Menu
Categories
Исмат Хушев: Каримов зиндонларида ким қанча ётиб чиқди? Биринчи мақола
09/02/2019 Муҳаррир минбари

Исмат Хушев: Каримов зиндонларида ким қанча ётиб чиқди? Биринчи мақола


 

Исмат Хушев: Каримов зиндонларида ким қанча ётиб чиқди?

 

Уй қамоғида ётганлар бунга кирмайди…

Ўз касбидан жудо бўлиб, ижоди тақиққа тушганлар…

Ҳибс ва Хорижга бадарға қилинганлар…

Оқил билан Жоҳилнинг фарқи нимада?

Мирзиёев кимнинг йўлидан бораяпти?

 

Каримов ва Мирзиёев даври – муҳожиротдаги ўзбек журналисти нигоҳида…

 

1.

Ўзбекистонда Шавкат Мирзиёев Президент этиб сайланганига икки йил бўлди. Бу муддат – мамлакат ҳаётидаги ижтимоий, иқтисодий ва сиёсий соҳаларда туб бурилиш ва инқилобий ўзгаришлар даврини бошлаб берди.

Шавкат Мирзиёев шу қисқа давр ичида қўни-қўшнилар билан ўзъаро борди келди алоқаларини тиклаб, Ўзбекистоннинг халқаро имижи ва нуфузини яхшилади, уни дунё ҳамжамиятига яқинлаштирди.

Мамлакатда кейинги 27 йилда содир бўлган ноҳақлик ва адолатсизлик, тазйиқ ва қонунсизликларни очиқ ойдин эътироф этиб, одамларни ўзига ишонтира олди. 

Уларнинг қалбида ўзига ва сўзига нисбатан ишонч ва умид туйғуларини уйғотди…

 

2.

Биз бугун Каримов даврида ўз инсоний ҳуқуқини талаб қилиб, ҳақ ва тўғри сўзни айтгани, ҳур фикрга эга бўлгани учун ҳибсга олинган, уй қамоғига солинган ва хорижга қувғин қилинган давлат ва жамоат арбоблари, ижодкор ва зиёлилар, журналист ва сиёсатчилар, ҳоким ва министрлар, депутат ва сенаторларнинг рўйхатини тузиб, уларнинг салтанатдаги оғир ва аянчли мулозимлик қисматига назар ташлашга  қарор қилдик.

Ана шу таққослаш ва солиштириш орқали Каримов ва Мирзиёев даври орасидаги таъқиб ва тазйиққа, зулм ва зўрликка, хорлик ва хўрликка – бир сўз билан айтганда – тафовут ва фарққа, таъриф ва шарҳга яна бир бор синчковроқ ва ҳушёрроқ бўлиб разм солгимиз келди.

Каримов даврининг аччиқ ва аламли, оғриқ ва ситамли ҳақиқатларидан огоҳ бўлиб, Мирзиёев бугун Ўзбекистонда олиб бораётган ҳақпарварлик ва инсонпарварлик сиёсатининг адолат ва диёнат тамойиллари қадрига етишимиз, кечаги ва бугунги кун фарқига боришимиз учун ҳам бу жуда муҳим…

 

3.

