Menu
Categories
Нурали Қобул: Янги асар – СУКУТ СУИҚАСДИ ёхуд Сталиндан Саддамгача 30-боб
06/16/2019 Адабиёт
Қимматинг ҳимматинг қадардир
ёхуд Андижондан депутатликка сайлана олмаган Заҳириддин Муҳаммад Бобуршоҳ
 ва сайланган Шерали Жўраев
       Аблаҳ улки, бу оламдан бақо қилғай таъма,
       Аҳмоқ улки, олам аҳлидин вафо қилғай таъма.
Алишер НАВОИЙ
Бош раҳбарнинг хонасидан чиқар эканман, коридорда мени партиянинг хўжалик ишлари бўлими-да ишловчи Мавлон Умрзоқов кутиб турарди. Бу киши билан Ҳалима Носирова ва Яшин домланинг уйларида бир-икки маротаба учрашган эдик ва Ҳалима опа орқали узоқроқдан танир эдим.
У киши менга янгидан ташкил этилган Ўзбекистон президенти ишлар бошқармасининг раҳбари Зелимхон Ҳайдаровга бир гапни айтишимни илтимос қилди. Сўзи ва шаштини қайтармадим. Кўп инсофли ва адолатли шахсият ҳамда давлат кишиси сифатини ташиган Зелимхон Ҳайдаров одатдагидек сўзимни икки қилмади. Бу воқеа ҳақидаги ҳикояни иккинчи  китобда ўқийсиз.
…Уйга хомуш қайтдим. Хоним бунинг сабабини сўрадилар.
– Ислом ака депутатликка номзодимни қўйишни айтдилар, – дедим тарвузим қўлтиғимдан тушган кайфиятда.
– Илгариям қандайдир ишга таклиф этган эдилар дегандингиз? – ҳайрон бўлди хоним. – Подшолар нима деса рози бўлиш керак.
– Ҳа, вазирнинг биринчи ўринбосари бўлиб борасизми деганларида, мен билан суҳбатлашиб, фикр сўраб турганингизнинг ўзи ҳар қандай лавозимдан юксакдир дея жавоб бергандим.
– Нега ундай дегансиз? – ҳайронлиги ошди хонимнинг.
– У киши билан бирга ишлагандан кўра салом-алик, дўст бўлиб қолган яхшига ўхшайди, назаримда. Биз бир ёзиб-чизувчи одам бўлсак. У кишининг қўл остида ишлагандан кейин матбуотда ўз фикримизни айтсак маъқул келмаслиги мумкин. Ички озодлигини йўқотса ёзувчининг ёзувчилиги қолмайди, хоним.
– Энди, таклифларига йўқ десангиз ноқулай бўлар?
– Тўғри. Бахмалдан райкомнинг иккинчи секретари Худойберди Эсонов телефон қилиб, номзодимни қўйишни сўраганди. Балки рози бўларман.
Хоним фикримни маъқуллади. Худойберди Эсонов билан гаплашганимда эса бу ишнинг ҳам осон кўчмаслигини англадим.
– Биринчимиз Ҳамза Аширқулов билан гаплашган эдим. Сизнинг номзодингизни қўйишга рози бўлмаётир, – деди афсус оҳангида. – Хафа бўлманг, жўра.
Эртаси куни телефон қилганимда ёрдамчи яна қабулга келишимни айтди.
Кечаги суҳбатимиз давом этди ва Жиззахдан номзодни қўйишдаги муаммони айтдим.
– Сиз ҳар қандай вилоятдан ўтиб кетасиз. Яхшиси, водийдан қўйинг. Мана Ўткир Ҳошимов номзодини Намангандан қўяётир, – деди Ислом Абдуғаниевич. – Мен Шавкат Йўлдошевга айтиб қўяман.
– Фарғонада ўқиганман. Майли, Фарғонага бора қолай, – рози бўлдим.
Вилоятнинг биринчи раҳбари Шавкат Муҳиддинович Йўлдошев мени хуш қаршиламади. Кейин билсам мен учун Ислом акадан оладиганини олган экан. Вилоятнинг идеология бўйича раҳбари Муҳаммаджон Қорабоев эса одамшавандалик би­лан қабул қилиб, илиқ муносабатда бўлди.
