Menu
Categories
Мирзо Кенжабоев: Ҳақнинг озод қули – Иброҳим Ҳаққул (ЎзА)
10/03/2019 Адабиёт

Ҳақнинг озод қули – Иброҳим Ҳаққул

Иброҳим Ҳаққул ўзбек адабиёти, илму фани даргоҳида мутлақ ўз ўрни ва мавқеига эга бўлган фидойи алломалардан. Ўзбекистонда танқид, адабиётшунослик, айниқса, тасаввуф соҳаларини Иброҳим Ҳаққул фаолиятисиз тасаввур этиш мумкин эмас.

Иброҳим Ҳаққул бутун онгли фаолиятини, кўз нури, соғлиги, кундузлари ва кечалари, байрамлари ва таътилларини ўз Ватани, ўз халқи ва миллати учун қурбон қилган шуури уйғоқ, виждони дардлик шахсдир. У фақат Ўзбекистон зиёлилари муҳитида эмас, балки Туркия, Озарбайжон илму маърифат аҳли орасида ҳам катта обрўга эга. Унинг бу обрў-эътибори нафақат илмий-ижодий фаолияти, балки ўз ижтимоий қарашларида, ўз ҳақиқатларида собит турган матонатли шахс экани туфайли ҳамдир. Санъаткор шоир Муҳаммад Раҳмон ёзганидек, тўғри ва соғлом бир эътиқодда собит турувчи инсон асли ҳаракатдаги инсондир:
Ҳаракат бу – асли жилмаслик,
 
Собит турмоқ бир эътиқодда.
…Мустамлака замонида, ўтган асрнинг 80-йилларида шоир Рауф Парфининг ТТЗ мавзесидаги уйида ижод аҳлининг самимий, бетакаллуф суҳбатлари бўлар эди. (“ТТЗ” – Тошкент трактор заводининг бош ҳарфларидан тузилган, пойтахтдаги машҳур мавзенинг номи.) У даргоҳ Рауф Парфи атрофидаги катта-кичик шоирларнинг қароргоҳи эди. Бу суҳбатларнинг деярли ҳеч бири Иброҳим Ҳаққулсиз ўтмас, чунки у Рауф Парфига қўшни бўлиб яшар эди.
Иброҳим Ҳаққул миллат ва Ватан озодлиги ғоясига мувофиқ келадиган бирор асарни топдим дегунча, дарҳол у ҳақда халқнинг виждони ва шуурига хитоб қиладиган ўтли мақола ёзишга ҳарис зотдир. Бир кун Усмон Носир шеърияти ҳақида гап кетди. “Усмон Носирнинг шоҳ асари қайси?” – деган масала ўртага ташланиб, унинг жаҳоншумул асари бўлмиш “Нил ва Рим” шеъри мунаққид ва адабиётшунос олимлар эътиборидан четда қолиб келаётгани гапирилди. Мен шеърни ўқиб бердим. Ажабки, Иброҳим Ҳаққул тезликда бу шеърнинг асл моҳиятини шарҳлаб, юксак даражадаги мақола ёзди ҳамда уни “Ўзбекистон адабиёти ва санъати” газетасининг навбатдаги сонидаёқ чоп эттирди.
Шеърдаги сатрлар, айниқса: “Ки, тун қанча қаро бўлса, ой шунча ёрур” сатри ва сўнгги мисралари юракларни титроққа солар эди. Яъни, Ҳақ таоло халқнинг ҳаракатини зулмнинг муқобилида сақлайди, бир халқ ва миллатга қарши зулм қанча кучли бўлса, у зулмга қарши курашувчилар ҳаракати шунча кучли бўлади. Кеча қанча қоронғу бўлса, ой шунча ёруғ бўлади! Оталарининг кесилган бошидан келажак иморатини қурган қулнинг фарёди ушбудир:
…Ким мард, ким гувоҳ? –
 
Ки, тун қанча қаро бўлса, ой шунча ёрур!
Спартакнинг лашкарлари ҳали ҳам борур.
