Menu
Categories
Бердиёр Жумаев: “Сайланган”лар ҳамда “тайинланган”лар хусусида…
08/23/2019 Бош мақола

Ассалому алайкум, Исматбек!

Соғ-омонмисиз? Ижодий жамоангиздаги дўстларимиз ҳам сиҳат-саломатмилар?

Исматбек! Светлана Ортиқова тўғрисидаги кўрсатувингиз билан танишганимдан кейин, бир пайтлари “Дунё ўзбеклари”да қилган чиқишимга муносабатан уюштирганим бир матнни эсладим.

Ўшани сизларга тавсия тариқасида юбораётганимдан муддао-ки, балки ундан мазкур кўрсатувингизга нисбатан, қуйидагича муқаддима билан, “Акс-садо” сифатида фойдаланиш мумкин бўлар.

Сизларга ҳаётий, фаолиятий ҳамда ижодий муваффақиятлар тилаб, эҳтиром билан:

Бердиёр ЖУМАЕВ.

 

“Дунё ўзбеклари” халқаро сайтининг раҳбари Исмат ХУШЕВга!

Ассалому алайкум, муҳтарам бош муҳаррир! Мен “Президент кемасидаги хоинлар” туркумидаги кўрсатувингизнинг Ўзбекистон Сенати раисининг ўринбосари Светлана Ортиқовага бағишланган махсус сони билан танишгач, сайтингизда 2018 йилнинг февраль ойи бошида эълон қилинган “Аввалдагидек бўлмасин, азалдагидек қолмасин!” чиқишига муносабатан ёзилган ўзимнинг мулоҳаларим ёдимга тушди. Ҳозир қараб кўрсам, унда, жумладан, Светлана Ортиқова тўғрисидаям анча-мунча ҳаққоний танқидлар билдирилган экан.

Бир сайловчи сифатида қоғозга туширганим ўша “Акс-садо”ни сизларга яна юбораяпман. Менимча у ҳали-ҳанузгача ўзининг долзарблигини йўқотмаган.

 

“Сайланган”лар ҳамда “тайинланган”лар хусусида…

Халқаро журналист Бердиёр Жумаевнинг “Дунё ўзбеклари”да эълон қилинган “Ўзбекистон Олий Мажлиси “сайланган” депутатлари ва “тайинланган” сенаторларига…” сарлавҳали чиқиши билан танишгач, мазкур муносабат билан, Ўзбекистон парламенти айни пайтдаги ноибларининг ўзлари айни пайтда ўтирган ўринларига, мутлақо нолойиқ эканликларини айтмоқчиман.

Негаки, уларнинг кимнинг даврида ҳамда қанақа қилиб “сайланиб” олганликлари ва “тайинланиб” қолганликларини халқимиз жудаям яхши билади. Бундай “демократик сайлов”дан юқоридагиларнинг хабардор эмасликларигаям бировни ишонтириш қийин.

Бемалол айтиш мумкин-ки, ҳозирги ўзбек депутатлари Ўзбекистонда янги президент олиб бораётган ижтимоий-иқтисодий ислоҳотларга тўғаноқ бўлса бўладилар-ки, асло хайрихоҳ бўла олмайдилар. Чунки, улар ўзларининг бу жойларига, умуман бошқа мақсадлар билан, очиғи, шахсий манфаатларини кўзлаб келганлар.

Ахир, кечагина Ислом Каримовнинг оғзига кўз тикиб, у нима деса, ўша нарсани икки юз фоиз қўллаб-қувватлаганлар, бири олиб – бири қўйиб, “муҳтарам юртбоши”ни оғиз кўпиртириб мақтаганлар, ижтимоий-иқтисодий соҳаларни барбод этган, маънавиятни йўққа чиқарган, таълим-тарбия тизимини вайрон-яксон қилган барча “ислоҳотлар”ни якдиллик билан маъқуллаганлар, бугунга келиб, бутунлай инкор этилаётган қонунларни тайёрлаганлар ва қарорларни тасдиқлаганлар – мана шулар эмасмидилар?!

Яқинда академик рутбасига эришган депутат Акмал Саидовнинг бундан беш йилча муқаддам Бирлашган Миллатлар Ташкилотининг Қийноқларга қарши қўмитаси йиғинида Ўзбекистонда олиб борилаётган қатағон сиёсатни жон-жаҳди билан ҳимоя қилганлиги, мамлакатдаги инсон ҳуқуқлари топталаётганлиги ҳақидаги ҳаққоний далилларни қатъиян инкор этганлиги ҳали кўпчиликнинг ёдидан кўтарилмагандир.

Бу одам яна тағин инсон ҳуқуқлари бўйича Ўзбекистон Республикаси миллий марказининг директори эмиш!

