Menu
Categories
Аҳли Расул Муҳаммад: ГУЛЛАЁТГАН ХАЁЛ (Фалсафий-бадиий этюдлар)
10/03/2019 Бош мақола

Аҳли Расул Муҳаммад:
ГУЛЛАЁТГАН ХАЁЛ
(Фалсафий-бадиий этюдлар. 551-600)

551. Кечам туғди мени, эртам ўлдирар…

552. Ҳақиқий санъат ҳеч қачон ҳайқирмайди, чунки ҳатто унинг сукутини-да эшитиш мумкин.

553. Дарҳақиқат, Ўлим – совуқ. Бироқ тириклик қаҳратонларида қақшаган одам унинг бағрида исинади…

554. Дунёни фақат икки йўл билан забт этиш мумкин: ё ўта ақллилик билан, ё ўта телбалик билан…

555. «Мана, қиш кетиб, баҳор ҳам келди!» – деймиз энтикиб.
«Мана, баҳор, ёз, куз ўтиб яна қиш келди…» – деймиз хўрсиниб.
Шу гапларни ҳар гал такрорлаганда худди биринчи марта айтаётгандек бўлаверамиз: энтикаверамиз, хўрсинаверамиз…

556. Фазо чексиз экан, Қуёш тизимига ўхшаш тизимлар сон–саноқсиз экан, демак, ўша тизимларда бизнинг Еримиздаги каби ҳаёт барқ уриб турган Сайёралар ва ўша Сайёраларнинг бирида менга ўхшаб «Минг бир фикр» ёзаётган одам бўлса, не ажаб…

557. Қўли оппоқлар эмас, қўли қадоқлар Ватанга кўпроқ фойда келтирадилар.

558. Шоҳнинг тилига тушган унинг қўлига ҳам тушади…

559. Умри тугагунча бел боғлаб, соҳибининг хизматини қилар юмшоқ супурги…

560. Кимки ёнидаги жуфти ҳалолини унутиб, бегонага кўз тикар экан, унинг назоратсиз қолган жуфти ҳалолига ҳам бегоналар кўз тикади-да…

561. Кулги – йиғининг орқа томони. Демак, ҳар қандай кулаётган одам бизга тескари қараётган ва ўз йиғисини яшираётган бўлади.

562. Хаёл деганлари шу қадар сурбетки, у уялмай-нетмай ўжарлик билан дуч келган сулув аёлнинг қўйнига кириб кетаверади…

563. Қора: «Мен қораман»,– демагунча оқармайди.

564. Давлат иши дунёвий(заминий)дир. Диний иш эса руҳоний(осмоний)дир. Гарчанд диннинг қароргоҳи ердаги инсонлар қалби эса-да, лекин у ҳеч қачон ерда қололмайди. Дин ўзи билан бирга қалбларни ҳам осмонларга олиб чиқиб, юксак-юксакларда яшайди. Давлат дин мақомига – юксакларга кўтарила олмаганидек, дин ҳам давлат мақомига – пастга туша олмайди.

565. Бошқа миллатларни ерга урмоқчи бўлган миллий ғурур айни шу миллатнинг ўзини ер билан яксон қилади.

566. Қобиғини ёриб чиқа олган донгина кўкаради. Ўзига ўзи маҳлиё бўлиб, ўзи билан андармон миллатнинг қисмати чиришдир.

567. Сен мени унутарсан. Бироқ мени унутганингни барибир унутолмайсан, азизим…

568. Ўлим мангуликнинг бошқача исмидир. У ўтмишда, нафақат ўтмишда, ҳозир ва келажакда ҳам яшайверади.

569. Гоҳ тоғдан, гоҳ боғдан келсам ҳам, Сизга келяпман барибир. Ќўлларимда – гоҳ атиргул, гоҳ тоғ лоласи. Улар – тилим ялласию, дилим ноласи…

570. Қўлимда бир иш, бошимда минг бир хаёл…

571. Сенинг мен томон келишинг менинг сен томон боришимни ҳам билдиради.

572. Дунёнинг сирини сирли гаплар очади.

573. Илмнинг кучини қарангки, инсон танасидаги аъзоларни кўчириб ўтказиш амалиёти туфайли юраксизлар юракли, калласизлар каллали бўлиб қолмоқдалар…

574. Оламнинг чексизлиги каби одамнинг ўзини англаб бориши ҳам чексиздир.

