Menu
Categories
“Дунё ўзбеклари” фош этади: ЎзТВнинг пинҳона тузумига ошкора назар…
04/17/2019 Бош мақола

 

“Дунё ўзбеклари”дан:
КИЧКИНАГИНА САРҲИСОБ
Сизга ҳавола қилинаётган қуйидаги мақола 2016 йилнинг 1 октябр куни эълон қилинган.
Ушбу мақолада Ўзбекистон Миллий телерадиокомпаниясидаги ўнлаб муаммолар дунё саҳнасига олиб чиқилган эди.
Орадан икки ярим йилдан ортиқ вақт ўтди. Маълум бўлишича шу давр мобайнида мақолада кўрсатилган муаммоларнинг тахминан 90 фоизи бартараф этилган.
Бу сўз эркинлигининг қанчалик қудратга эга эканлигини англатади. Ўтмишда қолиб бораётган оғир кунларни яна бир ёдга олган ҳолда қолган ва янги пайдо бўлган бошқа муаммоларни ҳам бартараф этиш мақсадида мухлислар эътиборига ўзгартирмасдан ҳавола этмоқдамиз.
Мақсадимиз бартараф этилган ва ҳамон Ўзбекистон МТРКсининг ходимлари олдида тўсиқ бўлаётган муаммолар хусусида ижодкорлар фикрини ўрганиш.
Ҳурматли МТРК ижодкорлари, шуни билингки, Сизнинг фикрингиз ўзингиз учун хизмат қилади…
Исмат Хушев,
“Дунё ўзбеклари” Бош муҳаррири,
17 апрель, 2019 йил, Торонто шаҳри, Канада

 

 

 

 

 

АКСИОМА
ёки Ўзбекистон миллий Телерадиоармиясининг
пинҳона тузумига ошкора назар
Ижодкор қадрин қайдан билсин,
умрида ижод қилмаган аскарлар.
 
Муаммолар
Математика фанида бир теорема бор: исбот талаб қилмайдиган, аммо жавоби яққол аён бўлган масала “Аксиома” дейилади. Мен ҳам Ўзбекистон миллий телерадиокомпаниясидаги 10 та асосий “Аксиома” ҳақида тўхталиб ўтмоқчиман.
  1. МТРК раҳбарларининг барчаси ижоддан йироқ бўлган аскарлардир;
  2. Телевидение ташкилотлар ичида маоши энг кам ташкилот ҳисобланади;
  3. Телевидениеда ижодкордан кўра ижодкорни назорат қилувчи ва ижодни баҳолаб борувчи бўлимлар кўпроқ;
  4. МТРК кўрсатувлар қадоқланадиган завод-фабрикага айланган;
  5. Телевидение ходимини бўшатишдан осон иш йўқ;
  6. “Олтин қалам” миллий мукофотининг тақдири хавфсизлик бўйича кураторлар қўлида қолган;
  7. МТРКда танқид мавзуси монополияга айлантирилган;
  8. Сиёсий ва ижтимоий ҳаётда ўз ўрнига эга бўлиши керак бўлган телевидение барча соҳага ҳаттоки “Камолот”нинг туман бўлимларига ҳам режа ва ҳисобот беришга мажбур;
  9. МТРКга раҳбар бўлиб келаётганларнинг барчаси телевидениенинг фаолиятини яхшилаш учун эмас, аксинча данғиллама ҳовли-жой, қўша-қўша машина қилиш ниятида келишади;
  10. Ўзбекистонда 4-ҳокимият мақоми берилган журналистлар Тошкент шаҳрида доимий рўйхатда (прописка) туришга рухсат берилган 57 та ташкилот қаторидан ҳам жой ололмаган.
Аксиомаларга шарҳлар:
Телевидениега ижодкорлар тўғри кириб, тўғри чиқиб кетишади. Озгина ножўя ҳаракати ҳам ўзининг бошига етиши аниқ. Телевидение ходимини ишдан бўшатишдан осон иш йўқ. Уларнинг устидан юмалоқ хат келса бўлди. Сабаби сўралмасдан дарҳол “қатл” этилади. (“Ишдан бўшатиш” кейинги ўринларда “қатл” деб юритилади. Чунки, ишдан бўшатилганларнинг сўзларига кўра ишдан бўшаш ижодкор учун ўлим билан баробар экан.)
Ҳаттоки, оммавий “қатл” маросимлари ҳам ўтказилиб турилади. Мисол учун Тошкент шаҳар ИИБга оддийгина ҳисобот учун ҳам “Спорт” телеканалининг 15 нафар ходимини ҳеч нарса бўлмагандай ишдан бўшатиб қўя қолишди. Ва шу билан олам гулистон. Ота-боболаримиз “қурбонлик офату фалокатларнинг олдини олади” деб бекорга айтишмас экан.
МТРК раиси А.Хаджаев ҳақида кўп жойда кўп бора гапирилди. Раис бувани қанчалик кўп танқид остига олинса, шунчалик гуллаб-яшнайди. Шу боис қайта-қайта чайналган сақични мен ҳам чайнашни истамайман. Яхшиси, телевидениедаги “ижод кушандалари”нинг фаолиятига мантиқий назар ташлайлик.
