарияти инсоний-руҳоний туйғуларнинг бирлашувидан туғилган ҳарир руҳий титроқлар тасвиридан иборат бўлиб, Каъбатулло зиёрати пайтида ёмғирдек ёғилган ҳис-туйғуларнинг шоира қалбидаги акс-садолари уларда ҳам сасланаётгандек. Шеърларда Ҳақ ишқида йўлга тушган «мангу йўловчи»нинг кўнгил кечинмалари нафис ва нажиб оҳангларда куйланади.

Муаллиф бу битиклар фақат ўзи ва дўстлари учун эканлигини айтганида, мен, аксинча, уларни мўъжаз бир муқова орасига солиб, иложи бўлса, кўпроқ нусхада чоп эттириш зарур дея изҳори ният қилдим. Зотан, Тожикистон ўзбек адабий чорбоғида пайдо бўлаётган бу каби кўркам ижод меваларидан кўпчиликни баҳраманд этиш ҳам улкан савобдир ахир! Қувонарлиси шуки, орадан кўп вақт ўтмай, менинг ушбу изҳори ниятим амалга ошди: “Руҳ рақси” ва “Қалб туғёнлари” деб аталган ўша икки даста қўлёзма ғоят гўзал ва мўъжаз шаклда, оз нусхада бўлса-да, «Хуросон» нашриёти томонидан ягона «Ҳақ ишқи» номи билан ўзбек ва тожик тилларида китобат этилди. Бу беҳад муборак амал бўлди!

P. S.

Ушбу мулоҳазалар бундан олти йил бурун китоб қўлёзмасини ўқишим ортидан қоғозга тушган эди. Аммо уни ҳеч кимга кўрсатмай, компютерим архивига ташлаб қўйдим. Чунки аксарият китобларни такрор қўлга олганимда дастлабки ўқиган пайтимда ҳиссиётимга таъсир этган қайноқ жозиба кучи анчагина ё-да батамом сўниб, совуб қолишини яхши биламан. Шу туфайли орадан бир неча йилларни ўтказиб юбордим – китоб ва менинг мулоҳазаларимга Вақт ҳакамлик қилсин-чи, деган маънода. Олти йил оша “Ҳақ ишқи”га такрор юзландим ва у мени ўзининг аввалгидан-да қайноқ жазбаси оғушига тортиб кетди…

Қуйида Солиҳа Назар шеърларидан намуналар ўқийсиз.

РУҲ РАҚСИ

Тун кокилга оқ пилик тақди,
Бир зум меҳмон кўзимга уйқу.
Чолғу тилга кирар оҳиста,
Руҳ рақсига қўш қанот туйғу.

Ерни ўпган товонларимни
Кўзларига суртади ҳаво.
Қон ўрнига гулоблар оқиб,
Томиримдан тўкилар наво…
Наво…
Наво…
Наво…

***
Ўз қўлларим билан салмоқлаб,
Жонимни беаёв тошладим.
Минг йил бурун қақраган чоҳга
Кўнгилдан бошқасин ташладим…

Самовот силайди сочимни,
Асрорим бор, у ҳифзу маҳфуз.
Ғуборлардан асранмоқ учун
Сарҳад чиздим кечаю кундуз…

***
Ривож топгин ахир, тушунчам,
Фироқ отлиғ саҳрода қолдим.
Тишларимни қўйиб тишимга
Ҳар кунимдан сабақлар олдим.

Бошоқ каби қобиқдан кўчиб,
Тегирмонда янчилди жоним.
Шафқат қилма, ўтни аяма,
Оташ ичра туғилар оним…

***
Зарра-зарра йиғилиб охир
Ўнгландим,
улғайдим,
чоғландим.
Бегонадан узилиб буткул,
Ўзимдан ўзимга боғландим.

Саҳар кўкдан бир дарак бериб,
Машриқ ёқдан саболар елди.
Бисот титдим,
Ғамни кийдирдим,
Ишқ қасрида яшагим келди…

***
Қирқ еттида хаста ҳол эдим,
Шабистоним ёритди Калом.
Кўнглим чизди Каъба сувратин,
Эллигимда кийдирди эҳром.

Кароматни асрай ёт кўздан,
Етти қабат ҳарирга ўраб.
Вужудимдан юлғунни юлдим,
Бомдодларда ўзидан сўраб.

Дил туташди илму ҳикматли
Нозик баён сирли нуктада.
Йўл юрдим,
мўл юрдим,
айландим
Битта нуқта – таянч нуқтада…

***
Суҳбатдошман ўзимга ўзим,
На булбул бор ва на-да гўё.
Кулиб кириб келаверади
Қулай ва ё ноқулай ҳаво.

Менинг учун яхши, ёмон йўқ,
Ўт ёлқини кўзимни олмиш.
Ёмон кўринг…
Барибир мендан
Олишингиз мумкин кўп олқиш.

Найсон ёғар бошимга сероб,
Ғубор қолмас…
Тоҳир бўламан.
Етти қабат осмонда қўшиқ,
Энди аниқ шоир бўламан!..

***
Каъбага бош қўйдим –
тўкилдим…
ғуссаларим Ўзингга аён.
Бир сиқим қум каби сочилдим,
Забонимда баён йўқ, баён.

Сенсиз ўтган кунлар қасдида
Йиғлайин-о, йиғлайин абгор.
Аламларим бўғзимдан олиб,
Юрагимни тилсинлар минг бор.

Жазо берсанг, шу дунёда бер,
Яқинингга яқинлаштир, Ёр!
Чақмоқтош бер, тутаб ётибман,
Муҳаббатсиз яшамоқ душвор…

Тожикистон,
Хўжанд

“Дунё ўзбеклари” учун махсус

"1" Comment
  1. Венера Қодирий

    Офарин!

Leave a Reply
*