Menu
Categories
Аҳли Расул Муҳаммад: ГУЛЛАЁТГАН ХАЁЛ Фалсафий-бадиий этюдлар (5)
09/18/2019 Адабиёт

Аҳли Расул Муҳаммад:
ГУЛЛАЁТГАН ХАЁЛ
(Фалсафий-бадиий этюдлар. 451-500)

451. Мен ёш тўксам, сен кулдинг хуррам ёмғирдан сўнг яшнаган ердек. Наҳотки мен – осмон, сен – ерсан?

452. Ўтганлар нима қилган бўлсалар, биз ҳам шуни қиляпмиз. Фақат фарқ шундаки, улар – ўтган, биз – ҳаёт.
Ўтганлар нима деган бўлсалар, биз ҳам шуни айтаяпмиз. Фақат фарқ шундаки, уларники – унутилган, бизники – ёдга солинган.

453. Гўзал нарсалар орасидан яна ҳам гўзалроқ нарсалар қидиряпман…

454. Японлар сув устига шаҳарлар қуришмоқда. Бизнинг ер устига қурган қишлоқларимизни эса сув босиб кетмоқда…

455. Ўтмиш шаклсиз келажакнинг шаклланган суратидир ёхуд келажак тушимиз бўлса, ўтмиш бизнинг ўнгимиздир.

456. Анжуманда тепишиб, хилватда ўпишадиганлар ҳам бор. Уларнинг сири маълум-ку, лекин айтиб бўлмайди – жуда уятли!…

457. Ёғаётган ёмғир бирдан қор… йўқ, қурбақага айланиб кетди! Бунақа кутилмаган воқеалар табиатда бўлганидек жамиятда ҳам содир бўлиб туради.

458. Очликдан силласи қуриган одамга булбулнинг куйидан кўра кўпроқ унинг гўшти қувват бағишлайди.

459. Ақлдан бошқа ҳеч нарса инсонни ақлдан оздиролмайди.

460. Эркак ва аёл ўртасидаги тафовутни уларнинг жинслари белгиламайди. Чунки моҳият эътибори билан ҳар иккала жинс ҳам бир хил мақсадни амалга ошириш учун хизмат қилади.

461. Эртанги кунларида ўлими кутиб турганини билгани ҳолда бемалол ўйнаб-кулиб юравериши одамзотнинг ё ўта ақллилигидан, ё ўта телбалигиданмикан?

462. Мени қийнаб, менга азоб бераётган ягона ҳолат билишни хоҳлаганларимни билолмаётганимдир.

463. Ҳар қандай нарсанинг икки томони бўлгани каби илм инсоннинг кўзини очиши ҳам, уни кўр қилиб қўйиши ҳам мумкин.

464. Шоирона нигоҳ биз учун бутун борлиқдан гўзаллик топишга имкон беради.

465. Ҳақиқатнинг афсоналарга ўралганлиги афсоналарнинг ҳақиқатга қараб тўқилганлигини билдиради.

466. Бу дунёнинг ёлғон эканлигига тобора ишониб бораётган одам пировардида унинг чинакам ҳақиқатига етишади.

467. Тоғ тепасидан қулаб тушган биринчи тош бошқа тошлар ҳаракатининг асл манбаидир. Чунки бошқа тошлар ўша биринчи тошнинг шамолига уча бошлайди. Аксарият олимларнинг илмий ишларига шу нуқтаи назардан баҳо бермоқ зарур.

468. – Вой, бу кимнинг боласи экан, бирам ақлли!
– Ҳокимнинг ҳукми билан жиннихонага қамалган одамнинг боласи…

469. Гумон рост ва ёлғоннинг қўшилиб кетишидан пайдо бўлади.

470. – Кеча мен қул эдим,– дейди кеча профессор бўлган бир киши телевизорга чиқиб.
– Ўз қулини ўқитиб профессор қиладиган қулдор ҳам бўлармикан? Агар бўлса, ўша қулдорнинг ўзи камида академик экан-да,– дейман мен ажабланиб.

471. Минг йил осмонга интилди-ю, бироқ узилиб кетолмади ердан чинор ҳам.

472. Одамкуш одамлар ҳам инсоний севгининг маҳсули…

473. Эр-хотиннинг ўзаро садоқатидан ҳар қандай бахтсизлик қўрқиб қочади.

474. Сохта табиблар ҳам баъзан даволайди ўзи тузалиб кетадиган дардларни…

475. Нозик ва назокатли туйғуларингизни кимга изҳор этаётганингизни ўйлаб кўринг ва қумлоққа ҳар қанча ёмғир ёққани билан ҳеч нарса униб чиқмаслигини ҳам унутманг.

