Menu
Categories
Ҳамроқул Асқар: – Алиби тан олинмади, ўғриларнинг ҳомийлари ким? Олий Судми?!!
04/28/2019 Бош мақола

Ҳамроқул Асқар: – Алиби тан олинмади, ўғриларнинг ҳомийлари ким

 

Ўзбекистон Олий суд раиси К.Ф.Комилов, Бош прокурор О.Б.Муродовлар диққатига

 

АЛИБИНИ ТАН ОЛМАЙДИГАН ОДИЛ СУД

 

Қонун майда балиқлар илиниб, катта наҳанглар йиртиб

 кетадиган тўр бўлмаслиги керак”

Онаре Де Бальзак

 

Асли, ушбу жиноят болалар врачи Баҳром Худойназаров банкдан олинган 250 000 000 (икки юз эллик миллион) сўм кредитга хусусий шифохона қуриб, биринчи тўлови 60 миллион сўмдан 120 миллион сўмлик иккита намунали коттедж, 72 миллион сўмга “МАЛИБУ” русумли автомашина, Тошкент шаҳридаги Ганга даҳасидан 70 минг АҚШ долларига 3 хонали квартира сотиб олганидан сўнг 2014 йил 28 апрель куни содир бўлган.

Тадбиркор врач ва хотини ишда пайтида, уларнинг Денов шаҳар, В.Дадабоева кўчаси 34-уй манзилдаги ҳовлисида 2014 йил 28 апрель куни ўғирлик содир бўлгани, темир сейфида сақланган 43.000 АҚШ доллар, 15 милён ўзбек сўми, 50.000 сўмлик тақинчоқлар ва бир дона “ASUS” русумли ноутбок ўғирлангани тўғрисида ариза бергач, туман ИИБ терговчиси М.Саломов ўша куни ЖКнинг 169-моддаси, 4-қисми “а” банди билан № 9-14-22060-сонли жиноят иши қўзғатган. 

Педагог Ч.Жумаева иштирокида гувоҳ сифатида сўроқ қилинган Денов туман, 80-сонли умумий ўрта таълим мактабининг 7 нафар 2, 3, 7-синф ўқувчиларининг: – 28 апрель куни эрталаб соат 10:30 да ҳовлининг орқа тарафидаги очиқ эшиги олдида бир қиз “тез” келинглар., деб телефонда гаплашиб тургани, кундуз 14:30 ларгача ҳовли дарвозаси очиқ бўлгани, бири оқ ҳожи дўппи кийган 4 нафар эркак бири сариқ, бири қора сочли 19 – 20 ёшлардаги икки нафар қиз билан сўрида ўтиришиб русча гаплашганлари, улардан бири итни қувлаб, уриб оғзини қонатгани, эшик олдида ВАЗ 2106 русумли оқ, давлат рақами охири 14 бўлган автомашина тургани, ичкаридан тожикча қўшиқ темир кесувчи “болгарка” овози эшитилиб тургани, машина ёнида целлофан халтадан пачка 5000 сўмлик пул тушиб қолганида тепакал одам қизларга пулни олинглар дегани, пул жойланган машина кетгач, қаймоқ рангли Жигулида бир таксист келиб сенлар ўғирлик қиляпсилар иккиюз минг сўм берасилар деб кал одам билан келишаолмай кетиб қолгани., ҳақидаги кўргазмалари жиноят ишининг биринчи қисмида мавжуд.

Етти нафар гувоҳларнинг кўргазмалари бир-бирини тўлдиришдан ташқари, улар бу шахсларнинг ёши, ташқи кўриниши, кийимлари қўл телефон русумларигача жуда аниқ тасвирлаб берганлар. 

Ўқувчилардан бири ҳатто қора сочли қизнинг уйини аниқ кўрсатиб, унинг тўйида қатнашгани, ўша қиз тўйдан сўнг икки ой ўтиб ажрашиб кетгани., ҳақида олдин ҳам жиноят қидирув бўлими ходимига айтганман., деб кўргазма берган.