МТРК раиси ижодга умуман аралашмайди. Сабаби: ижоддан ҳам муҳим бўлган “соққали” ишларнинг ўзи унга етарли. Шу боис ижод масаласини хавфсизлик бўйича ўринбосари Абдусалом Шодмоновга тортиқ қилган. Унинг асли соҳаси шифокорлиги учунми “ижодга мендан кўра анча яқин” деб ўйлаган бўлса, ажаб эмас. Раис ўринбосари А.Шодмонов келгандан кейин ишни ҳар бир ходимдан ойлик ва ҳафталик иш режаси ва ҳар ҳафта ҳисобот олиш билан бошлади. А.Шодмоновнинг хавфсизлик кураторлигидан МТРКга ўтганига уч йил бўлмоқда. Аммо у ҳали-ҳануз ижодкорлар ижод қиладиган ташкилотга ўтганлигини ҳис этгани йўқ. Шу боис бўлса керак, минглаб ходимларни ижод қилиш керак бўлган қимматли вақтларини режа ва ҳисобот ёзишга мажбур қилиб келмоқда. Агарда у ҳам ижодкорларни ўйлаганда, ижодкор аҳлининг бошидаги муаммоларнинг бирини ҳал қилиб берган бўлар эди. Тошкент шаҳрида доимий рўйхатда туриш (прописка) муаммосида юрган ҳақиқий ижодкорлар талайгина. А.Шодмонов ҳам шу муаммони ҳал қилишга уринди. Топган йўли эса, пропискада бўлмаган ходимларни бўшатиб қўя қолди. Бу – муаммонинг энг осон ечими. У келгандан бир йил ўтиб ҳовли-жой кўтаришга тушди. Қимматбаҳо машиналар олишга улгурди (бу фактларни кўпчилик содиқ васобиқ “муриди”нинг оғзидан эшитиб бўлишган). Булар ниманинг ҳисобига?! Телерадиоканалларнинг раҳбарларини алмаштириш, ўрнига яқин одамларини жойлаштириш ҳисобига амалга оширилди. Шу давргача хавфсизлик бўйича ўринбосарлардан С.Мирзаев, Б.Утановларни кўрдик. Улар асло тушунмаган соҳаси – ижодга аралашмас эдилар. Ўзларига берилган топшириқни сидқидилдан бажаришган. Улардан салла сўралса, салланинг ўзини олиб боришган. Калла эса жойида қолган. А.Шодмонов эса… А.Хаджаев одамларига қарши курашиш учун атрофига ижодкорларни эмас, “ижод бўрилари”ни тўплай бошлади.
А.Шодмонов келгандан кейин унга доимий равишда оқиб турадиган манбаа керак эди. Шу боис келиб турадиган пулларнинг ҳисоби мавҳум бўлган “Наво” телеканалига ёпишди. Аммо бундай манбаани раис бувадан олишнинг имконини топа олмагач, бошқа йўлини топди. Яъни танқидий кўрсатувларни монополиялаштириб, Мадамин Сафаровни монополист қилиб қўйди. Қаловини топсанг, ҳақиқатдан қор ёғар экан. Фақат Тошкент шаҳри ва вилояти учун мўлжалланган телеканал географик қамрови кенгайиб, республика миқёсидаги муаммоларни ҳал қилмоқда. Шу боис ҳам эл орасида “Тошкент” телеканалининг бир оз ҳурмати бор.
Раиснинг биринчи ўринбосарлигига Олим Тошбоев қўйилганда, ижодкорлар ҳақиқий ижодкордан раҳбар ҳам чиқадиган кун ҳам бор экан, деб анча суюнган эди. Лекин, у ҳам кураторлар орасидаги “даллол” бўлиб чиқди. “Даллол” бўлганда ҳам ижодкорлар қадрини ўзининг калтабақайи билан ўлчайдиган арзонфуруш “даллол” бўлиб чиқди. У ҳам раҳнамолари бўлмиш кураторлар орасида воситачи бўлиб кўпчиликни “қатл” қилиш билан шуғулланди. Ачинарлиси, Олим ака бир замонлар думини босиб олган ҳақиқий ижод аҳлидан навбатма-навбат ўч олишни бошлади. Охир-оқибат “тахтиравон”га ўтириб оёғи ердан узилган раҳбарнинг оёғидан чалишди. Раҳбарлик лавозимида қисқа муддат ўтирган бўлса-да, кўпгина “мурид”ларини яхшигина “пост”ларга қўйиб, маслакдоши А.Шодмоновга омонат қилиб топширишга улгурди.
Ўзбекистон миллий телерадиокомпанияси бугунги кундаги аҳволи шу даражага келиб қолганки, унда ижодкор эмас, аскарлар ишлаётгандек, телевидение эмас, армияга ўхшайди. Ходимлар ҳам бир-бирларига “капитан”, “ўртоқ майор”, “полковник” деб мурожаат қилишга одатланишган. Ижодкор ижод қилиш билан эмас, ҳамкасбининг қилаётган ишини кузатиш билан машғул бўлади. Ҳамкасбининг бирон бир ножўя ҳаракатини топса-ю, МТРКнинг Режим ва хавфсизлик хизматига дарҳол етказиб борса… Унинг энг катта ютуғи шу бўлади. Бу усул эса олдиндан ёзилмаган қонунлар асосида дастурлаштирилган. Кўпроқ маълумот етказган киши очколари маълум бир миқдорга етганда лавозими оширилади. Кўпчилик ҳамкасбини сотиш орқали умр кечиришни ҳаётининг мазмуни, деб билади. Ҳатто бу касбни ўзлари учун фахр, деб билишади ҳам.
