Menu
Categories
Ўктам Ҳакимали: Иймондан узоқлашишлик фожеаси (Абдулла Қаҳҳор ҳақида) (2)
06/16/2019 Адабиёт

 Рўйхатлардан ўчирилганлар – Ўктам Ҳакимали: Абдулла Қаҳҳор ҳақида 

Ўктам ака Ҳакимали6-якуний қисм
Энди Қаҳҳорнинг шахсий ёлланган мақтовчиси – Озод Шарафиддиновнинг фикрлари билан озгина танишамиз…
– Биз Абдулла Қаҳҳор билан фахрланамиз. Унинг халққа хизмати катта. Унинг асарлари Ойбек, Ғафур Ғулом асарлари билан бирга ўзбекнинг шуҳратини оламга таратмоқда.., деймиз. Унинг асарларини чехлар, болгарлар, немислар, фаранглар, греклар, ҳиндлар ўқишади. Улар Абдулла Қаҳҳор асарлари орқали дунёнинг бир бурчида талантли, зукко, меҳнаткаш, бағри кенг ўзбекнинг мазмундор, жўшқин ҳает кечираётганидан воқиф бўлди… Абдулла Қаҳҳор асарлари Европада ҳам, Осиёда ҳам юз минглаб ўқувчиларнинг кўнглини олаётган экан, демак улар ҳақиқий истеъдоднинг меваларидир. «Бемор». «Анор», «Ўғри», «Даҳшат», «Ўтмишдан эртаклар» каби асарларида революқия арафасидаги ўзбек воқеийлиги, оддий одамларнинг фожеаларга тўла аччиқ тақдири бадиий ифодаланади…
Иирик рус адабиётшуноси В.В.Смирнова Абдулла Қахҳорнинг «Анор»и билан Америка ёзувчиси О.Генрининг «Шафтоли» деган ҳикояси ўртасида ўхшашлик борлигини биринчи бўлиб қайд қилган эди. Мана пгу масалада Озод Шарафуддинов Қаҳҳор ва О.Генри борасида ўзи сезмаган ҳолда, В.В.Смирнованинг сўзларини келтириб, ҳақиқатни ошкор этиб қўйган. А.Қаҳҳор чиндан ҳам О.Генридан «Анор» ҳикояси сюжетини кўчириб олган. «Сароб» романи эса қайсидир маънода Жек Лондоннинг «Мартин Иден» асарини эслатади. «Сароб»нинг бош қаҳрамони прототипи-Усмон Носир… Ўзбекнинг миллий ва беттакрор шоири Усмон Носирни Қаҳҳор “чиройли” қилиб мустабид тузумнинг асосчиларига ўзини оқлаш учун сунъий туҳматлар билан, тўқималар билан ёмонлаб берганиди, деган гаплар юради. Бу гапларнинг тўғрилиги, нотўғрилиги ҳақида вақти билан ҳақиқатпараст олимлар чиқиб, аниқлик киритар…
Фарғона водийсида меваларга, жумладан, анорга масала сифатида қарашмайди. Чунки мева сероб, истаган одам истаганича олиб ейиши мумкин. Водийликларнинг бағри шу қадар кенгки, бирор одамнинг аёли бошқоронғу бўлса, анор сўраса, уйига қоплаб олиб келиб ташлашади… Хотин анор егиси келгани учун эри ўғирлик қилиши шарт эмас… Бу ҳам ёлғон. О.Генрининг «Шафтоли» ҳикоясининг сюжетини олиш учун А.Қаҳҳор шафтолини анор билан алмаштирганиди, холос… Озод Шарафиддинов ҳам бу «кўчириш»ни билиб билмасликка, кўриб кўрмасликка олиб : «Анор» «Шафтоли»дан фарқ қилароқ, бизни ларзага солди…» деб таъкидлайди… Ваҳоланки, «Шафтоли» ҳикояси таъсирлироқ, сохта эмас, тўқилмаган… ғайритабиий эмас…
«Абдулла Қаҳҳорнинг асарларида бир хислат бор – улар ҳамиша гоят табиий бўлади…» Биз Озод Шарафиддинов ёзаётган «ҳақиқат»ни «Даҳшат» ҳикоясида таҳрир ва таҳлил орқали ёзишга ҳаракат қилдик… «Абдулла Қаҳҳор истеъдодини жилолантирган, унинг асарларини чинаккам санъат намунаси даражасига айлантирган фазилатлар – ҳаққонийлик, самимийлик, соддалик ва уларнинг бирикишидан туғиладиган том маънодаги замонавийликдир…»