Мана, менман у исённинг ўлмас авлоди,
Мана, менман у қулларнинг ҳеч сўнмас ёди,
Мана, менман, фалакларга лов-лов ўт қўйиб,
Оталаримнинг бошидан пойдевор уйиб,
Келажагим обидасин қурган инсонман!
Ўша жонман, ўша қонман ва ўша шонман!..
Бу сатрлардан Ватандан олисда – Магадан совуқларида дарахт кесиб хўрланиб юрган ва ўлимга тик бораётган Усмон Носирнинг ўлмас овози келади!
Босқинчилар тасарруфида “шўро”, “инқилоб”, “тенглик ва озодлик” деган сўзларнинг нақадар сохта ва ёлғон экани мазкур сатрларда рўй-рост очилган. Дарҳақиқат, бу шеърда Усмон Носирнинг бутун ғояси, мустамлака тузумини англаш даражаси, эрк ва озодлик истаклари, мустабид салтанатга қарши мардона курашлари комил ҳолда жамланган.
Аммо Усмон Носирнинг таржимонлик санъати ҳам алоҳида ўрганиладиган мавзу. У янги давр ўзбек шеъриятида беназир таржима мактаби барпо қилган зот. Буюк Пушкин билан буюк Лермонтовни ўзбекча куйлатган шоир! Агар улар “Боғчасарой фаввораси” билан “Демон”ни ўзбекча ёзсалар эди, бундан ортиқ ёзолмас эдилар. Пушкиннинг “Боғчасарой фаввораси”дан:
Қовоқ солиб ўлтирар Гарой,
 
Лабларида каҳрабо чилим.
Даҳшатли хон атрофида жим
Бош эгиб, тек турарди сарой.
Лермонтовнинг “Демон” достонидан:
 
Қувғинди руҳ, қайғули Демон
Гуноҳкор ер узра учарди.
Масъуд кунлар хаёли шу он
Кўз олдидан бир-бир ўтарди…
Усмон Носирнинг таржима санъати эшикларини биринчилардан бўлиб мутафаккир аллома Иброҳим Ғафур очди. Унинг таржимада “асл нусхадаги руҳ ва ширани сақлашга унринган”ини, шеърда “айнан таржима”нинг моҳирларидан эканини овоза қилди.
Бас, жувонмарг шоирнинг мутаржимлик санъати адабиёт оламида янада теранроқ очиб берилмоғи керак. Бу янги таржимонлар авлоди учун ибрат мактаби бўлажакдир. Бу хусусда яна Иброҳим Ғафур, Иброҳим Ҳаққул каби “руҳшунос” олимларнинг ғайрат ва талқинларига эҳтиёж бор. Зеро, ҳақиқий олим учун ҳеч бир адабий мавзунинг ажратилган чегараси бўлмайди.
* * *
Рауф Парфи хонадонидаги суҳбатларда Иброҳим Ҳаққулнинг Ғафуржон исмли ўсмир ўғли ҳам кўриниб турар эди. У отасига дастёр бўлиб қолган. Иброҳим ака: “Жавоннинг фалон жойидан Қаҳҳорнинг (яъни, Абдулла Қаҳҳорнинг) фалон жилдини олиб келинг”, деса ўғли адашмай ўша жилдни келтирар эди.
1988 йилда олимнинг ўша дуркун фарзанди Ғафуржон фожиали вафот топди. Иброҳим Ҳаққулнинг мотами бутун ўзбек шеъриятининг мотамига айланди. Камина ҳам ожизона бир марсия битдим. Иброҳим Ҳаққулнинг дафн асносидаги ўзини тутиши, сабр ва матонати яқин дўстларини ҳайратга солди. Унинг саботи ва мардлигини эътироф этмаган дўст қолмади. Марҳум шоир Муҳаммад Раҳмон ўлимга хитоб қилиб: “Хабаринг йўқ ўзингдан, ўлим, Аллақачон ўлиб бўлгансан!” деганидек, Иброҳим Ҳаққул ҳам ўша маҳал ўз руҳида ўлимни ўлдириб бўлган эди.
