Menu
Categories
ҚУРЪОНИ КАРИМ ИЛМУ ФАН ТАРАҚҚИЁТИ ОМИЛИДИР
06/05/2019 Бош мақола

 

 

ҚУРЪОНИ КАРИМ ИЛМУ ФАН ТАРАҚҚИЁТИ ОМИЛИДИР.

Исломшунос олим Маҳмудхўжа Нуритдиновнинг “Қуръон маъноларининг араб тилидан илмий-изоҳли академик таржима»си Германиянинг “Globe edit” нашриётида чоп этилди.

Президентимиз Шавкат Мирзиёевнинг маърифатли ислом масалаларига катта эътибор қаратишга оид чақириқлари исломшунос олимларини илҳомлантириб юборгани сир эмас.

Таниқли шарқшунос ўзбек олими, исломшунос, имом-хатиб, фалсафа фанлари доктори, профессор Маҳмудхўжа Нуритдинов қаламига мансуб «Қуръон маъноларининг араб тилидан илмий-изоҳли академик таржима»си Германиянинг “Globe edit” нашриётида чоп этилиши дунё мусулмон оламида катта илмий-маданий ҳодиса бўлди.

Ана шу воқеа муносабати билан Қуръон Карим маънолари таржимасини амалга оширган фидойи олим Маҳмудхўжа Нуритдинов билан шоир Ҳамроқул Асқарнинг “Дунё ўзбеклари” интернет газетаси учун махсус тайёрланган мухтасар суҳбатни мухлисларимиз эътиборига ҳавола этамиз.

1-Савол: Исломшунослик тадқиқотларига қачон кириб келгансиз?

Жавоб: Исломшуносликка биринчи бор аспирантурага кирган 1977 йилда қадам қўйганман. Сабаби, ўша йили ўрта асрлар араб-мусулмон фалсафаси тарихи масалалари билан шуғуллана бошладим. Бу йўналишда иш олиб бориш учун Ислом масалаларини чуқур билиш илмий зарурат эди. Исломни билмасдан ислом фалсафаси соҳасида тадқиқот олиб бориш руҳни танадан ажратиш билан баробар. Шунинг учун бу икки йўналиш фаолиятимда яхлит ҳисобланган. Кейинчалик 1995 йилда Ўзбекистонда илк бор ташкил этилган “Халқаро Ислом тадқиқотлари маркази” мудири этиб тайинландим. Яна икки йил ўтгач Имом ал-Бухорий номидаги Тошкент Ислом Институтини тугаллаб, имом-хатиб малакасига ноил бўлганимда ўзимни биринчи бор исломшунос деб ҳис этганман.

2-Савол: Қуръон маъноларининг илмий-изоҳли академик таржимасини қачон бошлагансиз?

Жавоб: Қачон бошлаганимни аниқ эсламайман, лекин тугатган йилим аниқ-2015 йил ноябрь ойида содир бўлган. Бир йил ўтгач, 2016 йилнинг октябрь ойида Самарқандда бўлиб ўтган Ислом ҳамкорлиги ташкилоти ташқи ишлар вазирларининг 43 сессиясида президентимиз Шавкат Миромонович биринчи бор маърифатли ислом мавзусини кўтариб, Қуръони каримнинг илмий қирраларини очиш масаласига алоҳида эътибор қаратдилар. Ҳаттоки мен, мутахассис бўла туриб, бу янгиликлардан ижобий маънода ҳайратга келдим, чунки мен томонимдан амалга оширилган таржима, президентимиз назарда тутган масаланинг айнан ўзи эди. Кўнглим қувончга тўлгани ҳамон эсимда.

3-Савол: Қайси манбаълар таржимангиз учун асосий замин бўлиб хизмат қилди?

Жавоб: Исломшуносликка оид барча йирик асарлар десам ёлғон бўлмас, жумладан, ислом тарихи, исломдан илгариги даврлар тарихи, исломдан аввалги шеърий , мумтоз араб адабиётига оид асарлар, турли тафсирлар, таржималар. Узоқ муддат хорижий давлатларда яшаб, ишлаган пайтларимда исломшунослик ва қуръоншуносликка оид йирик асарларни ўқиб таржима қилишга муваффақ бўлдим. Ва албатта, юртимизнинг буюк шайхлари марҳум Муҳаммад Содиқ Муҳаммад Юсуф, муфтий Усмонхон Алимов, Абдулазиз Мансур ва Оловуддин Мансур қаламларига мансуб кўплаб асарлар ижодимга мустаҳкам пойдевор бўлиб хизмат қилганини алоҳида таъкидлашим лозим. Юртимиздан чиққан бу алломалар билан ҳамиша фахрланаман.

