Menu
Categories
Бош муҳаррир И.Хушевга: Президентнинг олтин косасидан ош егансиз…
06/19/2019 Бош мақола
Суратда: Журналист Исмат Хушев Ўзбекистоннинг биринчи Президенти Ислом Каримов билан…

Бир кунлик адолат -юз кунлик тоат ибодатдан афзал эмасми ???Халқимизда, – «Дўст ачитиб гапирар-душман кулдириб» -деган нақл бор, шунга кўра аччиқ гапларим оғирроқ ботса олдиндан узр сўрайман….

Аслида, мен сизнинг мухлисингизман, тўғрироғи 1990 йиллардаги адолат ва хақиқат куйчилари Ўзбекистон адабиёти ва санъати газетасидаги Исмат Хушевнинг, 24 соатлик телемарафондаги Дадахон Ёқубовнинг, тамбал бюрократ хокимларни адабини бериб қўйувчи Жохонгир Маматовнинг хақиқий мухлиси эдим ва шу кунгача ҳам ўша кунлардаги адолат ва хақиқатни орзиқиб кутаётган миллионлаб адолат ва хақиқатни орзиқиб кутувчиларнинг бирисиман.
Шунга кўра имкони борича мақолаларингизни ўқиб фикр мулохаза қилиб бораман, шуни ҳам таъкидлашни ўзимга фарз деб ҳисоблайманки, азбаройи сиз ўз вақтида Президентнинг эркатойи ва олтин косасидан ош ичганлигингиз ва ҳам меҳрга –ҳам қахрга учраганлигингиз учунгина эмас, аксинча сиз имкон даражасида холис фикр-мулохаза юритишга ҳаракат қилганлигингиздан, фикрларингиз ҳур ва эркин бўлганлигидан, ҳар бир нарсани ўз номи билан аташга ҳаракат қилганлигингиздан ва энг асосийси хақиқатни тагига етишга ҳаракат қилганлигингиздан, сизни катта қизиқиш ва интилиш билан ўқиб бораман, сабабики оталаримиз ҳаёт йўли ва ўзимизнинг ҳам ҳаёт йўлларимиз қандайдир ўхшашлиги борга ўхшаб кетади назаримда (жойи келса ушбу хақда батафсил гаплашармиз),
аммо тўғри тушунасиз деб ўйлайман, гарчанд студентлигимда кўп пахта териб «комбайн» лақабини олган ва пахта даврида оз-моз иқтисодимни тиклаб олган бўлсамда(оилада 11 фарзанд бўлиб ҳаммамиз ўқиганмиз), ота тарбиясидан-микан, чўнтагимга бир мисқол ҳам пахта солмаган эканман, шунга кўра олдин ҳам ва ҳозир ҳам ёнимда пахта бўлмаган ва йўқ, шунинг учун хеч кимга пахта силашни билмайман ва хохламайман ҳам.
Ха мен хеч кимнинг кўнглига қараб ялтоқланмайман, хох Президент бўлсин хох бошқа бандаси – Худодан бошқа, албатта агарки ўзим Хақ бўлиб ХАҚ йўлида собит турган бўлсам., акс холда нохақ бўлсам узр сўрашдан ҳам уялмайман. Тўғри сўзлик ота мерос гарчанд бугунги Ўзбекистон учун хатарли ва урфдан қолиб кетган бўлсада, қон билан келган –жон билан кетар!…
Аммо унутмаслик лозимки, хақиқатни сўзлаш, у қанчалар машаққатли-залворли ва ёқимсиз бўлмасин , ҲАҚ-ТАОЛО йўлида собит турмоқлик -ИМОНдандир…
Авваломбор, нега мен сизга ушбу сатрларни ёзишга бел боғлаганлигим хақида икки оғиз сўз;
– Шуни яхши англаб етмоқлигимиз лозимки, сиз бугунги мустақил Ўзбекистон тарихидаги энг ноёб шахслардан биридирсиз, ҳа, бу ўзбекчасига пахта қўйиш эмас, балки оддий хақиқатдир, яъни:
-Айнан сиз ўз иқтидорингиз ва сўз бойлигингиз туфайли Президент назарига тушган ва меҳрига сазовор бўлган инсонсиз ва айнан сиз ўз иқтидорингиз ва сўз бойлигингиз туфайли ҳам, кейинроқ (ўзингизнинг таъбирингиз билан) ўзига бино қўя бошлаган Президентнинг нафратига тушган ва қахрига сазовор бўлган инсонлардан биридирсиз:
-Айнан сиз, ўз оддийлигингиз ва самимийлигингиз туфайли ўша пайтда оддий ва самимий (сизнинг таьбирингизча-жўмард) Президентнинг ишончига ва ҳурматига сазовор бўлган инсонсиз ва айнан сиз ўз оддийлигингиз ва самимийлигингиз туфайлигина ҳам кейинчалик, кейинги пайтларда (ўзингизнинг таьбирингизча) оддийлик ва самимийликдан йироқлашган Президентнинг сиқувига ва қувғинига сазовор бўлган инсонлардан биридирсиз;
-Айнан сиз, оддий қишлоқ ўқитувчисининг оддий боласи, ҳеч бир таниш билиш ёки хушомадларсиз, ўз интилувчанлигингиз ва ақл-заковатингиз билан, ўша пайтларда ушбу хислатларни хўш кўрувчи ва ўзи ҳам шунга интилувчи Президентнинг мархаматига –иноятига вамеҳру муҳаббати ва эҳтиромига сазовор бўлиб, унинг олтин косаларидан ош ейиш бахтига муяссар бўлган инсонсиз ва айнан сиз, ўз ақл заковатингиз ва ҳур фикрлигингиз туфайлигина ҳам, сизнинг таъбирингиз бўйича, ўз умрини ўз халқининг бахт саодати йўлида бахшида этаёган жасоратли юртбошчисининг , қатағонига ва ғазабига учраб, жаннат макон Ўзбекистон ва унинг «Карлови Вари»дан қолишмайдиган Китобининг жаннати гўзалликларидан мосуво бўлиб қолаётган инсондирсиз !…
Билмадим, балки сизнинг фикрингиз ўзгачадир, кўрган жабр ситамларингиз учун Президент айбдор эмас деб ҳисобларсиз, мен эса Президент хохишисиз у Махкамада пашша ҳам учмайди деб ўйлайман, балки мен адашаётгандирман, хар қалай Олий Махкамада ишлаш ва шахсан Ислом Абдуғаниевич билан мулоқот этиш менга насиб этмаган, сиз эса Ислом Абдуғаниевични ички ва ташқи дунёсини мендан кўра яхшироқ билсангиз керак, ҳар инсоннинг ўз ички дунёси ва дарду алами бўлади, хох президент бўлсин хох шох ёки гадо бўлсин , худди-ким ҳар қандай осий бандаси каби барчамизнинг қалбимизни ҳам Рахмон, ҳам шайтон бошқаришга интилади, бундан хеч ким истисно эмас… .
Исмат ака, яна такрорлаш бўлсада, мен бу сўзларни сизни мақташ ёки қоралаш , ёхуд шунчаки йўлига ёзаётган эмасман, аксинча сизга аччиқ фикр ва таклифлар ёзишимга мени ундаган ҳолатлар, айнан мана шу ҳаётий воқеликлар билан чамбарчас боғлиқлигидир, яъни:
-Мен ҳам тўғри сўзлигим ва айнан хақиқатпарастлигим учун ҳам бугунги кунда кўп азият чеккан, аммо бунинг залвори айнан менинг бошимга эмас, вояга етмаган ўғлимни бошига тушиб нохақ қамалиб қолган ва гарчанд ўз ватанимда яшаётган бўлсамда , айнан ўз ватаним Ўзбекистонда тўрт йилдан буён адолат ва хақиқат қидириб барча даргохларга бош уриб, айнан Конституция ва қонунларнинг ишламаётганлигидан азият чекиб, хеч бир нажот топа олмай курашиб келаётган инсонман(балки ушбу хақда кейроқ батафсил ёзиб мулохаза юритиш насиб этар, Худо хохласа)…
Мен нафақат ўзим адолатсизликдан жабр кўриб аламзада бўлганлигим учун , балки дунёвий илмлар ва ҳаёт тажрибаси асосида шуни қатъият билан айтаманки, Конституция ва Қонунлар бирдек хаётга тадбиқ этилмаган жамиятда хеч қандай адолат ва фаровонлик бўлмайди-хақиқат қарор топмайди.