Мустамлака даврининг сўнгги йилларида сиёсий тазйиқ остида қолган бир жамоа мисолида Иброҳим Ҳаққулнинг мардона хизматларини эслаб ўтмоқчиман.
Ўзбекистонга 24 йил раҳбарлик қилган Шароф Рашидов 1983 йилда вафот этганидан кейин ўрнига Иномжон Усмонхўжаев раҳбар қилинди. Рашидов номи қораланиб, унга балчиқ чаплаш, ўтмишни қоралаш даври бошланди. Идеология (мафкура) соҳасида бир аёл раҳбар бўлиб, барча миллий, мафкуравий, маънавий соҳалар алғов-далғов бўлди. Олдин мафкура раҳбари бўлган Оқил Салимов қамоққа олинди. Ўзбекистон Ёзувчилар уюшмаси раҳбари сифатида фидокорона хизмат қилаётган Сарвар Азимов ноҳақ ишдан олиниб, адабиётга нисбатан янги сиёсий ҳужум ва айбномалар авж олди. Пиримқул Қодиров, Тоғай Мурод, Шароф Бошбек асарларидан мафкуравий хатолар қидирилиб, матбуотда танқид қилинди.
Ана шу аснода Сарвар Азимов шахсини ҳимоя қилиш баҳонасида Ўзбекистондаги зулм ва ноҳақликларни фош этиб, адолатсизликка қарши дадил курашадиган бир жамоа пайдо бўлди. Булар сафида Рауф Парфи, Шавкат Раҳмон, Усмон Азим, Иброҳим Ҳаққул, Саъдулла Аҳмад, Хуршид Даврон каби истеъдодли қаламкашлар бор эди. Камина ҳам шулар сафидаман, денг. Мазкур жамоа қаттиқ назорат ва тазйиқ остига олинди, уларнинг нашриёт режасига киритилган китобларига қарши сиёсий айбномаларга тўла ички (махфий) имзосиз тақризлар ташкил этилиб, китоблари нашри тақиқланди.
Кейинчалик бу тазйиқ яширин ҳолда давом этиб, Шавкат Раҳмон ҳақида “Қишлоқ ҳақиқати” газетасида танқидий мақола ташкил қилинди. Менинг “Муножот” китобим ҳақида “Ўзбекистон адабиёти ва санъати” газетасида танқидий тақриз босилди. Китобдаги баъзи шеърлар нуқсондан холи бўлмаса ҳам, лекин бу танқид золимлар тўдасига керак бўлиб тургани учун ташкил қилингани манфур хиёнат аломати эди.
Ўша пайтда мустамлака ва истибдод сардорлари ва уларнинг хоин малайларига қарши тақризлар ёзиб, истеъдодли шоирларни ҳимоя қилиб, мардона курашган энг жасоратли ва энг фаол шахс, шубҳасиз, Иброҳим Ҳаққул бўлди. У барча яширин тақризларга қарши ўз имзоси билан ошкора тақризлар ёзиб, ўзбек шеъриятини янги ҳужумлардан, ўзбек шоирларини янги сиёсий айбномалар, ҳибс ва қатллардан ҳимоя қилди. Лекин яширин тақриз ёзган шахслар орасида раҳматлик Омон Мухтордек ҳақиқатга ён босган шоирлар, туҳматларга қарши ошкора тақриз ёзганлар орасида эса Ботирхон Акрамов каби диёнатли олимлар ҳам бор эди.
Ўшанда Иброҳим Ҳаққул менинг “Муножот” китобимга рус тилида битилган ички тақризга раддия ёзар экан, бамисоли мени ўлимдан ҳимоя қилаётгандек, жон-жаҳди билан сиёсий бўҳтон ва айбномаларга жавоб қайтарди. Махфий тақризнинг рус тилида ёзилиши қўрқинчли хатардан дарак берар эди.