Мабодо унутганлар бўлса, 2013 йил 31 октябрда халқаро оммавий ахборот воситаларида ёйинланган: “Ўзбекистоннинг инсон ҳуқуқлари бўйича вакили Акмал Саидов БМТ минбарида бақирди” сарлавҳали мақоладан айрим иқтибосларни келтирамиз:

“Ўзбекистоннинг инсон ҳуқуқлари бўйича бош музокарачиси Акмал Саидов 30 октябрь, тушдан сўнг Женевада ўзини сўроққа тутган Бирлашган Миллатлар Ташкилотининг Қийноқларга қарши қўмитаси аъзоларига бақирган ва столни муштлаш билан жавоб берган.

Мажлис иштирокчилари юқори мартабали ўзбек дипломатининг ўзини тутишидан ларзага келганликларини айтишмоқда. Мажлисда иштирок этган “Ҳюман Райтс Вотч” ташкилоти вакили Стив Свердловнинг айтиши-ча, жаноб Саидов қийноқлар билан боғлиқ конкрет саволларни жавобсиз қолдирган.

Стив Свердлов: – Бу ўзбек ҳукумати ўзининг халқаро мажбуриятлари борасида танлаган стратегияси, фалсафасини ошкор қилиб қўйди. Жаноб Саидов қийноқлар борасида дунёдаги энг етакчи экспертларни ўз ичига олган БМТ қўмитасини жиддий қабул қилиш, уларга профессионал муомала қилиш ўрнига жуда ҳам тажовузкор бир мавқени эгаллади ва ўшқира кетди. Ишончим комил-ки, унинг бақир-чақирларини мамлакат ичкарисидаги ўзбеклар кўришганида, уларнинг ҳам ҳафсалалари пир бўлган бўлур эди.

Нуфузли бир ташкилотнинг минбаридан туриб, жазава қилиш муаммони ҳал қилмайди, қайтага Ўзбекистоннинг халқаро нуфузига жуда катта зарар етказади. Менимча, ҳукумат ҳайъати қўмитани қийноқлар ҳақидаги аниқ фактлардан чалғитиш мақсадида ўзини шундай тутди, аммо бу иш бергани йўқ”.

*   *    *

Сенатор (эндиликда Олий Мажлис сенати раисининг ўринбосари) Светлана Ортиқова хориж радиоси орқали: – Ислом Каримов – менинг президентим, у кишининг фаолиятини тўла маъқуллайман, деган мазмунда жўшқин гапирганлигиниям унутиш осон эмас.

Тағин Каримов даврида Конституцияга қўшимчалар киритишга доир манави расмий хабарга эътибор беринг: “Мазкур ўзгартишлар Олий Мажлис палаталари муҳокамасига қўйилган кунларда уни шарҳлаган Сенат қошидаги Қонунчилик ва суд-ҳуқуқ масалалари қўмитаси раиси Светлана Ортиқова ушбу ташаббус Ўзбекистон тараққиëтидаги янги босқич бўлишини таъкидлаган эди:

– Бу демократлаштиришнинг кейинги қадами. Фуқаролик жамиятини қуришнинг кейинги қадами. “Кучли давлатдан кучли фуқаролик жамиятига” тамойилига асосан биз ўзбек модели орқали давлат қурилишини¸ жамият қурилишини барпо этаëтган эканмиз¸ давлат раҳбари ташаббусини қувватламаган одамни мен ўзим тушунмайман. Албатта¸ буни қувватлаш керак¸ чунки бу ташаббус¸ албатта¸ давлат¸ жамият¸ ҳар бир Ўзбекистон фуқаросининг келажагини порлоқ қилади¸ деган эди Олий Мажлис сенатори Светлана Ортиқова”.

Хўш, буларни нима учун гапираяпман, негаки, мана шу инсонлар, эндиликда, бамисоли, бир думалаб, гўёки мутлақо бошқа инсонларга айланиб қолдилар. Уларнинг олдига: “Кеча нима дегандиларинг-у, бугун нима деяпсизлар?” саволини қўядиган мардлар борми?

Хуллас, кеча Ислом Каримовни кўкларга кўтарганлар, бугун Шавкат Мирзиёевниям мақташда кимўзарлик пойгасини бошлаб юбордилар. Бунга гувоҳ бўлиш учун уларнинг Ўзбекистон оммавий ахборот воситаларидаги чиқишларини кузатиш кифоя. Бундай олқишбозликлардан кимлар қандай наф кўришларини билмадим-у, аммо мамлакатнинг ҳамда халқнинг зиён кўриши турган гап.

Шундай экан, бунақа мунофиқ ҳамда буқаламун депутатлар ва сенаторлар, қанчалик тез тарқатиб юборилса, Ўзбекистоннинг ҳозирги раҳбарияти учун шунчалик даражада яхши бўлади.

САЙЛОВЧИ.

2018 йил 6 февраль.

“Дунё ўзбеклари” редакция почтасидан

"1" Comment
  1. Бердиёр Жумаевнинг: “Хуллас, кеча Ислом Каримовни кўкларга кўтарганлар, бугун Шавкат Мирзиёевниям мақташда кимўзарлик пойгасини бошлаб юбордилар” дегани кимга қаратилган? Аввало Исмат Хушевга эмасми?

Leave a Reply
*