Menu
Categories
Исмат Хушев: “Биринчи муҳаббат” Ислом Каримовни қандай йиғлатган эди?
10/03/2019 Бош мақола

   

Абдулла Орипов Ислом Каримов билан қандай танишган эди?

Кейин нега уларнинг муносабатлари ёмонлашди?

Шоҳ ва шоир ўртасидаги қора ботир ким эди?

Абдулла Ориповнинг энг сўнгги армони…

“Ислом Каримов ҳақида хотиралар” туркумидан (1-қисм)

Муҳожиротдаги ўзбек журналисти ҳикоя қилади

 

Сўзбоши ўрнида:

Болалик чоғларимда ҳадис ва оятлар, ғазал ва ривоятлар билан бирга эртак ва маталлар эшитишга ҳам жуда ишқивоз эдим.

Масалан, Тохир ва Зуҳра бир биринии севиб катта бўлади. Тохир – камбағалнинг юпун боласи, Зуҳро – катта бойнинг эрка қизи. Шунинг учун ҳам ўз қизини камбағалнинг ўғли Тохирга бермай, ўз вазирининг бойвачча ўғли Қора Ботирга беради.

Ўз орзусига етаолмаган пок муҳаббат ва садоқат, адолат ва диёнат  тарафдорларининг ғаними ва рақиби бўлган Қора Ботирлар давлат ва салтанатда ҳамиша бўлган.

Беминнат ва буюк ҳамкорликлар ўртасига қора ният билан бошини тиқиб, ёмон ниятда қилинган дилпораликни қора ботирлик деб аташ эҳтимол ана шу тарихий ривоят ва урф одатларимиздан бизга қолган оғир мерос бўлса, не ажаб.

Демоқчиманки, Қора ботирлар бугун ҳам бор орамизда…

Абдулла аканинг Хайриддин Султонов ҳақидаги узун ва маҳзун ҳикоясини тинглаб, ана шу ҳақда ўйга толдим, уни шоҳ ва шоир орасига нифоқ солган Қора Ботирга қиёсладим…

1.

Абдулла ака умрининг сўнгги йилларини, ҳаётининг сўнгги йўлларини АҚШнинг Хьюстон шаҳрида ўтказганини яхши биласиз. Бу ерда дунёнинг энг машҳур госпитали бор. Унда нарх-наволар жуда қиммат бўлиб, асосан давлат ва ҳукумат бошлиқлари, дунё миқёсидаги таниқли сиёсатчилар, довруғли олимлар, ижодкор ва арбоблар юрак хасталигидан даволанади.

Айни пайтда, тақдир тақозоси билан бу шаҳарда Абдулла Ориповнинг Мавлуда исмли қизи ҳам турмуш ўртоғи ва фарзандлари билан яшарди.

Шунинг учун ҳам Абдулла ака умрининг сўнгги йилларини АҚШнинг ана шу сўлим шаҳрида ўтказади.

У киши оғир хасталикка чалинганини билса ҳам, ҳали яшашидан, умри давом этишидан умидвор эди.

– Яна уч-тўрт йил умримиз бор, шекилли, – деб гапирганини эшитиб, юракларим музлаб қолганди.

Абдулла ака бу гапни чексиз билан армон билан, тенгсиз бир ҳасрат билан гапирган, мен эса у кишининг бу умидсиз ва мискин гапларини ҳайрат билан, даҳшат билан эшитиб, йиғлаган эдим…

Уч тўрт йил ҳам ҳадемай ўтиб кетади-ку. Наҳот инсон ўз ўлими яқинлашганини билиб ҳам, тинч ва хотиржам қололса, яна уч-тўрт йиллик умид билан яшай олиш учун, ўзида куч-қудрат топа олса деган ўй менга сира тинчлик бермасди.

Лекин Абдулла акага яна уч тўрт йил яшаш, насиб этмади…

2.