Биз айтадиган гаплар учун юқоридан буйруқ ёки буюртма кутиб яшаймиз. Келса-келди. Келмаса ичимизга ютамиз.
Кўрсатувлар ҳам тепадан ясаб берилган қолиплар асосида қадоқланмоқда. Ҳаттоки ўтган асрнинг 80-90-йиллардаги қолиплар ҳам сақланиб қолган. Ловуллаб ижод қиламан деб иштаҳа билан кирган қалби қайноқ ёшлар ҳам дарҳол бўғзидан ушлаб қолипга ташланади.
Бирон бир янгилик қилиш учун Россия телеканалларини кутиб турамиз. Уларда синовдан муваффақиятли ўтгандан кейингина ўзимизда жорий қиламиз. Россия телеканалларида ток-шоулар авжига чиқиб ҳаттоки урфдан қолгандан кейингина бизда оммавий равишда жорий қилинди. “Бир киши 20 та кўрсатув қилиш эмас, 20 киши битта кўрсатув учун ишлаш керак” номли шиор остида номланиши ҳар хил, аммо мавзуси бир хил кўрсатувлар конвейердан чиқарила бошланди.
Бугунги кунда фақат санъаткорларни олиб чиқадиган “Наво-шоу” кўрсатуви эса ўтган асрнинг 90-йилларида Россия телеканалида “Угадай мелодию” номи билан машҳур бўлган эди. 25 йил олдин Россия телеканалида бошланган “Что? Где? Когда?”нинг фақатгина номи ўзгартирилиб, нусхаланганган “Заковат” кўрсатуви эса биринчи каналимизнинг фахрига айланган. Бизда ҳам янги услубда томошабинбоп кўрсатув ғоялари бўлиши мумкин. Аммо уларни “катталар полигонида” синовдан ўтказишга ижодкор учун туриб берадиган раҳбарлар керак, бизга. Ҳозиргилар эса Ўзбекистонда телевидение борлигини тепадаги раҳбарлар билиб қолишмасин, деб жимгина ўтиришади. “Лучше”, жимгина тирикчилигини қилгани маъқул. МТРКнинг “жонкуяр” раҳбарлари тепадан келадиган калтак учун ходимларни қурбонлик беришдан чарчамайди. Шундай қурбонликлар таъсири бўлса керак, узоқ йиллар давомида умргузаронлик қилиб келишмоқда.
Муаммолардаги тугунлар
МТРКда шундай бўлимлар борки, улар фақат ижодкорнинг ижодини ва имкониятларини чеклаш билан шуғулланишади. Шундай бўлимлардан бири – Режим ва хавфсизлик хизмати бўлими.
Замон қанча нотинч бўлса, Режим хизмати ходимларига шунча жон киради. Нотинч замонни пеш қилиб, ижодкорларни қаттиқ блокировка қила бошлайди. Чет элга чиқиш у ёқда турсин, ҳаттоки вилоятга чиқиб келган ҳар бир дақиқаси учун ёки ҳисобот беради ёки … беради.МТРК Режим ва хавфсизлик хизмати ижодкорларни бир-бирига қарши қўйиш орқали ходимлар ҳақида тўлиқ маълумотга эга бўлиб туришади. Қайга ким билан борди, ким билан нима ейишди, қанча ейишди ва ҳ.к. Аммо ўзлари ҳақида бошқалар билишини билишармикан?! Яъни марказий ва вилоят телерадиокомпанияларини ўзаро бўлишиб олиб директорлардан байрамларда совға-саломлар қабул қилиб олишларини кўпчилик билишади. Аммо, лекин, бироқ…
Режим хизматининг мажбуриятлари ва ваколатларини кўриб чиқилса, аслида уларда бунча кўп ваколат бўлмаса керак. Аслида, бу хизмат ходимлари МТРК биносига ташқаридан кириб чиқувчиларни назорт қилиш учун тузилган. Бугунги кунда эса кўплаб ваколатларга эгалик қилмоқда.
“МТРК ледиси” мақомига муяссар бўлган юрист Муҳайё Қалқонова ўзининг соҳасини тушунмаса-да, аммо ижод соҳасини ўзича тушунгандай тутиб баҳолаб туради. Ижод ва ижодкорларнинг тирноқлари орасидан кир қидиради. Ҳуқуқ соҳасида умуман билими йўқ бўлса-да, бу бош билан қандай қилиб “қаҳратон қишлардан” омон чиқиб келаётганини мен ҳам тушунмай турибман. Ҳар бир масаланинг мантиқий ечимини топиб келганман. Аммо шу масалага келганда ақлим ноқислик қилмоқда. Лекин, калаванинг учини топгандайман. Аммо уни баён қилиш журналистик этикага тўғри келмайди. Шу сабабали баён қилмай қўяқолай.
