Menu
Categories
Абулқосим Мамарасулов: АБДУЛЛА ОРИПОВ – ДАҲО!!!
08/21/2019 Абдулла Орипов: “Онажоним – шеърият!”

Абулқосим Мамарасулов:

 

АБДУЛЛА ОРИПОВ – ДАҲО!!!

 

(Биринчи мақола)

АБДУЛЛА ОРИПОВ – ДАҲО!!!
Абдулла Орипов бари бир гениал шоир! Бировга зарари тегмайдиган, Хизр назар қилган шоир! У кишини ҳақорат қилганлар ўнгланмайди.
Шундай!
АБДУЛЛА ОРИПОВ том маънода ХАЛҚ ШОИРИ .
1980 йиллари адабий давраларда «истеъдодлилар» ва истеьдодсизлар» деган иборалар пайдо бўлган эди. Агар эътибор берган бўлсангиз, «Мен қандай ёзувчи бўлган эдим» деб номлаган бадиамда бу ҳақда атрофлича ёзганман. Ана шу ўзини «истеъдодлилар» деб ҳисобловчилар 1981 йили янги ташкил этилаётган «Ёшлик» журналини эгаллашди ва дарҳол иккита рўйхат тузишди: 1. Истеъдодлилар. 2. Истеъдодсизлар. Уларнинг «истеъдодсизлар» рўйхатига кирганлар учун барча газета ва журналлар, нашриётларнинг эшиклари тақа тақ бекилди. Ижод намуналари, агар нашр этиш режалаштирилган бўлса, олиб ташланди. Ва ўша «истеъдодсизлар» рўйхатида энг биринчи ўринлардан бири Абдулла Ориповга раво кўрилган эди. Бу поэзияда. Прозада эса Одил Ёқубовга.
1981 йили на Абдулла Ориповда, ва на Одил Ёқубовда талашадиган амал йўқ эди. Улар бор йўғи таниқли ижодкор эдилар, холос.(Абдулла Орипов ҳатто Москва касалхонасида ўлим билан олишиб ётган эди.) Шунга қарамай, ҳар иккисини маънан йўқ қилиш режаси тузилган эди.
Худога шукрки, Абдулла акани худонинг ўзи барча бало-қазолардан эсон-омон олиб ўтиб келяпти. Аслида “Машрабни осган элдан мен нима кутардим”, номли интервью ҳам Абдулла Ориповни ҳукумат қўли билан қатл этишга қаратилган уринишнинг ғоят пасткаш бир кўриниши экан. Худонинг инояти билан Абдулла Орипов АҚШга борди. Худонинг инояти билан Исмат Хушев Абдулла ака билан юзма-юз учрашди.
Сир ошкор бўлди…
Ўзбекистон раҳбарлари нафақат Абдулла Ориповни қатл эмоқчи эмас, балки у киши хаста юрагини Америкада даволатиши учун барча сарф-харажатни ўз бўйинларига олган экан.
Бу билан Исмат Хушев яна бир бор энг қийин дамларида Абдулла Ориповнинг ёнида бўлиб, улуғ шоиримизнинг жонига ора кирди.
Тўғри, Абдулла Ориповга душман кайфиятдагилар Ўзбекистонимизда жуда кўп.
Буюклар ҳамиша якка бўлганлар. Истеъдодсизлар эса ҳамиша манфаатлари боис тезда бирлашиб кетадилар, дейишади.
Бор гап.
Ўқиб кўринг. Исмат Хушев ўз сайтида эълон қилаётган, Абдулла ака Хьюстонда ёзаётган энг янги шеърларини ўқиб кўринг. Баҳо беринг.
