Menu
Categories
Ўзбекистон Миллий телерадиокомпаниясини ислоҳ қилиш бўйича ТАКЛИФЛАР
04/22/2019 Бош мақола

Ўзбекистон Миллий телерадиокомпаниясини ислоҳ қилиш бўйича ТАКЛИФЛАР

  1. Ўзбекистон Миллий телерадиокомпанияси мақомини вазирлик даражасидаги мақомга ўзгартириш лозим. Мисол учун, “Ўзбекистон Телерадио вазирлиги”. (ЎзТВ)
  2. Телерадиокомпаниянинг раҳбари тўғридан-тўғри Ўзбекистон Республикаси Президентига бўйсунадиган ва фақат Президентга ҳисобот берадиган бўлиши керак. Акс ҳолда хўжайин бўлишга давогарлар кўпайиб кетмоқда.
  3. МТРКга қўйиладиган янги раҳбар олдин МТРК тизимида умуман ишламаган аммо ҳақиқий довюрак журналист бўлиши лозим. Чунки, МТРКнинг ўзидан қўйилган раҳбар яна ўтмишни такрорлайди. Эски қолипдан чиқа олмайди ва умри мобайнида орттирган душманларидан қасос олишга киришиб кетади.
  4. Марказий телеканаллар рўйхатини қайта кўриб чиқиш лозим. Бир замонлар қўшни давлатлар билан охирини ўйламсадан кимўзарга очиб ташланган телеканаллардан воз кечиш керак.
  5. “O`zbekiston” ва “O`zbekiston24” телеканалларини қўрқмасдан қўшиб юбориш лозим. Улар эфир сеткасини тўлдира олишмаяпти. Унинг устига “O`zbekiston24” телеканали ўзининг мақсад ва вазифасидан бутунлай бошқа тарафга қараб адашиб кетган.
  6. “Маданият ва маърифат” телеканали билан “Спорт” телеканалини қўшиб юбориш лозим. Бу иккиси ҳам мавзу доираси торлиги сабабли эфир борасида зўрға кун кўриб келишмоқда.
  7. UzHD ҳамда “Оилавий” каналларидан бутунлай воз кечиш лозим. Бу иккисининг ташкил этишдан кўзланган мақсад ҳалигача аниқ бўлгани йўқ. Натижада, янги очиладиган “Ўзбекистон тарихи” канали билан жами 10 та қолади. Айни дамда 10 канал етиб ортади. UzHD канали сифатли HD форматида эфирга узатилади дейиш мумкин. Аммо, тасвирга олиш аппаратларимиз HD форматида бўлмагандан кейин фойдаси йўқ. Унинг устига, бутун дунё HDдан ҳам сифатли форматга ўтиб бўлишган. HD формати янгилик эмас аксинча, эскиликка айланиб қолган.
  8. Эски даврдан буён асраб авайлаб келинаётган “Телецентр”ни ҳам қайта кўриб чиқиш керак. Ундаги қайсидир бўлим ва йўналишлар керак ёки керак эмаслигини кўриб чиқиш лозим. Ҳозирги компюьтерлашган даврда ҳам кўпгина эски йўналишлар сақланиб келинмоқда.
  9. Гонарар бўйича бир замонлар чиқарилган 118-буйруқни қайта кўриб чиқиб бутунлай ўзгартириш лозим. Унда ёзилган қонун-қоидалар ижод соҳасига умуман тўғри келмайди. Бу буйруқ ижодга умуман алоқаси бўлмаган алоқачилар томонидан ишлаб чиқилган.
  10. МТРКнинг марказий аппаратида бошқа ташкилотлар учун режа ва ҳисоботлар тайёрлайдиган бўлимларни қисқартириб уларнинг штат бирлигини телеканаллардаги ижодкорлар учун ажратиш керак.
  11. МТРКда 70 % ходимни бўшатиш ёки уларни шартнома билан ишлашга ўтказиш керак. Чунки ўтган 15 йил ичида ҳақиқий ижодкорлар умуман қолдирилмади. Ҳозирда бир қатор жумла ёзишни билмайдиган чаласаводлар қолиб кетган. Қўлидан ҳеч бир иш келмайдиган бекорчилар тўғри телевидениега қараб йўл олиши урф бўлган.
  12. Ихтисослиги бўйича кадрлар масаласини ҳам бутунлай қайта кўриб чиқиш лозим. Чунки МТРКда журналистдан бошқа ҳар қандай соҳа вакилларини топиш мумкин.
  13. Журналистика ва телекоммуникациялар Университетини ЎзТВ тассаруфига ўтказиб талабаларнинг ўқиш жараёнини амалиёт билан параллел равишда олиб бориш лозим. Шундагина кадрлар борасидаги муаммо имкон қадар тезроқ ҳал бўлади.
  14. ЎзТВдаги раҳбар ходимларнинг Журналистика ва телекоммуникациялар Университетида режа асосида дарс ўтишини ташкиллаштириш зарур. Чунки, бу соҳада махсус педагог кадрлар ҳам йўқолиб кетган.

