Menu
Categories
Кун.ўз: Қандай ишлар ёпиқ суд мажлисида кўрилади?
09/15/2019 Бош мақола
Қандай ишлар ёпиқ суд мажлисида кўрилади?

Фото: KUN.UZ

Ўзбекистон Республикаси бош қомусига назар ташлайдиган бўлсак, унинг 113-моддасида ҳамма судларда ишлар очиқ кўрилиши, ишларни ёпиқ мажлисда тинглашга қонунда белгиланган ҳоллардагина йўл қўйилиши ҳақида белгилаб қўйилган. Қонунда белгиланган ҳоллар қайсилар?

Жиноят процессуал кодексининг (ЖПК) 19-моддасида суд раиси ишни ёпиқ кўришда қайси процессуал ҳаракатларни амалга ошириши кераклиги тушунтирилган. Ишни ёпиқ суд мажлисида кўриш барча процессуал қоидаларга риоя қилган ҳолда амалга оширилади. Бу ҳақда ажрим чиқарилади. Ишни ёпиқ мажлисда кўриш тўғрисидаги суднинг ажрими буткул муҳокамага нисбатан ёки унинг алоҳида қисмларига нисбатан чиқарилиши мумкин. Бу ажрим суд мажлисига йиғилганларга тааллуқли бўлиб, жиноят процесси иштирокчиларига нисбатан татбиқ этилмайди.

Яъни, суд иши ёпиқ кўрилишига маълум талаблар қўйилган. Мазкур талаблар бажарилгач, суд иш ёпиқ кўрилиши бўйича ажрим чиқаради, унда сабаблари кўрсатилади ва бу фақатгина суд мажлисига йиғилганларга татбиқ этилади.

Процесс иштирокчилари судга илтимоснома киритиши натижасида (асослантирилган), одатда жинсий эркинликка қарши жиноятлар (номусга тегиш, жинсий эҳтиёжни зўрлик ишлатиб ғайритабиий усулда қондириш, бесоқолбозлик, аёлни жинсий алоқа қилишга мажбур этиш), фарзандликка олиш билан боғлиқ ишлар, давлат сири билан боғлиқ ва бошқа ишлар ёпиқ суд мажлисида кўрилади.

ЖПКнинг 19-моддасида ўн саккиз ёшга тўлмаган шахсларнинг жиноятлари тўғрисидаги ишларни, шунингдек фуқароларнинг шахсий ҳаёти ҳақидаги маълумотларни ёки уларнинг шаъни ва қадр-қимматини камситадиган маълумотларни ошкор қилмаслик мақсадида ҳамда жабрланувчининг, гувоҳнинг ёки ишда иштирок этувчи бошқа шахсларнинг, худди шунингдек улар оила аъзоларининг ёки яқин қариндошларининг хавфсизлигини таъминлаш тақозо этилган ҳолларда бошқа ишларни суд ажрими билан ёпиқ суд мажлисида кўришга йўл қўйилиши айтилган.

Мазкур кодексда барча судларда жиноят ишлари ошкора кўрилиши, бундан давлат сирларини қўриқлаш манфаатларига зид келадиган ҳоллар, шунингдек жинсий жиноятлар тўғрисидаги ишлар кўрилаётган ҳоллар мустаснолиги белгиланган.

Давлат сирини нималар ташкил қилади? Бу бўйича «Давлат сирларини сақлаш тўғрисида»ги қонунда тушунтириб қўйилган.

Давлат томонидан қўриқланадиган ва махсус рўйхатлар билан чегаралаб қўйиладиган алоҳида аҳамиятли, мутлақо махфий ва махфий-ҳарбий, сиёсий, иқтисодий, илмий-техникавий ва бошқа маълумотлар Ўзбекистон Республикасининг давлат сирлари ҳисобланади.

Давлат сирлари Ўзбекистон Республикасининг мулкидир.

Ўзбекистон Республикасининг давлат сирлари – давлат, ҳарбий ва хизмат сирларини қамраб олади.

Ошкор этилиши республика ҳарбий-иқтисодий имкониятларининг сифат ҳолатига салбий таъсир этиши ёки Ўзбекистон Республикасининг мудофаа қобилияти, давлат хавфсизлиги, иқтисодий ва сиёсий манфаатлари учун бошқа оғир оқибатлар келтириб чиқариши мумкин бўлган маълумотлар давлат сирини ташкил этади.

Ошкор этилиши Ўзбекистон Республикасининг мудофаа қобилияти, давлат хавфсизлиги ва қуролли кучлар учун оғир оқибатлар келтириб чиқариши мумкин бўлган ҳарбий хусусиятга эга маълумотлар ҳарбий сирни ташкил этади.

Ошкор этилиши Ўзбекистон Республикаси манфаатларига зарар етказиши мумкин бўлган фан, техника, ишлаб чиқариш ва бошқарув соҳасига доир маълумотлар хизмат сирини ташкил этади.

Алоҳида тартибга бўйсунувчи, алоҳида муҳим ва муайян тартибга бўйсунувчи объектлар рўйхати, шунингдек уларнинг сирасига мансуб деб топиш тартибини Ўзбекистон Республикаси Вазирлар Маҳкамаси белгилайди.

Ахборотларни махфийлаштириш ва махфийликдан чиқариш ушбу Қонунга ҳамда Ўзбекистон Республикаси Вазирлар Маҳкамаси тасдиқлайдиган маълумотларнинг махфийлик даражасини аниқлаш ва белгилаш тартиби тўғрисидаги низом ва Ўзбекистон Республикасида махфийлаштирилиши лозим бўлган маълумотлар рўйхатига мувофиқ амалга оширилади.

Ўзбекистон Республикасининг Президенти белгилаб қўядиган давлат сирларини сақлашни таъминловчи давлат органлари Ўзбекистон Республикаси юридик ва жисмоний шахсларининг мулки ҳисобланган ахборотларни махфийлаштириш ва махфийликдан чиқаришга ҳақлидир.

Давлат сирларига тааллуқли маълумотларга эга бўлган корхоналар, муассасалар, ташкилотлар, жамоат бирлашмалари, айрим фуқаролар бундай маълумотлар махфийлаштирилиши зарурлиги тўғрисидаги масала ҳал этилиши учун давлат сирлари сақланишини таъминловчи органларга мурожаат этишлари лозим.

Махфийлаштирилиши фуқаронинг шахсий хавфсизлигига таҳдид соладиган ахборот давлат сирларига мансуб деб топилиши мумкин эмас.

Ахборот эгалари ахборотларни махфийлаштириш ёки махфийликдан чиқаришга оид ғайриқонуний хатти-ҳаракатлар устидан судга шикоят қилишга ҳақлидирлар.

ЖПК 19-моддасининг 10-бандига кўра, суд ҳукмлари, ажримлари ва қарорлари барча ҳолларда ошкора эълон қилинади.

Зафарбек Солижонов

https://kun.uz

Leave a Reply
*