Ана шундай дилтанг ва рутубатли кунларнинг бирида Абдулла ака мендан бирорта кўнгилочар жойга боришимизни илтимос қилди. Мен Мавлуданинг уйи атрофидаги меҳмонхонада жойлашган бўлиб, прокатдан ижарага янги автомашина олган эдим. Тезда етиб бордим. Ҳанифа янга – акангизни эҳтиёт қилинг, кейинги кунларда негадир жуда асабийлашиб, инжиқ бўлиб қолганлар деб мени огоҳлантирди.

Янганинг бу гапларида жон бор эди. Энг яқин кишиси оғир хасталикка чалинган оналар ва рафиқалар буни яхши билишади. Боз устига, Абдулла акадек беаёв таъқиб ва тазйиққа олинган таниқли ва довруғли  ижодкор билан умргўзаронлик қилиш, унинг ҳасрат ва кулфатларига шерик бўлиш, ўша жабр ва зулм домида бирга қоврилиш ҳам аслида  осон эмас, қлдаверса, бу ҳам бир қаҳрамонлик эди.

Буни мен яхши билардим. Шунинг учун ҳам янганинг сўзларини тўғри тушуниб, хаста устозни секин аста етаклаб, машинага оҳиста ўтқаздим. (Сурат берилади)

Абдулла ака билан шаҳар айлана бошладик. Қаерга боришимизни ўзимиз ҳам билмас эдик. Рулни эркин қўйиб, денгиз бўйлаб, машина бизни қаерга бошласа, ўша ёққа қараб кета бошладик.

Америка жуда гўзал диёр. Денгиз бўйлари ва ям яшил кенгликлар қалбингизга ажиб бир завқ шавқ бахш этиб, руҳингизни сокин ва мунаввар туйғуларга ошно этади. Бундай пайтда фақат ва фақат яшагингиз келади, ҳеч қачон ўлишни истамай қоласиз…

Бир соатлар чамаси шаҳар кезганимиздан кейин Абдулла ака менга машинани бирорта ресторан олдида тўхтатишимни илтимос қилди. Янгангга айтмайсан, ука. Эллик грамм коньяк ичгим келди. Шу ерга кириб, бирор нарса тамадди қиламиз.

-Сизга ичиш мумкин эмас-ку, дедим хижолатомуз.

-Ҳеч қиси йўқ, ука. бу дунёда мангу яшаш имконсиз. Юрагим сиқилиб кетган шу кунларда. Бир оз яшаб қолишим керак…

3.

Машинани тўхтатиб, ресторанга кирдик.

Соҳибжамол официант қиз югуриб олдимизга келди. Биз икки киши эканимизни айтиб, гул очилиб турган дераза олдидаги жойни танладик. Бир пасда стол ути ноз неъматга тўлиб кетди. Абдулла ака ҳеч нарса емаслигини, фақат бир бўлак гўшт билан эзғиланган картошка пьюреси бўлса, бас деб илтимос қилди.

Сўнг коньяк сўради. Озроқ коньяк олиб келсин деди…

 

4.

Менга ичиш умуман мумкин эмас, ука. Лекин бу врачларнинг айтганини қилаверсак, ҳеч нарса емай ичмай ўлиб кетамиз. Бир оз яшаб қолишим керак…

Биллур қадаҳларга коньяк тўлдирдим.

-Сен учун ичамиз, ука. – деди Абдулла ака. -Канададан излаб келдинг, мана бир ҳафтадирки, ёнимдасан. Москвада инфаркт бўлганимда ҳам ёнимда эдинг. Барака топ, умринг узун бўлсин, укажон. Ҳали шундай кунлар келадики, сизларни Ватандан жудо қилганлар – ўзлари бу ёқларга келиб, Ватангадо бўлиб, сизлар Ватанга қайтасизлар…

5.

Иккинчи қадаҳдан сўнг Абдулла ака Ислом Каримовнинг кейинги пайтда нега ўзини қаттиқ сиқувга олганини айтаркан, беихтиёр бир воқеани ҳикоя қилиб берди.