Халқимизнинг ажойиб шоири, жигарим Аъзам Ўктамнинг ватани бўлмиш Бувайда туманидан, 425-сайлов округида мени рўйхатга олдилар. 424-Олтиариқ сайлов округидан эса Эркин ака Воҳидов сайланган эдилар.
Қабрлари нурга тўлгур, элимизнинг шарафли ижодкорлари, гўзал қалбли инсон Йўлдош Сулаймон ва отадошим Муҳаммад Юсуф ишончли вакилларим, ижодкор ҳамда милиция подполковниги Муҳаммадрасул Кимсанбоев уззукун ёнимиз-да эди.
Тўрт номзод орасидан эллик етти фоиз овоз билан Ўзбекистон мустақиллигини эълон этган парламентга сайландим. Сайловолди учра-шувларида ёнимда туриб мени қўллаб-қувватлаган Эркин Воҳидов, Шерали Жўраев, Ортиқ Отажонов, Қобилжон Юсупов, Муҳриддин Холиқов, Охунжон Мадалиев, Маъмуржон Тўхтасинов каби улусимизнинг маълум ва машҳур инсонларини миннат туйғуси ила ёд этаман.
Энди эса Ислом Абдуғаниевич Каримов кулиб ва қизиқиб сўраган саволга жавоб берайин, сиз ҳам эшитинг.
Ўша пайтдаги мавжуд сайлов қонуни бўйича ҳеч бир номзод иккинчи сайловда ҳам эллик фоиздан ошиқ овоз ола билмаса, сайловчилар вакилларидан иборат кўп сонли кишилар тўпланиб, сайловчилар конференцияси ўтказилар ва йиғилганларнинг эллик фоиздан зиёдининг овозини олган номзод депутатлик мандатини қўлга киритар эди.
Машҳур ҳофизимиз Шерали Жўраевнинг депутатлик масаласи худди ана шундай конференцияга тақалиб қолган эди.
Ишдан энди қайтаман, деб турганимда Андижондан дўстимиз Шерали телефон қилиб қолдилар.
– Вазият оғирга ўхшайди. Эркин ака билан етиб келмасангизлар бўлмайди! – деди ташвишли оҳанг-да. – Эртага эрталаб соат ўнда конференция! Сўнг­ги рейсга улгурмоқ керак.
Етиб боришга сўз бердим-да, Эркин аканинг уйларига қўнғироқ қилдим. Дўрмонда, ижод уйида эканлар. Фурсатни бой бермай Дўрмонга йўл олдим. Қасдига олгандек, тинмай қор ёғар, йўллар музлаган эди. Дўрмондан қайтарканмиз, машинамиз ағдарилиб кетишига оз қолди.
– Сал қолди-я, Шералини депутат қиламиз, дея ўлиб кетишимизга! – ҳазиллашдилар Эркин ака анчадан сўнг ўзига келиб.
Сўнгги учоқ билан Андижонга етиб бордик. Узун тери камзулига икки элини тиққан Шерали дўстимиз ҳаво майдони чиқишида наридан-бери юрганча бизни бекларди.
Суриштириб билсак, машҳур ҳофиз билан депутатлик улоғини чопаётган киши Ўрта Осиё темирйўл милициясининг Фарғона водийси бўйича бошлиғи, милиция подполковниги, бир сўз билан айтганда, анча-мунчанинг тиши ўтмас бир киши экан.
– Парво қилманг, уста! Эртага уни накдаун қиламиз! – дедим ҳофиз дўстимизнинг кўнглини кўтарган бўлиб.
Конференция ўтадиган клубга келганимизда ту­монат одам. Одамдан кўп милиция.
– Шу милиционерларнинг ўзи овоз берса ҳам ҳофизимизни ўтказа олмаймиз-ку! – дедилар Эркин ака қулоғимга шивирлаб.
– Ташвиш чекманг, Эркин ака! Бу милиционерларни ҳам ўзимизга оғдирамиз. Дастлаб ҳофиз дўстимиз гапиради. Сўнгра сиз. Охирида мен сўз оламан! Улардан қанча одам гапирса гапираверсин! – Эркин акага таскин бердим.
