Menu
Categories
Nurulloh Muhammad Raufxon: Тушунмаяпман, тушунолмаяпман…
08/11/2019 Муҳокама учун мавзу

ТУШУНМАЯПМАН, ТУШУНОЛМАЯПМАН…

Гапни лўнда еридан бошлаб қўяқолай: мен эски президент даврида ўтган барча сайловда ва икки марта у уюштирган референдумда қатнашдим, лекин бирон марта унга овоз бермадим.

(“Додачи”лар, ҳар томондан устимга чопқилаб келиб талаб ташламанглар. Мен ўзимнинг сайлаш-сайламаслик ҳуқуқимдан фойдаланганман, холос. Сиз уни ҳар гал сайлаган бўлсангиз, демак, сиз ҳам ўз ҳуқуқингиздан фойдалангансиз. Бу оддий ва табиий ҳол.)
Лекин Шавкат Мирзиёевни Туркиядалигимда консулликка ўз ихтиёрим билан бориб сайлаб келдим.

Ҳолбуки, “Бу кунлар” эълонидан кейин давлат менга ола қараб юрган кезлар эди. Мени Туркияга қочиб кетган деб орқамдан иғволар уюштириб турилган кунлар эди. Шунга қарамай биз, Ўзбекистоннинг Истанбулдаги консули ва ходимлари гувоҳ, бутун оила бўлиб консулликка бордик, сайловда қатнашдик ва сайладик!

Нимага?
1. Чорак асрлик истибдоддан кейин мамлакатда ижобий ўзгаришлар бўлишидан қаттиқ умид қилдим.
2. Туркияга қочиб бормаганимни, давлатдан яшириниб юрмаганимни, бир дақиқа ҳам ватанимдан узилмаганимни кўрсатдим.

Тўғрисини айтсам, эски тузум даврида Бош вазир Шавкат Мирзиёевга унча ишонмасдим, Ислом Каримов тарбиясини олган, узоқ йиллар бирга ишлаган, у юритган ғайримиллий, ғайриинсоний сиёсатга бирдай шерик деб ҳисоблардим. Лекин айни чоқда юрагимнинг бир чеккаларида “Ислом Каримов ўрнига ким келса, ҳатто ўз қизи Гулнора келса (ўша даврлар шундай бир шивир-шивир юриб қолган эди) ҳам, зулмни тўхтатади ё енгиллатади, сиёсатни юмшатади, халқ меҳрини қозонишга интилади” деган бир туйғу билан яшардим.

Зотан, зулм бундан ортиқ бўлмас, ортиғига халқ ҳам дош бера олмас эди. Диктаторликка ва яккаҳокимликка асосланган тузумда кўп яхши инсонлар ўзини ошкор эта олмайди, диктаторнинг ноғорасига ўйнашга мажбур бўлади, ҳокимият ўз қўлига ўтса, кўнглида яшириб юрган эзгу ниятлари уйғонади, деган қандайдир ишонч бор эди.

Ўйлаганим тўғри чиқди. Шавкат Мирзиёев давлатни вақтинча қўлга олган илк кунлариданоқ умидбахш гапларни айтди, одамларнинг кўнглини кўтарадиган ишларга қўл урди. Қисқа муддатда эл олқишига лойиқ ижобий ўзгаришлар қилди. Айниқса, мен “Бу кунлар”да тилган олган барча муаммони бирма-бир айта бошлади. “Халқ давлатга эмас, давлат халққа хизмат қилиши керак!” деб китобимнинг бош ғоясини айнан ифодалади.

Руҳим кўтарилди. Сўзларига ишондим. Юрагим буюрди – сайловга бордим, ёруғ юз билан Шавкат Мирзиёевни халқимга ва ватанимга бошлиқ, давлатимга ва ўзимга президент этиб сайладим!

Ички сезгим алдамабди, Шавкат Мирзиёев халқим анчадан бери орзу қилган, ич-ичидан интиқиб кутган президент бўлиб чиқди. Ҳатто, истибдод даврида барча “иш”ни кўриб-билиб юрганини, юраги дардга тўлиб кетганини, фақат у замонда буни очиқ айта олмаганини, энди ҳамма хатони тузатиб халқнинг ишончини қозонишга бел боғлаганини бир неча марта ўз оғзи билан айтди!

Мана, Ўзбекистонда иқтидор алмашганига яқин икки йил бўляпти. Айрим масалаларда сиёсат ўйнаб турганини, ислоҳот баъзи соҳаларда чала, баъзи соҳаларда умуман бошланмаганини, ҳали ўлда-жўлда ишлар кўплигини назардан қочирмаган ҳолда воқеликка реал кўз ташласак, анча-мунча ижобий натижаларни ҳам кўрамиз.

