Menu
Categories
Исмат Хушев: Айрилиқдаги жудолик Устоз хотирасига (Иккинчи мақола)
09/25/2019 Бош мақола

Исмат ХУШЕВ: АЙРИЛИҚДАГИ ЖУДОЛИК

Устоз хотирасига


  Исмат ХУШЕВ: АЙРИЛИҚДАГИ  ЖУДОЛИК  
Отанг вафот этса – қиблагоҳингдан, устозинг вафот этса – ойи моҳингдан айрилар экансан…
Зўр карвон йўлида етим бўтадек,
Интизор кўзларда халқа халқа ёш…
Сарбоним, қўлингдан кетдимикан эрк,
Сарбоним, не учун кўтармайсан бош…
Абдулла Ориповдан    
(Мени ўрта мактабда ўқитган биринчи ўқитувчим, адабиёт ва журналистика дунёсига олиб кирган устозим вафот этди)
 1.
Ватанингдан  узоқларда юрганингда бошингга жудолик тушмасин экан.
Бундай жудоликда – сенга елка тутадиган, юпатадиган одам бўлмаскан.  Дардингни тўкай десанг – дардкашинг, елкангни қўяй десанг – елкадошинг йўқ бу ерларда.
Ўзинг ёниб, ўзинг туташингга тўғри келаркан.
Ҳаёт айрилиқларини озмунча кўрмадим мен ҳам. Кўп ҳаёт гурзилари тушди бошимга.
Аввал авария бўлиб жон таслим қилган акамдан, сўнг унинг ҳажрида куйиб кул бўлган онамдан ва ниҳоят ҳаёт ташвишлари инсульт қилган отамдан айрилган эдим.
Энди устозимдан айрилдим…
2.
Бу дунёда ўлим ҳақ. Яқинларинг бир бир сени ташлаб кетавераркан.
Лекин бу ўлим ҳақидаги совуқ мужда, энг яқин одамингдан жудо бўлганинг тўғрисидаги шум хабар  сенга, худо кўрсатмасин, мабодо,       ёт элларда – хорижларда, муҳожирликда юрганингда етиб борса, бунинг жароҳати икки карра зиёдроқ  ва ваҳмлироқ, заҳарли ва заҳмлироқ  бўларкан.
Айрилиқдаги жудолик жуда оғир экан…
3.
Акам, онам ва отам вафот этганида атрофимда ёру дўстларим, қариндош уруғларим елка тутиб, даркаш бўлиб туришган эди.
Қабристонга борганда ва қайтганда юзлаб сон саноқсиз таниш ва нотаниш кишиларнинг ҳамдардлиги, ҳассакашлиги, тобуткашлиги бир дам бўлса-да менга малҳам бериб, ёлғиз эмаслигимни, ён-атрофимда суянишим мумкин бўлган одамларим, таъзиядошларим борлигини эслатиб турарди.
Тобутни кўтариб, марҳумни энг сўнгги манзилга кузатишда ҳам аслида катта бир ҳикмат бор экан. Қабр тепасидаги дарддошлик, яқин кишиларнинг ҳамдардлик билан айтган сўзлари, айрилиқдан ўксиб- ўксиб йиғлаганингда бағрига босиб, юпатишлари – буларнинг  ҳаммаси   дардингни олар экан. Юрагингга озми кўпми, малҳам бўлар экан…
4.
Боболаримиздан қолган бу удумларда ҳам аслида катта ҳикмат бор экан.
Айрилиқ ҳажрида куйиб ёниб, адойи тамом бўлган инсонга яқинлари елка тутганида, етим бошини силаганида ҳам гап кўп экан. Ҳатто, қабристондан қайтгандаги – аёлларнинг уввос солиб йиғлаши ҳам сенга қайсидир маънода таскин ва тасалли бериши мумкин.
