Menu
Categories
62 яшар ўқитувчи ўқувчи қизни “репетиторлик” баҳонасида зўрлаб келган…
09/06/2019 Бош мақола

62 яшар ўқитувчи ўқувчи қизни “репетиторлик” баҳонасида мунтазам зўрлаганликда гумонланмоқда


Озодлик гаплашган олтинсойлик қиз¸ 15 ëшидан бошлаб ўзининг 60 дан ошган ўқитувчи томонидан синф хонаси ва лабораторияда муттасил зўрланганини иддао қилди.(Иллюстратив сурат)
Озодлик гаплашган олтинсойлик қиз¸ 15 ëшидан бошлаб ўзининг 60 дан ошган ўқитувчи томонидан синф хонаси ва лабораторияда муттасил зўрланганини иддао қилди.(Иллюстратив сурат)

Сурхондарё вилояти Олтинсой тумани ҳуқуқ тартибот органлари 62 яшар химия ўқитувчисининг ўқувчи қизни бир ярим йил давомида мактаб ҳудудида мунтазам жинсий зўрлаб келгани юзасидан тергов олиб бормоқда.

(Ўқувчи қиз ва ўқитувчининг исми Озодликка маълум, лекин тергов сири важидан таҳририят буни очиқламайди.)

Туман ички ишлар бўлими терговчиси Озодликка мазкур ҳолат юзасидан Ўзбекистон Жиноят кодексининг 128-моддаси ( ўн олти ёшга тўлмаган шахс билан жинсий алоқа қилиш) бўйича жиноят иши қўзғатилгани ва дастлабки тергов ҳаракатлари олиб борилаётганини айтди.

Ўз ўқувчисини жинсий зўрлашда гумонланаётган ўқитувчи ишдан бўшатилган ва унинг 60 ëшдан ошгани эътиборга олиниб ¸ қамоқ эҳтиёт чораси қўлланмаган.

Ўзининг 62 яшар химия ўқитувчиси томонидан мактаб ҳудудида 1¸5 йил муттасил зўрланганини иддао қилган ўқувчи қизнинг Озодликка айтишича, зўрлашлар силсиласи 2017 йил сентябридан 2019 йил мартига қадар давом этиб келган.

– Домла менга ароқ ичирар эди, химия лабораторияси хонасига мажбурлаб киритиб, зўрлар эди

– Домла менга ароқ ичирар эди, химия лабораторияси хонасига мажбурлаб киритиб, зўрлар эди. Баъзида кун ора, баъзида уч кунда бир. Айрим пайтлари дарсдан чақиртириб олиб, шу ишни қилар эди. Лаборатория хонасига кириш мен учун азоб эди. Биринчиси 9-синф бошларида бўлди. “Олимпиадага тайёрлайман”, деб мени мактабда олиб қолди. Ўшанда алдаб ароқ ичирди, зўрлади. “Уйдагиларга айтма, айтсанг мактабдан ҳайдаласан, ҳеч кимга керагинг бўлмай қолади”, деган гапларни айтиб қўрқитди. Қўрқиб¸ мен ҳам буни ичимда сақлаб келдим, – деди сурхонлик ўқувчи қиз Озодлик билан 5 сентябрь кунги суҳбатда.

Озодликка гапирган онанинг айтишича, шу йил март ойида қизининг қўлида қиммат телефон ва пуллар пайдо бўлгани уларда шубҳа уйғотган.

Репетиторлик қиламан, деганига ишониб топширган қизимизни зўрлаб келган экан

– “Қаердан олдинг”, десам “химия ўқитувчим берди”, деди. “Нимага беради”, деб тагини суриштириб бошлаганимиздан кейин бу ёрилди. Химия ўқитувчиси номусига тегиб, зўрлаб келганини айтди. Репетиторлик қиламан, деганига ишониб топширган қизимизни зўрлаб келган экан, – деди онаси.