Абдулла Орипов истеъдод сифатида тугаб бўлган, дея аюҳаннос солувчиларга энг яхши жавоб бу шеърлар.
Абдулла Ориповнинг буюклигини яна бир бор исботловчи шеърлар бу шеърлар.
Абдулла Орипов ижодини кўролмайдиганлар ўқиб, ўқиса, куйиб кетадиган шеърлар бу шеърлар.
Нақадар БУЮК, нақадар ДОНИШМАНДОНА, НАҚАДАР ФАҚИРОНА ОЛИЙМАҚОМ шеърлар бу шеърлар.
Абдулла ака! Исмат! Агар қайсидир мансаб пиллапоясида ўтирган шоир бола Абдулла ака билан хайрлашишга қўрққан бўлса, ўз йўлига. У амалидан қўрққан. Тепасида ўтирган, “Ким Абдулла Орипов билан гаплашса, Каттанинг қаҳрига қолади”, дея уқтирган раҳбарининг қаҳридан қўрққан. Майли…
Майли, хаста кўнглингиз бу муомаладан оғригани тайин. Аммо… сиз умр бўйи шунақаларга дуч келиб яшаяпсиз-ку.
Алам қилар экан бир умр гирён
Итлар орасидан ўтса карвонинг,
Дея дод солган сизсиз-ку!
Демак, чидашингиз керак.
Сиз даҳосиз. Даҳоларга ҳеч қачон осон бўлмаган. Даҳолар ҳамиша ҳар томонлама туртки еб яшашган. Шундай экан, чидайсиз…
Бошқача йўли йўқ бунинг, Абдулла ака!
Барча миллатлар даҳоларининг қисмати шунақа.
Энг асосийси, сизнинг борлигингиз. Сизни хушламайдиганларнинг кўзига тикондек қадалиб яшаяпсиз.
Энг асосийси, Сизни хушлайдиганлар кўп, жудаям кўп.
Сиз касалликдан букчайган пайти сизга ёрдам қўлини чўзган Ислом Каримовдек улкан сиёсий раҳбар бор.
Сиз “ғурбатда ғариб шодумон бўлмас эмиш”, дея Хьюстонда ўзингизни қўйгани жой тополмай ўтирган пайти ёнингизга учиб етиб борган, кўнглингизни кўтарган Исмат Хушевдай ўзбекнинг мард ва жасур ўғлонлари бор.
Диёримизда шеърларингизни эълон қилган муҳаррирлар ишдан ҳайдалаётган фурсатда, бундан бу ёғига шеърларингизни ҳеч ким эълон қилишни истамаган пайт сизнинг ҳар бир сатрингизга маҳтал “Дунё ўзбеклари” бор.
Сизнинг шу дунёда борлигингизга хурсанд бўлиб юргувчи менга ва Исмат Хушевга ўхшаш миллионлаб мухлисларингиз бор…
Ўзбек халқи катта халқ. Ўзингиз айтмоқчи, “фақатгина халқ яшар, фақатгина қолур халқ!” Ўзбек халқи даҳо халқ. Неча ўт оловлардан, бало қазолардан, замонлар синовларидан эсон омон ўтиб келган халқ. Халқ даҳоси ўзининг Абдулла Ориповдек даҳосини ҳам бало-қазолардан эсон-омон олиб ўтажак.
Шундай экан, қаддингизни кўтаринг, Абдулла ака!
Даволанинг, тузалинг. Ватанга қайтинг, ўзбек халқини янги-янги шеърларингиздан баҳраманд этинг. Токи, ўзингиз билган, – сизнинг мағлуб бўлишингизни истовчиларнинг фиғони фалакка чиқсин. Куйсин, ёнсин, кулпарча бўлсин. Баттар бўлсин!
Абулқосим МАМАРАСУЛОВ,
Жиззах вилояти.