Тан олмоқлик лозимки, сиз ўз мақолаларингизда Ўзбекистон хаётини ва энг асосийси Президентимиз ҳаёти ва фаолияти йўлини ўта самимият ва хаққоният билан мохирона тасвирлаш орқали , жумладан куни кечадаги мақолангизда ҳам
-«Тўғри, хеч ким ва ҳеч нарса бу дунёда мангу эмас. Бу бевафо дунёни эрта бир кун нафақат Ислом Каримов, балки ҳаммамиз ҳам бирин кетин ташлаб кетамиз. Биров эрта, биров кеч. Яширмайман, Ислом Каримовнинг хато ва камчиликлари кўп: Адолат ва диёнат оёқ ости бўлди. Мухолифат ҳибс ва хорижга қувғин қилинди. Бунинг оқибатида коррупция ва порахўрлик давлат тизимини тамомила чирмаб олди. Матбуот манқуртлашди. Ҳақиқий ва эркин сайловларни энди фақат туш кўргандагидай орзу қилиш мумкин, холос…» –
дея, юзлаб балки минглаб ўзларини адолат куйчилари деб жар солиб юрганларнинг юз йилда ҳам тушларига ҳам кирмайдиган даражада кишилар қалбида адолат ва хақиқат туйғусини ўйғотишга муваффақ бўлаётибсиз, аммо бу ишлар учун Президент бир четда қолиб, унинг ёнидагиларни айблашлигингизга мен қўшила олмайман.
Сабаби, шуни қисқача айтиб ўтишим мумкинки, жаллоднинг ойболтасидан қон томиб турганлиги учун, ким айбдор , жаллоднинг ойболтасими, ёки жаллоднинг бақувват билакларими, ёхуд золим подшонинг қахрли хохиш тилакларими???
Президент ёнидагилар нари борса ойболтанинг сопидир ёки жаллоднинг бошидаги қора қопидир !!! Агарда, қўполроқ чиққан бўлса узр сўрайман .
(жойи келса худонинг хохиши билан ушбу мулохазаларим билан ҳам ўртоқлашармиз).
Аристотель:
-«Подшо золим бўлса, унинг атрофида хушомадгўйлар гирдикапалак бўлишганда, мазлум халқ атрофида сафсатавозлар гирдикапалак бўлишади» –деган экан…
Аристотель сўзлари қайсидир маънода, бизнинг бугунги Ўзбекистон ҳаётига башорат эмасмикан деб ўйлаб қоламан.
Хўш, айнан сиз ўзингиз ҳам хақиқатга тик қараб айтган адолатсизлик ва зулмга ким айбдор, ахир айнан Президентнинг олий ва муқаддас вазифаси ҳам айнан Конституциянинг кафолати сифатида жамиятда адолатни қарор топтириш эмасмиди, мухтарам Президентимиз айнан мана шу олий ва муқаддас вазифаларини уддалай олаётибдиларми, ҳам рухан ҳам жисман чарчаб қолмадимиканлар?
Мана шунинг учун ҳам, айнан адолат бўлишлиги учун ҳам, Қонун устиворлиги бўлиши лозимлиги, яъни қонунга ҳамма бир хилда риоя этишлиги ва қонун ҳаммани бир хилда ҳимоя этмоқлиги лозимлиги хақида ёзмоқчиман ва албатта ҳар бир инсоннинг ўз фикри ва дунё қараши бўлиши табиийдир ҳамда инсоннинг фикри ва дунё қарашлари дунёвий илмлар асосида ақл заковат бирла хақиқатга асосланган бўлса, бундан нафақат ўзлиги, балки бутун халқ ва миллат ҳам нажот топмоқлиги муқаррардир.