Қизнинг онаси кейин мактаб маъмурияти ва ички ишлар бўлимига арз қилгани, жинсий зўравонлик ҳолати бўлганлигини аниқлаш учун тиббий экспертиза ўтказилганини айтди.

– Экспертиза қилишди. Экспертиза қизлиги олинганини кўрсатди. Экспертиза қилган шифокор юздан ортиқ марта алоқа қилинган бўлишини айтди бизга.

Қизнинг қариндошлари тилга олинган бу экспертиза ҳужжатларининг туман ички ишлар бўлимида экани боис уларни Озодликка тақдим эта олмасликларини айтишди.

Айтилишича¸ ўз ўқувчисини жинсий зўрлашда гумонланаётган ўқитувчи шу йилнинг май ойида ишдан бўшатилган.

Қиз ўқиётган мактаб директори Озодликка химия ўқитувчиси ўз ихтиёри билан бўшаб кетганини айтди.

– Мана шу гап чиққанидан сўнг, у киши келди, “туҳматга қолдим” деди, “мен чидай олмайман, бу ҳолатда ишлай олмайман”, деб ариза ёзиб кетди. Биз уни бўшатганимиз йўқ. Чунки ҳали суд бўлгани йўқ, у гумонланувчи холос. Ўзи кетди. Лекин, бу қизимиз ўқияпти, нима бўлганини аниқлаш милицияни иши, мен бошқа ҳеч нарса айтолмайман, – деди мактаб директори.

Шахснинг ўн олти ёшга тўлмаганлиги айбдорга аён бўлган ҳолда у билан жинсий алоқа қилиш ёки жинсий эҳтиёжни ғайритабиий усулда қондириш, аксар мамлакатларда педофилия деб таснифланадиган оғир жиноят саналади.

Аммо 2017 йили жиноят учун жазони либераллаштириш доирасида Ўзбекистон Жиноят кодексига киритилган ўзгартишларга кўра, бундай жиноят уч юз олтмиш соатгача мажбурий жамоат ишлари ёки икки йилгача ахлоқ тузатиш ишлари ёки бир йилдан уч йилгача озодликни чеклаш ёхуд уч йилгача озодликдан маҳрум қилиш билан жазоланади.

Бу жиноят такроран ёки хавфли рецидивист томонидан содир этилган бўлса, ​уч йилдан беш йилгача озодликни чеклаш ёхуд уч йилдан беш йилгача озодликдан маҳрум қилиш билан жазоланади.

Ўзбекистонда вояга етмаган қизларни зўрлаш фактларига оид Озодликка келаëтган хабарлар кейинги йилларда кўпайиб бормоқда.

Сирдарë вилоят, Ширин шаҳрида 57 яшар С.Р. ўз қўшнисининг уйига девор ошиб кириб, 15 яшар қизни калтаклаб, зўрлагани ҳақидаги ариза шаҳар Ички ишлар бўлимида қайдга олингани ҳақда 3 сентябрь куни Озодлик хабар берган эди.

Ўтган ой бошида эса Қўшработда 82 яшар қарияга нисбатан 9 яшар қизни зўрлаганликда гумон қилиниб, жиноят иши очилди.

Ўтган йилнинг ноябрида Фарғона вилоят, Бешариқ туманида икки маҳаллий тадбиркор 13 яшар қизнинг номусига тегишда айбланиб судга тортилган эди.

Хоразм вилоят, Қўшкўпир туманида 7 яшар қизчани зўрлагани ортидан ҳибсга олинган 28 яшар йигит узоқ муддатли озодликдан маҳрум қилиш жазосига ҳукм қилинган эди.

Энг шов-шувли воқеа эса 2017 йил декабр ойида Андижон вилоят, Бўз туманидаги мактаблардан бирида бўлган эди.

30 яшар мусиқа ўқитувчиси 1- синф ўқувчисини дарсдан кейин олиб қолиб, унга жинсий тажовуз қилганликда айблангани ҳақида Озодлик хабар берганэди.

ОЗОДЛИК

Leave a Reply
*