Menu
Categories
Кун.ўз – Қўқондаги Халқаро ҳунармандчилик фестивалидан фоторепортаж
09/15/2019 Бош мақола
Қўқондаги мозий ва бугун учрашган Халқаро ҳунармандчилик фестивалидан фоторепортаж

Эртаклар оламига саёҳат қилмоқчи бўлган меҳмон Қўқон шаҳри марказидаги Халқаро ҳунармандчилик фестивали ўтаётган ҳудудга беш кун давомида ташриф буюрса бўлгани. Фестиваль павильонларида қўл меҳнати билан такрорланмас асрий ранглар жилоси уйғунлигида яратилган сеҳрли ва сирли санъат асарларини кўрасиз.

Халқаро миқёсдаги мазкур тадбирнинг Қўқон шаҳрида ўтказилаётгани бежиз эмас. Чунки ушбу шаҳар қадим-қадимдан ҳунармандчилик ривожланган маданий марказлардан бири бўлиб келган. Бу ерда ҳунармандчилик ва халқ амалий санъатининг турли йўналишлари юксак даражада тараққий этган. Устоз-шогирд анъаналари, ҳунармандларнинг оилавий сулолалари унинг сир-асрорларини аждодлардан авлодларга етказиб келмоқда. Бугунги кунда ҳам Қўқон шаҳрида ҳунармандчилик анъаналари изчил ривожланмоқда. Хусусан, ёғоч ўймакорлиги, қоғозгарлик, чилангарлик, заргарлик каби ҳунармандчиликнинг кўплаб турлари равнақ топмоқда.

Фестивалда Республикамизнинг 153 туманидан 1 116 нафар ҳунарманд ўз асарларини намойиш қилмоқда. 83 та давлатдан ҳунармандчиликнинг 29 та йўналиши бўйича 191 нафар хорижлик ҳунармандлар қатнашаётгани таҳсинга сазовор. Шунингдек, фахрий меҳмон сифатида 38 нафар юқори мартабали хорижлик давлат арбоблари ва олимлар ташриф буюрган.

14 сентябрь оқшомида фестивалнинг расмий очилиш тантаналари бўлиб ўтди. Ўзбекистон Президенти Шавкат Мирзиёев барчани чин юракдан қутлаб, юртимизга, ушбу анжуманга бўлган катта ҳурмат ва эътибори учун хорижий меҳмонларга ташаккур изҳор этди.

Эътиборингизга, фестивалда олинган фотолавҳаларни тақдим этамиз.

KUN.UZ мухбири,

Элмурод Эрматов

тасвирчи,

Аҳрорбек Ёқубжонов

https://kun.uz

Leave a Reply
*