Menu
Categories
Бош муҳаррир И.Хушевга: Саид Абдулазиз Юсуповнинг ота онасидан мактуб
05/12/2019 Ватандан хабарлар

 Ассалому алайкум Исматжон. 

 Бу мактубни сизга Саид-Абдулазизнинг ота-онаси ёзмоқда.

Бугун ютубдан узатилган 20 минутлик видеони кўзимизда ёш билан кўрдик.

Инсон учун фарзандининг азобидан, фарзанд жудолигидан оғири йўқ экан. 

Турмуш ўртоғим Юсупов Камолиддин Юсупович, бир умр халқим, адолат ва хақиқат деб яшади. Мана шу тўғрисўзлиги ва халоллиги орқасидан, Аллохимга шукр, эл орасида хурматли бўлдик. Лекин шу билан бирга, айнан шу адолатсеварлиги  сабаб жуда кўп қийинчиликларни бошдан ўтқаздик. 

Алхамдулиллох барча фарзандларимизни халол инсонлар қилиб тарбияладик. Турмуш ўртоғим охирги 14 йил давомида 2 марта инфаркт 1 марта микроинфаркт ва ўтган йили инсультни бошдан кечирди. Қадамидан ўт чақнаган инсон сўзлари қиличдек ўткир турмуш ўртоғим инсультдан сўнг қийналиб гапирадиган, харакатлари секинлашган, арзимас нарсага йиғлаб юборадиган бўлиб қолдилар. 

Деярли 40 йиллик турмушимиз давомида бирор марта на турмуш ўртоғимга ва на бошқа бировга овоз кўтариб, ёмон гапира олмадим, то 10 майгача. Оналар шундай бўлар экан, фарзандини химоя қилиш учун арслондек куч пайдо бўлар экан. Балки, турмуш ўртогимнинг соғликлари яхши бўлиб, аввалгидек бўлганларида, хозир интернетда кетаётган аудиода йиғлаб ўтирган бир ожиза бўлармидим. 

Аммо энди йиғламайман. Фарзандимни кўксимни қалқон қилиб бўлсада химоя қиламан. 11 май куни кечки пайт Тошкентда қаттиқ шамол кўтарилди, осмонларни ёрворгудек чакмоқ чақди. Аслида бу шамол эмас менинг ичимдаги дард эди. Осмонни ёрворгудек момоқалдироқ – яқинларимни асраш учун ютган фиғоним эди.  

Ўғлим қўлга олинган кун эртасига “Қўшни махалла” телеграм канали “Матбуотда ва ТВда ўз чиқишлари орқали танилган фонд рахбари пора билан қўлга олинди” сарлавхаси остида ўғлимнинг куйиниб гапираётган холатдаги расми билан мақола эълон қилди.

Вахоланки, ўша сурат ўғлимнинг БиБиСидаги мигрантлар жасадларини олиб келиш тугрисидаги интервьюсидан олинганди.  Билмадим, балки онаси бўлганим  учундир, ўғлимни қўрқинчли инсон сифатида кўрсатиш мақсадида айнан шу холатда тушган расми танлангандир. 

Яна бир савол: хамма ерда эълон қилинаётган фирибгарлик моддаси қўйилдими ёки порахўрликми?  Нима учун ўғлимнинг аҳволи яхши эмаслигини тасдиқлаган ичкаридаги шифокор ташхиси инобатга олинмасдан, суд медэкспертизага олиб  борилган жойда, ўғлимни ўша шароитда қолдириш учун, унинг ҳолатини яхши деб айтишган? 

Сизга ёзаётганимнинг яна бир сабаби, ўғлимнинг кўнгли сезган эканми шу воқеалардан 4-5 кун олдин: “Онажоним, катта ишнинг – китобимнинг нашр этилиши бошида турибман, аввало Аллохим қўлласин, лекин агар мен билан бирор нима бўладиган бўлса ёки тухмат қилинадиган бўлса, аввало ўзизга ва дадамга, турмуш ўртоғим ва болаларимга эхтиёт бўлинг” деб айтган эди. 

Ўшанда боламга оқ фотиха бериб, ИншаАллох хаммаси яхши бўлишини, яхши ишни бошлаганни Яратгам Эгам қўллашини айтган эдим. Ўшанда ўғлим унга бир неча ойлар давомида ДХХ ходимлари томонидан таъзийқ ўтқазилаётгани, ва охирги кунларда бу таъзийқлар жиддий тус олганини айтганди. 

 Энди ўғлимни қора ниятли фирибгар сифатида кўрсатиш учун кўпларнинг “кўрсатма”ларини тақдим қилишади, бунга аминман. Лекин бу кўрсатмалар ёлғонлигини ота-оналик қалбимиз билан биламиз.

