Menu
Categories
Аҳли Расул Муҳаммад —–: ОҲУ ҲАҚИДА ИККИ ШЕЪР
10/15/2019 Адабиёт

Аҳли Расул Муҳаммад:
ОҲУ ҲАҚИДА ИККИ ШЕЪР

ОВЧИНИНГ ШАФҚАТИ

Қамалга тушди, оҳ, бир гўзал оҳу,
Кўзлари жовдирар, ҳалқумида жон.
Шамол бўлар эди, озод бўлса у,
Лекин қўлдан кетди шу улуғ имкон.

Оҳу кўзларига олам қародир,
Агар сал букилса овчи бармоғи.
У кун ошиқларнинг бағри яродир,
Қотилни тинч қўймас улар сўроғи.

«Беқиёс суврати, камоли унинг
Ҳайратга солмасми қалбини, айтсин.
Ўлдирса, тутмасми уволи унинг,
Овчи ҳазратлари ҳукмидан қайтсин…»

Шафқатга ундаган илк заиф хаёл
Титратиб юборди овчи жуссасин.
Шу пайт шўрлик оҳу тиз чўкиб беҳол
Ўқиди ўлимнинг аччиқ қиссасин.

Овчи эвоҳ дея чекди-ку фарёд,
Номард қўлларини тошларга уриб.
Шафқатсизлик эди одат умрбод,
Ҳалок этди бир бор шафқатли бўлиб…
1970

ОҲУГИНАМ

Ҳей оҳужон, чўчидингми мени кўриб узоқдан?
Кўнглинг шунча задамиди сайёд қўйган тузоқдан?

Сапчиб кетдинг тоғлар оша, кўрмай қолдим бўйингни,
Оҳугинам, кечир мени, бузган бўлсам ўйингни.

Мен на сайёд, на мерганман, англадингми сўзимни?
Шеър излаган хаёлкашман, йироқ тутма ўзингни.

Тонгда чиқсам йўлларингга, оҳугинам, қочмагил,
Бироқ ҳамма шеърпараст деб қучоғингни очмагил.

Сен жонингни олиб қочсанг, ҳеч ким номард демасдир,
Йўлинг кесиб ўтганларнинг бари ҳам мард эмасдир…
1973

“Дунё ўзбеклари” редакция почтасидан

Leave a Reply
*