Menu
Categories
АННА АХМАТОВА ИЖОДИ — Аҳли Расул Муҳаммаднинг таржимаси билан танишинг
09/06/2019 Адабиёт

АННА АХМАТОВА — Аҳли Расул Муҳаммад таржимасида

***
Видолаша олмаймиз сира,
Судраламиз елкама-елка.
Қош қорайиб кўк тортар хира,
Сен ўйчану мен сассиз кўлка.

Калисога кирамиз. Манзар:
Ҳамду сано, чўқиниш, никоҳ…
Ва чиқамиз, солмаймиз назар,
Бизда бари бошқача, эвоҳ…

Қабр ёни – қорга тиззалаб
Енгил нафас оламиз – ёҳу-у-у…
Сен ҳавога бир уй чизасан,
Унда икков яшаймиз мангу…
(1917).

***
Кулишни мен бас қилдим буткул,
Совуқ шамол дудоғим ўпар.
Битта умид ёниб бўлди кул,
Битта қўшиқ энди кўпаяр.

Бу қўшиқни мен ихтиёрсиз
Маломату таҳқирга қордим.
Муҳаббатим сукутда ёлғиз,
Руҳим ичра бедаво дардим…
(1917)

***
Сен ҳар доим сирли ва янги,
Мен тобора сомеъ – синаман.
Сенинг муҳаббатинг жаранги
Темир ва оловда синалган.

Тақиқладинг куй ва кулгуни,
Сиғинишни ман этдинг буткул.
Сен-ла бўлсам басдир тун-куни,
Қолганлари мен учун бир пул.

Ер ва Кўкка бўлиб номаҳрам
Яшаяпман куйламасдан шод.
Эҳ, жаннату дўзахлардан ҳам
Айладинг сен руҳимни озод!
(1917).

***
Жосус билан майхона
ёнидаги жарликда,
маҳбус билан юк мошин
бортидаги харакда,
ёвқур қўрбоши билан
қуюқ туман чоғида
Москва-реканинг намчил
майсазор қирғоғида
бўлдим бир-бир, армонсиз.
Ҳамма билан бўлдим мен!
Ниҳоят ўзим билан
ўзим қолиб сўлдим мен…
(1946).

***
Маломатдан уялай нега,
Ўзгаларни айблай нечун?
Сен шармли ўлим бер менга
Шармандали ҳаётим учун…
(1946).

“Дунё ўзбеклари” редакция почтасидан

"1" Comment
  1. Равшан

    Зур чикипти! Ахматовани узи укигандек укидим очиги! Абдурасул акадан янги ва янги ижодларни кутиб коламиз! Шеърият уммонида марварид келтирган ижодкор акамизга Аллох мухаббати булсин!

Leave a Reply
*