Озод Шарафиддиновнинг мана шу сўзларидан кейин биз Абдулла Қаҳҳорнинг «Даҳшат» ҳикоясидаги Ўрта Осиё учун маймун боқиш нотабиий эканлигини ёки мусулмон киши ёшгина бир аёлни тунда қабристонга юбориши ва атайлаб ўлдириши, яъни ўзбекларнинг ҳақиқий бағри тошлигини, одамийлик ҳис-туйғулари йўқлиги орқали фарқлаб олишимиз мумкин…Мана Қаҳҳордаги нотабиийлик. Мен додҳодай фашист одамлар бирор ўзбек ёки тожик, туркман, қирғиз орасида кўрмаганман. Балки қирғизларда бўлиши мумкин… Чунки улар ароқни кўп истеъмол қилганликлари учун ҳар қандай ваҳшийликдан қайтмайдилар… Балки додҳонинг миллати қирғиз бўлгандир… О.Шарафиддинов Қаҳҳорнинг «Ўғри» ҳикояси ҳақида гапириб туриб, ёзувчининг бир фикрини мисол тариқасида келтиради: «Деҳқоннинг уйи куйса куйсин, ҳўкизи йўқолмасин…». Деҳқоннинг уйи куйса, ҳеч нарсаси қолмайди. Бундай ҳолда деҳқонга ҳўкизнинг нима кераги бор… Деҳқон кўчада қолиб, кўчада кўрпа-тўшаксиз, қозон-товоқсиз ётиб яшолмайди-ку… Бу борада мақол мутлақо нотўғри ишлатилган…
«Ўғри» ҳикоясидан танқидчи мисол келтиради… «Қобил бобо яланг бош, яланг оёқ,тиззалари букилиб-букилиб кетади…» Чолнинг яланг оёқлиги, ялангбошлиги -шундай ифодада кечирилар, бироқ «тиззалари букилиб -букилиб кетади…» деган ифодасини асло кечириб бўлмайди. Тизза «букилади». Букилдими, демак одам изтироб чекаётган бўлади… Тизза букилса одам йиқилади… Одам изтироб чекаётганида оёқлари титрайди, қадам босиши сусаяди…
«Қобил бобонинг аянчли тақдирида ўтмишдаги юз минглаб оддий одамларнинг огир аҳволи умумлаштирилган…». О.Шарафиддинов … Ўтмишдаги ўзбекларнинг аянчли ҳаёти юз берган бўлса, нимага бу миллат «аянчли аҳволдан» тугаб кетмади?! Ахир ўтмишда ўзбекларда ўғирлик, ўзгаларнинг ҳаққига хиёнат қилиш, порахўрлик каби иллат юз бермаган-ку! Дўконлар қулфсиз ётган… Бойлари сахий бўлган. Камбағалга қайишган… Мустабид тузуми ва бу тузумнинг ижрочилари бизга ўз бойларимизни йўқотиб, бойликларини тортиб олиш учунгина ўзимизга қоралатди… Бой ёмон, камбағал яхши… Тасаввур қилинг. Ёв ҳаммани бирдай камбағал-қашшоққа айлантирди. Бойни йўқоттирди. Шу жараёнда тортиб олинган олтинларни, қимматбаҳо тошларни «инқилобчилар» Швейцария банкларига ўз номларига қўйишди. Мана «инқилоб»нинг ҳақиқий башараси… Буни на Қаҳҳор, на унинг шахсий мақтовчиси англаб етди… Ҳис қилди… Икки қирим ёзувчиси Айдер Осмон билан Сефтер Нўғаев миллий университетга, адабиёт бўлимига ҳалол имтиҳон топшириб талаба бўлганда О.Шарафиддинов талабалар билан танишишга кирганида, бу икки бўлажак ёзувчини тургазиб, қаердан келганларини сўрайди. Қирим эканлиги, Қиримдан келганлардан эканлигини айтишганда: «Бу сотқинларни, бизга ўқ узган, немисга сотилганларнинг фарзандларини ким ўқишга қабул қиилди?! Мен буни ректоратга айтиб, буларни ўқишдан ҳайдатаман…» дея чиқиб кетади. Икки қирим йигити ва уларга қўшилиб ҳамма талабалар йиғлашади…Қиримга бормай, масаланинг мазмун-моҳиятини ўз кўзи билан кўрмай, мустабид тузумнинг фириби билан бегуноҳ икки қондошимизни қон йиғлатган «олим» энди Қаҳҳорнинг асарлари ҳақида ёзиб, фақат эзгулик ҳақида гапираётир… Бугун қиримларнинг сотилмаганлиги асосланди, ватанига қайтди. Улар ҳақидаги О.Шарафиддиновнинг қоралови ёлғонга айланиб қолди… Бу ёғи қандай бўлди экан…