Яна бир гап, келинимиз  хам бир гувох билан ўша Гвардейскийдаги қамоқхона юзма-юз келганини айтди. У киши ёши катта, Ўзбекистоннинг нариги бурчагида туриши, икки марта инфаркт ўтказганлиги, мазаси йўқлиги сабабли осма укол олаётган вақтда ДХХ ходимлари келиб, ўғлимга қарши гувохлик беришлигини айтишади.

“Мен хозир боролмайман, мазам йўқ, билетга қўлда пулим хам йўқ” деганида, “хавотир олманг самолетда ўзимиз обориб опкеламиз” деб, билетни ўзлари олиб, самолетга ўтқазиб олиб келишган экан. 

Келинимга шу гапларни айтар экан, “Саиджон жуда яхши бола, кўпчиликка ёрдам берган оқкўнгил инсон”, дебди. Келиним “хақиқатни айтасизми” деб сўраса, “айтиш керак, айтиш керак” деб ичкарига кириб кетибди

(Бу сухбатда бўлган гап-сўзларни келинимнинг илтимоси билан ёзмадим, турмуш ўртоғимдек кекса ва хаста инсонни ортиқча ташвишга қўйишни истамаймиз).

Лекин бироз вақт ўтгач адвокат чиқиб, шу гувох ўғлимга қарши гувохлик берганини айтибди. Келиним “Ойижон у кишидан хафа бўлманг, кетаётганларида жуда қаттиқ қийналаётганликлари кўриниб турган эди” деди.

Саид-Абдулазизга ватанга, она халқига бўлган мухаббат қонидан ўтган. Ўғлим оиласи, фарзандлари, биз ота-онаси билан ўтказиши мумкин бўлган кечаю-кундузларни ўз ишига бағишлади.

Саид-Абдулазиз – фақат бизнинг ўғлимиз эмас. У – Халқининг, Ватанининг, Хақиқатнинг, Адолатнинг, Президентининг, ватанпарвар зиёлиларнинг хам ўғли. Чунки унинг онгию-шуури, тарбияси шаклланишида худди биздек, зиёлиларнинг ўрни хам катта. 

Интернет тармоғида ўғлимнинг жуда катта миқдорда, кўп йиллар давомида пул ундирганлигини ёзишган, хўш унда қани ўша пуллар? Ўша-ўша 7-қаватда, 3 хонали уйда оиласи, 4 нафар фарзанди ва биз билан туради.

Уйи ўртахол, барча мебель ва анжомлар тўйдан олдин олинган, фарзандлари давлат мактабларига боришади. Ўғлим махалласида хам, яшаётган кўп қаватли уйида хам яхшиликлари, оиласи, фарзандлари аҳиллиги билан хурмат қозонган.

Агар улар айтганидек бўлганида, халигача лифти тез-тез бузилиб турадиган ва шу касал оёқ билан минг азобда 7 қаватга пиёда чиқишга мажбур бўладиган уйда турармиди? 4 та ўғли учун қўша-қўша уй қилмасмиди? 

Нолимайман, Алхамдулиллох кимдандир олди, кимдандир кейин яшаяпмиз, лекин шу хаётимиздан мамнун  эдик. Тинч эдик. Мана нима учун азал-азалдан кўнгил хотиржамлик сўраб омин қилинади.

Жуда кўп сўз учун бизни кечиринг. Доим инсонларнинг дардини тинглагансиз, ўғлимни исмини бермасдан илк мақолаларини чоп этган экансиз, Аллохим рози бўлсин.

Сўз охирида ўғлим ва барча фарзандларим, набираларим учун шиор бўлган турмуш ўртоғим ёзган мисраларни келтирмоқчиман:

 

Югурақол, асрагил, асра,

Аскар бўлсин хар томчи қонинг.

Ўлсанг ўлу, садоқатда ўл,

Яшнаб қолсин ортингдан Ватан,

Яшаб қолсин ортингда Ватан.

 

Умид  қиламизки Яратгам Эгам, давлатимиз рахбари, зиёлилар, ватанининг чин фарзанди – ўғлимни бу тухматлардан юзини ёруғ қилиб олиб чиқади. 

Яна бир бор хақиқатпарвар бўлганлигингиз учун сизга рахмат. 

Хурмат билан

Саид-Абдулазиз Юсуповнинг ота-онаси.

(Хат таҳрирсиз эълон қилинди)

 

“Дунё ўзбеклари” редакция почтасидан

"1" Comment
  1. Аҳли Расул Муҳаммад

    Шу муштипар ва мунис онанинг сўзларига ишонинг, одамлар! Чунки бу дунёда биз учун оналардан бошқа лафзи ҳалол ва ишончли зот йўқ!

Leave a Reply
*