М.Қалқонованинг ҳар бир шартнома учун 100 АҚШ доллари олишини ҳаттоки, оддий ходимлар ҳам билишади-ю, лекин ҳар нарсани билгувчи хавфсизлик бўйича кураторларнинг билмаслиги мантиққа зид ҳолат. Нима бўлганда ҳам ҳалоли бўлсин, қаддини урсин! Топгани тўйларига буюрсин! Аммо у шу ташкилотдан нон-туз еяётганини озгина ҳис қилганда эди. Бугунги кунда МТРКда бўшаб ётган вакант ўринларга ходимларни жойлаштириш учун ҳуқуқий йўлларини излаб топган бўларди. Кўплаб марказий ташкилотлар пропискасиз ишга олиш йўлларини топишган. Бизда эса… юристнинг билган гапи “қонунга тўғри келмайди”. Қонунга тўғри келтириш учун қонунни озгина ўқиш керак, пардоз-андоздан вақт ажратиб.
Бундай бўлимларнининг рўйхатини узоқ давом эттириш мумкин. Рўйхатни қисқа қиламиз-да, телеканаллардаги бир кичкинагина бўлимчага ўтамиз. Яъни “Техника тақсимоти” – бу бўлимнинг ижодга қандай алоқаси борлигини тушларимда ҳам ўйлаб чиқаман. Сўнгги кунларда кўрсатувларнинг охирида бериладиган титрлар қаторида жуда кўп бора кўринмоқда. Оддий томошабин бунга эътибор қилмаслиги мумкин. Аммо савол туғилади: буни титрлардаги ижодкорлар рўйхатини бироз узайтириш, деб тушуниш мумкинми ёки титрларга қўшилмаса, кўрсатувга техника ажратилмайди, деб тушуниш зарурмикан?!
Қисқаси, “ижодни тушунмасанг, ижодга аралашма” дейдиган мард раҳбарнинг ўзи йўқ. Ҳозирги раҳбарлар эса, орасидан ақллисини топ ва йўқот қабилида иш юритишади.
Компанияда кўрсатув ва эшиттиришларнинг савиясини мунтазам ўрганиб, такомиллаштиришга хизмат қиладиган бўлимлар ҳам мавжуд. Улар эса аксинча иш юритишади:
МТРКда кўрсатув ва эшиттиришларни мониторинг қиладиган бўлим бор. Бу бўлим титрлардаги ҳарфларнинг қайсида дум бўлади, қайсида дум бўлмайди, қайси ҳарф юмшоғ-у қайси қаттиқ шу каби хатоларни топиш билан шуғулланади. Ачинарлиси, кўрсатувлар эфирга кетиб бўлгандан кейин… Бу бўлимда инглиз тили ўқитувчиси мутахассис бўлиб ишлаётгандан кейин ортиқча таърифнинг ҳожати йўқ.
МТРКнинг яна бир “Истиқболли медиалойиҳаларни ишлаб чиқиш” бўлими борки, ижодий ишлар бўйича энг катта ишни қилиши керак бўлган бу бўлим ходимлари ҳам қоғозбозлик ишларига оммавий жалб қилинган. Бўлим бошлиғи эса раис ўринбосарига чой дамлашдан нарига ўта олмайди.
МТРК оддий ташкилотларга ҳам ҳисобот беришга мажбурдек, назаримда. Хавфсизлик хизмати ва Вазирлар Маҳкамасига ҳисобот беришини ҳазм қилса бўлади. Аммо ҳар бир вазирлик ҳаттоки, “Камолот” ЁИҲ ва Халқ таълими вазирлигининг туман бўлимларига ҳисобот ва режа беришини ҳазм қилиб бўлмайди. Ҳисобот тайёрлаш учун бутун бир катта бўлим улгурмайди. Улар кеча-ю кундуз ҳисобот тайёрлаш билан шуғулланади. Хўп, буларга кўз юмиш мумкин. Яна аммо, миллионлаб томошабиннинг олдида текширувчиларга ҳисобот беришга чидаб бўлмайди. Яъни, ҳар куни 20-30 марталаб рекламадан кейин эшитадиганимиз “Маҳсулотлар сертификатланган, хизматлар рўйхатга олинган” сўзларидир. Бунинг шундай ҳам телерадиодан зериккан 32 миллион томошабин учун ҳеч бир қизиқ жойи йўқ. Фақат асабга тегадиган сўзлар, холос. Ёки буни раҳбарларнинг ҳалол ишлаётганлининг нишонаси, деб тушуниш мумкинми?!
Бугунги кунда журналист халқи шаҳд билан ижод қилиш учун ҳеч бир сабаб қолмади. Журналистлар учун бериладиган “Олтин қалам” миллий мукофоти таъсис этилганда, журналист аҳлига илҳом учун озгина туртки бўлаётган эди. Аммо бугунги кунда ушбу мукофотнинг ҳам кимларга берилишини хавфсизлик бўйича кураторлар ҳал қилмоқда. “Олтин қалам” миллий мукофоти таъссис этилган илк дамларда ҳақиқий ҳокисор ижодкорлар қўлга киритишар эди. Мукофотга қўшиб пул маблағи ҳам берила бошлагандан кейин фақат кураторлар билан ишлайдиган ходимлар олиши анъанага айланди. Демакки, “Олтин қалам” миллий мукофотининг суяги ижодкорга-юлаҳм гўшти “даллол”га деган мантиқ пайдо бўлади.