 

Ўзбекистон Миллий телерадиокомпаниясини иқтисодий инқироздан қутқариш учун таклифлар:

  1. Аввало МТРКга алоқаси бўлмаган сирли халқаро компания бўлмиш – IMCдан қутилиш керак.
  2. Реклама бўйича ҳар бир телеканал ўзлари алоҳида шуғулланишига қўйиб бериш керак.
  3. Бошқа ташкилотларнинг ЎзТВ бюджети ва хизмати ҳисобига кун кўришини зудлик билан бартараф этиш лозим.

А.) 11 та вилоят тердаиокомпанияларини тугатиб ўрнида “Мухбирлар штабини” ташкил этиб бирлашадиган “O`zbekiston” ва “O`zbekiston24” ҳамда “Ёшлар” телеканаллари учун иккитадан, бирлашиб кетадиган “Маданият ва маърифат” телеканали билан “Спорт”га ва “Маҳалла” телеканалига бир нафардан, жами олти нафар мухбир ҳамда шунча тасвирчи штатларини жорий қилиш лозим.

Сабаби, вилоят телерадиоканаллари вилоят ҳокимларининг шахсий телеканалларига айланиб қолган. Фақат вилоят ҳокимларининг изидан юришга одатланишган. Уларнинг ўтказадиган йиғилишлари ва топшириқларини бажаришдан нарига ўта олишмаяпти. Ҳаттоки, шахсий тадбирларини ҳам тасвирга олдиришгача боришган. Вилоятлардаги журналистлар вилоят раҳбарларининг рухсатисиз бир оғиз ҳам гапириш мумкин эмас. Шундай экан, вилоят ҳокимлари ўзлари учун бошқа шахсий телевидение очиб олаверсин. 

Б.) МТРКни қўриқлайдиган 280 нафар ИИБ ходимларини ҳам имкон қадар қисқартириш лозим. Мисол учун 200 нафари қисқартирилса 80 нафари ҳам етиб ортади. Шундоқ ҳам ҳар тараф кузатув камералари билан тўлиб кетган. Айни дамда МТРК ўз ходимларига маош топиб бераолмаётган оғир бир даврда ижодкордан-да кўп қўриқчи шарт эмас. Ҳозирги техника тараққиёти даврида нимадир корхол бўлса ёрдам кучлари зудлик билан етиб келиш имкони мавжуд. Аниқроғи, айни вақтда МТРК ИИБнинг бўш турган ходимларини боқишга мажбур бўлмоқда.

  1. МТРКда “Автокорхона” монополиясини йўқотиб телеканалларнинг машинадан фойдаланиш ҳуқуқини ўзларига қўйиб бериш лозим. Улар хоҳласа “махсус автокорхона” хизматидан фойдаланиши ёки шахсий автомобилларидан фойданиш ҳуқуқини ҳам бериш керак.

А.) Директорлар ҳам хизмат машиналаридан хоҳлашмаса фойдаланмаслги эвазига хизмат машиналарига телеканал ҳисобидан ажратиладиган маблағнинг маълум бир қисмига эгалик қилиш ҳуқуқидан фойдаланишга рухсат берилиши керак. Чунки телеканалдан биргина директор хизмат машинисининг ўзига ажртиладиган бир йиллик маблағга битта янги Lasetti машинасини сотиб олса бўлар экан.