476. Мен ўз қалбим Америкасини очиш учун хаёл уммонида сузиб юрибман…

477. Инсон қалбидаги муҳаббат унинг абадиятга бўлган ишончини мустаҳкамлайди.

478. Кўнгилга оид барча гап ҳақиқатдир. Ақл эса ёлғонни ҳам тўқийверади.

479. Жамият умумий ҳодисадир. Аммо уни хусусий ҳаракатлар бошқаради.

480. Ер юзидаги халқлар ўзларини қанчалик алоҳида ҳисоблашмасин, барибир, ягона ўқ илдиздан кўкариб чиққан дарахт шохлари кабидир.

481. Сувга тўла бориб, охир-оқибат дамбанинг ўпирилиши ҳар қандай тараққиётнинг таназзулга элтишидан далолатдир.

482. Менинг хотирамга тош қўйма, ўғлим. Тошдан фойда йўқдир на мену сенга. Дарахт ўтқаз, мевали дарахт. Ҳар ҳолда у худди мен каби сенга узатади бирор егулик. Менинг ҳимоямда бўлганинг каби унинг соясида ухлашинг мумкин…

483. Одамдаги энг буюк туйғу – уялиш туйғусидир, лекин одамлар кўпинча уялмайдилар, хусусан, бир-бирларини алдашдан. Шунинг учун улар буюк бўлолмайдилар. Буюклар эса ҳеч қачон ҳеч кимни алдамайдилар.

484. Уйингда нохушлик ҳукмрон бўлса, отилиб кўчага чиқиб кетасан. Агар қўшниларинг нобоп бўлсалар, бошқа бир шаҳарга кўчишинг мумкин. Аммо ер юзида кечаётган турфа нотинчликларга чидайсан тишингни тишингга қўйиб. Чунки кетай десанг, Ердаги каби ҳаёт мавжуд бўлган ўзга Сайёра йўқ сен биладиган.

485. Айтиб бўлмайдиган гапларни ҳам айтиб бўладиган қилиб айтиш мумкин.

486. Бўйим ҳам, ўйим ҳам кўп нарсаларга етмаслигини англаб, ҳали жуда пастда эканлигимни ҳис қиламан.

487. Кимгадир бир даста гул берсанг ёқасан, кимгадир бир даста пул. Ҳеч нарса бермасанг ҳам ёқтирадиганлар бормикан сени?

488. Бошимни кўксингга қўя олмайман… Бошимга ботади бу тош юрагинг…

489. Аямасдан сарфланг ширин сўзларни, сотиб олмайсиз-ку ахир уларни!..

490. – Ҳозир ҳамма ёмон бўлиб кетган.
– Йўқ, ундоқ дема, болам. Яхшилар ҳам бор. Ахир, ўйла,
сен ўзинг ёмонмисан?

491. Сохта кулгуларни кўрган пайтимда йиғлаб юборади менинг юрагим.

492. Совет Иттифоқининг парчаланиши – бутун бир давлатнинг ақлдан озиши. Европа, маданий ва интеллектуал Европа Советлар аллақачон эришган ва аллақачон йўқотган Иттифоққа эндигина интилаётган экан, демак, Советлар мамлакати тўғри йўлдан бир эмас, бир неча марта адашишга улгуриб бўлган.

493. Мендан нафратланадилар нафратга лойиқ эканликларини айтганим учун.

494. Тарих ўзининг абадий ўчмас рангига эга. Уни на оққа ва на қорага бўяш мумкин эмас. Бўяган билан, барибир, у ранглар вақти-соати етиб ўчиб кетади. Тарих эса ўзининг ҳақиқий, асил рангу рўйи билан қолаверади.

495. Ёруғликнинг умри узун, чексиз узун… Айниқса, бу ёруғлик инсон кўнглидан таралаётган бўлса ва ўзга инсонлар кўнглига етиб бораётган бўлса.

496. Шаклни эмас, мазмунни ичинг. Мазмун умрингизни узайтиради.

497. Силлани қуритувчи нарса очлик эмас, ишёқмасликдир.

498. – Дунёда нима гаплар?
– Э-э, дунёда гап кўп.
– Хўш?
– Хўш десанг, Соранинг товуғи курк бўлди.
– Э-э, шу ҳам гапми.
– Нега гап бўлмасин? Бу ҳам дунёдаги гаплардан бири-да.

499. Ҳалол нонини ҳаромхўрларга едирган ҳам улар тараф ҳисобланади.

500. Биз севиниб, яйраб учрашиб турибмиз. Чунки бир-биримизни биринчи марта кўряпмиз ва ҳозирча ортимизда ёдга тушадиган совуқчиликларимиз йўқ…

(Давоми бор)

“Дунё ўзбеклари” редакция почтасидан

Leave a Reply
*