Илгари бу одам бундай эмасди. Жуда раҳмдил ва меҳрибон, инсоф диёнатли эди. Биринчи раҳбар бўлганидан кейин айниди. Менга бир пайтлар кўз ёш тўкиб, елкамга бошини қўйиб, “Сиз улуғ инсон экансиз!” деб йиғлаган эди. Бугун энди ўша кунларини унутиб, мени таъқиб ва тазйиққа олди, – деди оғир хурсиниб, Абдулла ака.

Сенга ҳозир бир воқеани айтиб бераман. Фақат буни ҳеч қаерга чиқармайсан. Йўқса, мен-ку, ёшимни яшаб бўлдим, ўзингга қийин бўлади… – деб олис ўтмишдаги бир воқеани ҳикоя қилиб бердилар…

6.

1970 йилларнинг ўрталарида Москвага боргандик.

Тўрақўл Юлдошев деган Ўзбекистоннинг Москвадаги постпреди бўларди. Ўзбекистонга оид қандайдир анжуман бўлганди. Тадбирдан сўнг жуда катта зиёфат бўлди. Барча обком котиблари, республика вазирлари шу ерда эди.

Мен ўтирган даврага Тўрақул Юлдошев икки кишини олиб келиб, таништирди. Бири Тошкент шаҳар ижроия қўмитаси раҳбари, иккинчиси Ўзбекистоннинг янги тайинганган Молия вазири экан.  Ўша Молия вазири дегани – узун бўйли, юзлари ва лаблари тиртиқ, орриқ ва кўримсиз бир йигитча эди. Ислом Каримов дегани шу экан.

-Биринчи муҳаббатимни Сиз ёзганмисиз? – деб сўради у дабдурустдан.

Ҳа, мен ёзганман дедим бир оз хижолат чекиб. Янги танишим бу сўзни худди нега шу шеърни ёздинг дегандик заҳархандалик ва қандайдир ички бир норозилик билан айтганга ўхшади. Йўқ, хато қилган эканман. Ҳа, мен ёзганман денганимдан кейин узун бўйли бу мулозим йигит кутилмаганда мени қучоқлаб, елкамга бош қўйиб йиғлаб юборди.

Даврада ҳамманинг кайфи ошган, ичкилик авжида эди. Лекин эндигини Молия вазири этиб тайинганган бу ёшгина йигитчанинг елкамга бош қўйиб ҳунграб йиғлаши мени анча мутаассир қилиб қўйган эди.

У елкамга бош қўйиб, армон билан, ҳасрат билан, тўлиб тошиб йиғларди. Бир лаҳза нима қиларимни билмай қолдим. Уни менга олиб келиб таништирган Тўрақул Юлдошев ҳам, Тошкент ижроқўми раиси деган Мирсаидов ҳам, бошқалар ҳам нима қиларини билмай хижолатда ер чизиб турардилар.

Ислом Каримов эса менга ҳеч нарса демай бир майдон елкамга бош қўйиб йиғлади. Мен ҳам индамай унинг кўнгли тўлиб кетган бўлса, майли, йиғлаб юрагини бўшатиб олсин деб, индамадим, имкон бердим. Кўп ўтмай, Ислом ака йиғидан тўхтаб, қизарган кўзларини яшириб, узр сўраганча, мени яна бир қучоқлаб, икки юзимдан чўлпиллатиб, ўпиб, сўнг даврани тарк этди…

Ислом Каримов ўшанда менга ҳеч нарса демади. Фақат елкамга бош қўйиб, узоқ йиғлади. Армон билан, ҳасрат билан, ўксиб ўксиб, тўлиб тошиб йиғлади. Лекин ҳеч нарса демади. Бошқаларга ўхшаб, ўзининг биринчи муҳаббати ва рад этилган севгиси ҳақида ҳам узундан узун дил розларини айтмади.