Ушбу кўргазмалар бўйича тайёрланган фоторобот суратлар асосида ўғриларни топиб қўлга олиш арафасида дастлабки тергов ҳаракатлари жиноят содир қилган шахсни аниқлаш имкони бўлмагани сабабли., деган важ билан 01.06.2014 йилда вақтинча ҳаракатдан тўхтатилиб, терговчи М.Саломов мазкур ишдан четлатилиб, жиноят иши қарийб бир йил “музлатиб” қўйилган.

Денов туман ИИБнинг яна бир терговчиси Р.Нарбоев 2015 йил 09 май куни мазкур ишни юритувга олганидан сўнг жиноят иши биринчи серияси иккинчисига магтиқан тўғри келмайдиган детектив фильмга ўхшаб қолган. Денов туман прокурори Р.А.Намазов 2015 йилнинг июнь ойида тасдиқлаб судга юборган айблов хулосасида мактаб ўқувчиларининг ушбу кўргазмалари ҳақида бирор жумла йўқ?! 

Яъни, иккинчи серия сценарийси бўйича дастлаб Б.Худойназаровнинг маҳалладш ошнаси Акбарали Эшниёзовга маст ҳолда келинини ҳақорот қилган деган важ билан маъмурий иш қўзғатилиб 10 кун қамоқ жазоси тайинланади. Вақтинча сақлаш ҳибсхонасида Акбаралини тезкор ходимлар уч кун ухлатмасдан уриб, электр токи билан “ишлов” берганларидан сўнг у комага тушгач тез ёрдам орқали врач чақирганларини кейинчалик у билан бир камерада бўлган бир йигит Акбаралининг хотинига айтиб исмини ошкор этмасликни сўрган…

Акбаралининг ўғли Ислом отасини кўришга борганида туман ИИБ ЖҚБ тезкор ходими уйларингда компьютерь борми деб сўрайди. Ислом ноутбок бор деганидан сўнг, Акбаралига ўғлинг ноутбокни олиб келсин деб таъзийқ ўтказишгач, у хотинига қўнғироқ қилиб Ислом ноутбогини терговчига берсин., дейди.

Ноутбокни олиб борган Исломдан Б.Худойназаровникида содир бўлган ўғирликни бўйнига олишни талаб қилиб таъзийқ ўтказганлар. Зўравонларга бўйин эгмаган Исломни отаси Акбарали Эшниёзов билан учраштирганларида у: – ўғлим булар нима деса қўл қўйиб бер, бўлмаса икковимизни ҳам майиб қилишади, бор гапни судда айтамиз., деб ялинган.

Отасининг оғир аҳволини кўрган Ислом терговчи олдиндан тайёрлаган сўроқ баённомаларига қўл қўйишга мажбур бўлган. Лола Йўлдошевани ҳали вояга етмаган ўғлининг қонуний вакили сифатида жалб этганларида терговчининг олдида Ислом: – бу ишларни “Игра” деган рус сериалидан ўрганиб, Баҳром аканинг бетон деворидан ошиб тушиб, темир сейфини болгарка билан кесиб, пулларни ўғирлаганман ва сўнг бу пулларни отам билан бирга ишлатиб юборганмиз., деганидан сўнг, бу фитнадан бехабар шўрлик она ҳангу-манг бўлиб сўроқ баённомасига имзо қўйишдан ўзга иложи қолмаган?!

Шундан сўнг, терговчи Р.Нарбоев Исломни уйига олиб келиб, унга мева – чева сақланадиган хона ичидаги ерни ковлатиб целлофанга ўралган далилий аъшёни кўмдирган ва қайта қазиб олаётган ҳолда видеотасвирга олиб холислар иштирокида очганида жиноят ишининг биринчи сериясида Б.Худойназаровнинг уйидан ўғирланган жигарранг ноутбок чиққан?!

Ислом Денов енгил саноат касб-ҳунар коллежининг “комьютерлаштириш ва созлаш йўналиши” бўйича 3-босқич ўқувчиси. Намунали хулқи ва аълочи бўлгани учун етакчи этиб сайланган. Унинг ноутбоги қора рангли экани, Ислом ўғирлик қилмаганлигини билган курсдошлари бу туҳматдан жуда қаттиқ ғазабланганлар.