4-Савол: Бугунги кунда жаҳон миқёсида янги ва янги таржима ва тафсирлар нашрдан чиқиб турибди. Бу ҳолатга қандай қарайсиз?

Жавоб: Ҳозирги кунда ер юзида бир миллиарддан ортиқ мусулмонлар араб тилидан бошқа тилларда гаплашади. Араб тилида нозил бўлмиш Қуръонни турли халқларнинг ўз она тилида ўқиб ўрганиши ва чуқур англаши учун шароит яратиб бериш уларнинг диний ҳақ – ҳуқуқларини таъминлашда муҳим аҳамият касб этади. Бу оддий ҳоҳиш ва истак эмас, балки маданий зарурат ва ҳар бир халқнинг қонуний талабидир. Бу масалага алоҳида жиддий қарамоқ лозим. Шунинг учун Аллоҳнинг муқаддас китобини ўрганиш ва тарғиб қилишни бир неча таржима ва тафсирлар билан чегаралаш, Қуръоннинг асл моҳияти, умурбоқийлиги, барча замонларда долзарблиги фазилатларига мувофиқ эмас деб ўйлайман. Шу боис, таржималар қанча кўп чиқса, халқ бундан шунча кўп манфаат топишига ишончим комил. Бундан ташқари Қуръон маънолари ва унинг илмий моҳияти ҳар бир замон ва макон аҳолисига тушунарли бўлиши зарур ва, айни пайтда, замон аҳли эришган илмий ва маданий савияга ҳам монанд бўлиши керак.

Таржималар халқимизнинг улкан адабий ва илмий бойлигини ўзида акс эттириб, маданияти ва ақлий салоҳияти кун сайин ўсиб бораётган зиёлиларимизнинг эҳтиёжларини қондирадиган савияда амалга оширилиб, илм-фан тараққиёти талаби ва мақсадларига ҳам мувофиқ бўлиши зарур. Масалага ана шу нуқтаи назаридан ёндошилса, ҳар бир таржимон ёки муфассирнинг иқтидори Қуръон маънолари оламининг янги қирраларини қай даражада очиб, китобхонга етказиб бера олгани билан фарқланади.

Ҳар бир олим бу китобни ўз диний ва илмий дунёқараши, замона илм-фани ривожини билиш даражотидан келиб чиққан ҳолда тушунади ва англаганларини ўзига ҳос услуб ва тил воситасида ифода этиб юзага чиқаради. Шунинг учун ҳам таржималарга илмий янгилик кашф этувчи жараёнларга қарагандек қарашимиз зарур, чунки Қуръон бошқа барча муқаддас китобларда фарқли ўлароқ ўзига хос илмий энциклопедия ҳисобланади.

5-Савол: Нима деб ўйлайсиз, Сизнинг таржимангиз замонамиз талабларига жавоб бера оладими?

Жавоб: Ҳа, албатта! Ишнинг аввалиданоқ бу масалага соф илмий ёндошув услубини танлаганман. Жуда яхши биласиз, охирги 100-150 йиллар давомида дунё бўйлаб ўнлаб илмий йўналишларда-медицина, астрономия, космик суратга олиш, астрофизика, геология, археология, эмбриология ва бошқа қатор соҳаларда минглаб буюк илмий кашфиётлар қилинди. Жумладан, бу таржимада 100 дан ортиқ оятлар юқорида зикр этилган кашфиётларга таққосан шарҳланди. Булардан ташқари 3000 дан зиёд сўз ва сўз ибораларига бир вақтнинг ўзида араб ва ўзбек тилларида чуқур илмий филологик изоҳлар берилди. Шунинг учун ҳам бу таржимани илмий изоҳли академик таржима деб номладим.

Қуръон бугунги ва келажакдаги кашфиётлар манбаидир. Муқаддас Китоб моҳиятини эндигина англай бошладик. Қуръон минг йиллардан кейин ҳам янги ва янги кашфиётларнинг юзага келишига олимларимизга ёрдам беради. Унинг илоҳийлиги ва илмийлиги ҳам шундадир. Бу Китоб ўз сирларини эндигина оча бошлади.

Масалани ёритишда бундай ёндошиш жаҳон Қуръон таржимачилигида ҳам, ҳамдўстлик давлатларида, жумладан, Россияда чоп этилган охирги таржималарда ҳам ҳанузгача кузатилган эмас.

