Menu
Categories
Абулқосим Мамарасулов: Журналистнинг қалами атом бомбасидан ҳам кучли…
06/18/2019 Муаллиф ҳақида

Абулқосим Мамарасулов: Журналистнинг қалами атом бомбасидан ҳам кучли…


  ИСМАТ ХУШЕВ – 60 ЁШДА

Жиззах дашти шунақа бир кенг даргоҳки, унинг таърифига тил ожиз.
 Зарафшон сувлари Тожикистоннинг юксак тоғлари бағрида вужудга келиб, Китоб баландликларида бииир нафас ростлаб, кейин, асосий қисми Самарқанд тарафга йўл олса, бир қисми Туятортар орқали Жиззахга боради-да, Жиззах сув омборига қуйилади.
 Сирдарё сувлари ҳам Қирғизистоннинг юксак тоғлари бағрида вужудга келиб, “водийларни яёв кезганча” дея айланиб, айланиб, Янгиерда унинг бир қисми Шароф Рашидов бобомиз бошчилигида қурилган Жиззах биринчи, иккинчи, учинчи насос станциялари ёрдамида 120 метр баландликка кўтарилиб, охир оқибат Жиззах сув омборига етиб келади ва Зарафшон сувлари билан бирикиб, Ватан келажаги учун хизмат қилади.
 28 июн куни Биз Исмат Хушев иккимиз айнан ана шу, Сирдарё ва Зарафшон бириккан – Жиззах сув омбори бўйидаги сўлим бир гўшада, ҳар икки буюк дарё сувини Жиззах даштларига етказадиган Анҳор бўйидаги “Анҳор” чойхонасида учрашдик.
– Яратганга шукр! – дедик ҳар иккимиз.
– Тақдир бизни шу кунларга етказганига шукр! – дедик ҳар иккимиз, бир-биримизни бағримизга босар эканмиз.
Гўё ҳар икки дарё бир бирига етишгани каби биз бир биримизга узоқ тикилдик.
Қанчалар рамзий маънолар бор эди бу қарашларда. Бу нигоҳларда жуда кўп дил сўзлари мужассам эди.
– Сиз мутлақо қаримабсиз. Ҳалигача сочларингиз қоп-қора, – деди Исмат Хушев. – Менинг кўп тенгқурларим, дўстларимнинг сочлари оппоқ оқариб, бобой бўлиб қолишган.
– Сиз бор экансизки, қариб бўладими? – дедим мен.
Нега мен шундай дедим?
Биз – ижодкорлар юрагимизда қайнаб-тошиб ётган ҳисларимизни, ниятларимизни, қолаверса, дардларимизни қоғозга туширишга шошиламиз. Кейин эса,.. қоғозга тушган нарсамиз оммавий ахборот воситалари орқали элга етишини истаймиз. Агар дардимизни қоғозга туширишдан қўрқиб, ичимизга ютсак, заҳар заққумга айланиб бизни қаритади. Агар бу дардларимиз қоғозга тушгани билан газеталар орқали элга етмаса, у яна заҳар заққум бўлиб ичимизга кетади ва бизни қаритади.
 Менинг эса ёзганларим,ўзбек дунёси ҳақидаги дардларим бетўхтов, қандайдир бир неча дақиқалар орасида Канадада яшаётган Исмат Хушевнинг “Дунё ўзбеклари” сайти орқали нафақат Ўзбекистон, балки бутун дунё ўзбекларига етказилаётган экан, нега мен қаришим керак!?
 Ёзганлари яшин тезлигида оммага етаётган ижодкор асло қаримайди.
 Ватанимизда шунчалар кўп ижобий ўзгаришлар бўлаётган даврда бир четда биқиниб, қариб кетавериш мумкинми?!
 Шу тахлит йўл устидаги суҳбатимиздан сўнг Исмат Хушев туғилиб ўсган қишлоғига, Китобга – уни кутаётган ҳамқишлоқлари, ёр биродарлари, сифндошлари ҳузурига шошилди.
 29 июн куни эса… Самарқанддан Ургут тумани орқали довон ошиб Китобга етаётгандаги машҳур “Мингчинор” ресторанида, ҳа, ҳа, ўша, сиз билган, Исмат Хушев ўз асарларида ўн бора, юз бора такрорлаган “Мингчинор” ресторанида, Исмат Хушевнинг энг ёруғ ва қора тундан ҳам қоронғу хотиралари билан боғлиқ “Мингчинор” да Исмат Хушевнинг 60 ёшлик юбилейи тантанали равишда нишонланди.
Тантаналарда: Таниқли ва машҳур ўзбек журналисти Шароф Убайдуллаев, таниқли ёзувчи Мамадали Маҳмудов, журналист Мирёқуб Қобилов, Наманган вилоят матбуот ва ахборот бошқармаси раҳбарларидан бири, Исмат Хушевнинг курсдоши Раҳимжон Ирисов, шоир ва драматург Тўра Мирзо, республика фавқулодда вазиятлар вазирлиги матбуот хизмати рахбарларидан бири, Исмат Хушевнинг синфдоши Азамат Суюнов, журналист Қурбон Эшмат, тарихчи олим, профессор Шуҳрат Барлос, Исмат Хушев бош муҳаррир бўлган пайтда Китоб тумани прокурори Ҳасан Эштемиров, Китоб туманида жойлашган вилоят миқёсидаги касалхонага ўттиз йил раҳбарлик қилган шифокор Қаҳрамон Жўраев ва бошқалар, шу жумладан Исмат Хушев билан бир синфда ўқиган синфдошлари, вилоятлардан келган курсдошлари ва … Жиззах вилоятидан ташриф буюрган ёзувчи Абулқосим Мамарасулов иштирок этдилар.
 Хуллас, биз бир кун олдин Исмат Хушев иккимиз учрашган бўлсак, 29 июн куни “Мингчинор” ресторанидаги даврада Туркистон заминнинг не-не буюк ва азим дарёлари, дарғалари бирикишдики, бунда ҳам жуда катта рамзий мужассам эди…
Дарёлар бирикувига эса Исмат Хушев сабабчи. Негаки, Карим Баҳриев жуда тўғри таъкидлаганидек, Исмат Хушев дунёни ўзи билан ҳисоблашишга мажбур қила оладиган одам.
 Карим Баҳриев ўз табригида яна ёзган эди:
 “Сиз каби ўзига хос самимий, тили ва дили бир инсон, ўт олов инсон балки бошқа йўқдир… Мен сиз ҳақингизга кам ёздим. Деярли ёзмадим. Чунки мен мўжаз ва аён ҳодисаман. Сиз эса улкан ва кутилмаган, ҳар куни эврилишлар юз бераётган ҳодисасиз. Ўз тақдирини ўзи яратаётган инсонсиз. Дунёни ўзи билан ҳисоблашишга мажбур қила оладиган одамсиз”.
 Мен бир неча йиллар бурун Исмат Хушевнинг нечанчидир туғилган кунига атаб ёзган табригимда: Исмат Хушев шунақа журналистки, унга қилич ҳам, милтиқ ҳам, атом бомбаси ҳам керак эмас. Чунки Исмат Хушев қалами билан бутун дунё ўзбекларини забт этди, деб ёзган эдим!
 Ана шу қаламингиз синмасин, дўстим!
 Ана шу қаламингизга кўз тегмасин, дўстим!
 60 ёшлик юбилей қутлуғ бўлсин!!!
Абулқосим Мамарасулов,
Ўзбекистон Ёзувчилар уюшмаси аъзоси
Leave a Reply
*