Мен хеч кимга шахсий адоват билдирмаган холда, аксинча бутун жавобгарлик масъулиятини теран англаган холда, номзод И.А. Каримовга нисбатан Конституциявий судга ариза ёздим ва бизнинг Конституциявий судимиз ҳам ва матбуот ҳам ушбу аризани олиш ва оммавийлаштиришдан мутлақо қўрқганликлари учун ҳам, сизларга сайтингизда эълон қилиш учун ўзбек тилида ариза ва рус тилида заявленияларни юборяпман ва ушбу аризадан мақсад нимадан иборат:
Биринчидан:
-Айнан Исмат Хушев таъбири билан айтганда:
– «Ҳеч ким ва ҳеч нарса бу дунёда мангу эмас. Бу бевафо дунёни эрта бир кун нафақат Ислом Каримов, балки ҳаммамиз ҳам бирин кетин ташлаб кетамиз. Биров эрта, биров кеч. Мен шу боисдан нафақат ўз Президентимга , балки бутун дунё салтанати жиловини тутганларга мурожаат қилгим келади: Жаноб Президентлар! Жаноб Шоҳлар! Жаноб Қироллар! Кўзингизни очинг! Салтанат ҳар қанча узоқ чўзилмасин, у тарих олдида саноқли кунлардан иборат. Дунё чархпалаги олдида, сизнинг умрингиз ҳам гулдан гулга қўнган капалак мижоз кўз очиб юмгунчадир» – деган пурмаъно сўзларингиздаги ҳаётнинг аччиқ хақиқатига таянган холда қуйидаги мақсадларда ёзяпман. Ха, ростдан ҳам ҳаёт ўткинчи ва Ўзининг даргохига бормоқлик ва жамики қилган Солихлик ва жохиллик амал ёдларимиз учун ўзи ҳисоб бермоқлиги муқаррардир, хох шох бўлсин, хох гадо !!!…
Иккинчидан: Албатта, бугунги кундаги Ўзбекистондаги ижтимоий сиёсий ахвол, ҳаётий қилиб халқ тили билан аниқроқ айтадиган бўлсак, қурқув ва тахлика исканжасига тушиб қолган аксарият инсонларнинг лабига учуқ тошиб кетишлиги ва мени душман ва ким-кимларга тенглаштириб жазавага тушишлари мумкин. Мен жуда яхши ва теран англаб турибманки, бугунги кунда ушбу хақиқатга тик қараб ёзган аризам учун баъзи-бир лўттивозларнинг лўттивозларча таънаю дашномлари марказига айланишим ва қора булутлар гирдобида қолишим, ёки махсус хизматларнинг махсус режаси асосида жисман йўқ бўлиб кетишим мумкинлигини …
Аммо шуни ҳам яхши ва теран англаб етаманки менинг хақлигимга –хақ йўлида эканлигимга бугунги кунда ёлғиз Хақнинг ўзи шохиддир ва вақт ўтиб давру-давронлар ўтиб зулм қўрқувлар ортда қолганида , менинг хақ бўлганлигимни халқнинг ўзи ҳам тушуниб етар … Шунинг учун ҳам, мен хеч кимга душманчилик ниятида ёзмаяпман, аксинча сизнинг Президентга -«дўстмисиз-душманмисиз» -деганингиз каби, Президентга душманлик қилмаган холда, халққа дўстлик қилиш ниятида ва шунинг қаторида айнан дўстлик ва яхшиликнинг мухимлигини ва бунинг учун айнан хақиқат мухимроқ эканлигини ва айнан хақиқатга ҳам Конституция ва қонунларга қатъи риоя қилиш орқалигина эришмоқлик мумкинлигини англаган холда, ушбу оғир ва масъулияти ўта залворли ишга қўл урдим.
