Menu
Categories
Бахтиёр Шоҳназаров: Яккаҳоким “O’zbekiston havo yo’llari” ҳақида
09/10/2019 Бош мақола

Яккаҳоким “O’zbekiston havo yo’llari” ҳақида

Ижтимоий тармоқлар яна “Ўзбекистон ҳаво йўллари” яккаҳокимлигидан ғазаби қўзғаганларнинг ҳикоя ва шарҳлари билан қизимоқда.

“Ҳаво йўллари”дан Демократия ва инсон ҳуқуқлари институти директори, Ўзбекистон Республикаси президенти ҳузуридаги маслаҳат кенгани аъзоси ҳурматли Сайёра Ходжаева ҳам насибасини олибди. У кишининг жомадони Бишкекка етиб келмагани камлик қилганидек, қўлида бизнес классга чиптаси бўлишига қарамай, сабабини тушунтирмай, эконом классдан ўриндиқ беришибди.

Мен тўрт йилдан ортиқ даврдан бери Торонтодаги “Портер” ҳаво йўлларида йўлчиларга хизмат кўрсатиш ходими бўлиб ишлаяпман (Porter Airlines, Customer Service Representative). Агар йўлчининг юки ўзи келган рейсда етиб келмаса, дарров форма тўлдириб, расмийлаштирамиз. У учган аэропорт билан боғланиб, юк нега келмаганлигини аниқлаймиз.

Кўпчилик ҳолатларда, йўлчи учоққа минган аэропортдан рейс Торонтога етиб келмасдан олдин кимнинг юки қолиб кетгани, сабаби ва уни қачон жўнатишлари ҳақида билги етиб келади. Биз эса йўлчи билан боғланиш билгилари, турар жойини ёзиб олиб, юк етиб келган уни йўлчи кўрсатган манзил қаерда бўлишидан қатъи назар, текинга етказиб берамиз.

Сайёра опанинг бошига тушган ҳолат юзага келганида йўлчига қандай кундалик эҳтиёж буюмлари ёки кийим кечак сотиб олиши мумкинлигини тушунтириб, уларнинг пулини қайтариб беришимизни билдирамиз. Бундан ташқари, агар жомадонга зарар етказилган бўлса, уни ё тузаттириб берамиз, ё ўрнига айни қийматдаги бошқасини таклиф қиламиз ёки пулини тўлаймиз, ёки маълум миқдордаги пулни кейинги учишларида фойдаланиши учун файлига киритиб қўямиз.

Бундан ташқари, Канадада 15 июлдан кучга кирган ҳаво йўллари йўлчилари ҳуқуқларини ҳимоя қилиш тўғрисидаги янги қонунга кўра, йўлчига етказилган ноқулайлик учун товон пули ҳам тўлаш кўзда тутилган. Миқдорлар эски қонунга нисбатан анча ортди.

Агар бизнинг айбимиз билан рейс бир соатдан кўпроқ вақтга кечикса, янги қонунга кўра, ҳар бир йўлчига 200 доллар ҳақ тўланади. Агар кечикиш икки соатдан тўрт соатгачани ташқил қилса, бу ҳақ 400 доллардан бошлайди.. Ундан кўпига 600 доллардан бошланган ҳақ тўланиб, зарур бўлса меҳмонхонадан бепул жой-берилади. Озиқ-овқат ва такси харажатлари қопланади.

Мен икки йил олдин “Эйр Франс” ҳаво йўлларида Торонтодан Париж орқали Истанбулга учгандим. Юким етиб келмаган. Авиакомпания ходимлари менга 120 еврогача ўзимга зарур буюмлар сотиб олишим мумкинлиги, квитанцияларни тақдим қилиб, сарфлаган пулимни қайтариб олишим мумкинлигини тушунтиришган.

Юким орадан тўрт кун ўтгандан кейингина мен қолаётган меҳмонхонага бепул етказиб берилган.

Кейинчалик, сотиб олган буюмларимнинг 220 евролик квитанциясини тақдим қилганман. Индамасдан, ҳамма пулни қайтариб беришган.

Ўтган йили сентябр ойида юртимга қилган сафарим сўнггида “Ўзбекистон ҳаво йўллари” рейси билан Лондонга учдим. Юким Ҳитрўу аэропортига етиб келмади. Мен дарров авиакомпания вакилини топиб, унга юким келмаганини, транзит йўлчи ўлароқ эртасига Торонтога учишим зарурлигини билдирдим. Юкимни икки кундан кейин уйимга етказиб беришди.

“Ўзбекистон ҳаво йўллари” ҳам йўлчи ташиш бўйича халқаро конвенцияга қўшилган. Шунинг учун, Ходжаева хонимга етказилган зарурни қоплаб бериши зарур. Фақат, бунинг учун йўлчининг ўзи ҳуқуқини билиши керак.

Иак даври Ўзбекистонида, 1993 йили бўлса керак, ҳаво йўллари ва темир йўлларга нисбатан давлат монополиясини сақлаб қолиш тўғрисида қонунлар қабул қилинган. Яккаҳокимлик оқибатида учоқлар сотиб олиш, аэропортларни реконструкция қилиш учун ўтказилган “тендер”ларда неча миллион доллар бўнак бир қанча амалдорлар чўнтагига тушганини қўятурайлик, чипта сотишларнинг ўзи ҳам чайқов бозорига айланди.

1990-йиллар бошларида дунёдаги бир неча етакчи авиакомпаниялар Тошкентга учарди. Лекин, 1996 йили иак конвертацияни ёпиб қўйгач, улар рейсларини тўхтатиб, қўшни Бишкек ва Алматига ўтиб кетишди.

Ҳозирги кунда қўшни давлатлардан учиш Ўзбекистондан учишга нисбатан икки бараваргача арзонга тушади.

Яккаҳоким туфайли Қўқон, Жиззах, Сариосиё, Тўрткўл каби ўнлаб аэропортлар йўлчи ташиш учун ёпиб қўйилиб, ўша минтақада яшовчилар ҳаво йўллари орқали тезда манзилларига етиб олиш ҳуқуқидан маҳрум қилинди.

Ҳаво йўллари қонуний яккаҳокимлигини тугатиш учун ҳаммамиз “лобби” қилишимиз, Олий Мажлис ва ҳукуматга сасимизни етказишимиз керак. Ана шундагина ҳар бир йўлчи учун ҳақиқий кураш бошланиб, “Ўзбекистон ҳаво йўллари” косаси синишига олиб келиши муқаррардир.

Бахтиёр Шоҳназар
Канкун, Мексика
Leave a Reply
*