Айрилиқдаги жудолик жуда оғир экан.
Бу ерларда юпатишлар йўқ. Бу оловда ўзинг ёниб, ўзинг ўчишингга тўғри келаркан…
5.
Бир ҳафтадирки, устозим Маҳмуд акани эслаб, бу ногаҳоний жудоликдан то ҳануз ўзимга келолганим йўқ.
Орқамда бир тоғ тургандай эди.
Афсус, кутилмаганда бу тоғ ҳам қулаб, суянчиқсиз қолгандай сезаман ўзимни.
Бунинг устига – устозимни энг сўнгги манзилга кузатолмадим. Бир дардимга ўн дард қўшилди.
Устозинг тобутини кўтариб, уни энг сўнгги йўлга кузатишда ҳам аслида ҳикмат кўп экан…
6.
Айрилиқдаги жудолик жуда ҳам оғир экан.
“Ўтган кунлар”даги Отабек карвон сарой ҳофизига “Ҳайдалиш” куйини чалинг деган эди. “Айрилиқ” куйи бўлганида шу менинг дардимни олармиди.
Ватандан узоқларда Маҳмуд акамдан айрилиш доғи ҳам бор экан бу шўр пешонамда. Устоз айрилиғидек – ҳаётнинг энг оғир синови ҳам кутиб турган экан мен шўрлик ва бахтсиз кимсани.
Айрилиқда – сарсон ва саргардонликда ота-онасини кўмишга боролмаган, энг сўнгги манзилга кузата олмаган дўстларим учун йиғлаган эдим.
Лекин барибир ҳар бир одам ўзининг бошидан ўтганини – ёлғиз ўзи билар экан.
Мен устозим тобути бошида туролмадим.
Ватандан узоқда юрганингда, ғариб ва ноилож пайтингда – бошингга бундай мусибатлар тушмасин экан.
Мендан рози бўлинг, Маҳмуд ака!
ЮРАГИМДА АБАДИЙ ЯШАБ ҚОЛГАН УСТОЗИМ!!!
Исмат Хушев,
“Дунё ўзбеклари” Бош муҳаррири.
5 май, 2015 йил, Торонто шаҳри, Канада.
Маҳмуд Сатторов билан
Суратда:  “Ҳамкор” ва “Деловой партнер Узбекистана” газеталари Бош муҳаррирининг биринчи ўринбосари Маҳмуд Сатторов (ўнгдан – иккинчи), Бош муҳаррир Исмат Хушев (ўнгдан – учинчи), адабий ходим Суюн Қораев (ўнгдан – биринчи), адабий ходим Азамат Суюнов (чапдан биринчи), Бош муҳаррир ўринбосари Алишер Таксанов (орқа планда – чапдан биринчи),  Бобир Раҳимов (учинчи) директор – ишлар бошқарувчиси, Шуҳрат Соҳибов – масъул котиб ва Дилшод Қосимов (таржимон, адабий ходим) лар Бош муҳаррир кабинетида.
7 шарҳ
  1. Қулимиздан нима ҳам келар эди, ўлим олдида ҳаммамиз ҳам ожиз бандалармиз. Кўпчилик ичида билинмайди, бошга оғир қайғулик тушса. Ёлғизликнинг тоши муҳожирликда янада оғир, буни билган билади, билмаган билмайди. Исмат ака, Сизни шу даражада таниқли бўлишингизда устозингизнинг ҳам маълум даражада хизмати бўлса керак. Эслаганингиз яхши, руҳи шод бўлади. Биз сиздан ҳали кўп нарсаларни ўрганишимиз керак…

