Menu
Categories
Аҳли Расул Муҳаммад——: УМАР ХАЙЁМ МАЙХОНАСИ
06/01/2019 Адабиёт

Аҳли Расул Муҳаммад:
ХАЙЁМ МАЙХОНАСИ

***
Орастадир ҳазрат ХАЙЁМ МАЙХОНАСИ,
Май сузишга шайдир жоннинг жононаси.
Эвоҳ, шундоқ ороми жон бўлатуриб,
Азоби жон дунёнинг мен парвонаси…

***
Хайём бобо, ҳасратимни айтай сизга:
Ошиқ бўлиб қолган эдим бир гулюзга…
Биз баҳорда учрашувдик гул-гул ёниб,
Хазон бўлиб ажралишдик, эвоҳ, кузда!..

***
Хайём бобо, бу одамлар қайга борур?
Ўз қонига кўз ёшини нечук қорур?
Ҳайҳот, уни мисли шароб сипқораркан —
Билсин шайтон — жазосини шундоқ олур!!!

***
Хайём бобо, ўртамизда минг йиллик йўл,
Шунча йўлдан етар менга сиз чўзган қўл.
Аммо, ажаб, олдда менмас, сиз боряпсиз,
Ортга қараб гоҳи дебон: «Юр, тезроқ бўл!!!»

***
Хайём бобо, олиб келай сизни бориб,
Ўлтирайлик майи нобдан би-и-ир сипқориб!..
Қаранг, БАҲОР биздан аввал маст бўлибди,
Гоҳ оқариб, гоҳ кўкариб, гоҳ қизориб!!!

***
Хайём бобо, магарким биз экан тупроқ,
Нечун Гулнинг фироғида оҳлар урмоқ?
Ахир ўшал Гулнинг ўзи кўксимизда
Илдиз отиб, очар ўзи бизга қучоқ!..

***
Хайём бобо, илоҳийдур сизнинг бу МАЙ,
Ундан ичган кеча-кундуз йиғлар тинмай.
Афу этинг, сизни меҳмон қила туриб,
Тўкиворсам бизнинг майни, сизга қуймай…

***
Хайём бобо, хайриятки, сиз бордирсиз,
Ким зор бўлса, ўшал зорга мадордирсиз.
Кеча сизсиз қаҳратонда музлаб эрдим,
Бугун қаранг, Булбулдурман — Баҳордирсиз!..

***
Хайём бобо, ўргатдингиз маст бўлишни,
Ўлмай туриб ўлмоқ учун қасд бўлишни.
Аҳли олам аро баланд бўлмоқ ажри —
Тупроқданам, урвоқданам паст бўлишни…

***
«Хайём бобо, қулоқ тутинг бир гапим бор,
Айтганимни ҳеч кимсага айтманг зинҳор…»
Шундан ўзга бир сўз демай тилим ютдим,
Сиз кулдингиз: «Бу гапингда гап бор бисёр…»

***
Хайём бобо, сарҳади йўқ маънингизнинг,
Ҳар рубоий гулидир гулшанингизнинг.
Магар биздек ичмагайсиз — чўмилгайсиз?
Май томади ҳар тукидан танингизнинг!..

***
Хайём бобо, ўн асрлик фарқимиз бор,
Иккимизнинг турли хил ўз шарҳимиз бор.
Аммо бир хил ювиб-тараб улғайтирган
Фақат битта, бир хил она халқимиз бор!..

***
Хайём бобо, тушмагайсиз ҳеч тилимдан,
Сиздек пирга мурид бўлай чин дилимдан.
Кулол истаб мени излаб келар бўлса,
Сизни топсин ҳар гал менинг хок — гилимдан!..

Leave a Reply
*