 
Суратда: Улуғ ўзбек шоири Абдулла Орипов ва “Дунё ўзбеклари” Бош муҳаррири Исмат Хушев Хьюстон (АҚШ)да, 18-25 август, 2015 йил, Техас.

Абулқосим МАМАРАСУЛОВ: АБДУЛЛА ОРИПОВ – ДАҲО!!! (Иккинчи мақола)

Абулқосим МАМАРАСУЛОВ
АБДУЛЛА ОРИПОВ – ДАҲО
(иккинчи мақола)

1.
Кейинги қирқ беш йил давомида Шерали Жўраев Ўзбекистоннинг биринчи рақамли қўшиқчиси бўлиб келяпти. Биринчи рақамли қўшиқчининг биринчи рақамли қўшиғи,айтиш керакки, шоҳ асари, шубҳасиз, – “Биринчи муҳаббатим”. Қирқ беш йилдирки, мазкур қўшиқ узлуксиз айтилади. Ёшу-қари мазкур қўшиқни узлуксиз севиб, берилиб,нафасини ичига ютиб, юраги орзиқиб тинглайди. Мўйлаби эндигина сабза урган ўспирину, балоғат ёшига ўтаётган қизчалардан тортиб, қариб-қартайган чолу-кампирларга қадар “Биринчи муҳаббатим” янграганда жимиб қоладилар. Беғубор ёшлик, ўспиринликнинг ширин оғушига сингиб кетадилар. Қўшиқ тугагандан сўнг ҳам мазкур сеҳрли қўшиқ оғушидан чиқа олмайдилар.
Шу тахлит “Биринчи муҳаббатим” ўлмайдиган қўшиқлар рўйхатидан ўрин олди, десак, асло адашмаган бўламиз.

2.
Ҳожиакбар Ҳамидовнинг шоҳ асари “Кетмоқдаман” қўшиғи. Ана шу қўшиқ туфайли биз “Баҳор қайтмайди” сериалини севиб томоша қилган эдик. Сериал муаллифи, режиссери,ижрочилари маҳоратини асло камситмаган тарзда айтиш мумкинки, айнан “Кетмоқдаман” қўшиғи сериални ўлмас асарлар қаторига олиб чиқди. Биз сериални қайта-қайта томоша қиламиз ва ҳар сафар Алимардон Тўраев “Кетмоқдаман”ни айтишини кутамиз .Айтса, қўшиқни қўшилиб айтамиз:
Яхши қол эй дилбарим, дилда кадар, кетмоқдаман..
Ҳожиакбар Ҳамидовнинг яна бир шоҳ асари бор. “Мактуб” деб аталади бу қўшиқ:
Ғазаллар тўқирдим сенга бир замон,
Қўшиқлар айтардим тунлар қошингда.
Не ажаб, ушбу кун ўзга бир инсон,
Ўзга бир муҳаббат турар қошингда.
Юрагингиз ўртанмайдими бу қўшиқни эшитганда?!

3.
Қирқ беш йилдирки, Ўзбекистонда баҳор “Сен баҳорни соғинмадингми?”, билан бошланади. 1 мартдан бошлаб телевидениеда, радиода мазкур қўшиқ янграб бошлайди.Икромжон Бўронов куйлаган эди дастлаб бу қўшиқни. Икромжон Бўроновнинг шоҳ асари эди бу қўшиқ. Ҳалигача шундай. Икромжон Бўронов деганда “Сен баҳорни соғинмадингми?”, эсга келади:
Уйғонгувчи боғларни кездим.
Топай дедим қирдан изингни.
Ёноғингдан ранг олган дедим,
Лолазорга бурдим юзимни…
Аммо учратмадим ўзингни,
Сен баҳорни соғинмадингму?
Айрим йиллари нимадир юз бериб,, Абдулла Ориповни ўзларича таъқиқлаганлар бўлди шекилли, 1 мартдан бошлаб радио-телевидениедан мазкур қўшиқни айттиришмади. Шунда кўчаларда, сайлларда, байрамларда ёш ижрочилар кетма-кет “Сен баҳорни соғинмадингми?”, дея чиқавердилар.
Ана шундай.
Ўта яшовчан,таъқиқни тан олмайдиган, қаримайдиган,эскирмайдиган, юз йилдан кейин ҳам бугунгидай ёшу-қари бирдай орзиқиб тинглайверадиган қўшиқлардир бу қўшиқлар.

4.
70-йилларнинг бошида биз саккизинчи синфда ўқирдик. Мактабимизда ўқийдиган бир қизнинг онаси ўлиб қолди. У қиз оиланинг бош фарзанди эди. Укалари тарбияси унинг зиммасига ўтди. Ўша пайтлари ҳар йили Янги йил байрами мактабимизда кенг нишонланар, ўқувчилар “байрам концерти” уюштирар,концертда ўзимиз қўшиқлар, шеърлар айтардик. Ўша, онасидан ажраб қолган қиз байрамга атаб, “Онажон” шеърини ёддан ўқиб берадиган бўлди.
Зал тўла томошабин: ўқитувчиларимиз, ота-оналаримиз.
Ўша қиз саҳна ўртасига чиқди-да,”Онажон” шеърини ёддан айта бошлади.
Олти ойки оромим йўқ
Келолмайман ҳушимга.
Онажоним кечалари
Кириб чиқар тушимга.
Тўрт қатордан сўнг қизнинг овози қалтирай бошлади. Кўзларига ёш сизиб чиқди. Ҳаммани йиғлатди. Ўзи ҳам йиғлади. Шеърни охирига қадар айта олмай, юм-юм йиғлаб, беҳол саҳнани тарк этди…