575. Биз ҳар доим боболаримизнинг руҳлари, болаларимизнинг кўзлари кузатувидамиз.

576. Ўзгаларга айтадиган ширин сўзингизнинг лаззатидан ўзингиз кўпроқ баҳраманд бўласиз. Чунки ўша ширин сўз – Сизнинг оғзингизда.

577. Ўз айбини кўпроқ биладиган кишигина ўзгалар айби ҳақида камроқ гапиради.

578. Агар рақибингиз чин дилдан Сизга эгилиб келган бўлса, Сиз унинг қаддини кўтариб қўйиш учун эгилинг.

579. Вазнга солиниб, қофияланган ҳар қандай сўзлар тизимини кучаниб, ҳайқириб ўқиш билан шеърият даражасига кўтариб бўлмайди.

580. Ҳар ҳолда, кўнглим деб айтишга арзир менинг бу ярадор, ғамзада кўнглим…

581. Бундай одам дунёда йўқ деб, ғаниминг ёнидан бепарво, бесўз ўтиб кета олсанг, ғолибдирсан сен.

582. Эрга тегаётган аёлларга итнинг вафодорлигини тиласам, хафа бўлишмасин.

583. Бир шахснинг бутун бир давлатга қарши бош кўтариб чиқиши унинг нақадар кучлилигини билдирса, бутун бир давлатнинг бир шахсга қарши қўзғалиши унинг шу қадар заифлигини кўрсатади.

584. Қисқа умримни узайтирмоқ учун қисқа ёзмоқдаман…

585. Менинг қамоқхонада эмаслигим – менинг чинакам озод эканлигимни билдирмайди. Чунки мен тилга олган қамоқхона бу дунё деб аталувчи улкан қамоқхонанинг миттигина бир ҳужрасидир…

586. Осмон – улкан нарсанинг улкан тешиги. «Улкан нарса» деганим шу қадар улканки, у кўзимизнинг кўриш доирасига сиғмайди. Шунинг учун уни кўриб бўлмайди.

587. Қўлларимни силкитсам бас – парвоз қила бошлайман. Сен менинг парвозимни кўриб турасану, лекин ишонмайсан. Ишонмаслик сенинг ақлингни ўлдиради ва: «Тушимда учиб юрганмишсан»,– дейсан…

588. Кимки сени тушунса, у билан яшашинг осон: ҳатто у ёввойи чўчқа ё-да қичитқи ўт бўлса ҳам…

589. Чиндан ҳам деворнинг қулоғи бор экан. Чунки сенинг қулоғингда деворнинг чанги бор…

590. «Аҳмоқ билан ўчакишма» деган гапни Пушкин айтгану, бироқ унинг ўзи аҳмоқ билан ўчакишиб ҳалок бўлган.

591. Ўз жонига суиқасд қилиш билан ҳеч ким Сергей Есенин, Владимир Маяковский, Александр Фадеев бўла олмайди ва улар каби бўлиш асло шарт эмас.

592. Ҳаётда кимдир қўғирчоқ, кимдир қўғирчоқбоз: кимдир ўйнайди, кимдир ўйнатади.

593. Агар кимдир мағлуб бўлмаса, ҳеч ким ғолиб бўлмайди.

594. Ҳаёт ҳақиқатига элтувчи йўл ёлғонзорлар орқали ўтади.

595. Шундай одамлар борки, бировга кўрсатмоқчи бўлган ёрдами ҳақида атрофга олдиндан жар солишни унутмайдию, бироқ ўша ёрдамнинг ўзини унутади.

596. Сени ўчириб қўйиб хато қилдим, чироғим. Қолдим энди ўзим қоронғуликда.

597. – Нега жимсан, гапирмайсан?
– Ўзимни ўзим тинглаяпман.

598. Ўзимдан узоқлаша бошласам, гапимдан адашаман.

599. Агар қайғуларим сени севинтирса, мен ҳам қувонаман. Чунки сенинг севинчинг менинг қайғуларимни қувончли қилади…

600. Одамни одамлардан қўриқлаш. Шахсий қўриқчи билан юриш. Булар одамзотнинг кимлигини билдирадиган энг аниқ ва даҳшатли чизгиларидир.

(Давоми бор)

“Дунё ўзбеклари” редакция почтасидан

Leave a Reply
*