Олмониянинг собиқ бош вазири Бисмаркнинг шундай бир гапи бор: Одамлар одатда уч ҳолатда астойдил ёлғон гапирадилар. Овдан сўнг, уруш вақтида ва сайлов олдидан…
Солинда ғала-ғовур. Ит эгасига, мушук бекасига боқмас бир вазият ҳукм сурар, бир нотиқнинг сўзига қулоқ солишса, иккинчисини минбардан ҳайдаб туширишарди.
Сайловчилар кибор Эркин Воҳидовни ҳам диққат билан тингладилар.
Сўз менга берилди. Солинга қабристон сукунати чўкди.
– Азиз ва асил ватандошлар, андижонликлар! Сизнинг сайлашу сайланиш ишингиз ва ҳуқуқингизга аралашганимиз учун минг бор узр сўраймиз! Бироқ халқимизнинг энг маълум ва машҳур бир ҳофизига бўлган муносабат ҳамда унинг шарафи овозга қўйилаётган бир даму дақиқада томошабин бўлиб турмоқни ҳазм эта олмадик. Бундан беш юз йил бурун Заҳириддин Муҳаммад Бобур ҳам айнан шу шаҳар, Андижондан депутатликка ўз номзодини қўйган экан! Бироқ ватан ва миллатнинг туб манфаатидан узоқ кимсалар унга бу имкониятни бермаган эканлар. Бобур мирзо буюк бобоси Амир Темур ватанга айлантирган тупроқда у бирлаштирган мулки давлатни тиклаб, юрту улусига хизмат этмоқни ният этган эди! Бироқ тупроқни ватан этмоқ саодати унга насиб этмади! Охир-оқибатда не юз қаролиғ-ла Ҳинд сори юзланиб, Ҳиндистондан депутат бўлган экан! Нафақат депутат, Бобуршоҳ ўлароқ уч юз эллик йил ҳукм сурган бобурийлар давлати сулоласига асос солган экан! Кеча шоир Бобур сиғмаган ватанга, бугун ҳофиз Шерали сиғмай қолибди! Бу ҳолат, бу муносабат ва бу қарор сизу бизнинг кимлигимиздан далолатдир! Сиз азиз андижонликлар юртингизнинг фахри, ифтихори бўлган Шерали Жўраевга овоз бермасангиз кимга овоз берасиз? Ёки Шерали Жўраев ҳам Бобур бобомиз каби депутатликка номзодини Покистон ёки Афғонистондан қўйсинми? Биз ҳурматли Эркин ака Воҳидов билан ана шу тарихий дақиқаларга гувоҳ бўлмоқ учун келдик! Қолгани сизнинг имону виждонингизга ҳавола!
Қарсаклардан бино сувоқлари кўчгудек эди.
– Шерали Жўраевни сайлаймиз!
– Ҳаммамиз овоз берамиз!
– Овозга ҳам қўйиб юрманг! – деган овозлар солинни тўлдирган эди.
Милиционерлар ҳам биз томонга ўтган, иккинчи номзод ҳам самимият-ла келиб Шерали Жўраевни қутлаганди.
Бу ҳаёт, аслида марду номардларнинг кураш майдонидир. Ҳаётнинг юлдузли онлари ва энг оғир дамларида марду бутун шахсият бўлиб қолмоқ, қола билмоқ эса ҳар кимга ҳам насиб этавермайди.
Зотан…
Кўзинг очиб, кўрдинг очун,
Билсанг асли ер майдони.
Кимга улус, ватан дарди,
Кимга эса кор майдони.
 
Зангин оёқ узатолмас,
Фақир учун хор майдони.
Бир илиқ сўз, меҳрли кўз,
Шоҳу гадо зор майдони.
 
Олам ташвишларин унут,
Бир маҳлиқо, ёр майдони.
Ёринг, диёрингдир гўзал,
Ғанимларга тор майдони.
 
Хоин қон оқар кундага,
Эл заҳмати зўр майдони.
Эрдамликдан айро тушсанг,
Икки дунё хор майдони.
 
Улус ўнгин кўролмасанг,
Босдигинг ер, кўр майдони.
Тупроқ ватан ўлсун десанг,
Эр йигитга бер майдонни.
Leave a Reply
*