Menu
Categories
Абдулла Орипов: Майли, сен ўзингга суянгил, лекин, Мен кимга суянгум Аллоҳдан бошқа
08/11/2019 Абдулла Орипов: “Онажоним – шеърият!”

 

Абдулла Орипов

МЕН КИМГА СУЯНГУМ

Бир кун савол берди ёшгина ўғлон:
— Нечун Аллоҳим деб йиғлайсиз нолон.
Дедим, жавобимдан бўлмагин ҳайрон,
Мен кимга суянгум Аллоҳдан бошқа.

Тинимсиз алдаса муҳит, маконинг,
Тортса оёғингдан дўсту ёронинг.
Шундай ўтар бўлса ҳар зум, ҳар онинг,
Мен кимга суянгум Аллоҳдан бошқа.

Ношукур эмасман дунёда гарчанд,
Қайдадир менга ҳам бор балки дилбанд
Ва лекин тириклай куйдирса фарзанд,
Мен кимга суянгум Аллоҳдан бошқа.

Инсофу ишонч ҳам ширин сўз бари,
Тириклик тошқиндир ёки кўпкари.
То ҳаёт экансан қочгайдир нари,
Мен кимга суянгум Аллоҳдан бошқа.

Шунчалар каж эрур дунёи гардун,
Ундан диёнатни ахтармоқ нечун,
Падар шод ўз ўғлин бағрин этса хун,
Мен кимга суянгум Аллоҳдан бошқа.

Мингта кўз пойлайди битта жонингни,
Жонингмас, мартабанг, балки шонингни,
Ўт қўймай ёқарлар хонумонингни,
Мен кимга суянгум Аллоҳдан бошқа.

Бу кўҳна дунёда яшадим нега,
Яйдоқ от мисоли бўлдим беэга
Маломат қилурман, оломон, сенга:
Мен кимга суянгум Аллоҳдан бошқа.

Мендан ранжимасин бўлса дўст агар,
Балки уларнинг ҳам дилида кадар,
Ҳойнаҳой мендайлар дегай муқаррар:
Мен кимга суянгум Аллоҳдан бошқа.

Умр ҳам охирлаб бормоқда секин,
Энди сарғаймоқда мен эккан экин.
Майли, сен ўзингга суянгил, лекин,
Мен кимга суянгум Аллоҳдан бошқа.

1992 йил


АРМОН

Кажрав фалакнинг чархи
Бир зум ўнгга айланиб,
Соғинтирган онамнинг
Дийдорин кўролсайдим.
Онажоним қошида
Эркаланиб, шайланиб,
Гоҳ қувониб, гоҳида
Хўрсиниб туролсайдим.

Айтолсайдим мен унга
Кўҳна дунёга келиб,
Менга қанча шодлигу
Қанча ғам текканлигин.
Эзгуликни жаҳонда
Ахтарма қанча елиб,
Фақат она меҳрининг
Бетакрор эканлиган.

Айланса тағин фалак,
Қўлин тутсам ёшликнинг.
Оҳ, қандайин ғавғо-ю
Не кунларга қолардим.
Ўша қалам қошликнинг
Ҳажрида тағин ёниб,
Тағин унинг ёнига
Жадаллаб йўл олардим.

Кўнгилдаги ишқ ўтин
Сел келса ҳам сўндирмай,
Фақатгина уни мен
Ҳаётим, деб ўйлардим.
Қаламимнинг учига
Зарра ғубор қўндирмай
Фақатгина муҳаббат
Нашидасин куйлардим.

Фалак яна чарх уриб,
Раҳм этса-ю бир қадар.
Армоним ушалмоғин
Чорасин кўрсатсайди.
Шу шўрлик бандани ҳам
Тарк этсин, деб ғам-кадар,
Ташвишлардан қутулмоқ
Йўлини ўргатсайди.

Мен кўкка етиб бошим,
Чулғар эдим оламни.
Ёвузлик, разилликни
Оловдек эритардим.
Умрим бўйи қақшатиб
Куйдирган бир боламни
Қайта бошдан маъсум, пок
Гўдакка эврилтардим.

Афсус, бунга чора йўқ,
Йўқдир асло имкони.
Ортга қайтганми ахир,
Фалак бирор замонда.
Инсонни қабригача
Кузатгайдир армони,
Иложинг — иложсизлик,
Илож эса осмонда.

Шул сабаб, ҳар ўтган кун
Кўзимга ўтдай иссиқ.
Шул сабаб, ҳар эртани
Кутиб олгум довдираб.
Бугунги кўрганларим
Бўлса ҳам анча тансиқ,
Фақат ўшал армонга
Термуламан жовдираб.

Яратганнинг ишин кўр,
Умр йўлин қайиргач.
Кенг дунёни кўзингга
Тор қилиб қўяр экан.
Аввали, бериб-бериб,
Сўнг бирма-бир айиргач,
Фақатгина Ўзига
Зор қилиб қўяр экан.

1996


ҲАЙИТ

Ҳайит кунларида жанглар ҳам тўхтаб,
Қиличлар қинига қайтиб киргувси.
Мўминлар эгизак жонларга ўхшаб,
Ўзгага боққан чоқ ўзни кўргувси.
Умидвор ҳар кимса топиб кушойиш,
Қоронғи дилларга ёқиб тургай нур.
Уйқуда фароғат, юртда осойиш,
Дуолар ижобат, ниятлар манзур.
Адоват, ҳасадни касб этган инсон,
Майли шоҳ ё гадо, ё сайид бўлсин.
Илоё барига бахш этсин иймон,
Ўтар ҳар лаҳзаси бир ҳайит бўлсин.

1991


ҲАЙИТ

Набирам Алишерга

Ҳайит келса чалинади
Ноғоралар.
Сомса билан тўлиб кетар
Тоғоралар.
Байрам бўлар ҳар бир уйда,
Хонадонда.
Хурсандчилик отажону
Онажонда.
Момолар шод, аммалар шод,
Холалар шод.
Ҳаммадан ҳам ўйинқароқ
Болалар шод.
Шўх набира савол берар
Тинмай бир пас:
Бобо, айтинг, нега ҳар кун
Ҳайит эмас?
Бобо сўйлар аввал турли
Мақолини.
Жавоб берар сўнгра силаб
Соқолини:
– Ҳайит куни қачон келар,
Белгили-ку.
Мени ҳар кун табрилакласанг,
Кулгили-ку.

2009 йил 25 август


   

РЎЗА

Рамазон ойида, ҳайит чоғида,
Сумалак пиширди аҳли мусулмон.
Унни қовурдилар зайтун ёғида,
Ҳалим тайёрлади — кимда бор имкон.
Баҳор келди мана, қишдан чиқолдик,
Берган ризқ-рўзига, неъматга шараф.
Тоғдайин заҳматни ахир йиқолдик,
Табиатга шараф, ҳимматга шараф.
Рўзадан чиққанлар, сизга ҳам раҳмат
Фарзингиз синовли саодат эрур.
Расулуллоҳ демиш: — Сабр қил, уммат,
Мўминлик белгиси қаноат эрур.

1991

 “Дунё ўзбеклари” редакция почтасидан

Leave a Reply
*