«Шундай қшиб, чуқур гуманизм, оддий одамга муҳаббат, уни олижаноб ва баркамол кўриш истаги, шуларнинг натижаси ўлароқ яратилган характерларнинг инсоний жозибаси — Абдулла Қаҳҳор истеъдодининг нурли жилоларидан биридир…»- О.Шарафиддинов… Бу яна мустабид тузумнинг сохта, ёлғон «фалсафаси»… Бу танқидчи Қаҳҳор ҳақида гапирганида доим «яратди» сўзини ишлатади. Бу одам ҳеч қачон ҳеч нарсани яратолмаслигини, Яратган -Худогина барча мавжудликни яратиш мумкинлиги ҳақида ўйлаб кўрмади… Шу икки сўзни фарқлолмаган танқидчи қандай танқидчи эканлигини айтишнинг ўзи ҳам ғаройиб масала…
«Даҳшат» ҳикоясини яратиш учун ўн йил лозим бўлди. Асарнинг ҳар бир саҳифаси тўла мукаммаллик касб этгунича, ҳар бир жумла, ҳар бир сўз ўз ўрнига тушгунича, асар ўзига тўла манзур бўлмагунча ёзувчи сўнгги нуқтани қўймайди.Уни битди деб ҳисобламайди, бировга ҳам кўрсатмайди…» О.Шарафиддинов… Биз бу «доҳиёна» ёзилган асарни ипидан игнасигача таҳлил ва таҳрир қилганимизча йўқ. Шунда ҳам етти бетлик ҳикоя ҳақида қирқ икки бетлик мақола ёзиб, фикримизни тўла бўлмаган ҳолда ифодаладик… Агар ипидан игнасигача таҳлил ва таҳрир қилганимизда юз бетларга яқин мақола ёзиш мумкин эди. Бунинг учун сабр-тоқат зарур бўлди… Вақти билан, Худо хоҳласа, шундай ишни ҳам бажарамиз…
О.Шарафиддинов Қаҳҳор ҳақида гапириб, ҳар бир асарини ўн беш- ўн олти марта кўчирганини гапиради. Фарангистон ёзувчиси Флобер ҳам «Бавари хоним» романини бутун умр кўчирганиди. Лекин бу асар жаҳон мумтоз адабиётида жуда ҳам юксак баҳоланмаган… Ҳазрат Толстой ҳам ҳар бир асарини ўн- ўн икки бор қайта кўчирган. Лекин унинг ҳамма асарлари чиндан ҳам шоҳона асарлар дейиш мумкин, бу исботланган…
«Ҳамма танқидчилар юксак баҳо берган», -дея таъкидлайди яна О.Шарафиддинов. Биз эса таҳлил ва таҳрир жараёнида «Даҳшат» ҳикоясининг носамимийлиги, мутлоқ мантиқсизлиги, пала-партиш ёзилганлиги, сўзларнинг такрор ва такрор, пала-партиш ишлатганини кўрдик. «Даҳшат» ҳикоясининг «юксаклигини» энди ўнлаб ёзувчи, шоир ва танқидчилар исботлашларига тўғри келади…
Менинг А.Қаҳҳорга ҳеч қандай хусуматим йўқ… У менга ёмонлик ҳам қилмаган. Мен ҳам у кишига бирор бир зиён-заҳмат етказадиган иш қилмаганман. Умримда икки бор учратганман… Фақат у кишининг шогирди Дадахон Нурий деган бир одам А.Қаҳҳор вафот этгандан кейин, менга ўша кезги Марказқўмга, қандайдир телефонда ўзи қўнғироқ қилиб, дастакни менга бериб, Қаҳҳор учун юқорини сўкишимга, ҳақоратлашимга мажбур қилган. Демак, у юқорининг яширин телефонларини, номерларини билар экан… Ҳозир телефонда Дадахон Нурийнинг зўрлаши билан нима деганимни яхши эслолмайман. «Қаҳҳорни нотўғри ўлдирдинглар!» деган сўзгина хотирамда қолган. Кейинчалик мени мана шундай ишга зўрлагани учун қандайдир Дадахон Нурийдан нафратланиб, ғазабланиб юрдим. Шароф Рашидовга бўлган меҳр-муҳаббатим кейинчалик беҳад кучайди… Шундай ватанпарвар, миллатпарвар одамга нисбатан Қаҳҳорнинг доимий равишда қарши чиққани мени чиндан ҳам нафратланишга, ғазабланишга ундаб келди… Кейинчалик ёзувчи, шоирлар, танқидчилар, умуман, ўзбекларнинг ҳаммаси бир ёқадан бош чиқариб ҳамжиҳатликда мустабид тузумга қарши курашишлари керак экан, деган қарорга келдим. «Бўлинганни бўри ер…» деган гапни Қаҳҳор ҳам ўша кезлар билиши ва бунга амал қилиши зарурлигини жуда-жуда истадим…