Ўтган асрнинг тўқсонинчи йиллари бошида – Ўзбекистонда Президентлик бошқаруви жорий қилинган тарихий дамларда ўзбек давлатчилигининг илк тамал тоши қўйилишида баҳоли қудрат иштирок этган – Президент командасида ишлаган – Зелемхон Ҳайдаров, Георгий Крайнов, Равиль Абдуқодиров – (Ислом Каримовнинг ёрдамчилари), Раҳим Ражабов -(Биринчи ва охирги Давлат Котиби), Шукрилла Мирсаидов –  (Биринчи ва охирги Вице Президент), Жаҳонгир Ҳамидов -(Марказқўм котиби), Шаҳобиддин Зиёмов, Мавлон Умрзоқов, Бахтиёр Ғуломов, Бахтиёр Назаров, Аҳмаджон Мелибоев, Саъдулла Ҳаким, Усмон Азимов, Темур Алимов, Алишер Азизхўжаев, Тўхтапўлат Рисқиев – (Президентнинг давлат маслаҳатчилари), Оқил Салимов, Пўлат Ҳабибуллаев, Мирзаолим Иброҳимов, Шавкат Юлдошев, Эркин Халилов (Олий Кенгаш раислари), Мурод Шарифхўжаев, Илгизар Собиров (Сенат раислари), Ғайрат Қодиров, Мираҳмад Мирқосимов, Шукрилла Мирсаидов, Абдуҳошим Мўталов, Ўткир Султонов, Шавкат Мирзиёев (Бош вазир ва ҳукумат раислари), Ғулом Алиев, Рустам Иноятов, Ихтиёр Абдуллаев (КГБ, МХХ ва ДХХ раислари), Усмон Худойқулов, Бўритош Мустафоев, Рашид Қодиров (Бош прокурорлар), Зокиржон Алматов, Баҳодир Матлюбов, Адҳам Аҳмадбоев (Ички Ишлар  Вазирлари), Содиқжон Йигиталиев, Муҳаммад Бобир Маликов, Убайдулла Мингбоев, Абдусамад Полвонзода (Олий суд раислари), Убайдулла Абдураззоқов, Шаҳло Маҳмудова, Содиқ Сафоев, Элёр Ғаниев, Абдулазиз Комилов (Ташқи сиёсат маҳкамаси раҳбарлари), Исмоил Жўрабеков, Муҳаммаджон Қорабоев, Қаюм Ҳаққулов, Козим Тўлаганов, Бахтиёр Ҳамидов, Эркин Самандар, Ўктам Исмоилов, Рустам Азимов, (Бош вазир ўринбосарлари), Тўхтамиш Боймиров, Нодирбек Юсупбеков, Ислом Шоғуломов, Ганжа Ёқубов, Рустам Шоғуломов, Эркин Ҳайитбоев, Наим Ғойибов, Шавкат Алимов, Жўра Абдуллаев, Саидаҳрор Ғуломов, Рустам Аҳмедов, Қодир Ғуломов, Баҳодир Қосимов, Ўрайимжон Абдуғаниев, Равшан Ҳайдаров, Ботир Эргашев, Абдурафиқ Аҳадов, Алишер Мардиев, Файзулла Муллажонов – (Ҳукумат аъзолари ва министрлар), Шукрулло, Сарвар Азимов, Эркин Воҳидов, Одил Ёқубов, Пиримқул Қодиров, Абдулла Орипов, Аҳмаджон Мухторов, Шароф Убайдуллаев, Аъло Хўжаев, Ҳалима Худойбердиева, Сафар Остонов, Ирисмат Абдухолиқов, Муҳаммаджон Раҳмонов, Азамат Зиё, Шавкат Яҳёев, Мурод Муҳаммад Дўст, Абдусаид Кўчимов, Эркин Аъзам, Аҳмад Тожхўжаев, Нарзулла Жўраевлар – Каримов ва Мирзиёев даврини ўзъаро таққослаб, ажиб ҳайрат ва ҳасратларга ошно бўлсалар, не ажаб.

Яшириб нима қилдик, бу рўйхатдагиларнинг аксарияти Каримов яккаҳокимлиги, жоҳиллиги ва бежилов ҳатти ҳаракатини ўз шахсий ҳаётида яхшигина синаб кўрган, емаган сомсага пул тўлаб, сабаб ва бесабаб жоҳиллик қурбони бўлган, таъқиб ва тазйиққа учраган давлат мулозимларидир…

 

4.

1990 йилда шаклланган Ўзбекистон Олий Кенгашининг депутатлик корпусида ҳам Каримовнинг қуюшқонга сиғмас табиати, яккаҳокимликка ўчлиги, қасоскор ва жоҳиллигини ўз танасида синаб кўрган халқ ноиблари талайгина эди.  

Тарихда республика Президентини сайлаган, Ўзбекистон давлатини мустақил деб эълон қилган Олий Кенгашнинг биринчи парламенти ўзидан кейин сайланган беш парламент ва сенатлардан фарқли ўлароқ ҳақиқий демократик ва ҳур фикрли парламент сифатида шубҳасиз тарихда қолади.