Коллеж директори О.Назаров бу ишни тафтиш қилиб: – Ислом Абдукаримов 2014 йил 28 апрель куни дарсда бўлганлиги., тўғрисидаги маълумотнома тақдим этсада, терговчи ушбу муҳим алибини инобатга олмасдан, Л.Йўлдошевага ўғлингиз ўғирликни бўйнига олди., моддий зарарни тўласангиз чиқади., деб алдаб, Лоланинг шахсий “Несксия” автомашинасини суд ҳукми чиқмасдан туриб Б.Худойназаров фойдасига нотариал тартибда расмийлаштириб берган.

Терговчи Р.Нарбоев жабрланувчига етказилган моддий зарарни 114 миллион 926 минг 170 сўм баҳолатгач, жиноий даромад ҳисобига сотиб олинган деган важ асосида А.Эшниёзовнинг телевизор, стол, стул, шкаф, конденционер хуллас пулга чақиш мумкин бўлган барча рўзғор аъшёлари хатлаб қўйилган.

Мазкур жиноят ишининг ғайри – табиийлиги шундаки, жиноят содир бўлган куни Акбарали Эшниёзов Хоразмда, Ислом эса коллежда дарсда бўлганлиги, уларнинг ўғирликга мутлақо алоқаси йўқлигини исботловчи етарли алиби, жиноятни мутлақа бошқа шахслар содир этганлигини кўрган 7 нафар ўқувчининг гувоҳлик кўргазмалари мавжуд бўлсада туман прокурори Р.Намазов жиноят иши билан танишиб, айбланувчиларни билан суҳбатлашмасдан айблов хулосасини кўр-кўрона тасдиқлаб ишни судга оширган?! 

Ислом Абдукаримов балоғат ёшига етган бўлсада, ЖПК талабига хилоф тарзда суд мажлиси ёпиқ ўтказилган. Ҳимоячи А.Эгамбердиевнинг ҳақийқий жиноятчиларни кўрган мактаб ўқувчиларини педагог иштирокида сўроқ қилган терговчи М.Саломовни судга чақириш, ўғирлик содир бўлган куни А.Эшниёзов Хоразмда, Ислом  дарсда бўлгани тўғрисидаги алибиларни инобатга олиш тўғрисидаги илтимослари инобатга олинмаган?! 

Ота бола ўта оғир қийноқлар остида бу жиноятни бўйинларига олишга мажбур бўлганликларини айтсаларда буни ЖИБ Денов туман судьяси Р.Қутибеков жиноятдан бўйин товлаш учун баҳона деб талқин этиб, 2015 йил 21 сентябрь куни уларни 6 йил озодликдан маҳрум этиш тўғрисида ҳукм чиқарган. 

Жиноят содир бўлган пайтда Ислом вояга етмаган бўлсада, унга нисбатан амнистия акти қўлланмаган?!

Суд жараёнида Б.Худойназаровдан сейфида сақланган 43000 АҚШ доллори қаердан пайдо бўлган саволга Тошкент шаҳридан квартира сотиб олиш учун Умар деган валютачини уйга чақириб алмаштирганман, десада у бу маблағларнинг асл манбасини исботлаб бераолмаган. 

Ҳолбуки, Б.Худойназаров ўғирликдан анча олдин Ганга даҳасидан 70 АҚШ долларига сотиб олган квартирасига Акабарали Эшниёзов билан бирга борган?! Валюта алмаштиришга оид жиноят бўйича ҳам судда қатнашган туман прокурори ўринбосари Ж.Рахимов бирор муносабат билдирмаган. 

Моддий қийинчилликлар туфайли адвокат ёллаб аппеляция шикояти бераолмасда, дастлабки тергов ва биринчи инстанция судида қонуний вакил сифатида қатнашган Л.Йўлдошеванинг кассация шикоятини ўғлингизнинг ўзи ёзсин., деб ЖИБ Сурхондарё вилоят суди қабул қилмаган. 

