Menu
Categories
“Кўнгил Мулки” тақдим этади: Оддий ҳақиқат…
09/22/2019 Маданият ва Санъат

Оддий ҳақиқат

Қиз бола бор уйда булбул сайрайди,
Қиз болани кўриб кўнгил яйрайди.
Қиз бола ҳуснидан андаза олиб,
Олма, анор боғи гуллаб-яшнайди.

Қиз бола деганда кишининг кўз олдига ширинсухан, камсуқум, камтар, ҳаё-иболи, оёқ-қўли чаққон, покиза, фаришта сиймолар келади. Одоб-қиз боланинг энг гўзал зийнати, ҳусну-малоҳатидир. Дарҳақиқат, қиз боланинг одоб-ахлоқи унинг қандай оилада камол топганлигининг яққол исботидир. Одоб-ахлоқ қиз бола учун биринчи навбатда турар экан, мен ҳам айни шу борада, бугунги кунда ёшларимиз ўртасида учраётган оддий ҳақиқатлар ҳақида сўз юритмоқчиман. Қиз боланинг одоб-аҳлоқи ҳақида сўз борар экан, аввало, унинг юриш-туриши, муомала маданияти, кийиниш маданияти тўғрисида тўхталмасдан иложимиз йўқ. Бу билан мен қизларимизни танқид қилмоқчи эмасман, балки, бу борада фикр юритишга ҳали ёшлик қиларман, лекин тенгдошларим орасида учрайдиган, айниқса қизлар билан боғлиқ ҳар хил нохуш ҳолатлардан бир оз безовтаман, холос.

Пайғамбаримиз Муҳаммад (с.а.в.)нинг муборак ҳадиси шарифларида қайд этилганидек, қиз бола учун илм эгаллаш фарзу суннатдир. Ана шундай муқаддас сўзларга амал қилган ота-оналаримиз қизларини ҳам ўғилларидан ҳеч кам кўрмай, не-не орзу умидлар билан, ўзи ночоргина кун кўрса-да, қизим олий маълумотли бўлсин деб, узоқ жойларга ўқишга юборади ва изидан қизим сиҳат-саломатгина юрсин деб худога тиловат қилиб ўтирадилар.

Биз ҳам қўлимиздан келганча уларнинг юзини ерга қаратмасликка, яхши ўқиб, яхши юришга ҳаракат қиламиз. Лекин айрим тенгдошларимиз борки, улар ўзларига ҳеч ярашмаган кийимларни кийиб, ўзларига ярашмаган соч турмаклаб, ўзларича замон билан ҳамнафас бўлмоқчи бўладилар. Майли, кийишсин, буни уларга ҳеч ким тақиқ этмайди, лекин устидаги кийимига нисбатан атрофдагилар қандай муносабатда бўлишаётган экан, мана шуни эътиборга олишса, янаям мақсадга мувофиқ бўлар эди. Қизларимиз ўз юриш, туришлари билан битта ўзини эмас, ота-онасини, ака-укасини, опа-сингилларининг, қорлаверса, оиласининг шаънини елкаларида кўтариб юришганини ҳис қилишлари зарур. Қаерда, қай ҳолда юрмайлик, мана шу нарсани ҳеч қачон унутмайлик. Оила шаъни доимо муқаддас саналган. Тенгдошларимга қарата шуни айт-моқчиманки, биз доим ўзлигимизга таянган ҳолда, миллий урф-одатларимизга содиқ қолиб, биздан кейин ўсиб-улғаяётган сингилларимизга яхши хислатларимиз, яхши фазилатларимиз билан ўрнак бўлайлик, токи улар бизни кўриб ҳавас қилишсин.

Ў. ТАНГРИЕВА

Image may contain: 1 person, standing, shoes and outdoor
“Дунё ўзбеклари” редакция почтасидан
Leave a Reply
*