Мантиқнинг исботи сифатида бир ҳаётий мисолни келтирмоқчиман. Шу анъана бошланган йилларниниг бирида бир ҳамкасбимга ҳам “Олтин қалам” насиб этади. Аммо у “ирим-сиримини” қилмасдан гўштини ҳам ўзида олиб қолади. Ўртага тушган “даллол”ларга бир парча ҳам узатмайди. Шу бўлади-ю, унинг каръерасига нуқта қўйилади. Қайга бош суқмасин, кўкрагидан итариб чиқарилади. Бугунги кунда эса оддий ходим бўлиб ишлаб юрибди. У билан бирга фаолият бошлаганларнинг барчаси катта-катта лавозимларга қўйилган. Айниқса, Мадамин Сафаров олмаган ҳеч бир мукофот қолмади. Қўполроқ қилиб айтганда М.Сафаровнинг олмаган биргина “Қахрамон она” ордени қолди, холос. “Олтин қалам” миллий мукофоти ва бошқа унвонлар ҳар йили М.Сафаров атрофида айланади. Ундан узоқроқ кетмайди. Жорий йилда ҳам телевидение бўйича биринчи ўринни М.Сафаров бошчилик қилаётган “Тошкент” телеканали қўлга киритди.
Шу баҳона кураторларга бир илтимосим бор: айни дамда барча Оммавий ахборот воситаларининг ва уларда ишлаётган минглаб ходимларнинг тақдири сизнинг қўлингизда. Уларнинг ҳам барчаси шу азиз Ватан учун хизмат қилади. Шундай экан келинг, журналистика соҳасида мукофотларни қўлга киритишда ўзлари ҳалол курашишларига йўл қўйиб берайлик. Ҳакамларга босим ўтказмай туринг. Фақат кураторлар учун эмас, Ватан учун хизмат қилаётганлар ҳам “Олтин қалам” олсин, илтимос!
Муаммоларнинг асоратлари
Бирон бир жойга съёмкага чиққанда, тасвирга олиш ишлари тугагандан кейин телевидение келганлиги баҳона дастурхон ёзилиб, ҳар хил ноз-неъмат-у тансиқ тоамлар муҳайё этилади. Аммо деган жой борки, булар томоқдан ўтмайди. Негаки, уйда уч нафар бир-биридан ширин фарзандларим оч-наҳор нон деб ётганда қандай қилиб томоқдан ўтиши мумкин. Насибамни ажратиб сумкага солиб олиб кетгим келади. Лекин бунинг ҳам иложи йўқ. Чунки бу ишни қилсам, уйга бормасимдан олдин раҳбарлар қулоғига етиб бориши аниқ. Натижада эса “қатл” қилинишга буйруқ тайёрланади. Буйруқда эса телевидение обрўйига путур етказилганлиги кўрсатиб ўтилади. Аслида эса телевидениенинг обрўйи бир грамм ҳам қолмаганлигидан бошлари осмонда.
Деярли барча ташкилотларда пластикка тушган маошни нақдлаштириш муаммоси ҳал этилиб бўлинган. Аммо МТРК ходимлари ҳали-ҳануз ушбу муаммо билан яшашади. Ижодкорлар бўш вақтларида пластикларини кўтариб нақд пул қидириш билан оввора. Лекин қайси ташкилотдан эканлигини сир тутишади. Акс ҳолда яна ўша “қатл” масалсига дуч келиши аниқ. Чунки раис буванинг шахсан ўзлари тахминан 8 йил олдин катта йиғилишда “кимда-ким нақд пул қидириб бирон жойга борганини эшитсам қатъий чора кўраман” дея тъкидлаб ўтган.
Журналистнинг журналистлигини билдириб турадиган танқидий мавзуларга келсак, танқид қилиш учун саноқлигина мавзу бор. Яъни: тўйлар, кўчалардаги ёзувларнинг орфографик хатолари, ёшлар тарбияси, интернет ва кинолар. Фақатгина шу бешта мавзуни қайта-қайта танқид қилавериш мумкин. Сабаби оддий. Бу мавзулар – эгасиз мавзулар ҳисобланади. Буларнинг тепасида қудратли хўжайинлари йўқ. Халқ журналистларга, айниқса, телевидение журналистларига яқин 8 йилгача “ёлғончи” деб таърифни берарди. Халқнинг онги ва тафаккури анча ўсдики, журналистларнинг қўлида синиқ қаламдан бошқа ҳеч нарса йўқлигини англаб етишди. Энди эса, “бечора” деган таърифни қўллашади. Улар ҳақ. Шу кунгача энг бечора ҳисобланган ўқитувчиларчалик ҳам обрўйи қолмаган. Ҳар ҳолда ўқитувчиларнинг сўзи 20-30 нафар ёш болага ўтади. Журналистнинг сўзи эса ҳаттоки ўзининг боласига ҳам таъсир қилмаяпти. Кўчада одамлар журналистлигингизни билиб қолишса, “тўртинчи ҳокимият” дея киноя билан гап бошлашади. Яна изидан “сизларга ҳам қийин” дея ачиниб ҳам қўйишади.
Яқинда шифокорга бордим. Шифокор ўзим ҳақимдаги маълумотларимни сўрай бошлаганда, касбимни ҳам сўраб қолди. Дарҳол журналистлигимни айтдим. Уни сергак торттириш учун эмас, аксинча, раҳмини келтириш учун. Ўйлаганимдай бўлиб чиқди. Унинг раҳми келди. Даволанишнинг арзон усуллари билан бошлади. Ҳаттоки биргина арзон дори ҳам тавсия қилди. Агарда у менинг журналистлигимдан сергак тортганда қайси каналда ишлашимни сўраган бўларди. Бу эса унинг парвойига ҳам келмади. Кўнглидан “бир бечора экан”, деган фикр ўтганини унинг юз-кўзларидан ўқиш қийин эмас эди.
