Menu
Categories
Тўғри йўлдан тойганлар: БОШИ БЕРК КЎЧАДА…
08/14/2019 Муҳокама учун мавзу

Тўғри йўлдан тойилганлар
БОШИ БЕРК КЎЧАДА

Илҳомжон Мўминов 35 ёшни қоралаб қолди. Сардорбек Машрабов ҳали ўттизга ҳам киргани йўқ. Ҳар иккови Балиқчи туманидаги Файзиобод маҳалласида бир яхши ишлаб, кўпчиликка эш бўлиб юрган эдилар. Россия Федерациясига бориб ишлаб, пул топмоқчи бўлдилар. Ният яхши бўлса, барака қанот бўлаверади. Аммо…

Улар Рязань шаҳридаги автомобилларга техник хизмат кўрсатадиган корхонага ишга келиб, умумий ётоқхонадан қўним топдилар. Кўча-кўйда бемаъни юриш йўқ. Иш тугагач, ётоқхонага келадилар. Билганларича намоз ўқиб, ўтаётган кунларига шукр килиб юраверсалар бўларди-ку-я, бироқ интернет тармоғининг «Однокласники.ру» сайтига кириб, ҳар турли «нағма»ларга ошно тутинишга ўтдилар.

Илҳомжон Мўминов ўзига профил яратиб, мамлакатимизда фаолияти тақиқланган диний-экстремистик оқимнинг раҳнамолари томонидан тарқатилаётган маърузаларни жон қулоғи билан эшитадиган бўлди. «Ҳизб ут-таҳрир» экстремистик ташкилоти томонидан тайёрланган, мазмун-моҳиятига кўра давлат тузумини Конституцияга хилоф тарзда ўзгартиришга, ҳокимиятни куч ишлатиб эгаллашга, ҳудудий яхлитликни бузишга, миллий, ирқий, этник ёки диний мансублигига қараб аҳоли қатламларига нисбатан адоват, нифоқ келтириб чиқаришга қаратилган материалларни нафақат ўзи, балки профилининг дўстлар саҳифасидаги кўплаб танишларига тарқатишга тушди.

Сардорбек Машрабов ҳам ундан қолишмасликка интилди. Ўзига профил яратиб, миллий шаън-шараф ва қадр-қимматни камситишга, диний эътиқоди ёки дахрийлигига қараб фуқароларнинг ҳис-туйғуларини ҳақоратлашга йўналтирилган ақидапарастлик ғояларини ўзи билган ва билмайдиган кимсалар билан «ўртоқлаша» бошлади.

Ноутбук деганлари, аслида, яхшилик йўлида фойдаланса бўладиган, дунёқарашу тафаккуримизни оширишга хизмат қиладиган техник матоҳ. Бироқ у кимнинг қўлига тушишига ҳам боғлиқ экан. Диний мазмундаги маърузаларни тинглаш ман қилинган эмас. Лекин жиҳод ва ҳижрат қилишга бошқаларни даъват этиш, ёт ғояларни одамларнинг қалбига сингдиришга уриниш… бу энди, ақл бовар қилмайдиган найранглардир. Мана шуни тушуниш учун бошни деворга бориб уриш керакми?

Судда Илҳомжон ҳам, Сардорбек ҳам қилмишларидан минг бора пушаймонда эканликларини айтиб, таваллолар қилдилар. Диний экстремизм ва ақидапарастликни тарғиб қилувчи материалларни билмасдан тарқатиб қўйибмиз, дея надомат ботқоғига ботдилар.

Оилавий шароитлари оғирлигини рўкач қилиб, енгиллик беришни сўрадилар. +онун барчага баробар. Судланувчилар Жиноят кодексининг 159-моддаси 1-қисми ва 2441-моддаси 3-қисми «г» банди билан айбдор, деб топилдилар.

Мамлактимизда инсонпарварлик тамойиллари, кечиримлилик кафолати, бағрикенглик муҳити қарор топаётган шароитда уларнинг айби ҳар томонлама холисона кўриб чиқилди. Маҳалла фуқаролар йиғини томонидан берилган илтимоснома ва кафиллик хатлари инобатга олинди.

Ҳар икки судланувчига 3 йилдан озодликни чеклаш жазоси тайинланди. Уни ўташдан қасддан бўйин товлаган ҳолатда жазо бошқа турдаги жазога алмаштирилиши мумкинлиги қайд этилди. Мана шундай имкониятдан, одамийлик тамойилидан тўғри хулоса чиқариш зарур.

Бу энди ҳар икки йўлдан адашган кимсанинг виждонига боғлиқ.

Тожали Шокиров,

“Дунё ўзбеклари” редакция почтасидан

Leave a Reply
*