1990 йилда шаклланган 500 кишилик Олий Кенгашнинг депутатлик корпусида – мутлақо бошқа олам ҳукмрон эди. Демократик руҳ ва ҳурфикрлик, минг афсуски, ўша биринчи парламент билан бирга тарих саҳифаларида абадул абад қолиб кетди.

Ўша тарихий парламент депутатлари орасида кейинги мустақиллик йилларида Ўзбекистоннинг сиёсий ва ижтимоий саҳнасидан тамомила уриб юборилган – ҳибс ва ҳақоратга, зулм ва жаҳолатга, қувғин ва муҳожиратга бадарға қилинган Муфти Муҳаммад Содиқ Муҳаммад Юсуф, Шерали Жўраев,  Юлдуз Усмонова, Ҳалима Худойбердиева, Фаррух Зокиров, Нурали Қобул, Дадахон Ёқубов ва Карим Баҳриев каби таниқли дин пешволари, адабиёт ва санъат вакиллари, ижодкорлар бор эди. 

Кейинчалик сирли ўлим топиб бу дунёдан армон билан ўтиб кетган Алижон Қўчқоров, Шовриқ Рўзимуродов, Тойиба Тўлаганова, Иномжон Турсунов ва бошқа ўнлаб депутатлар ҳам ўша шонли ва суронли йилларда “Биринчи парламент аъзоси” деган улуғ ва муқаддас номга эга эдилар…

  

5.

Мустақилликнинг дастлабки машаққатли йилларида вилоятларга раҳбарлик қилган Алихон Отажонов, Темур Хидиров, Озод Пармонов, Шуҳрат Бегматов, Бахтиёр Ҳамидов, Нуриддин Зайниев (Қашқадарё), Дамир Ёдгоров, Самойиддин Хусенов (Бухоро), Ҳаким Бердиев, Жўра Норалиев, Бахтиёр Олимжонов, Тошмирзо Қодиров, Абдулҳаким Эшмуродов (Сурхондарё), Пўлат Абдураҳмонов, Тошбўри Қиличев, Баҳриддин Рўзиев, Рустам Холмуродов, Мамаризо Нурмуродов, Ўктам Барноев (Самарқанд), Эркин Турсунов, Алишер Тошкентбоев, Шавкат Мирзиёев, Убайдулло Ёмонқулов, Маҳмуджон Холбўтаев (Жиззах), Анатолий Ефимов, Ҳаёт Ғаффоров, Ғайбулло Дилов, Абдухолиқ Айдарқулов (Навоий), Александр Клепиков, Ботир Маҳмудов, Ғулом Хасанов, Ўктам Исмоилов, Равшан Ҳайдаров, (Сирдарё), Қаюм Холмирзаев, Саъдулло Бегалиев, Қобилжон Обидов, Аҳмаджон Усмонов (Андижон), Ғулом Фозилов, Мирзажон Исломов, Алишер Отабоев (Фарғона), Ботирали Ҳакимов, Бургутали Рапиғалиев, Тўлқин Жабборов, Икромхон Нажмиддинов (Наманган), Риммажон Худойберганова, Маркс Жуманиёзов, Искандар Юсупов, Ислом Бобожонов (Хоразм), Уббиниёз Аширбеков, Ражаббой Юлдошев, Даулетбой Шамшетов, Темур Камолов (Қарақалпоғистон республикаси), Солижон Мамарасулов, Сайфулло Саидалиев, Мирзамурод Икромов, Эркин Рўзиев, Козим Тўлаганов, Аҳмаджон Усмонов (Тошкент вилояти), Рустам Шоабдураҳмонов, Адҳамбек Фозилбеков, Козим Тўлаганов (Тошкент шаҳри) ҳокимларининг номи Мустақил Ўзбекистон давлатчилиги  тарихидан тамомила ўчириб юборилди.

Уларнинг аксарияти Каримовнинг қаҳрига йўлиқиб, ишдан урилди ва алал оқибат хорлик ва зорликка мубтало бўлди.