Дадахон Нурий хотини билан орасидаги кечган можарога ҳам мени, Шуҳрат домлани, яна кўпларни аралаштириб, фақат ўзининг фикрини айтишимизни уқтирди, кейинчалик масала равшанлашгандан кейин биз хижолат ҳам бўлган эдик. Дадахон Нурий ўзи олов ёқиб, бу оловга бошқаларни итариб, ўзи қочиб қоладиган фирибгарлар тоифасидан эканлигини ўша кезлар бирор одам билмаганиди… Чамаси А.Қаҳҳор ҳам билмаган… Дадахонга кўп жиҳатдан ёрдам бериб юрганлигини билардим… Гап бу ҳақда эмас…
«Абдулла Қаҳҳорнинг тили билан ўзи бир одам…», дейди яна О.Шарафиддинов. Биз бу ёзувчининг тилини эринмай таҳлил ва таҳрир қилиб бердик ва ҳурматли китобхонлар бу ҳақда аниқ бир фикрга келарлар… Тил-услубдан келиб чиқади. Бадиийлик ҳам тилнинг ровонлигига киради. Тил – бу оддий гўштдан иборат тушунча. Бадиятдаги тил, яъни ифода, тасвир ҳақида гап кетадиган бўлса, Озод Шарафиддинов мана шундай  фикрини тушунтириши керак эди. Китобхонлар, оддий ўқувчилар «тил» нималигини қаёқдан билсин!!! Тил орқали юзага чиқадиган гўзал ифода ва тасвирга ёзувчининг тилдаги ифодаси ва тасвири деб қаралади… «Абдулла Қаҳҳорнинг тили ўзи бир катта олам..» . Тилнинг «катта оламлиги»…ни қандай тушуниш керак?! Қанақа олам?! Ниманинг катта олами?! Албатта, бундай тушунчани ўртага ташлаш бетайинликдан бошқа нарса эмас… Ҳазрат Навоийнинг, Толстойнинг, Жек Лондоннинг, Достаевскийнинг тилини бир катта олам дейиш мумкин… Ифодадаги ва тасвирдаги тилини… «Абдулла Қаҳҳорнинг тилида кишини мафтун қиладиган биринчи хислат – табиийликдир…» Бошқа ёзувчиларда, уларнинг тилида , демак, нотабиийлик кучли экан-да… Тил – ҳаётдан, яъни одамлардан ўрганилган сўзларнинг ёзувчи қалами билан юзага чиқадиган муросадаги кўриниши… Бунда табиийлик ва нотабиийлик деган тушунчага асло ўрин йўқ. Одам туғилган ҳаётдан ўрганган сўзлари ва адабиётда ишлатган сўзлари албатта табиий. Уни Қахҳор ўзи ҳам кашф қилгани йўқ, осмондан олиб тушгани йўқ… Тилга нисбатан табиий тушунчасини ишлатиш ҳам мутлақо бетайинликдан бошқа гап эмас. «Унинг асарларида кучаниб ёзилган (балки ишлатилгандир) бирор жумлани тополмайсиз…» Яна Озод Шарафиддинов. Жумлалар ҳеч қачон кучаниб ёзилмайди. Ёзишда тажриба ортганидан кейин ўзи қуйилиб келаверади. Лекин Қахҳорда ҳам жумлалар фақат ва фақат зўрланиб олиб кирилган… Табиийлари деярлик кам… Буни мен юқорида исботлашга уриндим… Лекин зерикканим, сиқилганим сабабли ҳали ҳам «Даҳшат» ҳикоясига чуқур кирмадим… Яна эллик бет ёзганимда ҳикоянинг бутун борлиғини, нотабиийлигини атрофлича исботлаб берардим… Вақт етмайди. Ўзимнинг асарларимни ҳам ёзишим керак. Қаҳҳорни таҳлил ва таҳрир қилишдан мақсад-келажак авлод-ёзувчилар ёлғон адабиёт билан, мустабид музумнинг найранги билан ёзилган адабиётни тушунсин, ҳис қилсин, деган ният ва умиддир…