Фақат мени қаттиқ қучоқлаб, елкамга бош қўйиб, юрагини бўшатиб, ўксиб ўксиб йиғлади, холос…

7.

Кейин орадан йиллар ўтди.

Кунлардан бир куни – ўша Москвада елкамга бош қўйиб йиғлаган мулозим йигитнинг Госпланга раис бўлганини, Бош вазир ўринбосарлигига тайинланганини эшитдим. Кўп ўтмай Қашқадарё обкомига биринчи бўлиб кетди. Сўнг Тошкентга – Ўзбекистоннинг биринчи раҳбари бўлиб кўтарилиб келди.

1991 йилда эса Президент бўлиб сайланди…

 

8.

Менга муносабати ҳамиша илиқ ва меҳрли, айтиш мумкинки, жуда самимий эди. Яширмайман, унадан кўп яхшилик кўрдим. Амал ва мукофотлар олдим, Давлат мадҳиясини ёзиш менга насиб этди, Қаҳрамон бўлдим.

Лекин кейинги пайтда орамиздан қора мушук ўтиб, муносабатларимиз совуқлашди. Бугун ўйлаб қарасам, буларнинг барчасига Хайриддин сабабчи экан. Мен унга ҳеч қачон ёмонлик қилмаганман, у ҳам мен билан кўришганда ҳар сафар гажакдор мўйлабини силаб, эҳтиром билан кўришган.

Лекин ҳар кўришганда унинг синчков нигоҳларида, қитмир кўзларида ҳиссиз ва туйғусиз бир нарса ялтираб кетишини сезардим, юрагим орқага тортиб кетарди…

Абдулла Орипов билан Исмат Хушев суҳбатининг стенограммаси 

Абдулла аканинг бу дил сўзлари Ўзбекистон ижтимоий сиёсий ҳаётининг маълум бир даврида тарихий аҳамият касб этишини ҳисобга олиб, ўша суҳбат матнини айнан келтиришга қарор қилдим:

Абдулла Орипов: Ростини айтсам, мен аввал Хавфсизлик идорасидан, хусусан унинг раҳбари Рустам Иноятовдан қаттиқ ранжиб юрдим. Бугун ўйлаб қарасам, бу ерда вазият мен ўйлагандан ҳам бошқача экан. Мен бу идорадан нотўғри хафа бўлган эканман. Менинг таъқиб ва тазйиққа олинишимда уларнинг қўли йўқ экан. Улар фақат буйруқни бажарган, холос. Бу ерда энг асосий ўйинчи Хайриддин бўлди. Ўша мен билан Президент орасига соя солган, илиқ ва самимий муносабатларимизга рахна туширган шайтон ҳам ана шу Хайриддин бўлади. Шуни икки қулоғинг билан яхшилаб эшитиб ол, ука.

У Муҳаммад Али билан бирлашиб, бошимга жуда кўп кулфатлар солди, ҳаётимни заҳарлади. Умримни зардобга, орзу умидларимни саробга айлантирди.

Исмат Хушев: Нега, нима учун бундай қилди деб ўйлайсиз Хайриддин

Абдулла Орипов: Уларнинг, яъни Хайриддин бош бўлган бир гуруҳ “Ўзбек адабиётининг янги даҳолари” билан Президент орасида мен бор эдим. Уларнинг бирорта таклиф ва ё истагини амалга оширишдан олдин Президент албатта мендан масалаҳат сўрарди, нима дейсиз деб. Уларга ана шу нарса ёқмаган. Улар мени йўлдан олиб, ташлаб, сўнг ўз манфур мақсадларига етишишни орзу қилган эдилар ва бу ниятларига етдилар.

Бугун яхшилаб ўйлаб қарасам, Ислом ака билан орамизга Соя ташлаган ҳам ўшаларнинг ўзи экан. Мени ўз йўлидан олиб ташлаш учун Хайриддин бошчилигидаги бу шаккок ва олифта гуруҳнинг менга нисбатан қилмаган ва уюштирмаган мунофиқлиги қолмади.