Дарвоқе, шифокорларга ҳам маоши кам бўлганлиги сабабли уларнинг очиқ-ойдин пора олишларига кўз юмилади. Телевидениеда эса ҳаёт бошқача. Журналист қайсики ташкилотга бориб журналситлигини ошкор қилса, дарҳол исми-шарифи ёзиб олиниб, телевидениега хабар берилиши ҳақидаги кўрсатма ҳар бир ташкилот раҳбарига етказилган. Шундай қўнғироқ бўлдими, дарҳол у журналист “қатл” этилади. Энди унга берилган қизил гувоҳнома нима бўлади, деган савол туғилади. Бу гувоҳнома фақатгина телевидение биносига кириб-чиқиш учун рухсатнома (пропуск) вазифасини ўтайди, холос. Хавфсизлик бўйича раис ўринбосари А.Шодмонов томонидан бу бир парча қоғознинг сўнгги кўриниши шундай соддалаштирилдики, оппоқ қоғозга биргина расм қўйилиб исми-шарифи ёзиб қўйилади. Муҳр ҳам кичкинагина бўлиб унда “рухсатнома” деган ёзув мужассам. Шу ҳеч нарсани ҳал қилмайдиган бир парча қоғозни ҳам йўқотиб қўйган ходим сабаби суриштирилмасдан дарҳол “қатл” этилади.
Бир қариндошимизнинг ёшгина ўғли кўп гапириши сабаб акалари “бунча кўп гапиришига қараганда журналист бўлади, шекилли” деб гап бошлашса, отаси: “журналист ҳам одамми, ўғлимни тиланчи қилмайман”, дея аччиқланибди. Бу гаплар эса умрининг 16 йилини шу соҳага бағишлаган камина учун жуда оғир ботди. Шу кундан бошлаб бу соҳани танлаган кунимга ланъатлар ўқийман. Қанчалик ишладим, қандай ишладим, ўзимга ўзим баҳо бера олмайман. Аммо умрнинг 16 йили бесамар ўтиб кетди. Энди ортга ҳам йўл йўқ. Журналистнинг аччиқ ҳақиқатларини дастурхон қилишга жазм қилганимнинг сабаби ҳам қариндошимизнинг фақат ҳақиқатдан иборат айнан мана шу гаплари эди. Бу дастурхон қилинган дардлар билан бир нарса ўзгариб қолмайди. Ўтган умр ҳам қайтарилмайди. Бироқ, ичимда йиғилган дардларни компюьтердаги оппоқ қоғозга тўкиб-сочиб бироз енгиллашдим. Назаримда, шу вақтгача яхши ишлаб келган компюьтерим ҳам қизиб кетгандай. Демак, бу аянчли дардларга жонсиз техника ҳам бардош бера олмаяпти.
Муҳтарам биринчи президентимиз (жойлари жаннатда бўлсин) номига ташқаридан отилаётган бўҳтон ва надомат тошларига доимий равишда ким жавоб қайтаради. Катта имконият ва ваколатларга эга бўлган хавфсизлик ходимларими? Уларга гапириш мумкин эмас. Ёки 14-ойликка ҳам эга бўлган харбий хизматчиларми? Улар гапиришни билмайди. Ёки Ички ишлар ходимларими? Улар фақат буйруқни бажаришади. Демак, асосий вазифа яна ўша хўрланган журналистларга қолмоқда. Унда эса журналист халқи ўтган кунларини эслайди. Журналистлигидан уялиб асли соҳасини яшириб яшаган, йўл кирасига пул тополмай, ўнлаб километрга пиёда кетган, боласининг қорнини тўйдириб овқатлантира олмаган кунларини, квартира ижарасига пул тополмай хотини-ю болаларининг олдида мум тишлаган, олис қишлоқдан келган қадрдонларини меҳмон қилаолмай яшириниб юрган кунларини, фарзанди мактабга чиққанда янги кийим олиб беролмаган кунларини, ўзи сабаб фарзандининг ўртоқлари олдида камситилган кунларини ва ҳоказо маъшум кунларини алам билан ёдга олади. Ва яна ҳар доимгидай одатланган сукутини сақлайди. Умрининг охиригача жимгина дод-фарёд солишга маҳкум бўлади.
Муҳтарам биринчи президентимиз И.Каримов вафоти олдидан Ички Ишлар ходимларининг ойлик маошига квартира пули қўшиб берилиши ҳақидаги фармонга имзо чеккан экан. Бундан ИИБ ходимлари жуда хурсанд. Шундай имкониятлар журналистларга ҳам берилса арзийди. Лекин уни талаб қиладиган ҳақиқий раҳбар керак, бизга. Қани у? Бундай масалаларда МТРК раҳбарлари бош қотирмайди. Сабабини яна қайтариб таъкидлайман. Улар ижодкор эмас. Бири алоқачи, бири шифокор, бири ва ҳ.к. Бу борада ижодкор бўлган Хайриддин Султонов бош қотирса бўларди. Аммо у ҳам юмшоқ курсида узоқ ўтириб қўйганини биров сезиб қолишидан хавотирга тушиб кун санаб ўтирибди. Унинг бахтига Президент Матбуоат хизмати бор экан. Хатолар учун қурбонликлар шу ердан топилади.
