ЎҚИНГ!!!
Жуда кўп ёш журналист, филолог кадрлар саводсиз! Айниқса ТВ ва радиода ишлайдиганлар матн ёзганда эга ва кесимни жойига қўйиб, битта жумла ҳам тузолмайди. Яқинда бир кишининг китобини бир йигитга берсам – ғирт тескари таҳрир қилиб чиқибди. “Анқо”ни “анқов”, “тариф”ни “таъриф”, “кампания”ни “компания” қилиб сўзларни бузиб, гапнинг маъносини бузиб юборган! Буларга пароним сўзларни ўқитишадими ё йўқми?! Шунинг учун қолганлар ўргансин деб энг зарур сўзларни изоҳлайман!!!
1. Анқо – афсонавий қуш (Семурғ, Ҳумо, Самандар, Қақнус каби). “Анқов” эса бошқа нарса, гўл одам, лақма, овсар, лалайган деган маънони беради.
2. Абзал – отни миниш ва жиловлашдаги жиҳозлар. “Афзал” бошқа нарса, туззукроғи, яхши, фузулийси деган маънони беради.
3. Тарих – ўтмишдаги воқеа ва ҳодисалар ҳақида ижтимоий фан. “Таърих” эса бошқа нарса. Таърих – классик адабиётда абжад ҳисобида муҳим санани ҳарфлар билан ифодалашдир.
4. Азим — жуда катта, улкан, йирик, буюк. “Азм” эса қатъий қарор, жазм деганидир.
5. Алпоз – вазият, ҳолат, аҳвол, шароит маъносини беради. “Алфоз” эса умуман бошқа нарса. Алфоз – лафз билан боғлиқ сўз. Яъни “шу алфозда гапирди! Ёки “шу алфозда ўқиди” деса бўлади.
6. Арпа – буғдойсимон ўсимлик. “Арфа” эса мусиқий чолғу асбоби.
7. Охир – сўнг, тамом, тугалланиш маъносини беради. “Охур” эса ҳайвонлар хашак ва ем ейдиган мослама.
8. Баён – бирор воқеани сўзлаб бериш, ифодалаш. “Боён” эса бойлар, киборлар дегани.
9. Ганж – бойлик, хазина. “Ганч” эса қурилишда ишлатиладиган албастерга ўхшаган модда.
10. Даъво – иддао қилиш, ўз ҳақиқатини олға суриш. “Даво” эса шифо ва тузатиш маъносидадир.
11. Суръат – бу жараён, алпоз, ҳолат, вазият. “Сурат” эса картина ёки расм.
12. Давр – муддат, замон, вақт дегани. “Давур” эса “…гача, қадар, то” маъносида ишлатилади.
13. Ёриқ – дарз кетган, тешик, ковак маъносида. “Ёруғ” эса электр ёки олов ёниши билан боғлиқ. Яна бир маъноси “нурли”, “равшан”.
14. Жайрон – кийикнинг бир тури. Жийрон эса – қизил тусли от. Жайра эса – типратиконга ўхшаган тиконли ҳайвон.
15. Жоди – хашак ва бедаларни қирқиш асбоби. “Жоду” – сеҳр.
16. Замин – ер, тупроқ. Зомин эса – жиноий ишга сабаб бўлиш ёки нобуд бўлишга олиб келиш.
17. Ижобий – яхши дегани. Ижодий эса ижод қилиш билан боғлиқ атама.
18. Карта – харита. Қарта эса отнинг йўғон ичагидан тайёрланадиган таом, қазининг бир тури.
19. Кечинма- иносн ички ҳиссий ҳолати. Кечирма эса бошидан кечирганлари.
20. Маҳал – вақт, шароит. Маҳол эса – бажарилиши қийин вазифа, мушкулот, оғир вазият.