Бу таржиманинг чоп этилиши билан биз янги йўналиш-ўзига хос илмий тенденциянинг бошловчиси бўлаяпмиз. Таржима ва изоҳларни оддий, равон ўзбек тилида, махсус тайёргарлик кўрмаган ўқувчи ҳам тушуна оладиган, яна соддароқ айтганда, оддий деҳқонга ҳам, академикка ҳам бирдай тушунарли услубда ифодалашга ҳаракат қилдик.

Таржима билан танишган ўқувчи назарида диний хулосалар билан бир қаторда оятлар замирида беркиниб ётган илмий мавзулар ҳам яққол гавдаланади.

Бугунги кунимизнинг энг катта балоси диний таассубдир. У эса диний ақидапарастликдан келиб чиқади. Диний ақидапарастлик эса, илмийликнинг йўқлиги ва диний жаҳолатдан озуқаланади.

Ушбу таржимада Қуръон оятларини замон ривожи нуқтаи назаридан изоҳлаш учун фойдаланилган илм-фан кашфиётлари бундан 15-20 йил олдин йўқ эди. 20 йилдан кейин юзага келадиган илмий янгиликлар эса, бугун йўқ.

Шунинг учун, келажакда бўладиган таржималар бугунгисидан мукаммалроқ бўлиши шубҳасиздир.

Хулоса шуки, ҳар бир халқнинг диний, илмий ва тафаккурий эҳтиёжлари тўла қондирилишида вақти-вақти билан Қуръони карим маъноларининг янги таржималари фақат фойда келтиради. Ушбу хулоса бизнинг ўзбек халқига ҳам тааллуқлидир.

6-Савол: Таржимангиз илк бор она юртимизда эмас, балки хорижда-Германияда чоп этилди. Буни қандай изоҳлайсиз?

Жавоб: – Юқорида айтганимдек таржима 2015 йилда маромига етганди. Яқин бир-икки йилда Ўзбекистонда чоп этилар деган умидда юрдим. Турли сабабларга кўра нашр масаласи орқага сурилаверди.

Шу пайт кутилмаганда Жаҳоннинг таниқли “Globe edit” нашриётидан таклиф тушди, сабаб, илгари ҳам бир неча китобимни нашр этгандилар. Бу таклифни хурсандчилик билан қарши олиб, қўлёзмани жўнатдим.

Орадан 2 ой ўтгач таржима нашр этилди. Лекин, дилимдаги энг эъзгу ниятим бу асарни ўз она юртимда чоп этиш. Дўстларим, яқинларим, мени танийдиган, танимайдиганлар бу китобни қўлларига олиб, ундан баҳраманд бўлсалар мен учун энг катта бахт!

Яна бир катта умидим ушбу таржима асарнинг бир нусхасини маърифатпарвар Президентимизга ўз қўлим билан топшириш. Агар, Яратган Эгамизнинг марҳамати ила ўша кунни кўриш насиб этса, шубҳасиз, ҳаётимдаги энг бахтли кунлардан бири бўлур эди…

Ҳамроқул Асқар: Домла, узоқ йиллик меҳнатингиз самараларини кўриш барчамизга насиб этсин. Бағоят мазмунли суҳбатингиз учун ташакур!

Ҳамроқул Асқар
Тошкент шаҳри
30.05.2019 йил.

Дунё Ўзбеклари учун махсус.

Исломшунос олим Маҳмудхўжа Нуритдиновнинг ана шу мавзуга оид рус тилидаги мурожаатини ютубе каналида кўришингиз мумкин.

https://www.youtube.com/watch?v=mG_W150Iu6s&feature=youtu.be
 

https://www.morebooks.de/store/gb/book/Қуръон-маъноларининг-араб-тилидан-илмий-изоҳли-академик-таржимаси/isbn/978-613-8-25350-1

 

“Дунё ўзбеклари” редакция почтасидан

 

"1" Comment
  1. ASSALOMU ALAYKUM MAHMUDKHUJA DOMLA. BEQIYOS TAHINGA SAZOVAR ILMIY AKADEMIK QURON TARJIMASI. AYTINGCHI VALERIY POROKHOVANING ILMIY MANOLAR TARJIMASIDAN QAYSI ILMIY HOLATLARI BILAN FARQLANADI? OLDINDAN RAHMAT. SIZGA BEHAD HURMAT BILAN JAVOBNI KUTIB QOLAMAN.

Leave a Reply
*