Сизларга ҳар бир ташкилотда ишлатиладиган кичкина бир диалогни тақдим қилиб, уни қандай номлашни эса ўзингизга ҳавола этаман:
Катта бир ташкилотнинг қабулхонаси. Икки табақали эшигига “Директор”ёзуви осилган катта бир хона ҳашамдаор қилиб безатилган. Хона узунлигидан эшикдан кирган одам хонанинг тўрида ўтирган директорни дарҳол таниши қийин. Тўрда ўзидан анча баланд бўлган креслода директор қоғозда ҳисоб-китоб қилмоқда. Эшик тақиллади. “Киринг” буйруғи берилгач, эшикдан ташкилотнинг қўриқчилар бошлиғи ичкарига икки қадам ташлаб тўхтади:
-Хўжайин, Тошкандан журналистлар келишибди.
Хўжайин эса қоғоздан бошини ҳам кўтармасдан жавоб берди:
– Орқасига бурда, Тошкан қайси томондалигини кўрсатиб юбор.
 -Телевидение экан.
– Телевидение бўлса нима бўпти?
-Ташкилотимизни танқид қилиш учун эмас, мақташ учун келишибди.
-Биринчидан, уларда танқид қилиш ҳуқуқи йўқ. Иккинчидан, телевизорни ҳеч ким кўрмайди.
Директор бошини секин кўтариб, очкисини оҳиста олиб столга қўйди.
– Учинчидан мақтовга зор эмасмиз. Тўртинчидан, телевизорда мақтансанг, дарҳол текширувчилар босади. Уларга ким жавоб беради, каллаварам. Гапни қисқа қил-да, жавобини бериб юбор.
– Хўп, хўжайин.
Қўриқчилар бошлиғи энди бурилиб бир қадам ташлаган эдики, хўжайин савол ташлаб қолди:
– Неча киши экан?
– Шофёри билан тўрт киши.
– Майли, бечоралар кеч келишибди. Қурумсоқ ташкилот экан, деб кетишмасин. Ўтган ҳафта ишга олган ёш ходимингни топ-да, қўшиб юбор, перошки-мерошки олиб берсин. Агар журналистлар ортиқча гап қилса менга хабар беринглар. Телевидениенинг Режим хизматида ишлайдиган танишим бор. Ишхонасига етиб бормасларидан “учириб” юбораман.
 
Муаммоларга ечим
МТРК раҳбарлари олдига киришга сабаб тополмай турган “енгилоёқ”лар учун ушбу мақола яхшигина баҳона бўлади. Уларнинг қўлларига етиб бориши аниқ. Агарда раҳбарлар ушбу дилдан чиққан дардларни ўқиётган бўлса, шу фурсатдан фойдаланиб, уларга ёқмайдиган қимматли, аммо текин таклифларимни бераман.
Ўзбекистон Республикаси Вазирлар Маҳкамасига қуйидаги мазмунда талабнома йўллаш лозим:
Бутун дунёда бўлаётган танг сиёсий аҳвол доимий ўзгаришда бўлишига қарамай, Ўзбекистондаги сиёсий вазиятни барқарор ушлаб туришда Оммавий ахборот воситаларининг ҳам ҳиссаси ва аҳамияти катта бўлмоқда. Ижодкорларнинг ойлик маоши камайиб кетганлиги ва МТРКда мунтазам равишда иш унумдорлигини ошириш ва узлуксизлигини таъминлаш каби сабабларни инобатга олибЎзбекистонда журналистика соҳасини ривожлантириш, МТРК моддий-техник базасини такомиллаштириш борасида амалга ошириш лозим бўлган қуйидаги таклифларимизни ўрганиб чиқиб, кўрсатма беришингизни сўраймиз.
  1. Хавфсизлик хизматининг кураторлари томонидан ўтказилаётган босимни 35% га юмшатилиши;
  2. МТРК тасвирга олиш, ва монтаж аппаратуралариниг эскириб ишга яроқсиз бўлиб қолганлиги сабабли, янги авлод технологияси асосида ишлаб чиқарилган аппаратураларини харид қилиш учун бюджетдан қўшимча маблағ ажратилиши;
  3. Вилоят телерадиокомпанияларининг бинолари яроқсиз аҳволгакелиб қолганлиги сабабли ҳар бир вилоят ҳокимияти томонидан замон талабига мос бинолар билан таъминланиши;
  4. МТРКда бўлимларни ҳақиқий ижодкор билан таъминлашда муаммоларнинг олдини олиш мақсадида «Тошкент шаҳри ва Тошкент вилоятида доимий прописка қилиниши лозим бўлган шахслар – Ўзбекистон Республикаси фуқаролари тоифаларининг рўйхати тўрисида»ги Қонунига ўзгартириш ёки истисно киритилиши;
  5. Узоқ йиллардан буён телевидениега умрини бағишлаган ижодкорларнинг фидокорона меҳнатларини қадрлаш, уларни моддий ва маънавий рағбатлантириш мақсадида имтиёзли кредит асосида уй-жой билан таъминлаш учун Тошкент шаҳрида қурилаётган кўп қаватли уйлардан (МТРК маблағлари ҳисобидан) ажратилиши бўйича махсус комиссия тузилиб чора-тадбирлар ишлаб чиқилишини сўраймиз.