Айни мазмундаги шикоятини вилоят прокурори жавобсиз қолдирган.  Айблов хулсасиини тасдиқлашга ихтисослашган судья Р.Қутибековнинг ҳукми асосида барча мол – мулки талон, ҳатто ҳовлисининг темир дарвозаси ҳам қўпориб олинган Лола Йўлдошева мактаб ўқувчиларининг кўргазмалари ва коллеж маълумотномасидан нусхалар илова этиб Бош прокурор И.Абдуллаев ва Ички ишлар вазири А.Ахмадбоевларга топширган шикоятлари “Дунё ўзбеклари” ва бошқа интернет нашрларида чоп этилгач, ҳақийқий ўғрилар фош бўлишидан хавотирга тушган жиноятнинг асл ташкилотчилари коллеж раҳбари ва ўқитувчиларни туман ИИБга чақириб: – 2014 йил 28 апрель куни Ислом Абдукаримов дарсда иштирок этмаган., деган мазмунда тушунтириш хати ёзишни талаб қилганлар. 

Бир неча ўқитувчилар таъзйиқ  остида тушунтириш хати ёзсаларда, гуруҳ раҳбари Ш.Бердиева: – Ислом энг намунали ўқувчи бўлгани учун гуруҳ етакчиси этиб сайлаб қўйилган, у ўша куни дарсларда тўлиқ қатнашганига барча курсдошлари гувоҳ, мен бу туҳматга қўшилмайман., деб ёлғон тушунтириш хати ёзишдан бош тортган. 

Аслида, туман ИИБ ходимлари ушбу ҳаракатлари орқали ҳақийқий ўғрилар фош бўлмаслиги учун ота – болага туҳмат уюштирганликларини тўлиқ исботлаган бўлсаларда, манманлик билан ўз қудратларини намойиш этиш учун ўжар гуруҳ раҳбари Ш.Бердиевани ишдан четлатишга эришганлар. Ҳақиқатни айтган муаллима жазоланди!

Терговчи Рустам Нарбоев таъмагирлик қилганлигини тасдиқловчи Л.Йўлдошева тақдим этган аудиоёзув ва бошқа далиллар бўйича Республика ИИВ мулозими А.Мусурмонов хизмат текшируви бошлагач, терговчи Р.Нарбоевнинг ота-онаси А.Эшниёзовнинг отасиникига келиб: – келинингиз даъвосидан воз кечсин., Рустам бу ишни мажбуран қилган, Акбарали ва набирангиз айбсизлигини биламиз., деган.

Қўл телефонида гаплашганларида Р.Нарбоев ҳам А.Эшниёзов отасининг гапини тасдиқлаган… Нафақат мактаб ўқувчилари шу маҳаллада яшайдиган катта одамлар ҳам ўғирликни бошқа ўғрилар қилганлигини билишади. Нега терговчи М.Саломов жиноят фош этилиш арафасида ишдан четлатилиб, жиноят иши бир йил “музлатиб” қўилди? Ҳақиқатни айтган коллеж муаллимаси Ш.Бердиевага нега таъзийқ ўтказилди? Нега терговчининг отаси Рустам бу ишни мажбуран қилган., демоқда?

Озодликда юрган ўғриларни ҳимоя қилиб терговчига таъзийқ ўтказган ул қудратли зот ким?! 

Бу орада деновликларни хавотирга солган яна бир жиноят содир бўлди. Яъни, худди шу Баҳром Худойназаровнинг яқин ошнаси, тадбиркор Абдураҳмон Қиличевнининг уйига бир гуруҳ жиноятчилар кириб, уни бола чақаси билан бирга қийноққа солиб, 15.000 АҚШ доллар пулини олиб, оғизларини скочлаб кетганлар.  Икки нафар баққуват ўғрининг калтаги зарбидан майиб бўлган А.Қиличев Ҳиндистонга даволаниш учун борганида вафот этган. 

Ушбу босқинчилик бўйича ҳам А.Қиличевнинг оила аъзолари кўрса танийдиган ўғрилар ҳануз топилган йўқ! Бу жиноят ишини ҳам бирон йил “музлатиб” Исломга ўхшаган бир бегуноҳ бўйнига “илиб” қўймасликларига ким кафолат беради?! 

Афсонавий разведкачи Рудольф Иванович Абельдан нега ҳимоячидан воз кечдингиз деб сўрашганида: – адвокатнинг тирноқлари кир эди, ўзини ҳурмат қилмайдиган одам мени қандай ҳимоя қилиши мумкин., деган экан. АҚШ суди 25 йилга ҳукм қилган разведкачи тақдир тақозасига кўра Москвага қайтгач КГБ мактабида дарс берган.