Бизнинг фаолиятимиз декабрь ойида Пушкин кўчаси 1-уйда жойлашган Ёзувчилар уюшмаси мажлисида муҳокама қилинди. Шу сабабли баъзи истеҳзоли қаламкашлар бизни “Декабристлар” деб масхара қилар эди. Муҳокамада сўзлаган раҳбарлардан бири: “Булар ҳали ўз ҳаётини ҳам кафолатга олмоқчи” дея бизга ўлим хавфи билан таҳдид қилди. Асқад Мухтор ўз нутқида қийналди. Шоир Уйғун курашчан ёшларга қарши гапиришга кўндирилган эди, унинг пала-партиш нутқи кутилмаганда курашчан ёшлар фойдасига тош босиб кетди. Ниҳоят, курашчан ёшлар ғолиб келди, тақиқланган китоблари дунё юзини кўрди – кўп нусхаларда нашр этилди.
Қишда Ёзувчилар уюшмасининг ошкора Пленуми бўлиб, унда идеология раҳбари бўлган аёл ҳам иштирок этди. Йиғинда курашчан ёшлар жамоасининг вакили ўлароқ камина нутқ сўзлаб, баъзи ижтимоий масалалар қаторида Наврўз байрамини қайта тиклаш масаласини ҳам кўтардим. Мазкур Пленум истеъдодли ёшлар ғалабасининг яна бир нишонаси бўлди. Кўп ўтмай раҳбар аёл ишдан олинди. Ўзбекистонга Рафиқ Нишонов раҳбар бўлди. Сарвар Азимовнинг мавқеи ўрнига қўйилди, Ёзувчилар уюшмасига қайтарилмаса ҳам, Ўзбекистон Ташқи ишлар вазири этиб тайинланди.
Лекин Нишонов даври ҳам Ўзбекистон учун Москвадан уюштирилган янги фитна ва мусибатлар даври бўлди. Ўша курашлар натижасида ўзбек халқининг дарди ва муаммоларини кўтарадиган халқпарвар, ватанпарвар, жасоратли ва курашчан бир авлод етишди. Ўзбекистондаги барча маънавий, ижтимоий-сиёсий жабҳаларда, ватан истиқлолининг маънавий асосларини ҳозирлашда бу матонатли кучлар жамоасининг хизмати улкан бўлди. Иброҳим Ҳаққул ўз қалами ва шахсий жасорати билан бу курашчан авлоднинг олдинги сафида турди.
Ўша даврдаги ижодкорларнинг бирлиги, ҳамжиҳатлиги – шеъриятимизни, ижод аҳлини зулм ва истибдод бирлаштирган даврлардан бир эсдалик бўлиб қолди. Эсдалик бўлганда ҳам, ғамгин бир эсдаликдир.
* * *
Яна бир ажиб воқеа. Шукур Холмирзаев ҳамиша ўзини камтарин ва содда тутса-да, жуда нозиктаъб ва нозикдил шахс эди. Бир куни буюк адиб ўзининг турли гул ва гиёҳлар билан зийнатлаган мўъжаз боғида гўё сархуш ҳолда турли гапларни гапира бошлади. Шунда Иброҳим Ҳаққул хайрлашаётиб мени эҳтиётга чорлади: “Аканинг шаънида бирор ёмон сўз айтиб қўйманг”, – деди-да, бармоғи билан ўз бошига ишора қилиб: “Марказ ишлаб турибди! Эртага ҳисоб-китоб қилади!” – деб қўшиб қўйди. Дарҳақиқат, Шукур акага сархуш ҳолида ҳам бирор нолойиқ гап гапирилса, ҳеч унутмас, эртасига уни таҳлил қилиб, бўйнингизга қўяр эди. Мен Иброҳим аканинг адиблар феъл-атворига ва кўнглига бунчалик эътиборчан эканидан ҳайратланган эдим. Энг муҳими, Иброҳим Ҳаққул ижоди орқали улуғ адибларнинг моҳиятини таниган шахс. Афсус, кўп мунаққидларда моҳиятни таниш хислати кўринмайди.