«Ўқувчи олдидаги масъулиятни чукур ҳис қилиши туфайли А.Қаҳҳор адабиётни муқаддас деб билади». О. Шарафиддинов… «Сароб» романида Усмон Носирни «миллатчиликда айблаб», романни атайлаб, «заказ» билан тўқиши қайси муқаддасликка киради?! Ўзбек миллатини инжиқ, асабий, қинғир-қийшиқ ва бачкана, ўғри, бетайин қилиб ёзиш ҳам қайси муқаддасликка киради?! Қаҳҳорда Отабекдай муқаддас қаҳрамонлар борми?! Отабек босқинчига қарши курашди. Ўғиллари миллий озодлик ҳаракатига қўшилиб кетди. Мана чин ёзувчининг фазилати…
Ёки Жек Лондоннинг «Мартин Иден» номли романидагидай мард, олижаноб қаҳрамони борми? Ёки Лев Толстойнинг «Ҳожимурод» асаридаги Имом Шомилдай, Ҳожимуроддай гўзал ва миллий қаҳрамонлари борми?! Ёки «Уруш ва тинчлик» романи қаҳрамонларидай ватани учун курашадиган қаҳрамонлари борми?! Отабек ватани учун, миллати учун Чор аскарларига қарши Қозоғистон чегараларида мардларча ҳалок бўлса, унинг фарзандлари босмачиларга, яъни миллий озодлик намоёндаларига қўшилиб кетса, бу қаҳрамон ёки адабиёт муқаддас эмас эканми?! Қаҳҳорнинг қайси қаҳрамони ватан учун, миллат учун босқинчига қарши курашди экан?! Ёки Чингиз Айтматовнинг, қирғиз халқини, Қирғизистонни ҳимоя қилган, ватан, миллат деб очиқ курашган бирор қаҳрамони борми?! Йўқ! Мана шу нуқтадагина муқаддаслик, номуқаддаслик кўринади…
«Абдулла Қаҳҳор яратган (Яна «яратган»! Ахир ёзган…Қахҳор ҳеч нарса яратгани йўқ! Ҳаётдан олган баъзи бир кечмишларни пала-партиш ёзиб берди…) асарлар чинакам санъат намунаси («намунаси» ҳам майда гап… Намунага деҳқонлар дон уруғларини кўрсатишлари мумкин…), ҳақиқий санъат (такрор), қайта-қайта ўқишга арзийдиган асар бўлади…» Албатта, О.Шарафиддинов Қаҳҳор билан эрта-кеч уйида ош еб ўтирган, суҳбатлашган…Атайлаб мақташга бел боғлаган… Мустабид тузум даврида шундай анъана ҳоким эди…Буни тушуниш ва ҳис қилиш учун бугунги кунда Парвардигорий Ҳақиқат бўлиши керак. Яъни Иймоний Ҳақиқат керак! Иймоний ҳақиқат эса миллионлардан биттада бўлади…
«Абдулла Қаҳҳор жилоларга бой қудратли истеъдодини бутунлай халққа багишлади…» О.Шарафиддинов. «Жило нима? Жило билан гўзал бадиий асар ёзиб бўлмайди? Қудратли, яна бой қудратли истеъдод қанақа бўлади?! Истеъдоднинг ҳам қудратлиси, бой-камбағали бўладими?! «Қудрат» сўзи биргина Яратганга нисбатан ишлатилади-ку! Ҳамма нарсани яратган Куч-Қудрат -Парвардигор… Инсон яратолмайди, яратилганни ёзма равишда юзага чиқаришигина мумкин… Демак, Озод Шарафиддиновни ҳам Қаҳҳор каби эринмай, шошилмай таҳлил ва таҳрир қилишга тўғри келади…
Озод Шарафиддинов Абдулла Қаҳҳор ҳақида 35 бет мақтов мақоласини ёзибди. Шунча бетга фақат ва фақат такрор сўзлар, такрор жумлаларгина кўзга ташланади… Асосланмаган, исботланмаган, мантиқан таҳлил ва таҳрир қилинмаган мақтовлар… Начора, шундай бўлиши керак экан, ниятига эришибди… Қаҳҳор мақолани ўқиганмикин, ўқиса нима деган экан?!