Б.) Шунингдек, сеъёмкага бораётган ижодкорлар ҳам телевидение машинасидан фойдаланмаганлиги учун гонарарга маълум миқдорда қўшиб берилиши таъминлашниши керак. Телевидениенинг тасвирга олиш аппаратлари бир замонлар атайин юқори нархларга олиб келинганлиги сабабли хавфсизлик нуқтаи-назаридан телевидение машинасидан бошқа машинада олиб юриш тақиқланган эди. Ҳозирги кунда арзимаган маблағ турадиган тасвирга олиш аппаратларини олиб юриш аппаратнинг ўзидан қимматга тушмоқда. Аниқроғи, бир замонлар чиқарилган МТРК қонунларни бекор қилиш вақти келганлигини унутиб қўйишган.

  1. Вазирлик ва бошқа ташкилотларнинг фаолиятини бевосита ёритишга ихтисослашган яъни мазмун ва йўналиш жиҳатидан қамрови чегараланган телеканалларга ўша вазирлик ёки ташкилотларга ажратиладиган бюджет маблағларидан маълум миқдорда бюджет тақсимоти даврида ажратлишини қонун билан белгилаб қўйилиши керак. Мисол учун, “Спорт” телеканалига Спорт вазирлигидан, “Маданият ва маърифат” телеканалига Маданият вазирлигидан, “Маҳалла” телеканалига “Маҳалла” жамоат фондидан, “Наво” телеканалига” “Ўзбекнаво” бирлашмасдан, “Кинотеатр” телекналига “Ўзбеккино” агентлигидан. Акс ҳолда, улар ўртасида ўзаро иқтисодий келишув бўлса унда телеканаллар фаолиятини ёритаётган ташкилотга бевосита тобе бўлиб қолади. Шу жиҳатдан телеканалларнинг иқтисодий қарамлиги бартараф этилади.
  2. Ҳозирда мавжуд 4 та радиоканалларни телерадиоканаллар тассаруфидан алоҳида ажратиб олиб бошқарув апаратини битта тизим асосида бирлаштириш лозим. Яъни ЎзТВнинг радио бўйича ўринбосарлигини ташкил этиб унга радиони тушунадиган мутахассис қўйилиши керак. (Эслатма: бирор бир катта раҳбарнинг бекор юрган боласини ёки куёвини эмас.) Айни дамдаги бошқарув тизими яъни телеканалларга алоҳида бирлаштирилиши натижасида радиоканалларга иккинчи даражали сифатида қаралиши вужудга келган. Радио бўйича ҳозирги тизим бир змонлар телевидениени ислоҳ қилиш бўйича раҳбарларнинг жўяли бир таклиф топиша олмаганлидан ўйлаб топилган “буюк кашфиёт” бўлган.

 

Ҳозирги ва бўлажак янги раисга таклиф ва тавсиялар:

 

  1. Аввало олдингизга ҳамкасбларини ёмонлаб кирган ялтоқлардан қутулиш йўлларини изланг. Чунки, қўлидан ҳеч бир иш келмайдиган МТРК “пахтакорлари” мунтазам равишда сеҳри-жоду қилиш билан шуғулланишади. Ҳаттоки 15 йилдан буён ҳамкасбларини ёмонлаш орқали кун кечириб келаётган ходимлар ҳам бисёр.
  2. Ходимларингизнинг феъл-атвори қандай ва қайирдан келишидан қатъий-назар иш берса бўлди, ундан фақат фойдаланинг. Акс ҳолда ижодкорларсиз қолишингиз мумкин. Фақат топшириқни тушуниб-тушунмай сўзсиз бажарадиган роботларга кунингиз қолади.

 

Ҳаким Номозов,

журналист.

 

Эслатма: Ўзбекистон телевидениесини ривожлантириш борасида таклифлар бўлса юқоридаги рўйхат давом эттирилди.

Leave a Reply
*