Menu
Categories
Усмон Азим таваллуди: БОЙСУН ҲАҚИДА ҒАМГИН БАЛЛАДА
08/13/2019 Адабиёт

Таниқли шоир Усмон Азимнинг бу китобига унинг сара шеърлари жамланди. Бу тўпламда шоир ижодига хос булган асосий мавзу – Дунёни ва Инсонни мукаммал кўриш орзусида яшаган шахс армони бутун кўлами, қарама-қаршиликлари, фожиаю қувончи, ҳасрату умидлари билан гавдаланади. Шоир Дунёни самимий ёзади. Шоир шеъри айланган Дунё китобхон ҳис килиб турган дунёнинг суратига жуда яқин ва шу билан бирга аллақандай нурланган, кўнгилга ва руҳга мадад бергувчидир.

* * *

Тонг титрайди кеч кузакнинг қучоғида,
Юлдузларни ўчирмоқда гулгун шафақ.
Жоним, қалбим шеъриятнинг пичоғида…
Замин — тилсим, осмон — тилсим… шеър — бешафқат!

Мен қийналдим. Хаёлимнинг қанотида
Денгизларни кўтарганча толиб учдим.
Юлдузларни кўп кўрганман ҳаётимда,
Денгиздаги юлдузларни келди қучгим.

Кўкка боқдим, ўт туташди жоним аро…
Қат-қат булут қатларида не сир-асрор!
Ҳайрат ичра ўлдиргуси мени само,
Она замин, уча қолай, қўйиб юбор!

Мен ёр дедим.. Лайлими ё, Ширинми ё!
Ёки энди туғилажак бирор малак?
Мана, мен, деб кўз олдимда бўлди пайдо,
Мана, мен, деб шеърдан боқди якто юрак.

Юлдузларни ўчирмоқда гулгун шафақ,
Тонг титрайди кеч кузакнинг қучоғида,
Шеър ёзилар… Қийноқ, сенга бўлсин шараф,
Жоним, қалбим шеъриятнинг пичоғида…

Ҳали бутун рўйи жаҳон шеър бўлажак,
Фақат бекор билиб ором қучоғини —
Бу дунёни сирга кўмиб яшаш керак,
Қалбга санчиб шеъриятнинг пичоғини!

БОЙСУН ҲАҚИДА ҒАМГИН БАЛЛАДА ЁКИ
ҚАЙТМАЙДИГАН ХОТИРАЛАР ҲАҚИДА ШЕЪР

Шукур акага

Сен бор эдинг. Мени кузатдинг.
— Болам, сингиб кетма шаҳарга,
Юрак билан кўксинг безадим,
Эслаб тургин олис сафарда.
Тилларимда эртак бўлдинг сен:

“Бор экан-да,
Йўқ экан.
Оч экан-да,
Тўқ экан.
Кўрдим,
Кездим, Бойсундай жой
Бу оламда йўқ экан”.

Ҳайрон боқиб дўсту бегона,
Хаёлкаш деб кулдилар рўй-рост.
— Бойсун? Бундай жой йўқ, девона,
У тушингга кирибди, холос.

Бу ҳукмга бўлмасдан рози
Эртагимни куйладим такрор.
— Қулоғимда ҳамон овози,
Ишонинглар, дўстлар, Бойсун бор!

Юрагимга сиғмади соғинч.
Бўлмайин деб ҳижронда вайрон —
Энди куйлай бошладим нотинч:
— Бойсун! Бойсун! Бойсун! Бойсунжон…

Аста-аста, бир-бир этди ром,
Юракларни оҳанграбо куй.
Дедиларки: — Қани, ошнажон,
Бойсунингни бир кўрсатиб қўй.

— Қани кетдик!
Шаҳри шовқинзор
Бошингизни қўймиш гангитиб.
Ҳали кўрасизлар, Бойсун бор!-
Пешвоз чиқар меҳр анқитиб.

Йуллар юрдик, тоғлардан ошдик.
– Бойсун қани? Бойсун қаерда?
– Бир кун қалбим севишдан тошди,
Мен етгандим туғилган ерга.

Дўстлар мени айлашар табрик.
Мен турибман беун, бағрим хун.
Оғайнилар, қаерга келдик.
Кетиб қоптн Бойсундан Бойсун…

Мен Бойсунни излайман ҳамон,
Баъзан пинҳон йиғлайман шеърга.
Қаерларга кетдинг, Бойсунжон,
Бизнинг Бойсун қани, қаерда?

* * *

Майсалар, товоним, сизни соғинар,.
Тоғлар, виқорингиз қалбимда мангу.
Қайдадир қўзичоқ бўзлар, оҳ урар,
Қирларда адашган соғинчимми у?

Қорлар эриб оқди бу ғамли фурсат.
Бу фурсат эриди тоғларнинг тоши.
Юрак, раҳминг келсин, тўғри йўл кўрсат,
Мен қандай Бойсўнга кетай қоришиб?

Ака, сочингизга оралабди оқ.
Опа, сарғайибсиз — фарзанднинг доғи.
Она, қучоқлайсиз бунчалар узоқ…
Йиғлайман — сабримнинг бор-ку адоғи.

Юрган йўлим тўфон бу ғамли фурсат…
Қатъият кўз ёшдай оққан маҳали,
Юрак, раҳминг келсин, тўғри йўл кўрсат,
Мен қандай Бойсундан кетай ажралиб?

Leave a Reply
*