Абдулла Қаҳҳор ва Озод Шарафиддинов ҳақидаги мақолани тугатганимдан кейин бу икки шахс ҳақида анча ўйлаб ўтирдим. Кеч ётдим. Шу куни қизиқ туш кўрдим. Тепалик устида турган эмишман. Остимда катта қувур, қора рангли қувур, қувурнинг устида катта бир тўнка турар эди. Тўнканинг ҳамма томони кесилганиди. Бир пайт тўнка йўғон қувурга тегиб иккига бўлинди. Пастга қараб тушиб кетди. Сал ўтмай иккига бўлинган тўнкалар иккита қоп-қора буқага айланиб қолди. Бири каттароқ, бошқаси кичикроқ эди. Кичиги олдинроқ турганиди, бирдан буқачаларнинг оналари -катта, қоп-қора рангли сигир кўринди. Ҳалиги икки буқача ўз онаси -қоп-қора катта сигирни қувиб кетишди. Орқаларида иккита чала, яъни сигир бола ташлаганда қоладиган ўлик бузоқ мурдаси қолди… Латипхон исмли таниш савдо ходими худди шу пайт: «Болаларимга -ўғилларимга, “қошларингга ўсма сурма дедим” қабилида қичқираётган экан. -Ҳаммаси кетиб қолди..!” дея Латипхон қичқирар эди…
Абхаз ёзувчиси Баграт Шинкубанинг «Кетганларнинг сўнггиси» деб номланадиган романини ўқиганимдан кейин ҳам қизиқ туш кўрганидим…Катта бир «бульдог» маркали ит катта бир мушукнинг бошини узиб олиб, ютиб юборганиди… Бульдог – Руссиянинг Кавказга босиб борган яҳудий тўдаларидан иборат босқинчилари убих миллатини, катта олтинлар эвазига бошликдарини сотиб олиб, ватанидан қувиб чиқариб, Туркияга ҳайдаган, оқибатда убих миллати қаторида бошқа кўп миллатлар ҳам қириб ташлаганиди. Урнига эса Руссиядаги яҳудийларни олиб келиб жойлаштиришганиди…
Демак, қоп-қора бульдог Руссиянинг бошлиқлари, қоп-қора мушук эса убихларнинг бошлиқлари.., демак, бульдок мушукнинг бошини узиб олиб ютиб юборганиди. Бу менинг тушумда аён бўлганиди… Барибир қизиқ… Парвардигор ҳамма кечмишни, кечадиган кўнгилсиз воқеаларни туш орқали аён қилиб туради…
Абдулла Қаҳҳорнинг, Озод Шарафиддиновнинг ҳаёти ва ижодига кейинроқ жиддий қайтиб, эринмай, эзгулик нуқтаи назаридан таҳлил ва таҳрир қилиб, авлодларнинг чин маънодаги адабиётни англаш, ҳис қилишига ёрдамлашарман…
2008 йил апрелъ – 2011 йил февраль, март ойлари.
“Дунё ўзбеклари” учун махсус
Leave a Reply
*