Menu
Categories
Аҳмад Турон ижодидан: Юзлари ой, тенгсиз чирой, Сен қайдасан, мен қайдаман
09/14/2019 Маданият ва Санъат

Қайдасан
Юзлари ой, тенгсиз чирой,
Сен қайдасан, мен қайдаман.
Қошлари ёй, сўзлари мой,
Сен қайдасан, мен қайдаман.

Ўртамизда хижронмиди,
Мен билмаган гумонмиди,
Майдонмиди, давронмиди,
Сен қайдасан, мен қайдаман.

Кўриндингу кетдинг қочиб,
Хаёлларим қолди шошиб,
Умидларим кетдинг сочиб,
Сен қайдасан, мен қайдаман.

Висолингдан армон қолди,
Сенсиз нурсиз замон қолди,
Бори умрим ютиб олди,
Сен қайдасан, мен қайдаман.

Баҳор келмай қиш бўлдими,
Гулим очилмай сўлдими,
Паймоним зумда тўлдими,
Сен қайдасан, мен қайдаман.

Чўкмоқдаман уммон аро,
Куним қаро, туним қаро,
Тўхтамоқда юрак яро,
Сен қайдасан, мен қайдаман.

Сенсиз бўлмас олам, замон,
Бу дунёга келар қирон,
Мозорига кетар Турон,
Сен қайдасан мен қайдаман.
3/2/07

Керак эмас

Керак эмас юлдузлар,
Шахло кўзинг бўлса бас.
Кимдир дунёни излар,
Менга сўзинг бўлса бас.

Демасман тўлин ул ой,
Юзингни кўрмоқ шараф.
Тенги йўқдир бу чирой,
Қиё боқсанг мен тараф.

Гуллар атри керакмас,
Сен ўзинг дона гулсан.
Менинг бахорим кетмас,
Бир бора шодон кулсанг.

Бир ўзинг менчун олам,
Борлигинг менга хавас.
Ол ёруғ дунёни ҳам,
Сенинг билан бўлсам бас.

Керак эмас самолар,
Кўнглинг менга самодир.
Аршдан тушса санолар,
Бўлмас сендай сано бир.

Менга ҳаёт керакмас,
Турон ҳаёти сенсан.
Буюр олмай бир нафас,
Жoним мамоти сенсан.

Нима

Нима эрур асли вақт,
Кутмасликми кутишми.
Тоқатсизлик ё тоқат,
Мангуликка кетишми.

Нима эрур бу замон,
Ўтмишми келажaкми.
Нечун зулмкор ҳамон,
Шундайин қолажaкми.

Нима асли бу олам,
Дунё-йўқлик ё борми.
Ocмoн чексизми қатлам,
Нина учидан торми.

Ўзим аслида кимман,
Не экан бугун фаслим.
Ўзига тилсим бўлган,
Одамзод эpуp наслим.

Нима асли бу одам,
Одам Ато фарзанди.
Ўгай қилган жaннат ҳам,
Ер юзида асранди.

Қалбида вахм елар,
Авлиё, хўжа, шохдан,
Нега қўрқмайди эллар,
Яратган бир Оллохдан.

Хақ йўлин тутгил Турон.
Яхшилик айла доим.
Сен хам беш кунлик мехмон,
Сохибинг бир Худойим.

Этдим

Оллоҳ менга ҳаёт берди ҳароб этдим,
Умидларим орзуларим сароб этдим.

Ота-онам ўстирдилар кўп авайлаб,
Оққан дарё каби қадрини об этдим.

Вафодорим ташлаб ҳижрон ўти аро,
Сабрин адо айлаб ичган гулоб этдим.

Ўйин кулгу бўлди асл ҳамроҳларим,
Шайтон йўлин тутишликда шитоб этдим.

Яxшиларнинг ўгитларин қилмай малҳам,
Донишларга ҳайвон каби ҳитоб этдим.

Бир мирига ёқалашиш одат бўлди,
Кунларимни ҳар бозори Сиёб этдим

На бир мачит, на бир мактаб бино этдим,
Одамларга на яxшилик савоб этдим.

Турон умр оҳирлари келди бy кун,
Надоматким бесамарга нисоб этдим.

8/12/09

Ҳалқингни тўйдир

Сўзларим териб ипга,
Шеър ёзаман билгандай.
Ётаман қараб шипга,
Сўнг катта иш қилгандай.

Дема бу сўзни шеър, ҳой,
Кичиккина бир ҳамса ёз.
Сўз топма, дафтарда жoй,
Етмайин изла қоғоз.

Ҳориб-чарчаб қоламан,
Тўртта дўстга бериб ош.
Оламга жap соламан,
Ҳотамга бўлгандай бош.

Ўз ўзингга ош қилсанг,
Бу қандайин ҳам тўйдир,
Ўзингни Ҳотам билсанг,
Бутун ҳалқингни тўйдир.

Ватан

Маҳаллада Ватан-уй,
Аёлинг ҳам фарзанддир.
Уйим дейсан – бошда ўй,
Боғим бўлса чаман бир.

Қишлоқда кўча-Ватан,
Маҳалла бўлган азал.
Узоқлардаги ҳешдан,
Яқинда қўшни афзал.

Тyмaнга чиқсанг гўшанг,
Қишлоғинг қучоғида,
Татимас ичсанг кўчанг,
Айро тушган чоғида.

Тошкентга борсанг Ватан-
Вилоятинг ҳудуди,
Бўлсайди учар саман,
Учсанг, тортар вужудинг.

Мусофир бўлсанг агар,
Азиз – Ватаннинг нони.
Юрак соғиниб кетар,
Она Ўзбекистонни.

Учсанг ўзга саёра,
Ватан эрур Ер шари,
Узоқ Галактик аро,
Ватан-Қуёш чамбари.

Ватан-ўзингсан Турон,
Вужудинг тутган қалам.
Тарк айласанг бу жaҳон,
Ватандир икки олам.

Тил

Она тилинг-Онангдир,
Ўргатган бешигингда.
Боболаринг, отангдир,
Юрган уй-эшигингда.

Тил-оила, қариндош,
Биродаринг, ёру-ҳеш.
Дардлашиб бўлган сирдош,
Бирга бўлган эрта кеч.

Йўқотмагил забонинг,
Асрагил гўё жoнинг.
Тилинг унитган онинг,
Йўқoлгай онажoнинг.

“Дунё ўзбеклари” редакция почтасидан

Leave a Reply
*