Menu
Categories
Эркин Воҳидов: Савол бердим: – Бу дунё надур? Жавоб бўлди: – Улкан саҳнадур!
09/15/2019 Адабиёт
Шарофиддин Тулаганов  

Эркин Вохидовнинг қуйидаги шеърини аввал ўқимаган эканман.

Аламов Абдурахим Аламов Абдурахимнинг ФБдаги саҳифасида ўқиб “дод” деб юбордим.

Айниқса Амир Темур ва Султон Боязидга бағишланган сатрлари дод дейишга арзийди.

Илтимос бир ўқиб кўринглар

ТОМОШАБИНЛАР!!!

Дездемона саҳнада ўлди,
Отелло рашк қурбони бўлди.
Венеция аза қилади,
Томошабин маза қилади.

Савол бердим: – Бу дунё надур?
Жавоб бўлди: – Улкан саҳнадур.
Бунда мангу ўйин бўлади,
Биров ўлса, биров кулади.

Кўҳна чарх бу,
Ҳунари бисёр.
Олам борки, томошабин бор.
Олов кўрса тўяди кўзи,
Учқунни ҳам қўяди ўзи.

Анқарада келганида зид –
Амир Темур, Султон Боязид,
Туғишган эл аза қилди-ку,
Ярим дунё маза қилди-ку!

Туркистонни чулғаб зулумот,
Хонга қарши бек сурганда от,
Юрт қон ичра ётганда забун
Оз эдими илжайган мамнун?

Жони тош бу самандар Ватан –
Бутун чиқди кўп алангадан.
Юксаларкан энди кун сайин,
Томошабин зотларга қийин.

Фарғонада довул қоққанлар,
Ўшда низо ўтин ёққанлар –
Ниятига етолмай доғда,
Тутаб ётар қайбир пучмоғда…

Буни халқим кўриб турипти,
Билиб, кулиб яйраб юрипти.
Ғийбат тинглаш учун вақти йўқ,
Юрт қурмоқдан ортиқ бахти йўқ.

Она элим, азиз ватандош,
Йўлинг ойдин, баланд тутгил бош.
Кулиб, дўстни кулдириб яша,
Душманингни куйдириб яша.

Ўт соғинган томошабинлар
Оёғида ёнсин заминлар.
Мурод ҳосил дея билмасин,
Аза қилсин, маза қилмасин!.

Эркин Воҳидов

https://www.facebook.com/tulaganovsh

 

Leave a Reply
*