5.
Етмишинчи йилларда “Муножотни тинглаб” шеъри жуда оммалашиб кетган эди. Студент зоти борки, шеърга унча-мунча ошуфта бўлса, албатта, “Муножотни тинглаб”ни ёдлаб, ифодали ўқиш ҳаракатида бўларди:
Куйи шундай бўлса, ғамнинг ўзига,
Қандай чидай олган экан одамзод!,
Дея ифодали ўқилганда не-не бағритошлар ҳам “дод!”, деб юборарди.

6.
“Аёл”-чи? Не-не танқидчилар том-том танқидий мақолалар ёздилар бу шеър ҳақида.”Аёл” бир неча йил давомида танқидчилар тортишувига сабаб бўлди Демак, ҳатто танқидчиларнинг ҳам юракларига сингиб кетган эди бу шеър. Ўша, ўзларини хўрланган, ҳақоратланган деб ҳисобловчи, исёнкор 53 нафар ёш ижодкорни муросага чақирган, 1986 йили Ёзувчилар уюшмаси мажлислар залида бўлиб ўтган йиғинда Абдулла аканинг ўзи чиқиш қилиб: танқидчилар шу даражага етишяптики, гўё мен нотўғри талқин юритибман. Сиёсий хатога йўл қўйибман. Ўша аёл ўттиз йилдан бери эрини кутмай, бошқа эрга текканда яна бир-иккита бола туғар, жамиятга кўпроқ фойдаси тегар эмиш. Наҳотки бизнинг маънавиятимиз шу даражага тушиб қолди, дея ёзғирган эди.

7.
Ойдай равшан. Билиб турибсиз нима демоқчилигигимни. Бу қўшиқларнинг – шеъри муаллифи – Абдулла Орипов.
Ана энди айтингчи, яна қайси бир шоир қай бир хонанданинг ўлмас, шоҳ асарига айланган қўшиқ матнини ярата олди?
Борми биронта шунақа шоир?
Замондошлар орасида борми?
Ўтиб кетганлар орасида-чи?
Мен 20, 21-аср шоирларини назарда тутяпман.
Яна қай бир шоир “Биринчи муҳаббатим”и билан, “Кетмоқдаман”и билан, “Мактуб”и билан, “Сен баҳорни соғинмадингму?” си билан мақтана олади?
Яна қай бир шоирнинг шеърларини оммавий тарзда ёд олишган?
Бошқа ҳеч бир шоир мақтана олмайди.
Бу шеърларнинг ҳаммаси – ўлмас асарлар.Бу шеърларни юз йилдан кейин ҳам бугунгидай севиб ўқишларига мен ишонаман. Абдулла аканинг бунақа ўлмас асарлари жуда кўп. Санаб адоғига етиш қийин.
Ана шуларнинг ўзигина Абдулла Орипов даҳо эканининг исботи.

8.
Мен атайлаб шеърлар матнини китобга қарамай, ёдаки ҳолда мақоламга киритдим. Агар хатога йўл қўйган бўлсам, Абдулла акадан узр сўрайман.
Абулқосим МАМАРАСУЛОВ,
Жиззах вилояти.

Суратда: Истеъдодли ўзбек ёзувчиси Абулқосим Мамарасулов оила аъзолари билан…


Суратда: Абдулла Орипов ва Исмат Хушев “Ўзбекистон овози” газетаси Бош муҳаррири Сафар Остонов кабинетида…

  

Суратда: Абдулла Орипов журналист Исмат Хушев билан АҚШнинг Хьюстон шаҳрида, 2015 йил сентябрь-октябрь-ноябрь ойлари

 

“Дунё ўзбеклари” учун махсус
“Дунё ўзбеклари” учун махсус

Leave a Reply
*