Шукур Холмирзаев, Абдулла Орипов, Рауф Парфи каби адиблар ҳушёрлигида ҳам маст, мастлигида ҳам ҳушёр шахслар эди. Шукрки, Ҳақ таоло уларга яхши тавба билан оламдан ўтишни насиб этди. Шунинг учун хотираларда фақат уларнинг яхши хислатларини эслаш тарафдориман.
* * *
Абдулла Орипов ўзбек шеъриятида чин маънода инқилоб ясаган шоирдир. У ўз шеърияти билан фақат ўзига авлоддош қаламкашларни эмас, балки ўзидан олдинги довруғи бутун юртни тутган катта авлод шоирларини ҳам ҳаққоният билан суғорилган шеърлар ёзишга ундай олган шоир. Абдулла Қаҳҳордек талаби қаттиқ адибни ҳақ гапларни ошкор айтишга ундаган шоир! Абдулла Орипов ва Рауф Парфи ўзларидан кейинги шоирларга ҳаққоният йўлини белгилаб берган зотлардир.
Абдулла Орипов ижоди ҳақида ўнлаб, балки юзлаб мақолалар ёзилгандир. Иброҳим Ҳаққул “Ўзбек тили ва адабиёти” журналининг 2019 йил 3-сонида чоп этилган мақоласида буюк шоир ижодининг тамоман янги бир қиррасини очиб берган. Унда шоир шеъриятидаги маломатийлик оҳанглари дарж этилган. Маломатийлик аслида ўз нафсига маломат қилиш усули билан камолотга борадиган йўлдир. Бу йўл мансублари эътиқодда Аҳли суннат ва вал-жамоат мазҳабида собитқадам бўлиб, ўзлари ҳақидаги мақтов ва таҳсинларини ҳам маломат билан қаршилайдилар. Ҳазрат Навоий “Мажолис ун-нафоис” асарида Мавлоно Ҳамидуддин зикрида: “ўз ҳолини беркитиш ва яшириш (сатр ва китмон) учун маломат тарийқида бу ишни (фирибни) ихтиёр қилмиш бўлғай”, дейдилар. “Хамсат ул-мутаҳаййирин” асарида эса Мавлоно Жомий ҳақларида “Гарчи у зот фавқулодда ҳолларни (яъни, кароматларни) ошкор қилишга Ҳақ таолонинг амри билан буюрилган бўлмасалар ҳам, покиза ҳолатлари маломатия тариқини шоирлик ва муллолик усулида яширин тутар эдилар”, дейди.
Иброҳим Ҳаққул ўз тадқиқотида Абдулла Ориповнинг маломатийликка дахлдор сатрларидан ўнлаб мисоллар келтиради. Менимча, шоирнинг бу тарийққа оид энг олий маломати “Менсиз ҳам мукаммал экан бу олам, Менсиз ҳам бахтга ёр экан одамзот” сатрларидир. Ёшлик вақтидаёқ ўз истеъдоди қамровини англаб “Керак бўлса менинг учун ҳам Жавоб берар бобом Алишер” деб ҳайқирган шоир энди умрининг бошқа бир босқичида: “Менинг ўзи бу дунёга керагим ҳам йўқ экан!” – деб нидо қилмоқда. Бу дарди буюк шоирнинг ҳам ўз нафсига, ҳам олам аҳлига йўллаган ҳасратли маломатидир.
Иброҳим Ҳаққул кашф этган маломатийлик оҳанги Абдулла Орипов ижодининг муайян бир қирраси, холос. Лекин шоир шеъриятидаги буюк инқилобий руҳ Иброҳим Ҳаққулдек аллома мунаққиднинг шарҳларига муҳтож. Ҳозирги ёшлар ҳазрат Навоийдан узоқлашиб бораётгани етмагандек, Абдулла Ориповдан ҳам узоқлашиб боряпти. Улар юки енгил шеърларга кўникиб қоляпти. Бас, шундай даврда аввал Абдулла Ориповдек мумтоз шоир ижоди моҳиятини очиб, ундан кейин баъзи танқидларга ўтилса, ўринли бўлар, деб ўйлайман. Токи шоирнинг ўлмас боғига тош отишга ҳар ким ҳам журъат этавермасин.