Исмат Хушев: Ислом акага яқин бўлиб юрганда наҳот шуни билмаган бўлсангиз, ака. Мен нима демоқчи эканимни тушунган бўлсангиз керак…

Абдулла Орипов: Нима демоқчи эканинг билан ҳозир менинг мутлақо ишим йўқ. Сен гапни бўлмай, савол бермай, мени тингла. Сен ҳам уларга ўхшаб, шаккоклик қилма. Бу гапларни сенга айтиш пешонамга ёзилган экан.

Ман ўз даврида Одил Ёқубовни ҳимоя қилолмадим. Хайриддинлар уни Ислом акага ёмонлаб, ғазабини қўзғатишга эришди. Ушанда ман Одил ака учун кундага бошимни қўёлмадим. Ё қўрқоқлик, ё ожизлик ва ё хоинлик қилдим. Буни нима деб атасанг, санда ихтиёр…

Соф виждонни ўртага қўйиб, Инсоф билан айтганда, ука, Ўзбек адабиётидаги биринчи Қаҳрамонлик аслида Одил Ёқубовнинг ҳаққи эди.

Исмат Хушев: Хайриддиннинг ёмонлиги фақат Одил акага ва Сизга нисбатан бўлганми?

Абдулла Орипов: Хайриддин бундай мунофиқликни Одил Ёқубовдан кейин Пиримқул Қодировга ҳам қилди. Улар орасидаги обрў талашадиган энг асосий мавзу – Заҳириддин Муҳаммад Бобир эди, унинг ҳаёти ва ижоди эди.

Янаям аниқроқ айтганда, Пиримқул ака билан Хайриддин орасидаги энг катта ихтилоф – бу Бобирнинг ижоди билан боғлиқ. Хайриддин унинг болалик йилларини ёзган, Пиримқул ака эса Бобирнинг катта ёшдаги улғайгандаги ҳаётини қаламга олган. Хайриддин барибир Пиримқул акадан кейин ёзган.

Бир сўз билан айтганда Хайриддин – Пиримқул Қодировни компромат қилишдан шахсий манфаатдор эди. Мен ўшанда Пиримқул акани ҳам астойдил ҳимоя қилолмадим. Афсусдаман. Ўткир Хошимов, Муҳаммад Юсуфлар энди алоҳида мавзу…

Исмат Хушев: Демак, адабиётдаги бу ноҳақликлар учун Ислом акани айблашимиз нотўғри эканда…

Абдулла Орипов: Мен Каримовдан хафа эмасман. Адабиётнинг кушандаси Хайриддин бўлди. Бугунги адабиёт фожеасида СНБ ва Иноятовдан кўра Хайриддиннинг хизмати кўпроқ. Хайриддин хавфлироқ рол ўйнади…

Исмат Хушев: Сирожиддин ва Иқбол Мирзолар ҳақида нима дейсиз…

Абдулла Орипов: Сирожиддин иймон эътиқодли, виждонли йигит. Яхши шоир. Лекин Хайриддинлар олдида барибир ожиз. Мен Союзга раис бўлганимда Сирожиддин менга ўринбосар эди. Ҳар гал Президент девонига бориб, ўзгариб келарди. Лекин менга қарши мунофиқлик қилмади, қилолмади. Виждони бор унинг.

Иқбол Мирзо унга қараганда ўйинчироқ. Ёзувчилар уюшмасидан ойлик олади, лекин ишга келмайди. Бир куни бухгалтерияга айтиб, ойлигини тўхтатиб қўйдим. Келса, олдимга кирсин, ойлигини мендан олади деб.

Ойлик вақти келганида Иқбол олдимга кирди. Нега ишга келмай, ойлик олиб юрибсиз, шоир, дедим. Мен ҳукумат одамиман, иш кўп, вақт кам деди юзимга тик қараб, тап тортмай.

Жуда ғазабим қайнаб, тутоқиб кетдим.