Мен бу кичик мақоламда бу ўзгаришларнинг барини санаб бера олмайман, лекин ҳаммамиз кўриб-билиб турибмиз. Энг катта натижа – жамиятимиз енгил тортди, ўзини эркинроқ ҳис эта бошлади, кўнглидаги гапларни айтишдан ҳарҳолда чўчимаяпти. Қолаверса, мусулмончилик аста-секин дейилганидек, йигирма етти йил ичида йўл қўйилган хато-камчиликларни бир-икки йилда бирданига тугатиб-тузатиб бўлмаслиги ҳам очиқ ҳақиқатдир.

Шуларни ҳисобга олсак, умид ҳали сўнгани йўқ. Тўғри, сиртдан президентни барча бирдай қўллаб-қувватлаётган бўлиб кўринса-да, яширишга минг ҳаракат қилинмасин, давлат ичида ҳали-ҳозирча тўла бирлик сезилмаяпти, эскича қараш билан янгича қараш ўртасида аёвсиз кураш кетяпти, Президент бошлаган ислоҳотларга қандайдир кучлар қаршилик қилаётгани тобора билиниб қоляпти.

Бу курашда ким қайси тараф эканини билмайман, лекин шахсан ўзимнинг мавқеим аниқ: бир марта мен президентга ишондимми, энди то ишонч сўндирилмаса, мен президент Шавкат Мирзиёев томонидаман, ислоҳотлар томонидаман!

Ўзимни сиртдан Шавкат Мирзиёев командасида ҳисоблайман ва менга яқин бўлган маънавий соҳада қилинаётган ислоҳотларга қўлимдан келганича ҳисса қўшишга аҳд этганман. Кейинги пайтлардаги оғзакию ёзма барча фаолиятим айни мана шу маънавий соҳадаги ислоҳотларга йўналгандир. Инсоф дунёси буни кўриб-билиб турибди.

Бошқа соҳаларда бўлганидек, охирги чорак асрда маънавият соҳасида ҳам жиддий хатоларга йўл қўйилди, жамиятда ахлоқсизлик, бузуқлик, порахўрлик каби иллатлар урчиди, чуқур илдиз отди. Президент буларни тан олди, “Тузатишимиз керак!” деди. Лекин тузатиш йўлида қилинадиган барча ишни биттама-битта у кўрсатиб бериши шарт эмас. Муҳими – чақириқ бўлди. Энди кутиб ўтирилмайди, зиёлилар отилиб ўртага чиқиши ва ярасини тузатишга ўзи киришиши керак.

Расмий бир жойда ишламаётган, уйимда нафақада ўтирган бўлсам ҳам, ўзимни четга олмай, билганимча ва қўлимдан келганича шу йўлда озми-кўпми бир нарсалар қилиб юрибман. Кўплар буни тўғри қабул қиляпти, айримлар тескари муносабатлар кўрсатяпти. Маънавий соҳада нима ишлар қилинса юртимга, халқимга, давлатимга фойдали бўлади деб ҳисоблаётган бўлсам, ўша фикр-мулоҳазаларимни очиқ билдириб келяпман.

Тепадагилар менинг мақолаларимга, ўта долзарб деб ўйлаганим фикр-мулоҳазаларимга, ўртага ташлаган аниқ таклифларимга парво қилмаётгани ачинарли, албатта. Лекин мен тепалар эътибори учун ёзмаяпман, халқим учун ёзяпман. Шояд фикрлар ўзгарса, янги насллар етишиб чиқса, жамиятимизнинг маънавий юксалишига нима фойдаю нима зарар эканини ажрата бошласак деб жоним ҳалак. Бугун бўлмаса эртага яхши натижаларга эришсак, ислоҳотларнинг ижобий самарасини кўрсак, баҳраманд бўлсак, дунё ҳамжамияти қаторида биз ҳам муносиб ўрнимизни эгалласак деган умидда ҳаракат қиляпман.

Шундай бир пайтда энди бу қилиқ қаёқдан чиқди?! Менга қарши очилган “Иш” ҳалигача ёпилмагани устига энди орқамдан махсус одамлар қўйиб кузатишга киришишибди! Йигирма етти йиллик тузум кирдикорларини Шавкат Мирзиёев аёвсиз танқид қилса, чапаклар чалиняпти, биз юмшоқроқ танқид қилсак, устимиздан жиноий иш очиляпти – мантиқ қани бу ерда?! Мени яқин бир йилдан бери адабий ҳаётдан узганлари етмай энди қишлоқдошларим юрагига ҳам ғулғула солиб тамоман жамиятдан ажратиб ташлашмоқчими?!

Кимга фойда?! Нима ютилади бу билан?! Чорак асрлик кечмишлари яхши бўлиб қоладими ё?! Ёки тўғридан-тўғри Президентга ва у олиб бораётган ислоҳотларга қарши майдон ўқиляптими?! Ким у майдон ўқиётганлар?! Сизлар ўзи ким тарафсизлар?!

Тушунмаяпман. Тушунолмаяпман…

"1" Comment
  1. Dostim , sizning borligingiz , Vatan ichida prezidentga yordamchi saflardamiz deganingiz ozi etadi . Alloh ozi asrasin .

Leave a Reply
*