Шунингдек, Чўлпон Эргаш ва Асқар Қосимнинг парда остидаги озодлик курашлари янги шарҳ ва талқинларга эҳтиёжманддир. Раҳматлик Асқар Қосим собиқ шўро тасарруфидаги мустамлака мамлакатлар ҳақида тагдор қилиб айтади:
Нафси ёмон катта балиқ оғзин очиб,
 
Ютди кичик балиқларни дарёда, ҳей!
Албатта, шоирнинг юксак ғоя ва мақсадлари унинг шеърий санъатидан устундир.
Рауф Парфи, Шавкат Раҳмон, Омон Матжон, Ҳалима Худойбердиева каби шоирлар шеърияти янгича талқинларни кутмоқда. Хуршид Даврон, Йўлдош Эшбек шеъриятидаги яширин маънолар ҳали равшан очиб берилмаган.
Мунаққид кўп, адабиётшунос олим кўп. Раҳмон Қўчқор, Қозоқбой Йўлдошев гўзал ва зарофатли асарлар битдилар. Шуҳрат Ризаев ҳам Иброҳим Ғафуров мансуралари сари илқ ирфоний йўлни очди. Лекин камина булар ҳақида Иброҳим Ҳаққулдек ҳаққоният адиби ҳам ўз ҳароратли сўзи, ўз зариф шарҳларини баён қилишидан умидвормиз.
Иброҳим Ҳаққул илмий-ижодий фаолиятида тасаввуф мавзуси муҳим ўрин тутади. Тасаввуф илми олимнинг яйраб-яшнаб сузадиган тиниқ уммони, яйраб-яшнаб фикр айтадиган маърифий минбаридир. Ҳазрат Навоий айтадилар:
Тасаввуф эмас зуҳду тақвою тоат –
 
Ки, анда риё йўл топар бетаваққуф;
Эрур маҳз тақво, ва лекин риёсиз,
Убудият – сарфу айни талаттуф.
Яъни, “Тасаввуф риё (ўзини кўрсатиш ҳоли) тўхтовсиз йўл топадиган зуҳду тақвою тоат эмас, балки, риёдан холи, соф, холис тақводир, инсонларга фойда етказиб, бандалик қилиш, асл лутф ва юмшоқлик манбаидир”. Иброҳим Ҳаққул бу байтларни ғайрат билан шарҳлаган. Мақола сарлавҳасининг истисмор эканини ҳисобга олмаганда, асарда ҳазрат Навоийнинг буюк мутасаввиф аллома экани мана шу байтлар шарҳидан англашилади.
Ошиқ ва ориф шоир Саййид Қосимий ўз маснавийларида айтадилар:
Ичу тошинг гар бўлмаса мувофиқ,
 
Тасаввуфдан дам урма, эй мунофиқ!
Иброҳим Ҳаққулнинг кўплаб шарҳларидан англашиладики, тасаввуф нафс тарбияси, ич ва ташнинг бир хил бўлиши, қалбни поклаш, зоҳир ва ботинни пок тутиш таълимотидир. Тасаввуф комил инсон ғоясини ўзида жамлаган муҳаббат ва маърифат мактабидир. Ҳазрати Хожа Аҳмад Яссавий айтадилар:
Муҳаммадни билинг, зоти арабдур,
 
Тариқатнинг иши куллу адабдур.
Тариқатнинг иши – машғулоти, амалиёти бошдан-охир адабдан иборатдир. Лекин ана шу адаб таълимотининг манбаи – зоти араб бўлган ҳазрати Муҳамммад алайҳиссаломдирлар.