Баъзилари вафот этганида давлат ва ҳукумат томонидан ҳатто икки оғиз оддийгина таъзияга ҳам раво кўрилмади. Ҳолбуки улар Мустақилликни қўлга киритиш ва Ўзбекистон давлати ташкил этилишида Президент Каримов билан бир сафда туриб юрт равнақи ва бахт саодати йўлида баҳоли қудрат хизмат қилган эдилар. Бир сўз билан айтганда бу мулозимлар  Истиқбол пойдеворини Президент билан бирга қурган, лекин рўшноликка етмаган арбоблар эди. Каримов ҳатто ўзи билан Мустақиллик пойдеворини бирга қурганларни ҳам аямади. Бу жоҳиллик механизми шундай қурилдики, унинг гирдобида шўрлик мулозимлар бир бирини жаҳаннамга қараб тортиб кетаверди… 

Булар – Каримов командаси аъзолари, у билан бирга ишлаган давлат мулозимлари эди. Хўш, Каримов сафдошларининг аҳволи шундай бўлса, унинг рақиб ва мухолифларининг ҳоли қандай кечди?

 

6.

Ўзбек мухолифатининг аҳволи жуда абгор бўлди. Улар 27 йилдан бўён асосан ҳибс ва хорижда ушлаб турилди.

Бир пайтлар Каримов диктатурасига қарши чиққан Ўзбекистон Олий Кенгаши депутатлари Шовриқ Рўзимуродов, Тойиба Тўлаганова, Иномжон Турсунов ва Алижон Қўчқоровларнинг тўқсонинчи йиллардаги сирли ва синоатли ўлимлари, Бош вазир Шукрилла Мирсаидовнинг Ўзбекистон тарихида мисли кўрилмаган таъқиб ва тазйиққа олиниши, Ўзбек мухолифати лидери, Ўзбекистон халқ депутати Муҳаммад Солиҳ, “Бирлик” халқ ҳаракати раиси, техника фанлари доктори Абдураҳим Пўлатов, Олий Кенгаш қошидаги Ошкоралик Қўмитаси аъзоси, журналист Жаҳонгир Маматов, Олдин Олий Суд раиси ва Адлия вазири бўлган, сўнг Ўзбекистоннинг АҚШдаги элчиси этиб тайинланган Муҳаммад Бобир Маликов, “Ўзбекдон” Акциадорлик жамияти раиси Олим Отаев, Фарғона прокурори, сўнг вилоят ҳокимининг биринчи ўринбосари бўлиб ишлаган Ўзбекистон халқ депутати Авазхон Мухторов ва бошқа таниқли мулозим ва мухолифат фаолларининг Ватанни тарк этишга мажбур бўлиши – мавжуд тузумнинг давлат ва ҳукумат арконларидаги ўз позициясини мустаҳкамлабгина қолмай, балки уларнинг 27 йилдан бўён ҳокимиятда қолишига – Каримов диктатурасини давом эттиришга яхшигина асос ва замин ҳам яратди.

Бу орада мамлакатда Каримовга, унинг “бутун дунё ҳавас қиладиган инсонпарварлик сиёсати”га ҳурмат ва эҳтиром, Президент мухолифлари бўлмиш – “Ватан хоинлари”га эса – нафрат ва интиқом руҳида ўсиб улғайган каттакон бир авлод вояга етди, камол топди.

Боғчадан то қабрга қадар – порахўрлик ва кўзбўямачилик урф бўлган, қип-қизил ёлғон ва алдовлар устига қурилган – қўрқитиш салтанати барпо этилди. “Усти ялтироқ ва ичи қалтироқ”  – “Келажаги буюк давлат” ташкил топди.

Эл-у, юртнинг ойдинлари, тўғри сўз ва ҳур фикрли бўғинлари – зиёли ва ҳаёлилар таъқиб ва тазйиққа учраб, жиноят оламига алоқадор бўлган ўғри ва муттаҳамлар, риёли ва ҳаёсизлар давлат ва ҳокимият рутбаларини эгаллаб олди.