Шу талабларнинг ярми рўёбга чиқса ҳам журналист аҳли МТРКнинг ҳозирги раҳбарларидан миннатдор бўлиб кетган бўларди. Худди халқ Ўзбекистоннинг Биринчи Президентидан миннатдор бўлгандек. Лекин уларнинг бу борада бош қотиришига ақлим етмайди. Чунки уларнинг ўтаётган шу бугуни ҳам мана шу курсида жимгина ўтса бўлди. Агарда шу ишларга қўл уришса улар гуёки, раҳбарият олдида қора халқ тарафига ўтганлигини билдириб қўйишадигандек, гўё.
Қисқа қилиб айтганда,
Журналистика соҳасини поезд деб тассавур қилсак, бу поезд тўғри ва текис рельсга қўйилган. Поезд бир маромида оҳиста кетмоқда. Ҳаттоки, шовқини ҳам йўқ. Аммо поезд олдинга қараб эмас, орқа тарафга қараб илдамламоқда. Тескари тарафга кетаётганлигини билиб қолган журналист жимгина ўзининг хоҳиши билан тушиб қолиши мумкин. Агарда шовқин кўтариб вагонлардаги ухлаётганларнинг оромини бузса, дарҳол поезддан чиқариб отиб юборилади.
Тўғри, олдинлари журналист номи билан “якка бўрилар” эл ичида оралаб бу соҳанинг номига қора доғ туширишган. Лекин, бир-иккита “якка бўрилар”ни деб бутун бир ўрмонга ўт қўйиш шартмикан?! Бугунги кунда эса бундай “якка бўрилар” қизил китобга киритиб бўлинди. Энди тақиқни олса ҳам бўлар балки.
Юрагимда йиғилган дардларни оқ қоғозга тушириб шунчалик енгиллашдимки, илҳом парилари умрида шеър ёзмаган каминани назмда ҳам ижод қилишга ундади. Шоирликка даъвом йўқ бўлса-да, ҳамкасбларим матонатини назмда ҳам мадҳ этишни амр этдим.
Аскар шу Ватан учун қалқон бўлади.
Шифокор ярим жон учун жон бўлади.
Журналист сўзлардан жон ва қалқон ясаб,
Биргина ҳақ сўз учун қурбон бўлади!
 
Хулоса
Бу мавзунинг хулосасини чиқариш амримаҳол. Камина хулоса чиқаришга ожизлик қилади. Шу боис хулосани муштарийларга қўйиб берсак. Хулоса сиздан.
Эслатма:
Ўзининг раҳбарларидан нолиб бирон жойга арз қилган ижодкорга дарҳол “ёзувчи” тамғаси босилади. “Ёзувчи” билан журналист ўртасидаги фарқни илмий жиҳатдан фарқлайдиган бўлсак, “ёзувчи” ўзининг шахсий мақсадлари йўлида қалам тебратади. Журналист эса ўзгалар дардида ижод қилади. Аммо 100% десак муболаға бўлади. Келинг, 95% дейлик, чунки, ижодининг ичида 5% ўзи учун манфаатли бўлган қалам ҳаққи ҳам бор. Демак, журналист 95% халқ дардида, 5% ўзининг дардида, “ёзувчи” эса 5% ўзгалар, 95% ўзининг манфаати йўлида ижод қилади. Айнан ушбу мақола 100% ўзгалар, яъни ҳамкасблар дарди ҳақида оппоқ қоғоз қораланган. Боиси, бу мақола учун ҳеч ким менга гонарар тўлмаслиги аниқ. Шундай экан, юқорида ўтирган “тамға босувчилар” бу мақола учун “ёзувчи” иборасини ишлатишга шошилманг. Акс ҳолда, ўзингизнинг “ижод ва ижодкор кушандаси” эканлигингизни билдириб қўйган бўласиз.
МТРК ходимлари гапириши у ёқда турсин ҳаттоки, эшитишга ёки ўқишга қўрқадиган Аксиомаларни баён қилдим. Бу мақола учун МТРК “Гдлян”лари мени қидириши аниқ. Лекин мен “қатл” қилинишдан қўрқмайман. Негаки, телевидениеда ҳеч нарса қолмади. Яхшиси, бозорга чиқиб арава тортсам ҳам болаларимнинг қорнини тўйдириб овқатлантира оламан. Телевидениенинг обрўйи шу даражага бориб қолдики, ҳеч бўлмаганда, энди ўзгариш бошлаган тақдирда ҳам у кунларни кўришга бизнинг ёш умримиз ҳам етмайди.
Олдинлари раҳбарлар қандай бўлган билмайман. Замонамиз раҳбарлари эса шундайки, қўлида куч-қудрат бўлса, йўқ нарсани ҳам исботлай олади. Оддий инсонлар эса қўлидаги мавжуд фактни ҳам исботлай олмайди. Мен ҳам одми одам сифатида ҳеч нарса исботлай олмасдирман, сизга факт ва далиллар тўла сумкалар тақдим эта олмасдирман. Бироқ баён қилганларимнинг барчасида мантиқ бор.
Баён қилганларимга ўзбеклигим тутиб, балки озгина, аммо созгина лоф қўшгандирман, бироқ асл ҳақиқат бунданда батттттар!
Ошкор этилган ҳақиқатлар учун барча устозлардан узр сўраган ҳолда ҳурмат билан,
ШОГИРД,
“Дунё ўзбеклари” учун махсус
Leave a Reply
*