Иброҳим Ҳаққул тасаввуфдек адаб ва муҳаббат мактабининг асл асоси Ҳақ Расули жаноб Пайғамбар алайҳиссаломнинг муборак даргоҳлари, ақвол ва ахлоқлари, суннат ва ибратлари эканини теран англаган олимдир. Зотан, Ҳақ таоло Қуръони каримда Илоҳий муҳаббатни, яъни Аллоҳ севгисини даъво қилувчиларни Ўз Расулига эргашишга буюрган. Бунга зид нарсани даъво қилиш тасаввуф оламига туҳмат бўлади.
Менинг шахсий ва лекин қатъий фикримча, Иброҳим Ҳаққул фақат Ўзбекистонда ёки Ўрта Осиёда эмас, балки жаҳон тасаввуфшунослари даврасида ўз муносиб мавқеига эга бўлган забардаст ўзбек олимидир. Ва у ҳақли равишда тасаввуф илми дарғаларидан биридир.
Хожагон-нақшбандия силсиласининг улуғ шайхи, авлиёи барҳақ ҳазрати Аҳмаджон Махдум Ҳанафий-Нақшбандий (раҳматуллоҳи алайҳ) бир гал Сурхон воҳасидан Тошкентга келганларида, Дархондаги ғарибона уйимизда тасаввуф мавзусида сўз очилди. Бу суҳбатда адабиётшунос олим Сайфиддин Сайфуллоҳ ҳам ҳозир эди. Шунда тасаввуф мавзусида ёзадиган, лекин ёзганига амал қилмайдиган баъзи олимлар ҳақида гап кетди. Ҳазрат аввал “Аттанг! Аттанг!” – деб қолдилар. Кейин бу нурли мавзуга қўл урган кишиларнинг албатта яхшиликка келишини каромат қилдилар. Иброҳим Ҳаққул эса, улуғ устоз Эркин Воҳидов “Олиму илму амал… Шоиру шеъру шуур” деганларидек, бу тасаввуф оламининг асл файзидан баҳраманд бўлиб келаётган маърифати юксак алломадир. Шу боис, у киши неча валий зотларнинг ғойибона дуосига сазовор бўлган эса, ажаб эмас!
Атоқли олим Акмал Саидов буюк мутасаввиф, шайх ва шоир Фаридуддин Атторнинг маънавий ва маърифий хазиналарини тадқиқ этиб ёзган “Атторшунослик” номли китобида Иброҳим Ҳаққул асарларидаги шарҳлардан ўринли истифода этган ва бир қанча ўринда ундан муҳим иқтибослар келтирган.
Иброҳим Ҳаққул маърифат устози сифатида ҳам ўз мавқеига эга. У сермаҳсул шогирдларга хайрхоҳлик қилмоқда. Жумладан, Нодирхон Ҳасан ҳазрати Хожа Аҳмад Яссавий, ҳазрати Ҳазиний каби тасаввуф адабиётининг буюк вакиллари ижодидан гўзал илмий-тадқиқий асарлар ёзаётир. Муҳаммад Абдуллаев шоир Убайдий шеъриятидан тадқиқотлар қилиб, валий шоир девонини нашрга тайёрлаётир. Яна бир шогирди Азиза Бектош тасаввуф соҳасида хайрли ишлар қилётган эди, лекин кейинги вақтларни илм-маърифат майдонида кам кўринмоқда.
* * *
Ўзбекистон Президенти Шавкат Мирзиёев илк фаолият давридан бошлаб янги ташаббуслар, теран ислоҳотлар, жасоратли амалиёт намуналари билан майдонга чиқди. Ҳазрати Алишер Навоий расмий хизматдан кўнгли совиб, ишдан кетмоқчи бўлиб юрган кезларида шайх Хожа Убайдуллоҳ Аҳрор ҳазратлари у кишига мактуб ёзиб, подшоҳга мулозамат қилишга ундади ва хайрли хизматни сабот билан давом эттиришга ташвиқ этди. Мен бу хосиятли хабарни ўқиганимдан бери, токи раҳбар халқ билан бирга экан, токи у сидқидилдан миллат истиқболи хизматида экан, ватан зиёлилари давлат раҳбари атрофида бирлашмоғи керак, деган фикрга эга бўлиб келганман.