Эркин матубот бўғилди – кўзлари ўйилиб, тиллари кесилди. Ҳур фикрнинг йўли тўсилди! Бугун ўзбек матбуотида энг сўнгги фелеътоннинг эълон қилинганига ҳам 27 йил бўлиб қолди. Ўзбек матбуоти ўзбек халқи учун қамишдан бел бойлаб, астойдил хизмат қилишини Мирзиёев даврида ҳам истамайдиган, ҳануз Каримов даврни қўмсаб, соғиниб юрган лўттибоз мулозимлар бор бугунги Ўзбекистон Олий раҳбариятида. 

Бу фожеларнинг ҳаммаси – мамлакатда соғлом ва нуфузли мухолифат йўқлигидан, унинг  туғилган заҳоти – бўғилганидан далолатдир… 

 

7.

Мана ўша – тўқсонинчи йиллардаги ўзбек мухолифатининг баъзи намоёндалари рўйхати:

Бек Тошмуҳамедов, Эркин Воҳидов, Зоҳид Ҳақназаров, Муҳаммад Бобир Маликов, Отаназар Орипов, Дадахон Хасан, Гулчеҳра Нуруллаева, Рауф Парфи, Мамадали Маҳмудов, Тошпўлат Йўлдошев, Абдураҳим Пўлатов, Шоди Каримов, Холиқназар Ғаниев, Алибой Йўляхшиев, Абдулла Абдуқодир, Васила Иноятова, Исмоил Дадажонов, Акбарали Орипов, Анвар Усманов, Шуҳрат Исматиллаев, Дилором Исҳоқова, Абдуманноб Пўлатов, Носир Зокир, Абдулазиз Маҳмудов, Ҳазратқул Худойбердиев, Пўлатжон Охуновларнинг деярли ҳаммаси у ёки бу ясама ва ёлғон айблар билан маҳкамага тортилдилар, ҳибс ва хорижга бадарға этилдилар.

Ўзбекистон Олий Кенгашида Президент диктатурасига қарши бош кўтарган халқ ноиблари – Самандар Қўқонов, Муҳаммад Солиҳ, Мурод Жўраев, Алижон Қўчқоров, Мели Қобулов, Шуҳрат Нусратов, Тойиба Тўлаганова, Шовруқ Рўзимуродов, Ойгул Маматова, Иномжон Турсунов, Абдувоҳид Паттаев, Жаҳонгир Маматов, Насрулло Саидов, Карим Баҳриевларнинг депутатлик қисматидан кейинги тақдири аянчли ва фожеали бўлди…

 

8.

Мен ана шу тарихий дамларда бир неча йил давомида  мамлакат бошқарувчисининг ёнида бўлдим. Унинг бевосита орбитасида туриб, давлат раҳбарининг қасоскор табиати ва бежилов ҳатти ҳаракатини яқиндан кузатиш менга насиб этди. 

Таъбир жойиз бўлса, мен ўша пайтда Ўзбекистон сиёсат қозонида Президент командаси ва Олий раҳбарият билан сумалак тошидай бирга қайнаганман, мустақилликнинг иссиқ ва совуғини бирдай бошдан кечирганман. 

Эгаллаб турган хизмат вазифамдан ташқари, Президент билан шахсий яқинлигим туфайли ана шу тарихий жараёнларга бевосита аралашишимга тўғри келган.  

Ана шу аралашув ва ана шу гувоҳлик менга бугун ўша тарихий дамлар ва унга бевосита алоқадор бўлган Президент орбитасидаги одамларнинг кейинги дардли ва ситамли, аччиқ ва аламли қисмати ҳақида гапириш ҳуқуқини беради.

Фикримнинг исботи сифатида мен Каримов даврида давлат раҳбарининг ғазабига учраб, у ёки бу баҳонаи сабаб билан ўз вазифасидан озод қилинган ва алал оқибат ҳибсга олинган давлат ва жамоат арбобларининг рўйхатини тузишга ҳаракат қилдим…

(Давоми бор)

 

Исмат Хушев,

“Дунё ўзбеклари” Бош муҳаррири,

12-17 декабрь, 2018 йил, Торонто шаҳри, Канада…

 

 

“Дунё ўзбеклари” учун махсус

Leave a Reply
*