    1. Shavkatbek

      Alloh Raxmatiga olsin Ustozingizni ! Yaqinlariga, sizga Sabri-Jamiyl bersin.. Uztozni Oqil kishilar xurmat-extiromlaydi… Men xam erkak bolib yiglagan emasdim ammo Yurt soginchi, Jigarlar diydorini soginib yiglaydigan bolib qoldim… Butun bir mamlakatni uz tomorqasiga aylantirgan, shu Yurtni sevadigan, ardoqlaydigan kishilarini uz Vataniga kirgizmaydigan Allohning yeri-mulkiga xujayinlik qilayotgan zolimlarga Allohning Uzi kifoya qilsin .Senlarga xam boqqan balo bordur. Oyning 15 qorongu bolsa 15 yorug

    2. Рустам (АКШ.Юрист)

      Чукур кайгу билан изхор этган таъзиямни кабул этинг Исматжон! Оллох Рахматига олсин Устозингизни.

    3. Shogird degani shunday bulishi kerak.

    4. Хурматли Исмат ака! Билдираётган таъзиямни кабул килинг. Устозингизнинг жойлари жаннатдан булсин. Биз у кишининг хотираси олдида бош эгиб таъзим киламиз. Сиздек шогирдни тарбиялаб БУТУН ДУНЁ УЗБЕКЛАРИ хизматида куриб кунгиллари тулгандир. Бизнинг казолар эса бутун бир миллатни издан чикара олишмайди. Уларнинг фикрича, буюк олим ва соф виждонли халкимиз урнига чет эллардан кадрлар келиб ишлар эмиш. Бу охирги марра КАПИТУЛЯЦИЯ! БИЗНИНГ ОТА БОБОЛАРИМИЗДАН УЛАР УРГАНИШГАН ЭДИ. Энди биз улардан ўрганамизми? Ўз ақлли ва фидойи зиёлиларини хорижга сургун қилиб, ақлсиз ва сотқинларини олиб қолган Ватан шундай ҳолга тушишиб қолдими? Ватан хоинлари туфайли ушбу азоблар! Наҳот шуни Президент билмаса?

    5. Кунгилни чуктирманг Исмат ака! Биз ҳақмиз, бровдан тилимиз қисиқ жойимиз йўқ! Мамлакатимизда бир оз эркинлик шабадалари тўрса. Албатта очиқ юз билан қайтамиз, мўхожиратдаги барча мўхолиф қарашдагилар билан биргаликда. Ёпиқ жамият тарафдорлари, юраги тор, амалдорларни барча қилмишлари очилгай. Буларга ёмон ният тиламаймиз. Лекин адолат ҳаққи жавоб беришига тўғри келади. Кўпчилик ҳаққини талон тарож қлиш, ўғирлаш, хиёнат билан баробардир.

    6. Малик

      Бандалик, Исмат Ака Устозингизни Аллох рахматига олган булсин. Сизга сабр берсин.
      Узингизни олдирманг, худо хохласа еруг кунлар хам бор. Албатта кийинчиликдан кейин енгиллик келади.

    “Дунё ўзбеклари” архивидан

"1" Comment
  1. Ассалому алайкум Исматжон Ака! 1.Ёднома устозингиз Рухлари шарафи учун, Оллон Рахматига олган бусин, Оллох Сиздан рози булсин? Сиз икки ракаат Назр намозини укиб устозингиз, акангиз,Онангиз,Отангиз рухларига багишланг.2. Бошкалар хам шундай килиб, уз утганларини кушишса? Утган рухлар учун триллион доллордан ортик,бехисоб савоб, Ман иншаОллох хозир, ёзувдан сунг укийман.3.Жуда юксак Илохий, Демократик, Имонсизлар томонидан Поймол этилган, Хукукшунослар, ДАВЛАТ ОЛИЙ ОРГАНИ охиратини уйлайдиган бир МУЖДАНИ очик баён этингиз? Борми шундай Давлат инсон якини вафотида Аэропортдан Оллох урнида кузини, КАЛБИНИ ЧИРКИРАТИБ кайтариб юборадиган? Фамилияларини келтирдингиз? Бу ДАХШАТКУ? Бошка мамлакат Халклари нима дейди? Фамиллияларини келтирганларингиз купчилигини Олий рахбарият билишади? Уйлайдиган ЭНГ ДАХШАТЛИ ВОКЕА, Узимизнинг хам Охиратимиз Оллохга маълум, Устозингиз Обширтный Инсульт Олий рахбариятдаги бирор суз Айтолмасдан, Савоб ишларни бехисоб этганларга Оллох шу хеч ким эътибор этмайдиган Имконият ВАСИЯТ этишни бераркан. Охират бахти?! Вакт етмадимикин бу Илохий Хукукларни инобатга оладиган Давлат Барпо Этилишига? СИЗ УСТОЗИНГИЗ ЁДНОМАЛАРИ БИЛАН, БИЛМАГАН ХОЛДА НОГАХОН АНА ШУНДАЙ УЛУГВОР ИЛОХИЙ ОЛЛОХ ХУКУКЛАРИ МАСАЛАСИНИ КУТАРДИНГИЗ? Ман билмайман Ана шу муждангиз УЧУН канча Савоб оласиз? Эхтимол Уйкунгизда Оллох Осмонларда Учиб юрганлигингиз билан АНГЛАТАР, Агар 2 ракаат НАЗР НАФЛ намоз укиганингиздан СУНГ? Бу Сизга БУЮК ОЛЛОХНИНГ ИНОЯТИДИР.

Leave a Reply
*