Иброҳим Ҳаққул ахлоқан тамаъдан йироқ шахс, зотан у киши холис ва мухлис бўлиш ҳақида сўз айтди. Бинобарин, бутун умрини халқ ва ватан саодатига, илм-фан хизматига бағишлаб келаётган шундай саботли шахс фаолиятининг ҳам ҳаққоний тақдирланишига ишонаман. Шу Ватан, шу халқ, шу миллат озодлиги ва саодати учун турли кўйларга тушган барча фидокор зиёлиларни ватанда масрур ҳолда кўрмоқ ҳар бир диёнатли инсоннинг истагидир.
Қайси мамлакатда улуғ шахсиятлар кўп етишса, у юрт раҳнамосининг улуғлигидан далолатдир. Тубан подшоҳлар доим Шахсларни йўқотишга уринган. Муҳаммад Фузулийдек зот ҳазрат Алишер Навоийни эслаганда “Манзури шаҳаншоҳи Хуросон” деб тавсифлаган. Аслида Ҳусайн Бойқародек шаҳаншоҳнинг номи жаҳон тарихида қолиши Мавлоно Жомий, Мавлоно Навоий каби бебаҳо шахслар туфайлидир.
Менинг тасаввуримда, Иброҳим Ҳаққул бир юксак тепада туриб, ўз халқини яхшилик, ҳақиқат, адолат сари – абадий ҳаёт сари чорлаб турган мунодий бир Шахсдир.
Мирзо КЕНЖАБЕК,
Ўзбекистон Республикасида хизмат кўрсатган ёшлар мураббийси, Халқаро Бобур мукофоти соҳиби.
ЎзА
"1" Comment
  1. Mирзо Кенжабоевнинг Иброхим Хаккул ХАКНИНГ озод кули маколасини укиб: 1. Республика Ёшлари, Урта ёшли, Ёши Улуглар ва Рахбарият орасида Тасаввуф илмини тушинадиганлар, Афсуски оз. 2 . САЛ олдинги Ахмад Турон ва …. маколалар ва Ушбу Шархни кенг, чукур тушуниш учун АЛБАТТА Мирзо Кенжабоевнинг бу маколасини укиш Лозим 3. Иброхим Хаккул Тасаввуфда бетакрор Олим. 4. И.Хушев таъкидлаганидек Президенттимизга осон эмас, Кадрлар масаласи, Кадрлар кенг камровли билим Сохиби булиши, АККАЛЛИ Уз сохаси билимдони булиши лозим. 5. Еасаввуфни, И.Хакулни тушунмаган Инсон, Рахбар хеч качон Навоийни, Жомийни, Парпини, Ориповни, Ахмад Турон, М.Кенжабоев ва Шахсий фикр шархларидаги куз илгамас мухим Миллатимиз учун заруриятни Эътиборсиз колдираверади. Содик Сафоев мубохасага окибат Аниклик киритдилар: 1. Пгезидентимиз кучли иродали, Мустакил босимлар чегарасидан ташкарисида. 2. Аъзолик масаласи Аввал чукур урганилиб, Иктисоддан ташкари Асоратлари , Шарх, Таклифлар хисобга олиниб кадам босилади. М.Кенжабоев, И.Хушев Рахмат И.ХАККУЛ маколалари учун. Узбекистон ТВ Азон УЗ ТВ сидаги АХМАД ЯССАВИЙ Тарикатлари Ассосида яратилган ЮНУС ЭМРО Турк фильмини тушуна олмайдилар? ФИЛМДА тарки дунё эмас, ХАККА ЯКИНЛИК ва ДУНЁНИ ХАК тушиниш очиб борилган. ИЛТИМОС ? Иброим Хаккул шогидларини купайтирсинлар? ЖАМОЛ КАМОЛГА рахмат Жалолиддин Румийнинг тасаввуфий китобларини ХАЛК тилида таржималари учун.

Leave a Reply
*