Ислом Абдукаримов нафақат намунали ўқувчи, ана шу Рудолф Абель қўлида таҳсил олган, таниқли ўзбек разведкачиси Абдусмат Турсунович Эшниёзовнинг набираси ҳамдир.

Шу боис, ҳалоллиги ва тўғрисўзлиги билан обрў қозонган Эшниёзовлар оиласининг икки вакили туҳмат асосида қамалиши, улар қийноқ остида бошқа ўғрилар жиноятни бўйнига олгани ҳақидаги хабарлар  Сурхон воҳасида катта шов – шувга сабаб бўлди.

Қайнатам маҳум президентимизга ихлоси боис набирасига Ислом деб исм қўйганди, мана ана шу ёлғиз ўғлим бегуноҳ қамалиб чиқди. Ҳанузгача, топган тутганим суднинг адолатсиз ҳукмига асосан моддий зарарни қоплашга сарф бўлмоқда. МИБ ходимлари талаб безор қилиб   юборди. Бу зулмнинг чеки борми., дея нола этаркан, йўқчилик ва хорликлар туфайли Тошкентнинг Чорсу бозорида кўкат сотиб ўтирган Лола Йўлдошеванинг кўзларидан ёш дувуллаб яноқларга тўкилади. 

Ушбу мақоламизнинг “Дунё ўзбеклари” интернет газетасининг 08.01.2016 йил сонида чоп этилган нусхасини Бош прокуратурага юборганимизга уч йилдан ошсада, ҳанузгача ҳеч қандай чора кўрилмади. Бу орада Рудолф Абельнинг шогирди бўлмиш ўзбек  разведкачиси Абдусмат Эшниёзов ихлос қилган Ислом Каримов ҳам бу фоний дунёни тарк этди. 

Агар, ошкора туҳматга асосланган бу тахлит ишларни янги тайинланган Олий суд раиси К.Ф.Комилов, Бош прокурор О.Б.Муродова, Ички Ишлар вазири П.Р.Бобожоновлар назоратга олиниб сохта суд ҳукмлари бекор этилмаса, яна бегуноҳ Исломлар янги фитналар қурбони бўлмаслигига ҳеч ким кафолат бераолмайди. Яна ўғрилар озодликда ялло қилиб, тўғрилар қамоқда азоб чекаверади…

Қолеверса, бу нафақат бош прокурор ёки вазирнинг иши, айни вақтда миллатнинг умумий фожиаси ҳамдир! Суд ижрочилари ҳамма нарсани тортиб олгач., қўпорилган темир дарвозаси ўрнига ғишт уриб, айни кунларда Чорсу бозорида тирикчилик қилишга маҳкум, туҳмат қурбони бўлган эри ва ўғли ҳимоясига отланган Лола Йўлдошевага ёрдам берадиган қудратли куч борми Ўзбекистонда?!

 

Ҳамроқул Асқар

Ўзбекистон Ёзувчилар уюшмаси аъзоси.

2015 – 19 йиллар.

hamrokulas@gmail.com

 

Илова: Денов енгил саноат касб – ҳунар коллежи директори О.Назаров ва гуруҳ раҳбари Ш.Бердиева имзолари билан тасдиқланган 15.09.2015 йилдаги № 279 сонли маълумотномалардан нусхалар. Жами 2 варақда

 

PS:

Жжиноят иши бўйича мақолада қайд этилган барча ҳужжатлар, сўроқ баённомаларидан нусхалар олинган. Ота – бола Акбарали Эшниёзов ва Ислом Абдукаримов иши бўйича ЖИБ Сурхандарё вилоят Кассация суди 12.01.2015 йилдаги ажрими билан биринчи инстанция суди ҳукмини ўзгаришсиз қолдирган. Айни кунда, озодликдан маҳрум этилиш жазосини ўтаб чиққан ота – бола нзорат остида моддий зарарни қоплаш билан овора.   

Ўзбекистон Республикаси Президенти Виртуал Қабулхонаси

Диққат!!! Қуйидаги малумотларни сақлаб олинг

Мурожаат рақами 35929-s/19
Текшириш коди b469897f49
Leave a Reply
*