Хайриддинга ишонмаса, ундан “добро” олмаса, у менга икки дунёда ҳам бундай шаккоклик қилолмасди. Ана шу масалада Сирожиддин анча виждонли ва иймон эътиқодли йигит экан. Хайбаракаллачисининг қутқусига учиб, бировнинг дилини оғритиб, калака қилишни билмайди, бундан ор қилади…

Сирожиддин яхши, истеъдодли йигит. Лекин жуда кўп масалаларда сендек қатьият ва шиддат йўқ унда. Важоҳат йўқ. Ожизлик, бор, холос…

Сирожиддин учун балки бу ҳам бир хислатдир, яна қайдам…

Хуллас, Хайриддин Султонов биринчи бўлиб Одил Ёқубовнинг бошини еди. Чунки Одил ака – ўзбек адабиётидаги Қаҳрамонлик унвонига энг биринчи энг муносиб номзод эди. Уни адабий ва сиёсий ҳаётдан четлатганидан кейин Пиримқул Қодиров, Эркин Воҳидов, Абдулла Ориповларни шоҳдан узоқлаштирди.

Мурод ва Усмонлар билан бирга.

 

Суратда: Журналист Исмат Хушев устози Абдулла Орипов билан АҚШнинг Хьюстон шаҳрида…

 

Сўнгсўз ўрнида: 

Ислом Каримов ва Абдулла Орипов – истаймизми, йўқми Ўзбекистон ижтимоий сиёсий ва адабий ҳаётидаги икки буюк денгиз.

Икки буюк шахс ва арбоб.

Бири сиёсий ҳаётимизда, иккинчиси адабий ҳаётимиздаги икки буюк инсон. Улар бу ёлғон дунёни бизларга ташлаб, бирин кетин чин дунёга рихлат қилишди. Лекин уларнинг номи ва Ўзбекистон ижтимоий сиёсий ҳаёти тарихидаги ўрни беқиёс ва унутилмасдир.

Бу суҳбатни мен бугун икки буюк арбобни эслаб, улар ўртасидаги таранг ва мураккаб муносабатни хотирлаб, эҳтиётлик билан эълон қилишим керак. Чунки, Уларнинг орасини бузган Қора Ботирлар ҳануз орамизда яшаб юрибди.

Бу жуда шахсий суҳбат бўлгани учун ҳам узоқ муддат қоғозга туширмай, ёзмай келдим. Дунёнинг ишлари ростдан ҳам қизиқ. Икки буюк ва тарихий шахс ўртасини майда-чуйда одамлар ҳам осонгина бузиб ташларкан. Салтанатдаги Қора Ботирлар эса тем более. Хайриддин Султонов Одил Ёқубов бошини еганидан кейин, том маънодаги адабиёт кушандасига айланди.

Секин аста у Пиримқул Қодиров, Эркин Воҳидовларни, ўлжа топилмаганда эса Жамол Камол, Рауф Парфини, Дадахон Хасанни еб турди. Жони қаттиқ экан Дадахон акани, шундай ажойиб ва миллатпарвар инсон, мана неча йиллардан бўён тирик ўлик бўлиб юрибди. Биров ундан, то ҳануз “Бормисиз, бу дунёда?” деб сўрамайди. Кейин Иброҳим Ҳаққулни чўқиди. Жамол Камол тирик ўликлардан бўлиб юрибди.

(Давоми бор)

Исмат Хушев,

“Дунё ўзбеклари” Бош муҳаррири,

25 сентябрь – 4 октябрь, 2019 йил, Торонто шаҳри, Канада…

Исмат Хушев Абдулла ака билан машинада

Суратда: “Дунё ўзбеклари” Бош муҳаррири Исмат Хушев улуғ ўзбек шоири Абдулла Орипов билан енгил машинада Хьюстон сайрида

“Дунё ўзбеклари” учун махсус  

 

 

 

 

 

Leave a Reply
*