Учинчидан: Исмат ака, яна ҳам сизга орқа қилиб ўзингизнинг таъбирингиз билан айтганда, «Ҳеч ким ва ҳеч нарса бу дунёда мангу эмас. Бу бевафо дунёни эрта бир кун ҳаммамиз ҳам бирин кетин ташлаб кетамиз. Биров эрта, биров кеч» эканлиги боисидан, хеч кимга ўлим тиламаган холда шуни айтмоқчиманки: Ҳар бир инсон, ҳар куни ўлим хақлигига, у ким бўлишидан қатъи назар танидаги жони омонат эканлигига Имон келтирмоқлиги лозимлигини, Оллохдан бошқа абадият мавжуд эмаслигини, давр хаттоки Илохлардан ҳам ўтганлигини – яна кимлардан ўтмаганлигини, агарки бугун биз онг шууримизга англаб етмасак ва бугун муносиб номзод йўқ деган бахона билан, Конституцияга зид равишда Ислом Каримовни тўртинчи муддатга Президент этиб сайласак, Оллохнинг хохиш иродаси вожиб бўлиб қолса-чи (Худо асрасин), у ҳолда муносибини қайдан топамиз ўлим бандаси учун ХАҚдир (гарчанд хеч кимга ўлим тилаш ниятимиз йўқ бўлсада), у холда бошқа кимлардир (ғайриқонуний кучлар)ҳам бугунги сайловдаги каби И.А. Каримовдан ўрнак олиб Конституция нормасига зид равишда Президентлик курсисини эгаллашга даъво қилмайли -деб ким кафолат бера олади??? … – у холда тинчлигимиз қаерда қолади -деган истохала билан ёздим.
Тўртинчидан: Қолаверса, яна ҳам сизга орқа қилиб таъбирингиз билан айтганда: – Ҳар қандай Салтанат ҳар қанча узоқ чўзилмасин, у тарих олдида саноқли кунлардан иборат. Дунё чархпалаги олдида, гулдан гулга қўнган капалак мижоз кўз очиб юмгунчадир» ва қачондир қандайдир ҳолатда нихояланмоқлиги муқаррардир. Шунинг учун ҳам бугунги давлат рахбари алмашинувини Президент ҳам ва бағри кенг халқимиз ҳам оғриқларсиз тўғри тушуниб табиий хол деб қабул қилишлари лозимлиги ва қонун йўли билан тинчлик ва барқорорликни сақлаб қолган холда амалга оширмоқлиги лозимдир…
Бу масъулиятли халқ ишини муваффқақиятли амалга ошириш учун реал имкониятимиз, 29 мартда Конституциявий Президентлик сайловини қонуний ўтказишимиз ва Конституциявий Президентни сайлашимиз ва тинчлик ва барқорорликни сақлаб қолишга масъулият билан ёндошмоқлигимиз лозим.
Бешинчидан: Агарки И.А. Каримовга чин маънода дўстлик қилмоқчи бўлсак ҳам, у кишининг ҳам жисман, ҳам рухан ва қариликдан чарчаганлигини тўғри англаган ҳолда, Ислом Абдуғаниевич Каримовга дам олиш имкониятини бериб, мамлакат келажаги учун масъулиятни Конституция ва қонун елкасига ўтказишимиз лозим.
Ха, айнан мамлакатимиз ва халқимизнинг тақдирини ва фаровон келажагини Конституция ва қонун елкасига ўтказмоқлик лозим.
(Худо йўл берса балки бу хақда бафуржа гаплашармиз)
Агарки, менинг фикрларим аччиқроқ чиққан бўлса, бундан узр сўрайман, аммо: – Жағ тишимиз гарчанд мустахкам турган бўлсада, томири йиринглаган бўлса, тиш дўхтир бизни тишимизни суғуриб олади, аммо унинг мақсади бизни азоблаш ёки ризқсиз қолдириш эмас, балки қолган тишларимиз ва жағимиз ва пировардида соғлиғимизни асраш бўлади, гарчанд ушбу муолажа жуда оғриқли бўлсада.
Шунга кўра, менинг аччиқ ва хаётий сўзларимни тўғри қабул қилишга харакат қилишларингизни сўрайман ва халқимиз тўғри тушуниб тўғри қарор қабул қилишлари учун мазкур мақолани, ариза ва заявленияни алохида-алохида сайтга жойлашларингизни сўрайман …
Сизларга соғлик ва омад тилаб Қонунга итоатгўй Ўзбекистон фуқароси
Абдурахимов Бахром
Тел +99890 721 07 25

Журналист Исмат Хушев Ўзбекистоннинг биринчи Порезиденти Ислом Каримов билан…

 

“Дунё ўзбеклари” учун махсус
Leave a Reply
*